Расули акрам амакилари ва эмикдошлари, Ислом душманларига қарши жангларда мислсиз шижоат кўрсатган амир Ҳамза Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) томонидан «Асадуллоҳ» (Аллоҳнинг йўлбарси) дея улуғланган буюк саркарда эди. Ислом ва Расулуллоҳнинг ашаддий душманлари Абу Суфён ҳамда унинг хотини Ҳинд катта пул эвазига ёллаган ҳабаший қул Ваҳший у зотни Уҳуд жангида шаҳид этди. Бу ҳам кўнглига таскин бермаган Ҳинд саркардани жигарини суғуриб олиб, чайнади.
Макка фатҳ этилган кун мушриклардан интиқом олишнинг энг қулай фурсати бўлди. Мусулмонларга неча йиллаб чексиз алам, азоб-уқубат етказган, қийноқларга солган мушрикларни батамом йўқ қилиш имконияти туғилган эди. Аммо кечирувчи, афв этувчи Аллоҳнинг сўнгги пайғамбари бундай йўл тутмадилар. Барча маккаликларга умумий афв эълон қилдилар. Улар орасида ашаддий душманлари Абу Суфён ибн Ҳарб ва хотини Ҳинд, амакиларининг қотили Ваҳший ҳам бор эди. Ваҳшийни кечирган бўлсалар-да, «Кўзимга кўринма!» деб жароҳатли қалбларга таскин беришга урингандилар.
Расулулллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Макка фатҳи куни афв кўламини жуда кенг олган эдилар. Маккаликлардан фақат ажали етган кишиларгина ўлдирилди. Расули акрам мағлуб шаҳарга кириб шундай амр қилдилар: “Абу Суфён уйига кирганлар омондадир. Эшигини қулфлаганлар омондадир. Каъбага кирганлар омондадир”. Аскарларига шундай фармон қилдилар: “Маккага кирар экансиз, сизга ҳужум қилганлар ва қарши чиққанлардан ўзгаларга қурол ишлатманг! Макккаликларнинг молига тегманг! Макккада ножўя харакат қилишдан сақланинг!”
Бу Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бошчилигидаги мусулмон уммати бошига не-не кўргиликларни, азобларни солган, у зот ва бошқа мусулмонлар киндик қони тўкилган, юртларидан ҳайдаган, барча мол-мулк, уй-жойларини тортиб олган, шунда ҳам тинчимай улар устига бир неча бор қонли юришлар қилган, ҳозирда эса Ислом қўшинлар қаршисида қўрқувдан дир-дир титраётган маккалик мушрикларга кўрсатилаётган буюк бир афв ва кечирим эди.
ЗОЛИМ АВФ ЭТИЛДИ
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) йўлда Абу Суфён ибн Хорисни учратиб қолдилар. Ундан юзларини ўгириб олдилар, чунки бу золим кимсадан кўп азият чеккан эдилар. У Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни доимо ҳақорат қилар эди. Расулуллоҳдан илтифот кўрмагач, ҳазрати Алига ёрилди. Ҳазрати Али Набийга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) яна бир бор мурожаат қилиши тавсия этдилар: «Юсуфнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) биродарлари каби «Аллоҳга қасамёд қиламизки, Аллоҳ сени биздан устун қилди, биз ҳақиқатда хато қилган эканмиз», дегин, Юсуф (алайҳиссалом) акаларини афв этганидек, Расулуллоҳ сени афв этсалар, ажаб эмас».
Абу Суфён ибн Ҳорис ҳазрати Али айтганиларини қилди. Бунга жавобан Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бундай дедилар: “Бугун зиммангизда ҳеч қандай айб ва масъулият йўқ. Аллоҳ сизни афв этсин. Аллоҳ марҳаматлиларнинг энг марҳаматлисидир”.
“АЛЛОҲ СЕНИ ҒОЛИБ ҚИЛМАЙДИ!”
Ҳайбар жангида Расулуллоҳга заҳар беришди. Салом ибн Машкамнинг хотини Зайнаб бинти Ҳорис Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га заҳар қўшиб қовурилган қўй гўштини тақдим қилди. Расули акрам қўйнинг қўл қисмини яхши кўришларини олдинроқ ўрганган аёл ўша жойига кўпроқ заҳар солди. Ҳазрати Расулуллоҳ гўштдан бўлиб олиб чайнаётганларида Аллоҳнинг амри билан гўшт тилга кириб: «Мен заҳарланганман», деди. Набий (алайҳиссалом) дарҳол оғизларидаги гўштни туфлаб ташладилар. Сўнг бу ёвуз макрнинг ташкилотчиларини тўплаб бундай савол қилдилар: “Саволимга тўғри жавоб берасизми?” “Ҳа, тўғри жавоб берамиз”. “Қўй гўштини сизлар заҳарладингларми?” “Ҳа, биз заҳарладик”. “Нега бу ишни қилдингиз?” “Агар ёлғончи бўлсанг, сендан қутулар эдик. Бордию агар пайғамбар бўлсанг, бу заҳар сенга таъсир қилмас эди”.
Заҳар солган аёлни Расулуллоҳ ҳузурларига олиб келишди. У Набийни (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўлдиришга қасд қилганини тан олди. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) унга: «Аллоҳ сени мендан ғолиб қилмайди», дедилар. Саҳобалар: «Бу хотинни ўлдирайликми?» деб сўрашганида, Расулуллоҳ: «Йўқ!» дея рад этдилар. У аёлга на тегилди, на жазо берилди.
ТАШАККУР АЙТУВЧИЛАРНИНГ БИРИ
Мусулмонлар бошига кўп кулфат солган Нажддаги Бани Ҳаниф қабиласи раиси Сумома ибн Асални муслим суворийлари тутиб келиб, масжиднинг бир четига боғлаб қўйишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) унинг ёнидан ўтар эканлар, сўрадилар: “Эй Сумома, аҳволинг қалай?” “Эй Муҳаммад, агар мени ўлдирсанг, қасос олинадиганлардан бирини ўлдирган бўласан. Мабодо кечирсанг, ташаккур айтувчилардан бирини кечирган бўласан. Агар мол истасанг, хоҳлаганингча мол бераман”, деди Сумома.
Расулуллоҳ индамай нари кетдилар. Такрор унинг ёнидан ўтар эканлар, аввалгидай ҳолини сўрадилар. У ҳам юқоридаги жавобни берди. Учинчи бор ўтаётиб ўша саволни берсалар, яна ўша жавобни қайтарди. Бу сафар Набий (алайҳиссалом): “Сумомани озод қилиб юборинглар!” деб буюрдилар. Сумома Пайғамбаримизга бундай деди: “Аллоҳга қасамки, ер юзида сендан ортиқ нафратланадиган кишим йўқ эди. Лекин ҳозир сен дунёда энг севимли кишим бўлдинг. Ер юзида сенинг динингдан кўра нафратланадиган диним йўқ эди. Лекин ҳозир менга энг мақбули сенинг дининг бўлди. Суворийларинг мени қўлга олишганида умрага кетаётган эдим…”
“ҚАВМИМНИ КЕЧИР, РОББИМ!”
Уҳуд жанги қизиганидан қизир, ўқ-тошлар ёмғири Расулуллоҳнинг устларидан виз-виз ўтар эди. Саъд ибн Абу Ваққоснинг мушрик укаси Утба отган тош тегиб, Расули акрамнинг лаблари ёрилди, бир тишлари синди. Ибн Ҳишом отган ўқ эса ҳазрати Пайғамбаримизнинг муборак пешоналарини яралади. Қурайшнинг машҳурларидан Ибн Камиа Набийга (алайҳиссалом) икки бор қилич солди, унинг зарбидан у зот бир чуқурга ёноқлари билан йиқилдилар. Дарҳол етиб келган Али ва Талҳа ҳазрати Пайғамбарни жойларидан турғазишди. Бироқ у зотнинг зирҳларидаги икки ҳалқа юзларига ботиб, ёноқларини ёрган эди. Аммо жанг майдонидаги ҳайратланарли манзара шу эдики, душман ҳар ўқ узиб зарба берганда, Расули акрам: “Эй Раббим, қавмимни кечир! Улар жоҳилликдан нима қилаётганларини билишмаяпти. Уларни ҳидоятга бошла!” дея ёлбориб дуо қилар эдилар.
“ФАҚАТ СЕНГА АРЗ ЭТАМАН”
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) тутинган ўғиллари Зайд билан бутпараст мушрикларни Аллоҳнинг динига даъват қилиш, шаҳарда Ислом динини ёйиш учун Тоифга бордилар. У зотнинг мақсадлари тоифликларни Исломга чорлаб, бўлажак азобдан қутқариш эди. Аммо тоифликлардан ҳеч ким мусулмонликни қабул этмади. Устига-устак уларнинг Пайғамбарга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қилмаган ёмонликлари қолмади…
Аввалига улар Расулулллоҳни масхара қилишди, сўнг ҳақоратлашга ўтишди. У зотни кўчалардан судраб юришди, ниҳоят Тоифдан чиқиб кетишга мажбур қилишди. Ҳатто анча жойгача таъқиб этиб, тошбўрон қилишгача боришди. Сарвари оламнинг оёқ кийимлари қонга тўлди. Ўнг-сўлдан отилаётган тошлардан Зайд ҳам яраланди. Пайғамбаримизни тошлардан тўсмоқчи бўлган Зайднинг бадани қонталаш бўлиб кетган эди. Шунда ҳазрати Расулулллоҳ кўзларида ёш билан Аллоҳга бундай ёлвордилар: “Эй Роббим, қувватимизнинг заифлигини, чорасиз қолганимни, одамлар орасида хор бўлганимни фақат Сенгагина арз этаман. Эй раҳмлиларнинг энг раҳмлиси, ҳамма заиф кўриб, зулмдан эзилган мазлум-бечораларнинг Робби – Сенсан! Ахлоқсиз, юзсиз бир душман қўлига мени бермайдиган Сенсан, ақрабо, дўстдан-да менга марҳаматлисан, Аллоҳим!