Тариқат ва шариат орасидаги фарқни ислом ва эҳсон орасидаги фарқни ўрганиш орқали англаб етдик. Аммо кишилар орасидаги саволларга эътибор берадиган бўлсак, кўпчилик шариат билан тариқат орасидаги боғланишни, улардан қай бири аввал келадию, қай бири кейин келади билишмайди.
Баъзи бир ўзини аҳли тасаввуфдан санайдиганлар тариқат - ҳақиқатдир, шариат илми зоҳир, шунинг учун ҳамма эътиборни тариқатга қаратмоқ керак, дейдилар.
Баъзилар эса шариат илми билан машғул кишиларни адашиб юрганлар деб атайдилар ва уларга паст назар билан қараб, ҳатто сўрашгани ҳам жирканадилар.
Бинобарин, шариат илми олимлари фақиҳлар билан тариқат илмининг баъзи бир кишилари орасида ихтилофлар чиқиб, бир - бирларини ҳақорат қилиш даражасига бориб етадилар. Албатта, бошлиқлар орасидаги бу ихтилоф шогирдларга ҳам ўтиши турган гап.
Хўш, кимнинг гапи тўғри? Бу саволга жавоб бериш мақсадида тасаввуфнинг илм тарзида шаклланиши бошида турган улкан суфийлар холига назар соламиз.
Биринчи табақага мансуб катта суфийлар ва зоҳидлар шариатнинг барча амрлари ва наҳийларига тўлиқ амал қилар эдилар. Бу ҳақиқатни тасаввуфнинг энг катта душмани бўлган Ибн Таймия ҳам ўзининг «фатволар китоби»да эътироф этиб қуйидагиларни ёзган:
«Жумҳури салафдан Фузайл ибн Иёз, Иброҳим ибн Адҳам, Абу Сулаймон ад-Дороний, Маъруф ал-Кархий, ас-Сиррий ас-Сиқтий, Жунайд ибн Муҳаммад ва бошқа мутақаддимлар, шунингдек, шайх Абдул Қодир, шайх Ҳаммод, шайх Абул Баён каби мутааххирлар агар солик ҳавода учиш, сув устида юриш даражасига етганида ҳам шаръий амр ва наҳийлардан чиқишлари мумкинлигини хаёлларига ҳам келтирмаганлар. Балки у ҳамма амрларни бажо келтирмоғи, ман қилинган нарсаларни тарк қилмоғи лозимлигини уқтирганлар. Китоб ва Суннат ҳамда салафи солиҳларнинг ижмоъи айни шунга далолат қилади».
Ҳужжатул Ислом Абу Ҳомид ал-Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ «Мийзонул Амал» китобида қуйидагиларни ёзади:
«Билки, Аллоҳ таолонинг йўлидаги соликлар жуда оздир, аммо уни даъво қилувчилар жуда кўп. Биз сенга доимий равишда кўз ўнгингда сақлашинг учун иккита аломатни билдирамиз:
Биринчи аломат - унинг барча ихтиёрий ишлари шариат тарозуси ила тортилган бўлмоғидир. Уларни қабул қилишда ҳам, чиқаришда ҳам шариат чегарасида турмоғи шартдир. Чунки шариатнинг барча макоримларини эгалламасдан туриб, бу йўлга юриш мумкин эмас. Ахлоқни тўғриламай туриб, бу йўлга юриш мумкин эмас. Бу эса ўз навбатида бир тўп мубоҳларни тарк қилишни ва ман қилинган нарсалардан четда бўлишни ҳамда нафлларни кўп бажаришни тақозо қилади.
Баъзи шайхлардан бу ишларни енгил санаш нақл қилинган бўлса, бу айни ғурурдир. Муҳаққиқлар, агар сув устида юриб кетаётган кишини шариатга хилоф иш қилганини кўрсанг, билки, у шайтондир, демишлар.
Иккинчи аломат - соликнинг қалби такаллуфсиз равишда Аллоҳ таоло билан доимий равишда ҳозир бўлмоғидир. Бу ҳозирлик унинг наздида очилган Аллоҳнинг жалоли туфайли лаззатни юксалтирадиган, синиқлик, ёлбориш ва хузуъ ила бўлмоғи керакдир».
Бу табақадаги шайхларнинг ўзлари ҳам шариатнинг аҳамиятини қайта-қайта такрорлашдан эринмаганлар.
«Доиратул маъориф» китобида бу ҳақда шайх Саҳл ат-Тистирийдан қуйидагилар ривоят қилинади:
«Бизнинг аслларимиз олтитадир: Аллоҳнинг китобини маҳкам тутиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашиш, ҳалол емоқ, озор беришдан ўзини тиймоқ, гуноҳлардан йироқ бўлмоқ ва ҳуқуқларни адо қилмоқ».
Яна юқорида зикр этилган китобда Абу Язид ал-Бистомий раҳматуллоҳи алайҳдан қилинган ривоятда қуйидагилар айтилади:
«Агар кароматлар берилиб, ҳаттоки, осмонга кўтарилаётган кишини кўрсангиз, то уни амр ва наҳийни тутганини, чегарада турганини ва шариатни адо этаётганини кўрмагунингизча унинг билан алданиб қолманг».
Яна юқорида зикр этилган китобда Жунайд раҳматуллоҳи алайҳдан қилинган ривоятда қуйидагилар айтилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг изларидан юрмаган киши учун барча йўллар беркдир».
«Ким Қуръонни ёд олмаса, ҳадисни ёзмаса, унга бу ишда эргашилмас. Чунки бизнинг бу ишимиз Китоб ва Суннат ила боғлиқдир».
Ҳақиқий суфийлар доимий равишда илм - маърифатга, хусусан, шаръий илмларни пухта эгаллашга даъватда бўлганлар.
«Ал-Бурҳон ал-Муайяд» китобида зикр қилинишича, тасаввуфнинг энг кўзга кўринган намояндаларидан бири бўлмиш шайх Рифоъий раҳматуллоҳи алайҳ қуйидагиларни айтган:
«Сизлар: «Ҳорис айтди, Абу Язид, деди, Ҳаллож гапирди», дейсизлар. Бу қандоқ гаплар ўзи? Сизлар: «Шофеъий айтди, Молик айтди, Аҳмад деди, Нўъмон деди», деб айтинглар. Олдин равшан муомалаларни тўғриланг, сўнгра ортиқча гаплар ила ҳузурланинг. Аввал шариат пойдеворларини илм ва амал билан мустаҳкамланг. Ундан сўнг ноаниқ илм аҳкомлари ва амал ҳикматлари ҳақида ҳиммат кўрсатинг.
Бир соатлик илм мажлиси етмиш йиллик ибодатдан афзалдир, яъни, фарзлар устига зиёда қилинган ва киши илмсиз равишда қиладиган ибодатлардан. Зинҳор Аллоҳ жоҳилни валий қилиб олмайди. Агар кимни валий қилиб оладиган бўлса, унга таълим беради. Валий ҳеч қачон ўз дини фиқҳида жоҳил бўлмайди. У қандоқ намоз ўқишни, рўза тутишни, закот беришни ва ҳаж қилишни яхши билади».
Бундан аввал шариат аҳкомларини яхши ўрганиб олиб, сўнгра тариқат йўлига кирмоқ зарурлиги яққол кўриниб турибди. Шаръий аҳкомлар ҳақида сўз борганда тариқат шайхларининг гаплари эмас, фақиҳларнинг гаплари ўтиши ҳам оддий ҳақиқат экани билинмоқда.
Дарҳақиқат, аввал шаръий илмни ўрганиб олмаган киши ибодатни ўринлатиб адо эта олиши мумкин эмас. Шунинг учун ҳам катта шайхлар ўзларига қўл бериб ибодатга ўзини бағишламоқчи бўлган кишиларни олдин шаръий илмларни эгаллаб олишга ундаганлар.
Бу ҳақда мисол тариқасида Шайх Муҳаммад Ҳошим ал-Кашмий ўзининг «Зубдатул Мақомот» номли китобларида Шайх Абдул Аҳад Махдум таржимаи ҳолларида келтирган маълумотларни тақдим этамиз:
«Шайх Абдул Аҳадни ёшлик чоғида, дарс олиб турган кезида «илми яқийн»ни ҳосил қилиш ва Роббил оламийннинг висолига эришиш истаги қамраб олди. Ҳаттоки, у дарсларини тамомлашга ҳам сабр қила олмай қолди. Шунда у улкан шайх Абдул Қуддус ал-Канкуҳий томон сафар қилди. У зот ўша пайтда чиштия - собирия тариқатининг раиси эдилар ва шуҳратлари етти иқлимга ёйилган эди. Бас, Абдул Аҳад Махдум у кишидан зикр ва вирдларни яъни, вазифаларни ўрганди. Руҳий тарбия ва сулук илмидан дарс олди. Сўнгра шайхдан шу ерда қолиб, Аллоҳга мулоқот бўлгунча ибодатда бўлишга рухсат сўради. Бас, кўп нарсадан хабардор ва кўп нарсани кўра биладиган шайх уни ниятдан қайтардилар ва қаттиқ таъкид ила диний ва шаръий дарсларини тугатишга ундадилар. У киши бу борада «Албатта, илм ила рафиқ бўлмаган тариқатда нур ҳам, ҳаловат ҳам йўқдир», дедилар.
Абдул Аҳад Махдум шайхнинг ёши ўтиб қолганини ва заифлигини эътиборга олиб «Мен бу мақсадни амалга оширишни диний илмларни ўрганиб бўлишимдан кейинга сурадиган бўлсам, сизни топа олмайманми деб қўрқаман», деди.
Шунда шайх «Агар мени топмасанг, бу меросни ўғлим Рукниддиннинг ҳузурида топасан», дедилар.
Бас, Абдул Аҳад Махдум у кишининг амрларига бўйсуниб илм ва дарсни қайта бошлади».
Минг афсуслар бўлсинким, кўпгина шайхликни даъво қилувчилар ва жуда кўп муридликни даъво қилувчилар шаръий илмлардан бехабар ёки оз хабардор бўлганлари учун тасаввуфга ҳам доғ туширганлар ва туширмоқдалар.
Шариат билан тариқат орасидаги алоқа иккиси бир- бирини тўлдиради. Улар орасида ихтилоф бўлиши мутлақо мумкин эмас. Агар баъзи бир гаплар чиққан бўлса икки тарафнинг ўзи ҳам танқид қиладиган, Қуръон ва Суннатдан ташқаридан олинган нарсалар ҳақида бўлиши мумкин.
«Ал-Бурҳон ал-Муайяд» китобида зикр қилинишича, тасаввуфнинг энг кўзга кўринган намояндаларидан бири бўлмиш шайх Рифоъий қуйидагиларни айтган:
«Агар ориф фақиҳ комил суфийга «Сен шогирдларингга, намоз ўқиманглар, рўза тутманглар, Аллоҳнинг чегарасида турманглар», деганмисан?» деса, нима дейди? Аллоҳга қасамки, Худо сақласин, дейишдан бошқа нарсани айта олармиди?!
Агар комил суфий ориф фақиҳга «Сен шогирдларингга, Аллоҳнинг зикрини кўп қилманглар, нафсга қарши мужоҳада ила уруш очманглар ва Аллоҳга ихлос билан амал қилманглар», деганмисан?» деса, нима дейди? Аллоҳга қасамки, Худо сақласин, дейишдан бошқа нарсани айта олармиди?!
Бас, шундай экан, модда ҳам, маъно ҳам, натижа ҳам бир. Фақатгина лафзлар бошқа - бошқа холос.
Лафз ҳижоби суфийлардан қай бирини модда, маъно ва натижа самарасини олишда тўсса, бас, у жоҳилдир.
Лафз ҳижоби фақиҳлардан қай бирини мазкур нарсаларнинг самарасини олишдан тўсса, бас у маҳрумдир».
Аҳмад Муҳаммад ибн Ажийба ал-Ҳасанийнинг «Ийқозул ҳимам фии шарҳил ҳикам» номли китобида эса бу ҳақда қуйидаги ибораларни ўқиймиз:
«Фиқҳсиз тасаввуф бўлмас. Чунки Аллоҳ таолонинг зоҳирий аҳкомлари фақатгина фиқҳ орқали билинади. Шунингдек, тасаввуфсиз фиқҳ ҳам бўлмас. Чунки содиқ таважжуҳсиз амал бўлмас. Иймонсиз иккиси ҳам бўлмас. Чунки усиз уларнинг иккиси ҳам тўғри бўлмас. Бас, иккисининг ҳукми бир - бирига лозим бўлгани учун иккисини ҳам тутмоқ лозимдир.
Бу худди жасадларга руҳлар лозим бўлганидекдир. Чунки жасадлар бўлмаса руҳларга жой бўлмас. Руҳлар бўлмаса, жасадларга камол бўлмас.
Бу ҳақда Молик раҳматуллоҳи алайҳ «Ким суфий бўлсаю, фақиҳ бўлмаса, зиндиқ бўлибдир. Ким фақиҳ бўлсаю, суфий бўлмаса, фосиқ бўлибдир. Ким иккисини жамласа, муҳаққиқ бўлибдир», деган».
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг
"Тасаввуф ҳақида тасаввур" китобидан