close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ийсо ибн Марямнинг осмондан тушиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шариатига кўра ҳукм юритиши

Бу бобда Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ еттита ҳадис келтирган.

Бу бобда Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ еттита ҳадис келтирган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жоним изнида бўлган Зотга қасамки, яқинда Марям ўғли соллаллоҳу алайҳи васаллам орангизга одил ҳакам бўлиб тушиб, хочни синдиради, чўчқани ўлдиради, жизяни бекор қилади. Молу дунё тўлиб-тошиб кетганидан уни ҳеч ким олмай қўяди».
Шарҳ:
«...яқинда Марям ўғли соллаллоҳу алайҳи васаллам орангизга...тушиб», яъни Расули акрам алайҳиссалом Аллоҳ таолога қасам ичиб: «Бу умматнинг охирига Ийсо алайҳиссалом осмондан тушади», демокдалар.
«Яқинда», яъни яқинда бундай бўлади. «Орангизга», деган хитоб саҳобаи киромларга қаратилган бўлса ҳам, ундан уммати Муҳаммадия ирода қилинган.
Юқоридаги ҳадис бошқа санад ва турли сўзлар билан Зуҳрийдан ривоят қилинган. Ибн Уяйна ривоятида «адолатли раҳбар ва адолатли ҳакам», дейилган. Юнуснинг ривоятида «одил ҳакам», дейилган. Бироқ «адолатли раҳбар» ибораси нақл қилинмаган. Солиҳнинг ҳадисида: «адолатли ҳакам», дейилган ҳамда «...Ҳатто битта сажда дунё ва ундаги нарсалардан яҳши бўлиб қолади», дейилган. Сўнгра Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: «Хохласангиз «Ҳеч бир аҳли китоб йўқки, ўлимидан олдин унга иймон келтирмаса» (Нисо сураси, 159-оят) оятини ўқинг, дер эдилар», деган қўшимча ҳам бор.
Шарҳ:
«...битта сажда...яхши бўлиб қолади», яъни Қиёматга яқин қолгани учун одамлар вазмин, ихлосли бўлиб сукунат билан сажда қиладилар. Инсоният Қиёматга яқин ибодатга шавқли, завқли бўлиб кетади. Бу ердаги саждадан тўлиқ ибодат назарда тутилган.
«...ўлимидан олдин...» яъни маЗкур иборада «ҳу» замир бўлиб, уни кимга тегишли эканида ихтилоф бор. Биринчи қарашга кўра у Ийсо алайҳиссаломга қайтади. Шунда оятдан кўзланган маъно қуйидагича бўлади: «Ийсо алайҳиссалом ерга тушганидан кейин барча христиан ва яҳудийлар унга иймон келтиришади. Чунки ўшанда жизя қабул қилинмай қўяди. Инсонлар ё иймон келтиришади ё ўлдирилади. Барча христиан ва яҳудийлар Ийсо алайҳиссалом вафотидан олдин мўмин бўлишади. У Аллоҳ таолонинг бандаси, Марям онамизнинг ўғли ва Аллоҳ таолонинг Расулидир.
Иккинчи қарашга кўра, «ҳу» замир барча ахди китобга тегишли бўлади. Яъни ҳар бир аҳли китоб ўлими вақтида чорасизлигидан Ийсо алайҳиссаломни Аллоҳ таолонинг бандаси ва Расули ҳамда Марям онамизнинг ўғли эканига иймон келтиришади. Бироқ ўлим талвасаси вақтидаги иймон бефойда бўлгани учун уларнинг иймони қабул қилинмайди.
Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ иккинчи қарашни қўллаб-қувватлаб, бундай деган: «Бир ривоятда у (қабла мавтиҳим) «ўлимларидан олдин» шаклида келган».
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоу алайҳи васаллам: «Аллоҳга қасамки, Ибн Марям одил ҳакам бўлиб (осмондан) тушиб, хочни синдириб, чўчқани ўлдиради ва жизяни бекор қилади. Туялар ташлаб қўйилади, уларга етишиш учун ҳаракат қилинмайди. Адоват, бир-бирини ёмон кўриш, бир-бирига ҳасад қилиш йўқолади. Мол-давлат олишга чақирилади, уни ҳеч ким олмайди», дедилар.
Шарҳ:
«...ҳакам...» сўзи «ҳоким» маъносида. Ийсо алайҳиссалом Муҳаммад алайҳиссалом шариатига асосланиб ҳукм қилади. Узлари билан янги шариат олиб келмайдилар. Балки олдинги шариатни жонлантиради ва равнақ топтиради.
(ла тутраканна) «...ташлаб қўйилади». Бу сўздаги «лом» таъкид учун. Ундаги «нун» ҳам «таъкид нун»и бўлиб, мажҳул нисбатда ўқилади, яъни «ташлаб қўйилади».
(ал-қилосу) «туя». Арабларда туя қимматли ва суюкли жонивор ҳисобланади. Шунга қарамай Қиёматга яқин одамлар бойликка қизиқмай қўйганидан, туяга қизиқмай ҳам қўйишади ва уларни ўз ҳолига ташлаб қўйиб, унга интилишмайди. Ояти каримада бу ҳақида шундай дейилган: «Ва, вақтики, ҳомиласига ўн ой тўлган туялар қаровсиз қолса» (Таквир сураси, 4-оят).
аш-шаҳнау) сўзи «гина-кудрат» маъносини англатади. Аслида инсониятда мол-давлатга нисбатан муҳаббат бўлса ўзаро ҳасад ҳам бўлади. Киши мол-давлатга бепарво бўлса, ўзаро ҳасад ва гина-кудрат бўлмайди.
«...чақирилади», яъни одамларни молу давлатга рағбати йўқлигидан бир киши одамларни бирор молу давлатни олишга чақирса уни қабул қилишмайди. Улар на молга рағбат қиладилар, на унга хожатлари тушади ва на уни қабул қиладилар. Бу ҳолат Қиёматга яқин юз беради.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ибн Марям орангизга тушиб ва имомингиз ўзларингиздан бўлганда ҳолингиз қандай бўларкин», дедилар».
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ибн Марям орангизга тушиб ва имомингиз бўлса ҳолингиз қандай бўларкин», дедилар».
Шарҳ:
«...ҳолингиз қандай бўларкин», яъни дини ҳукмлари ўз ўрнида, Ислом дини яна ўз ғалабасига қайтган, Имом Маҳдий имом, Ийсо алайҳиссалом ҳам шу ерда бўлганда мусулмонлар хурсанд ва мамнун ҳолатда бўладилар. Айни бу вақтда бошқарув ва ҳукмронлик яна мусулмонларнинг қўлига қайтган бўлади. Ийсо алайҳиссалом дуо қилиб сўраган орзусига эришади. Яъни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уммати бўлади. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олим уламолари Бану Исроилга юборилган пайғамбарларга ўхшайди. Айни шу вақтда имом ўзларингиздан бўлади.
Шу ўринда бир савол туғилади. Биринчи ҳадисда имом ўзларингиздан бўлади, дейилди. Иккинчисида Ийсо алайҳиссалом сизларга имомлик қилади, дейилди. Бу бир-бирига қарама-қарши эмасми?
Биринчи жавоб: Бу икки вақтда юз беради. Имом Маҳдий тирик бўлганда мусулмонларнинг имомлари ўзларидан бўлади. У вафот этганидан кейин Ийсо алайҳиссалом мусулмонларнинг имоми бўлади.
Иккинчи жавоб: Имомлик икки хил бўлади: Биринчиси, кичик имомлик. Намозда имом бўлиш. Иккинчиси, катта имомлик. Раҳбар, бошлиқ ва подшоҳ бўлиш. Биринчи, ҳадисдаги «имомлик ўзингиздан бўлади», деганда кичик имомликка ишора қилинмокда. Иккинчи ҳадисдаги «сизларга имомлик қилади», дейилгандан, катта имомлик ирода қилинмоқда. Умуман олиб қараганда, бу икки ҳолат ҳам икки вақтда юз беради.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ибн Марям орангизга тушиб ва имомингиз бўлса, ҳолингиз қандай бўларкин», дедилар».
Ровий (Валид ибн Муслим): «Ибн Абу Зиъбга: «Авзоъий бизга Зуҳрийдан, у Нофеъдан, у Абу Ҳурайрадан «раҳбарингиз ўзларингиздан бўлса», деб сўзлаб берган эди», дедим. Ибн Абу Зиъб: «раҳбарингиз ўзларингиздан бўлса», дегани нималигини биласанми?» деди. Мен: «Сиз менга айтиб берингда», дедим. У: «Сизга Роббингиз табарока ва таъолонинг Китоби ва Набийингиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннати билан раҳбарлик қилади, деган маънони англатади», деди».
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганларини эшитганман: «Умматимдан бир жамоаси ҳақ йўлда жанг қилиб, Қиёмат кунигача ғолиб бўлиб тураверадилар. Сўнгра Ийсо ибн Марям соллаллоҳу алайҳи васаллам тушади. Шунда уларнинг амири: «Бизга намоз ўқиб беринг», дейди. У: «Йўқ, сизлар бир-бирингизга амрсизлар. Бу Аллоҳ таолонинг ушбу умматга хос икромидир», дейди».
Шарҳ:
«Умматимдан бир жамоаси ҳақ йўлда жанг қилиб, Қиёмат кунигача ғолиб бўлиб тураверадилар». Бундан Ислом динини равнақи йўлида ҳаракат қилаётган тоифа ирода қилинади. Улар бир жойда бўлмайди. Балки машриқу мағрибда Ислом равнақи йўлида доимо ҳаракат қиладилар. Айни шу тоифа Қиёматга яқин Дажжол билан урушади. Уларнинг бошлиқлари Имом Маҳдий ва Ийсо алайҳиссалом бўлади. Бу тоифанинг фаолияти Қиёмат қойим бўлгунча давом этади. Қиёмат қоим бўлганидан кейин бу тоифа ер юзидан йўқ бўлиб кетади. Чунки ерда «Аллоҳ, Аллоҳ» дейдиган инсон қолмайди.
«...уларнинг амири», яъни Имом Маҳдий Ийсо алайҳиссаломга қарата, имомлик қилиб беринг, дейди. Шунда Ийсо алайҳиссалом имомати суғро(Кичик раҳбарлик.) ҳам, имомати кубро(Катта раҳбарлик.) ҳам, яъни намозга имомлик ҳам, раҳбарлик ҳам сизлардан, дейди.
«Бу Аллоҳ таолонинг ушбу умматга хос икромидир», яъни суғро имомат ҳам, кубро имомат ҳам айни шу умматга тегишли. Бу Аллоҳ таолонинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматига икроми ва эъзози. Мусулмонларнинг етакчиси Имом Махдий вафот этгач, Ийсо алайҳиссалом қолган мусулмонларга ўзи бошлиқлик қилади. Ийсо алайҳиссаломга ва Дажжолнинг чиқишига тегишли батафсил маълумотлар «Саҳиҳи Муслим» китобининг иккинчи жилдида зикр қилинади.

"Саҳиҳи Муслим шарҳи" китобидан

 

 

 

Мақола жойлаштирилган бўлим: Миссионерлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase