close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Хужурот сураси, 12. ("Тафсири Ирфон"дан)

12. Эй имон келтирганлар! Кўп гумондан четланинглар, чунки баъзи гумон гуноҳдир. Жосуслик қилманглар ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин. Бирортангиз ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими? Буни ёмон кўрасизлар-ку, ахир! Аллоҳдан қўрқинглар, Аллоҳ албатта тавбаларни қабул қилувчидир, раҳмлидир.

Аллоҳ таоло мўмин бандаларининг эътиборини ўта муҳим масалага қаратишни ирода қилганида уларга “Эй имон келтирганлар” калимаси билан хитоб қилади. Ушбу ояти каримада ҳам Аллоҳ азза ва жалла мўмин бандаларига ёмон сифатлардан саналган бир неча ахлоқий иллатлардан қайтариб, кўп гумонга боришдан узоқда бўлишни, жосуслик қилмасликни ва ғийбатга яқинлашмасликни буюрмоқда. Гуноҳга ва ҳалокатга элтувчи гуноҳлардан бири кўп шубҳа-гумонга боришдир. Ҳақиқатан бадгумонлик, яъни ёмон гумонларга бориш, одамлар ҳақида турли бўлар-бўлмас шубҳалар қилиш, ҳамиша ҳадикда бўлиш мўмин кишига хос бўлмаган зарарли иллатлардандир. Ўзгалар ҳақида ёмон гумонга бориш шайтон инсоннинг қалбига осонгина кириб оладиган эшиклардан биридир. Ўтган олимлардан Зажжож: “Бадгумонлик яхши кишилар ҳақида ёмон гумон қилишдир. Аммо фосиқлардан бўлса, унда фосиқликнинг қайси кўриниши содир бўлса, шуни гумон қилишга ҳаққимиз бор”, деган. Мўмин кишига ёмон гумон ва туҳматдан сақланиш вожибдир. Ким одамлар айбини ахтариб, улар ҳақида ёмон гумон қилса, билингки, унинг ботини бузуқдир. Ҳар бир инсон гумондан холи эмас. Ҳозирги кунда ўзимиз билиб-билмай одамлар ҳақида турли ёмон гумонларга бораверамиз, ўзимиз кўрмаган воқеалар хусусида шошилинч ҳукмлар чиқарамиз. Бир биродаримиз кўрмай ўтиб кетиб қолса, “Намунча кеккайиб қопти?!” деган маломатлар қиламиз. Яхшилик маъносида айтилган сўз ёки қилинган ҳаракатдан дарров шубҳага борамиз, “бир балоси бордирки, хушомад қилиб қопти”... Ёмон гумонларга бораверамиз, ноҳақ хулосалар чиқара-верамиз, маломатлар қилаверамиз, гуноҳларимизни кўпайтираверамиз. Ваҳоланки, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом “Мўминлар ҳақида яхши гумонда бўлинглар”, деб таълим берганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: «Зинҳор ва зинҳор бадгумон бўлманглар, чунки бадгумонлик сўзнинг энг ёлғонидир», деганлар (Бухорий ривояти). Бошқа бир ҳадисда эса: «Агар одамларнинг айбини ахтарадиган бўлсанг, уларни бузасан», деганлар. Одамлар тўғрисида ёмон гумон қилишнинг ҳаромлиги уларга шу гумон туфайли сўзда ёки ишда зарар етса, собит бўлади. Аммо яхши гумоннинг таъсири борми-йўқми, барибир мандубдир. Динимиз жамиятни гумонлардан тозалаш учун виждонларни ёмон гумон ифлослигидан поклашга чақиради. Чунки ёмон гумон жамият аъзолари ўртасидаги муносабатларнинг издан чиқишига олиб келади. Бу эса, ўз навбатида жамиятда ахлоқсизлик ва ихтилофларни юзага келтиради. Шунинг учун ҳам мусулмонлар бадгумонликдан ўзларини асрашлари, бирор ҳолатни кўрганда дарров яхши гумон қилишга ўтишлари зарур.
Маълумки, кимнинг миясига бадгумонлик ўрнашса, у ўша гумонини тасдиқлаш учун ҳужжат-далил қидира бошлайди. Натижада гумон остидаги одамнинг ўзига билдирмай, айбини излашга тушади. Натижада ўзи билмаган ҳолда унинг ортидан жосуслик қилишга ўтади. Динимиз жосуслик қилишдан ҳам қайтаради. “Жосуслик” деганда ўз диндош халқингнинг, юртингнинг ички сирларини душман томонга етказиб-сотиш ҳам, бировга ёмонлик етказиш ниятида айбларини ва заиф жойларини ўзига билдирмай яширинча излаш ҳам тушунилади. Муфассирлар “жосуслик” сўзини ўзгалардан айб қидириш маъносида ҳам тафсир қилишади. Жосуслик ҳам катта гуноҳлардандир, ҳеч ким бир мусулмоннинг айбини пойлаши, ундан айб қидириши тўғри эмас. Чин мусулмон кишининг қалби бу каби жирканч ишдан пок бўлиши лозим. Ислом жамиятида инсонларнинг жонлари, мол-мулклари, уй-жойлари омонлиқда, сир-асрорларию яширин нарсалари бехатар бўлиши зарур. Ҳатто жиноятнинг олдини олиш баҳонаси билан ҳам одамларнинг ортидан жосуслик қилишга ижозат йўқ. Ҳукм очиқ-ойдин кўриниб турган ишга қараб чиқарилади. Гумон қилишга, шубҳаланишга ва пойлашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Ғийбат ҳам динимизда қаттиқ қораланган иллатлардандир. «Ғийбат” сўзи луғатда «кўздан йўқолиш, яширин қолиш» маъноларини билдиради. Истилоҳда бир кишининг йўқлигида унинг моддий, баданий, маънавий-ахлоқий айблари ҳақида гапириш «ғийбат» дейилади. Ғийбат Қуръони карим ҳукми (ушбу оят), Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатлари билан тақиқланган. Ушбу ояти каримада ғийбат қилган одамнинг бу қилмиши ўлган биродарининг гўштини ейишига ўхшатилиб, ғийбатнинг жирканчлиги таъкидланмоқда. Шунга асосан ғийбат қилиш ҳаром, деб ҳукм чиқарилган. Ғийбат нафақат сўз билан, балки ёзув, имо-ишора, тақлид каби ҳаракатлар билан ҳам бўлиши мумкин. Пайғамбар алайҳиссалом бир кишини унда бор айблар билан эслаш ғийбат, унда йўқ айбларни унга боғлаш эса туҳмат (бўҳтон), деганлар. Ғийбат қилиш каби уни тинглаш ҳам ҳаромдир. Ғийбат қилган кишининг тавба қилиши фарз, дейилган. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: “Ғийбатчи жаннатга кирмайди”, деганлар (Бухорий ва Муслим ривояти). Пайғамбар алайҳиссалом ўз ҳадисларидан бирида: «Эй тили билан имон келтириб, дилида имон келтирмаганлар, мусулмонларни ғийбат қилманглар ва уларнинг камчиликларини қидирманглар. Ким уларнинг камчилигини қидирса, Аллоҳ таоло ўша одамнинг камчилигини қидиради. Аллоҳ кимнинг камчилигини қидирса, уни уйидан шарманда қилган ҳолатда чиқаради», деганлар. Ғийбатчилар охиратда ҳам жазосиз қолишмайди. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам Меърож ҳақидаги ҳадисда шундай деганлар: «Мерожга чиққанимда мисдан бўлган тирноқлар билан юзларию кўксиларини тирнаётган бир қавмнинг олдидан ўтдим. Мен: “Эй Жаброил, улар ким?” деб сўрадим. У: “Булар у дунёда одамларнинг гўштини еб, обрўларини тўкканлар”, деб жавоб берди”. Пайғамбар алайҳиссаломнинг яна шундай ҳадислари бор: «Ким бир мўминни ғийбатчи мунофиқдан ҳимоя қилса, қиёмат куни Аллоҳ таоло унинг гўштини дўзах ўтидан ҳимоя қилувчи фаришта юборади. Ким бир мўминни сўкмоқчи бўлиб, уни ғийбат қилса, Аллоҳ таоло уни гапидан қайтмагунича жаҳаннам кўприги устида ушлаб туради» (Аҳмад ривояти). Атоқли муҳаддис, фақиҳ, обид ва зоҳид Ибн Ваҳб айтади: «Ғийбат балосидан қутулиш учун агар бирор кишини ғийбат қилсам бир кун рўза тутиб бераман, деб қарор қилдим. Бора-бора бу ҳам осон кўринди, иллатни батамом тарк эта олмадим. Шунда кимни ғийбат қилсам бир динор садақа қилишга киришдим ва шу йўл билан ғийбатдан батамом қутулдим». Алий ибн Ҳусайн (ҳазрат Алининг набиралари) розияллоҳу анҳу айтдилар: «Ғийбат қилишдан эҳтиёт бўл, зеро, у одамлар итининг нонхўришидир». Ҳасан айтади: “Ким сизнинг олдингизда бировни ғийбат қилса, бошқанинг олдида сизни ҳам ғийбат қилади”. Ғийбатчилик ана шундай оғир гуноҳ ишлардан ва катта одобсизлик саналгани учун ундан эҳтиёт бўлиш талаб этилади. Аммо ҳозирги пайтга келиб бу ярамас иллат орамизда чуқур илдиз отган. Ўтмишдаги аждодларимиз бировнинг кийимини калта ёки узун дейишни ҳам ғийбат санаб, ўзларини бундан тийишган экан. Бугунги кунда бировларнинг кийими у ёқда қолиб, уларнинг ўзидаги мавжуд нуқсонларни, ҳатто уларда бўлмаган айбларни ҳам гапиришга ўрганиб қолдик. Бировни ёмонлаш, айб-камчиликларини ҳаммага достон қилиш суҳбат, мажлис, ўтиришларни «қизитадиган» нарсага айланди.
Оятнинг охирида Аллоҳ таоло мўминларнинг барчасини, хусусан, юқорида зикр қилинган гуноҳларни қилганларни Аллоҳдан қўрқишга даъват қилиб, Ўзига итоат қилишга, Шу билан бирга, аввал билмай, гуноҳ содир этилган бўлса, тавба қилиб, гуноҳини ювиш мумкинлигини эслатиб, тавбаларни ҳар қанча бўлса ҳам қабул қиладиган раҳмли Зотнинг фазлу карамидан ноумид бўлмасликка чақиради.

"Тафсири Ирфон", Хужурот сурасидан
Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тафсирлар
Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий

Ўзбекистон мусулмонлари диний идорасининг раиси, муфтий

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase