close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Қозилик ҳақида

Инсонлар ўртасидаги низоли вазият ва ишларда ким-нинг ҳақ ва кимнинг ноҳақлиги тўғрисида ҳукм чиқарувчи шахс қози дейилади. Қози гувоҳлиги қабул қилинадиган одамлар сирасидан бўлиши керак (бу ҳақда “Гувоҳлик” китобида батафсил сўз юритилади).

Агар қозилик қилишга одамлар орасида фақат битта кишигина яроқли бўлса, ўша одамга бу ишни қилиш фарз бўлади.
Адолатли киши қози бўлиб турган пайтида пора олиш, зино қилиш ёки ароқ ичиш каби ишларни содир этса, қозиликдан ҳайдалади ёки ўзи дарҳол истеъфо бериши керак бўлади. Баъзи олимлар ундай ишларни қилган қози ўз-ўзидан қозиликдан бўшаб қолади, дейишган. Ким қози бўлиш учун пора берса, қози деб ҳисобланмайди ва чиқарган ҳукми ҳам ҳақиқий саналмайди.
Иложи бўлса қозининг мужтаҳидлик даражасидаги одам бўлгани яхши. Бундай одам қозиликка бошқалардан кўра ҳақлироқдир.
Қозиликни “мен қози бўлай” деб сўраб олинмайди. Ўзининг адолат қилишига ишончи комил бўлган инсонгина қозилик ишига киришади.
Қозиликка тайинланган одам ўзидан олдинги қозидан иш дафтарини сўраб олади. Бу дафтарда одамлар орасида чиқарилган ҳукмлар, мажлисларнинг қайдномалари, васият қоғозлари ёки уларнинг нусхалари, вақф молларининг ҳужжатлари ва бошқа бўлиб ўтган нарсаларнинг ёзма баёноти бўлади. Янги қози мана шу ҳужжатларга муҳтож бўлгани учун икки адолатли одамни тайинлаб, уларга олдинги қозидан барча ҳужжатларни қабул қилиб олишни топширади.
Янги қози ҳали ҳукми чиқмаган ишлар бўйича ўзидан олдинги, ишдан бўшаган қозининг гапи бўйича ҳукм чиқармайди. Чунки олдинги қози ишдан бўшаб оддий фуқарога айланган ҳисобланади. Қолаверса, бир кишининг гувоҳлиги билан ҳукм чиқариш мумкин эмас. Бу ерда фақат далил ва ҳужжатга суяниб иш тутилади.
Қози бирор муҳим иш билан машғул бўлиб турганда, жаҳли чиқиб турганда, ўта хурсанд ёки хафа чоғида, оч ёки чанқоқ пайтида, таҳорати қистаб ёки бирор жойи оғриб турганда ҳукм қилмайди.
Қози ҳадя олмайди. Лекин унга иши тушиб турмаган, ўзига яқин бўлган (маҳрам ҳисобланган) қариндошидан ёки қози бўлишидан олдин ҳам ҳадя бериб юрган одамлардан (олдинги миқдорда) олиши мумкин.
Қози ўзи учун махсус ташкил қилинган зиёфатларга бормайди.
Қози даъволашувчиларни бир хилда ўтқазади (бирини пастга, иккинчисини юқорига ўтқизмайди), уларга бирдек муомала қилади (улардан бирига кулиб, бошқасига хўмрайиб қарамайди) ва улардан бирортаси билан пичирлашиб гаплашмайди, шунингдек, улардан фақат биттасига чой, қанд-қурс тутмайди. Қози уларнинг бирортасига имо-ишора қилмайди ва йўл-йўриқ ўргатиб турмайди.
