Агар Қуръони карим матнини кузатсак, унда фикрлар мусаффолигини, оятлар мусиқавий оҳангини, Қуръон тили фасоҳатли, маънога бой, ташбеҳларга тўлалигини, ундаги нутқ таъсирчанлигини кўрамиз. Бундай фасоҳатли сўз араб оламида Исломгача ҳам, Исломдан кейин ҳам бўлмаган эди. Аллоҳ таоло айтади: "Агар Биз бандамизга туширган Китоб хусусида шакда бўлсангизлар, сизлар ҳам биргина шундай сура келтиринглар ва агар рост айтаётган бўлсангизлар, Аллоҳдан ўзга гувоҳларингиз бўлса, чақиринглар" (Бақара сураси, 23-оят).
Араб тили уч кўринишда – назмий, насрий ва қуръоний бўлади. Қуръони карим тили назмийга ҳам, насрийга ҳам тааллуқли эмас. Қўшиқларнинг мусиқавийлиги оҳангга, ҳижоларга, вазнга, ўлчов ва бошқаларга боғлиқ бўлади. Қуръоннинг мусиқавийлиги ҳижоларга тааллуқли эмас, у Қуръоннинг асосига жойланган, бу ички оҳангдорликдир. Бу ҳақда мисол келтириб ўтиришнинг ҳожати ҳам йўқ, чунки араб тилини билмаган одам буни барибир тушунолмайди.
Қуръон оятлари "оҳанги" бир маромда келмайди. Оятлар қаҳр-ғазаб маъносида келса, улар оҳанги худди тошбўронга ёки металл ғижирлашига ўхшаб туюлади. Мисол учун мана бу оятни олиб кўрайлик: «Биз уларнинг устига давомли наҳс (шум) кунида бир даҳшатли бўронни юбордик, (у) одамларни чириган хурмо (дарахти) таналаридек суғуриб кетар эди» (Қамар, 19-20). Оятдаги «сор-сор» сўзи «қаттиқ шамол», «гулдираган овоз» маъноларини, «мунқоир» эса «суғуриб олинган» маъноларини англатадики, бу сўзлар жарангдор, тошбўрон каби шовқин-суронли туюлади.
Табиий офатлар, масалан буюк тўфон ҳақида сўз кетганида жумлалар қисқа-қисқа, телеграф хабарларидай узуқ-узуқ бўлади: "Эй ер, сувингни ютгил, эй само, ўзингни тутгил", дейилди. Сув қуриди, фармон бажарилди" (Ҳуд, 44).
Булар гап тузишдаги, сўзларни жой-жойига қўйишдаги, жумла танлашдаги илоҳий маҳоратни, тилнинг ифодалилиги, ёрқинлигини, сўзларнинг енгил ва оҳиста янграшини, Қуръондаги оҳангдорлик такомилнинг юксак даражасига етганини исботлаб турибди.
Агар таҳлилга чуқурроқ киришадиган бўлсак, фикр гўзаллигини, услуб нафислигини, бетакрор сўз қурилишини, уларнинг мажозларга бойлигини ва ҳар бир сўз ўз ўрнига тушганини кўрамиз. Бирорта сўзнинг ўрнини алмаштириш ёки бошқасини қўйиш мумкин эмас. Гўё ҳар бир сўз миллионларча калом ичидан ҳар томонлама ўйланиб, тарозига солиниб танлаб олингандай.
Биз Қуръонда шеърият тарихида асло учрамаган тилнинг ўта ноёб жозибасини кузатамиз: «Биз шамолларни (булутларга) ҳомиладор бўлган ҳолларида юбордик, осмондан сув (ёмғир) ёғдириб, сизларни у билан суғордик» (Ҳижр, 22). Авваллари бу жумлага ўзгачароқ маъно берилар эди. Яъни, шамол булутларни ҳайдайди, ёмғир ёғиб ерларнинг унумдорлигини оширади, деб тушунилган. Бугун бизга шу нарса маълум бўлдики, шамоллар булутларни мусбат магнит майдонидан ҳайдаб, уларни манфий магнит майдонига эга булутлар қучоғига ташлар экан. Уларнинг бу тўқнашувидан чақмоқ чақиб, момақалдироқ гумбирлар ва ёмғирни чақирар экан. Бу ахир том маънодаги қўшилув эмасми? Биламизки, шамол гулларнинг эркаклик ва урғочилик уруғларини чанглатиб, асл маънода уларни унумдор қилади-ку!
Қаршимизда турган сўз жуда ўрнига тушган, ҳам кўчма, ҳам ўз маъносида ишлатилган, илмий нуқтаи назардан ҳам – бетимсол!
Камбағаллик туфайли боқа олмасликдан қўрқиб болалардан қутилиш ҳақидаги оятлар икки кўринишда келади: «Камбағаллашишдан қўрқиб болаларингизни ўлдирманглар. Сизларга ҳам, уларга ҳам Биз ризқ берамиз» (Анъом, 151). «(Эй инсонлар), болаларингизни йўқчиликдан қўрқиб ўлдирманглар, уларга ҳам, сизларга ҳам Биз ўзимиз ризқ берамиз» (Ал-Исро, 31). Бу ердаги фарқ жўнгина эмас. Гап шундаки, биринчи оятда ҳозирги пайтда ҳеч қандай егулиги бўлмагани учун боладан халос бўлишни, яъни туғмасликни истаётган камбағалга мурожаат бор. Шунинг учун Қуръони карим аввал «сизларни ҳам ризқлантирамиз» деяпти, яъни аввал ўзингизга ризқ берамиз, кейин «уларга ҳам», яъни туғилажак болага ҳам ризқ берамиз, деяпти.
Иккинчи оятда эса ҳолат бошқачароқ. Ҳозир эр-хотиннинг егулиги бор, аммо оила катталашса уни қандай боқишдан қўрқишади. Шунинг учун Қуръон биринчи бўлиб «уларга ҳам ризқ берамиз», дейди. Яъни қўрқманглар, болалар туғилса уларга ризқини берамиз, сизникини камайтирмаймиз ва «сизларга ҳам ризқ берамиз», деб қўшимча қилмоқда. Бундай меҳрибонликни инсон ёзган бирорта китобда учратмайсиз.
Қуръонда айрим сўзларнинг олдинга чиқарилиши ёки орқага олинишини кўрсак, бу ҳам аниқ мақсад билан қилинганига гувоҳ бўламиз. Ўғирлик ҳақидаги ояти каримада эркак ўғри аёл ўғридан олдин келади. Эр-хотинларнинг зинокорлиги ҳақидаги оятда эса биринчи бўлиб аёл номи келади. Гап шундаки, эркак – оиланинг таянчи, уни боқиши, таъминотини қилиши ва бошқариши керак, шунинг учун оятда биринчи бўлиб эр тилга олинади. Зинода эса масъулият эркакларга қараганда кўпроқ аёлларга тушади. Чунки улар ўзларининг хулқ-атворлари (ноз-карашма, беҳаёлик, бузуқлик каби) туфайли эркакларнинг зино қилишларига сабабчи бўладилар ва шунинг учун улар оятда биринчи тилга олинадилар. «Зинокор аёл ва зинокор эркак – улардан ҳар бирини юз даррадан уринглар» (Нур, 2). «Ўғри эркакни ҳам, ўғри аёлни ҳам қилмишларига жазо бўлиши учун ... қўлларини кесинглар». (Моида, 38).
Бундай ҳолат Қуръоннинг ўн олти жойида «эшитиш» сўзи «кўриш»дан аввал келганида ҳам намоён бўлади:
«... сизларга қулоқ, кўзлар ва дилларни берди» (Наҳл, 78).
«Улар Бизга келадиган кунда қандай ҳам яхши эшитадилар, қандай ҳам яхши кўрадилар» (Марям, 38).
«Чунки қулоқ, кўз, дил – буларнинг барчаси борасида (ҳар бир инсон) масъул бўлур» (Ал-Исро, 36).
Эшитиш ҳамиша кўришдан олдин келади ва биринчи бўлиб ҳаракатга киради. Қулоқ кўзга қараганда ўткир, тезкор, мукаммал яратилган. Биз жинларни эшитамиз, аммо уларни кўрмаймиз. Она ўз фарзандларини кўплаб болалар ичидан овозига қараб топиб олади, лекин болалар ичидаги фарзандини юзидан дарров таний олмайди. Эшитиш қобилияти ҳатто уйқуда ҳам тиниқлигича қолиб, одамга хизмат қилади.
Техника фанлари номзоди Илҳомжон Шукуров ёзади: "Кўзни қулоқдан афзал деб ҳисобламаслик лозим. Чунки Аллоҳ таоло ўзини аввал Эшитувчи, кейин Кўрувчи, деб таърифлаган. Кўз қоронғуда кўрмаса-да, қулоқ эшитаверади. Кўз фақат қараб турган томонини кўради, қулоқ эса бир пайтнинг ўзида олти тарафдаги овозни эшитаверади. Қулоқ нафақат эшитиш аъзоси, балки товушни мукаммал таҳлил қилувчи бирламчи саралаш ускунаси ҳамдир. Қулоқнинг кейинги вазифаси олдин йиғилган товушлар орасидан "таниш" товушни ажратиб олишдир".
Қуръон оятларида «мол-дунё» сўзи ҳамиша «болалар»дан олдин келиши ҳам шунга ўхшайди:
«У кунда на молу давлат ва на бола-чақа фойда бермас, фақат Аллоҳ ҳузурига тоза дил билан келган кишиларгагина (фойда берур)» (Шуаро, 88-89).
«Сизларнинг мол-мулкларингиз ва бола-чақаларингиз фақат бир фитна-имтиҳондир, холос» (Тағобун, 15).
«Куфр йўлини тутган кимсаларни на моллари ва на болалари Аллоҳ томонидан бўладиган (азобдан) қутқара олмайди. Ана ўшалар жаҳаннам эгалари бўлиб, ўша жойда абадий қолажаклар» (Оли-Имрон, 116).
«Биз уларга бераётган мол-давлат ва болаларни ўзлари учун яхшиликларни тезлатишимиз деб ўйлайдиларми? Йўқ, улар буни сезмайдилар» (Мўминлар, 55-56).
«Бас, сизни уларнинг молу-дунёлари ва бола-чақалари қизиқтирмасин! Чунки Аллоҳ ўша нарсалар туфайли ҳаёти дунёда уларни азоб-уқубатга солишни ва кофир ҳолларида жонлари чиқишини истайди, холос» (Тавба, 55).
«Билингларки, бу ҳаёти дунё фақат вақтинчалик ўйин-кулги, зеб-зийнат, ўрталарингиздаги ўзаро мақтаниш ва мол-дунё ҳамда фарзандларни кўпайтиришдир, холос (Ҳадид, 20).
Бундай мисоллар жуда кўп. Бунинг сири шундаки, айрим одамлар фарзандларига қараганда мол-дунёларини кўпроқ қадрлайдилар.
Юқоридагидай сирлар гапларнинг грамматик қурилишига ҳам яширинган:
«Агар мўминлардан икки тоифа (бир-бирлари билан) уришиб қолсалар, дарҳол (икковининг) ўртасини ўнглаб қўйинглар» (Ҳужурот, 9).
Оятда биринчи бўлиб «икки тоифа»га мурожаат қилинади, кейин «уришиб қолсалар» деб кўпликка ўтилади, сўнгра яна иккиликка ўтилади: «(икковининг) ўртасини ўнглаб қўйинглар». Гап шундаки, икки гуруҳ олишувга кирса, уришаётган қўллар сонига қараб кўпчиликка айланади, шунинг учун бу оятда кўплик маъносида келган. Сулҳ тузилганидан кейин ҳар икки томон ўз тарафига тарқалади ва улар яна икки гуруҳга айланади. Аввал иккиликка, кейин кўпчиликка, сўнгра яна иккиликка мурожаат этилишининг сабаби ҳам шунда.
Қуръонда турли кўмакчи ва боғловчилардан фойдаланиш ҳам айрича аҳамиятга эга:
«Ва сиздан нималарни эҳсон қилишни сўрайдилар. Айтинг: (ўзингиздан) ортганини» (Бақара, 219).
«Сиздан руҳ-жон ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Руҳ ёлғиз Парвардигорим биладиган ишлардандир». (Ал-Исро, 85).
«Сиздан ойлар ҳақида сўрашади. Айтинг: «У (ойлар) одамлар ва ҳаж учун вақт ўлчовларидир» (Бақара, 189).
Юқоридаги оятларда «айтинг» деган сўз иштирок этади, лекин бу сўз оятлардан бирида бошқача келган:
«Улар сиздан тоғлар (қиёмат куни қандай бўлиши) ҳақида сўрайдилар. Бас, унда айтинг: «Роббим уларни мутлақо совуриб юборажак» (Тоҳа, 105).
Бу ерда «Бас, унда айтинг» дейилган, бунинг сабаби шуки, аввалги оятларда саволлар бериб бўлинганида тоғлар ҳақидаги савол ҳали берилмаган эди. Бу Қиёмат кунининг сирларидан бири, шунинг учун ҳам «унда» боғловчиси келган.
«Бандаларим сиздан Мен ҳақимда сўрасалар, Мен уларга яқинман. Менга дуо қилган пайтларида дуогўйларининг дуосини ижобат қиламан» (Бақара, 186).
Бу оятда «айтинг» сўзи йўқ, чунки савол Аллоҳ таолонинг Ўзидан чиқяпти ва Ўзига жавоб қайтаришга У муносиб.
«Мен» ва «Биз» олмошларидан фойдаланишга ҳам турлича мазмун юкланганини кўрамиз. Инсоннинг яратилиши, китоб нозил қилиниши ёки уни асраш каби бир неча илоҳий хусусиятлар иштироки бўлган ҳаракатлар ҳақида сўз борганида Аллоҳ таоло «кўплик» маъносида гапиради:
«Албатта бу эслатмани (яъни Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва шубҳасиз Ўзимиз уни сақлагувчимиз» (Ҳижр, 9).
«Сизларни Биз Ўзимиз яратдик-ку! Энди сизлар тасдиқ этмайсизларми?!» (Воқеа, 57).
«Сизлар тўкадиган маний – уруғ ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингларми? Уни сизлар яратасизларми ёки Биз яратувчимизми?» (Воқеа, 58-59).
«Биз уларни яратдик ва аъзоларини мустаҳкам қилдик ва хоҳлаган вақтимизда ўзларига ўхшаганларни алмаштириб қўямиз» (Инсон, 28).
Бу ердаги «Биз» олмоши инсонни яратишдаги бир неча илоҳий хусусиятнинг бирлашувини акс эттиради.
Лекин Аллоҳ билан Унинг бандаларидан бири ўртасидаги суҳбат ҳақида сўз борганида Мусо алайҳиссалом билан бўлгани каби «мен» олмоши келади:
«Дарҳақиқат, Мен – Аллоҳдирман! (Ҳеч қандай) илоҳ йўқ, фақат Мен бордирман. Бас, сен Менгагина ибодат қил ва Мени зикр қилиш учун намозни адо эт!» (Тоҳа, 14).
Бу ерда Аллоҳ «Мен» деяпти, чунки бу пайтда Аллоҳнинг Ўзи ҳозир бўлган.
Қуръони карим тилининг бу қадар фасоҳатини сабр ҳақидаги икки оятда ҳам кўрамиз:
«Ўзингга етган (балоларга) сабр қил! Албатта мана шу – ишларнинг мақсадга мувофиғидир» (Луқмон, 17).
«Албатта ким (ўзига етган озор-балоларга) сабр қилса ва (Аллоҳ учун) кечириб юборса, шак-шубҳасиз бу иш – ишларнинг мақсадга мувофиғидир» (Шўро, 43).
Биринчи оятда «мана шу – ишларнинг мақсадга мувофиғи» дейилса, иккинчи оятда: «Шак-шубҳасиз, бу иш – ишларнинг мақсадга мувофиғидир», дейилган. Иккинчи оятда фикрнинг кучайтирилишига сабаб, бунда одамлар етказган озор-балоларга сабр қилиш ҳақида сўз бормоқда, бунда озор берувчига жавоб қайтаришга қодир бўлса-да, интиқом олмай Аллоҳ учун кечириб юбориб сабр қилиш ҳақиқатан кишидан катта чидам, сабр-матонат талаб этади. Биринчи оятда эса тақдир, қазои қадарга сабр қилиш ҳақида сўз боради, бунда ҳам сабр-қаноат керак, лекин юқоридаги даражада эмас.
Бу каби Қуръон тилининг фасоҳати ва балоғатини Иброҳим алайҳиссаломнинг ўз Парвардигорини тавсифлаганида кўрамиз: «У мени ўлдирур, сўнгра (қиёмат кунида қайта) тирилтирур». (Шуаро, 81). «Унинг Ўзигина мени тўйдирур ва ташналикни қондирур». (Шуаро, 79).
Таом ҳақида сўз кетганида Иброҳим алайҳиссалом «Ўзи» деган олмошни қўшиб келтиради ва бу билан фақат Аллоҳнинг Ўзи ризқ бергувчи эканини, Унинг бу мақомига ҳеч ким даъвогар бўлмаслигини таъкидлайди. Биринчи ҳолатда эса маънони кучайтириш йўқ, чунки ҳеч ким бирданига ўлдириб ва тирилтиришга даъвогарлик қилолмайди.
Қуръон тилининг бундай ўзгарувчанлиги ва латофатини Аллоҳ таолонинг турли одамларга қарата мурожаатида ҳам кўрамиз. Масалан, олимлар ва жоҳилларга қарата қилинган мурожаатда шу ҳолат мавжуд:
«Мендан қўрқингиз, эй аҳли донишлар!» (Бақара, 197).
«... У ҳолда ўтини одамлар ва тошлардан бўладиган, кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзахдан қўрқинглар!» (Бақара, 24).
Бу икки оятдаги маъноларнинг фарқи шундаки, кўпгина оми, жоҳил одамлар фақат дўзах оловидан қўрқишади ва Аллоҳ ҳар қандай оловлардан ҳам қудратли эканини тушунишмайди. Олимлар бўлса буни англаб, Аллоҳнинг Ўзидан кўпроқ қўрқишади: "Бандалари орасида Аллоҳдан уламоларгина қўрқурлар" (Фотир, 28). Шунинг учун Аллоҳ таоло уларнинг ҳар бирига ўзларининг англаш даражасига қараб турлича мурожаат қилган.
Шайтон қуйидаги сўзлар билан қасам ичган эди: "(Иблис) айтди: "Энди Сенинг қудратингга қасамки, албатта уларнинг ҳаммасини йўлдан оздираман" (Сод, 82). Чунки Аллоҳ таоло бенуқсон ва яратишда беками-кўст бўлгани учун ва шайтон Аллоҳга ҳеч нарса билан зарар етказа олмаслигини билгани учун ҳамда ўзининг бу ҳақда етарли билимга эга эканини билдириш ниятида у Аллоҳнинг қудрати ила қасам ичмоқда.
«У айтди: «Қасамки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли мудом Сенинг тўғри йўлинг устида уларни (одам болаларини) кутиб ўтирурман. Сўнгра уларни олдларидан ва ортларидан, ўнгу-сўлларидан келиб (тўғри йўлдан оздирурман)» (Аъроф, 16-17). Шайтон гапида дунёнинг тўрт томонини тилга олди, лекин юқори ва пастни эсламади, чунки юқори – Аллоҳ қудрати, паст эса – бандалар итоати белгиси. Шунинг учун Аллоҳ таолонинг қудрати олдида ўзини паст тутган бандаларга шайтон йўл тополмайди.
Қуръонда «кечириш» ҳақидаги сўз «жазолаш»дан аввал келади. Китобнинг биринчи оятидаёқ Аллоҳ «меҳрибон ва раҳмли» сўзларини келтиради, кейин эса «Жазо кунининг Эгаси» дейди. У кимни хоҳласа – кечиради, кимни хоҳласа – жазолайди, бу Аллоҳнинг доимий сифатларидир.
Кечириш ҳамиша жазолашдан олдин келса-да, фақат икки жойда аксинча келган. Ўғриларнинг қўлини кесиш ҳақидаги оятда бундай дейилади: «У Ўзи истаган кишисини азоблаб, истаган кишисини мағфират қилишини билмадингизми?» (Моида, 40). Бу ерда жазолаш мағфират қилишдан олдин келди, чунки қўлни кесиш – бу дунёда жазолаш усули, шундан кейин у дунёдаги мағфират келади. Шу мазмундаги иккинчи оят Қиёмат кунидаги ҳолатга тааллуқли. Аллоҳга сиғинишни тарк этиб, пайғамбарнинг ўзига сиғинган насронийлар ҳақида Исо алайҳиссалом Аллоҳ ҳузурида бундай дейди: «Агар уларни азобласанг, улар Сенинг ожиз бандаларинг. Агар уларни мағфират қилсанг, албатта Сен Ўзинг қудрат, ҳикмат эгасидирсан» (Моида, 118).
Қуръон тилининг ўта нозиклиги ва фикрларнинг ниҳоятда ноёблиги яна шунда намоён бўладики, Қуръонда келажакдаги воқеалар ўтган замонда тилга олинади. Қиёмат кунидаги воқеалар ҳам ўтган замонда келади: «Сур чалингач, уларнинг барчаларини тўпладик» (Каҳф, 99). «Ўша кунда осмон ёрилади, чунки у Кунда заиф бўлиб қолади» (Ал-Ҳааққо, 16). «Йўлдан озган кимсаларга дўзах кўрсатиб қўйилди» (Шуаро, 91). «Улар саф тортган ҳолларида Парвардигорингизга рўбарў қилиндилар» (Каҳф, 48).
Гап шундаки, ҳозиргача бўлган, ҳозирда мавжуд ва келажакда бўладиган ҳамма нарса – Аллоҳнинг шуурида содир бўлиб ўтган. Аллоҳга ҳеч қандай сир қолмаган, У барча нарсани билувчи, ҳикмат эгасидир. Булар – Қуръон тилининг нақадар фасоҳатга бойлиги, далилларининг ниҳоятда аниқлиги, жумла ва гаплар қурилишида, сўз танлашда қатъий тартиб борлиги, истиора-ўхшатишларнинг ажойиблиги, фикрларнинг янгилиги ва тозалиги, услубнинг заргарона нозиклигини исботловчи мисолларнинг бир қисми, холос. Бундай фасоҳатни қадимий китобларда ҳам, янги китобларда ҳам тополмаймиз.
Қуръон фасоҳати, унинг инсон ақли ва тафаккурини ожиз қолдириши Аллоҳнинг каломидаги жуда кўп фикр ва кашфиётларнинг ҳозирги асримизга келиб илм-фан кишилари томонидан кашф этилишида ҳам намоён бўлмоқда.
Тўғри, Қуръони карим бу мавзуларга кўп тўхталмаган ва ҳаммасини батафсил баён этмаган. Чунки Қуръон энг аввало иймон-эътиқод китоби, ҳаёт дастури ва шариат асосидир. Агар ўшанда Қуръон юқоридаги мавзуларни тўлалигича очиб қўйганида ҳали бу нарсалардан мутлақо бехабар мусулмонлар мавҳумлик билан тўқнашиб, ундаги ахборотларга тушунмаган бўлишарди. Шунинг учун Қуръони карим ишоралар, аломатлар, кўрсатма ва солиштирмалар билан кифояланиб қўяқолган. Бу эса – фаннинг келажагини содда қилиб тушунтириш учун, келажакда бу улуғ Китобнинг барча башоратлари очилиб, аста-секин рўёбга чиқиши учун қилинган эди. Бу кашфиётлар юз ва минг йиллардан кейин очилиб, инсонларнинг авлодларидан-авлодларига мўъжиза сифатида, Қуръони карим Аллоҳ таоло томонидан юборилгани ҳақиқати тўғрисида мангу исбот-далил бўлиб қолиши учун эди: «Токи уларга (ушбу Қуръон ростдан ҳам Аллоҳ томонидан нозил қилинган) Ҳақ (Китоб) экани аниқ маълум бўлгунича албатта Биз уларга атроф-офоқдаги ва ўз вужудларидаги далил-аломатларимизни кўрсатажакмиз. Ахир (уларга) Парвардигорингизнинг барча нарсага гувоҳ экани етарли эмасми?» (Фуссилат, 53). Шунинг учун Аллоҳ Ўз китобида мўъжизакор Қуръоннинг ажойиб аломатларини кун-бакун очиб бориш ваъдасини берган.
Сўзимиз далили сифатида Қуръони каримнинг бир неча башоратлари бугунги олимлар кашфиётлари орқали исботини топгани ҳақидаги маълумотларни айрим келтирмоқчимиз:
Ернинг думалоқ ёки яссилиги ҳақида қадим-қадимдан тортишувлар бўлиб келган. Муқаддас Китоб оятларида эса унинг думалоқлигига чиройли ишора бор: "У осмонлар ва Ерни ҳақ (ҳикмат) билан яратгандир. У кечани кундузнинг устидан ўрар, кундузни кечанинг устидан ўрар" (Зумар, 5). Бунда Ернинг думалоқлиги ҳақида ифодали ўхшатиш қилинган, яъни "думалоқлик" сўзи ўрнига кечани кундуз устидан ўраш маъносидаги ибора келган.
Агар мазкур сўз ҳақида чуқурроқ тафаккур қилинса, "тун ва кун" сўзларида Ер думалоқлигига жавоб ва исбот мужассам. Бундан Ернинг қуёшдан тўсилган ва зулматга кўмилган ярмида тун бўлиши ҳамда қуёшга юзланган ва ёруғ иккинчи ярмида кун бўлишидан бошқа маъно чиқмайди ва булар Ернинг думалоқлигини тасдиқлайди. Агар Ер ҳақиқатан ясси бўлганида, ҳамма жойда кеча-кундузнинг бир пайти ҳукмронлик қилган ҳамда бизга кун ва тун деган тушунчалар номаълумлигича қолган бўларди. Агар Ер ясси бўлса, шубҳасиз битта кун чиқиши ва битта ботиши бўлади. Шу тариқа, еттинчи асрда туширилган Қуръонда Ернинг думалоқлиги аниқ-равшан айтилган.
Қиёмат куни келганида эса ер юзига кун ҳам, тун ҳам биргаликда тушади: «Ер чирой олиб, ясан-тусан қилганида ва ер аҳли унинг устида кучли-қудратлимиз, деб ўйлай бошлаганида, ерга кечаси ё кундузи Бизнинг фармонимиз келиб, Биз уни гўё куни кеча обод бўлмагандек, вайронага айлантириб қўюрмиз» (Юнус сураси, 24-оят).
Аллоҳнинг Каломида инсон яратилиши ҳақидаги оятларни ўқир эканмиз, бир қатор ҳақиқатлар очила бошлайди. Эркак уруғи аёл тухум ҳужайраси билан қўшилгач, бола туғилишидаги дастлабки давр бошланади. Биологияда “зигота” деб аталган якка ҳужайра ўша заҳотиёқ бўлиниб кўпая бошлайди ва лахта қонга айланади.
Худди шу ерда Қуръоннинг яна бир мўъжизаси ошкор бўлди. Зигота-ҳужайра ҳақида Аллоҳ таоло бундай дейди: “У инсонни лахта қондан яратган" (Алақ, 2).
“Лахта қон” маъносида келган “алақ” сўзи арабчадан “нимагадир осилиб, ёпишиб олган нарса”, деб ҳам таржима қилинади. Франсиялик тиббиёт олими Морис Бокай яқинда "алақ" сўзи қадимий саҳройи арабларда "ловия" маъносини ҳам билдиришини кашф қилди. Мўъжизани қарангки, ҳомила илк ривожланиш даврида айнан ловия кўринишида бўлади. Биргина "алақ" сўзи бир неча маъноларни англатишига қарамай, илмий тушунчаларга зид эмас.
Зиготанинг бачадондаги ривожланишининг бу қадар аниқ изоҳланиши тасодифан эмас. Бу Қуръони карим чексиз ҳикмат ва билим соҳиби Аллоҳ таолонинг инсонларга марҳамати эканини билдиради. Ундаги мўъжизалар асрлар давомида инсонларга кашф этилаверади.
Қуръон каримдаги сиёсат ва ахлоқ-одоб ҳақидаги, ҳарбий стратегия ва тинчлик ҳақидаги, жамият, оила, ҳаёт ва уларнинг жамиятдаги инсон ҳуқуқларини белгиловчи мустаҳкам пойдеворлари ҳақидаги фикрларни олиб кўрсангиз ҳам улар ниҳоятда ажойиб, таъсирчан, ва ифодали тил билан тасвирланганини кўрасиз ва инсоният тарихида бунга ўхшашини тополмайсиз.
Ибн Арабийдан Қуръоннинг инсон ақли бовар қилмайдиган сирлари ҳақидаги фикрини сўрашганида у лўндагина қилиб: «Бу – мутлоқ ҳақиқат!» деган экан.
Қуръон сўзлари ўзининг мутлоқ ҳақиқати билан ҳақдир, айни пайтда энг улуғ тадқиқотчи олим ҳам фақат нисбий ҳақиқатга эришиши мумкин. Ҳар бир киши ҳақиқатни ўз нуқтаи назари орқали кўради ва унинг барча тасаввур-тушунчалари чекланган ҳамда кунба-кун, асрма-аср ўзгарувчан бўлади. Ҳар биримиз ҳаётнинг маълум бир томонинигина ўрганишга қодирмиз, бошқа йўналишларни қамраб олиш ва ёритишга кучимиз етмайди. Бизларнинг бу танлаб олинган йўналишдаги эришганларимиз ҳам нисбий илм бўлади. Ҳар томонлама билимга ва ҳамма нарсани қамраб олишга ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзигина қодир. Ёлғиз Угина мутлоқ ҳақиқат ва мутлоқ илм қудратига эгадир.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан Қуръон мазмуни ҳақида сўрашганида бундай деганлар: «Унда (Қуръонда) сиздан олдин бўлган нарсаларнинг ахбори ва сиздан кейинги нарсаларнинг хабари ва ўрталарингиздаги нарсаларнинг ҳукми бор. У ажратувчидир, ҳазл эмасдир. Ким бир жаббордан қўрқиб, уни тарк қилса, Аллоҳ уни синдиради. Ким Ундан бошқадан ҳидоят изласа, Аллоҳ уни залолатга кетказади. У – Аллоҳнинг метин арқонидир. У – ҳикматли зикрдир. У – сиротул мустақиймдир. У – унинг ила ҳавои нафслар тоймайдиган, У – унинг ила тиллар тутилмайдиган, У – уламолар Ундан тўймайдиган, У - кўп тарқалиш билан эскирмайдиган ва ажойиботлари тугамайдиган нарсадир».
Пайғамбар алайҳиссалом Қуръони каримга шундай баҳо берганларида минг бора ҳақ эдилар.
Аҳмад МУҲАММАД