Даъволашувчиларнинг бири ўзида иккинчисининг (даъвогарнинг) ҳақи борлигини тан олса ёки бу нарса далил-ҳужжат билан исботланса, тўлашдан бош тортган тақдирда даъвогарнинг талаби билан қози лозим топган муддатга қамаб қўйилади. Бунинг учун айбланётган шахснинг ўз қарзини тўлаши учун имконияти борлиги билиниши керак. Мисол учун, айбдор ўзининг камбағаллигини даъво қилса, қози уни қамамайди. Балки айбдорнинг қўни-қўшниларидан ва ҳамкасбларидан унинг молиявий ҳолатини сўраб-суриштиради. Агар икки киши унинг бой эканига гувоҳлик берса, қози айбдорни қарзни тўлашга мажбурлаш учун қамайди.
Қозининг хоҳ унутиб, хоҳ атайин бўлсин, ўз мазҳабига тескари чиқарган ҳукми ижро этилмайди. Қозининг ҳукми чиқишидан олдин уламо орасида ихтилофли бўлиб турган масалага ҳукм чиқиши билан ихтилофлигини йўқотиб, иттифоқлига айланади. Бордию чиқарилган ҳукм бошқа қозига ҳавола қилинса, у ҳам ўша ҳукмни тасдиқлаши керак. Бунинг учун хукм Қуръон, суннат ёки мужтаҳид уламонинг ижмоларига зид бўлмаслиги шарт. Акс ҳолда бундай ҳукм бекор қилинади.
Қози ғойиб одам ҳақида ҳукм чиқармайди. Бироқ маҳкамада унинг вакили ёки қози унга бош-қош қилиб тайинлаган шахс (васий) ҳозир бўлганда, қози ғойиб одам ҳақида ҳукм чиқариши мумкин.
Шунингдек, қуйидаги ҳолатда ҳам ғойиб ҳақида ҳукм чиқариш мумкин: Бир одам бошқанинг қўлида турган нарсани “бу меники” деб даъво қилди ва буни айни пайтда ғойиб бўлган фалончидан (масалан, Аҳмаддан) сотиб олганини айтди. Қўлида мазкур нарса турган шахс эса буни инкор қилди. Аммо даъвогар аниқ хужжат-далил билан талашаётган нарса ўзиники эканини исбот қилди. Шунда қози унинг фойдасига ҳукм қилади. Сўнг ҳалиги ғойиб одам келиб “мен буни сотганим йўқ” деса ҳам, хукм ўз кучида қолади. Чунки эътибор берилса, бу ҳолатда ғойиб шахсга қилинаётган даъво (“ғойиб бу нарсани сотган” дейиш), шубҳасиз равишда талашилаётган нарсани қўли-да тутиб турган одамга қилинаётган даъвога (“Бу нарса сеники эмас” дейишга) сабаб бўляпти. Ўз-ўзидан маълум-ки, бу ҳолатда нарсани қўлида тутиб турган шахс ўзини ҳимоя қилаётиб, истаса-истамаса ғойиб шахсни ҳам унга бўлаётган даъводан ҳимоялайди ва худди унинг вакили-дек иш олиб бораётгандек бўлиб қолади.
Икки даъволашувчи томон ўзаро розилик билан (жазолаш ва қасос масалаларидан бошқа ишларда) қозиликка салоҳияти бор кишини ўрталарида ҳакам қилишлари мумкин.
Даъволашувчи томонлар ҳакамнинг чиқарган хукмини қабул қилишлари шарт. Шунингдек, даъволашувчилар ҳакамнинг хукми чиқишидан олдин унинг ҳакамлигидан қайтишлари мумкин. Агар ҳакам ҳукми қозига оширилса ва ҳукм қозининг мазҳабига мос тушса, уни ижро қилади. Акс ҳолда бекор қилади.
Ота-онаси ва болалари ҳамда эри ёки хотини фойдасига ҳукм чиқариш ёки гувоҳлик бериш мумкин эмас. Аммо уларнинг зарарига ҳукм чиқариш ёки гувоҳлик бериш мумкин.

"Ҳанафий фиқҳидан зарур масалалар" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase