close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Фиқҳий ихтилофлар

Ақийда бўйича Аҳли сунна ва жамоа мазҳабининг йирик намояндалари бўлган фиқҳий мазҳаблар имомларининг ҳар бири ўзларига хос фиқҳий ижтиҳод қилганлари ва қуйида зикр қилинадиган бошқа сабабларга кўра фиқҳий мазҳабларда хилма-хиллик юзага келган. Буни баъзи кишилар «дийнга зарар келтирувчи шахсий хилофлар» деб ўйлайдилар ва ўзларича танқид қиладилар, қоралайдилар.

Гоҳ-гоҳида, фиқҳий мазҳабларни инкор қилиб, маз¬ҳабсизликка чақирувчилар ҳам чиқиб туради. Улар доимо жуда ҳам озчиликни ташкил этиб, маълум бир тоифага мансуб кишилар бўлади. Бундай кишилар, асосан, фиқҳдан бехабар, илм остонасига эндигина қадам қўйган ёки ҳақийқий илмдан бебаҳра қолган одамлар бўлади. Улар, ўзларича, фиқҳий мазҳабчиликни айб ва нуқсон деб биладилар, ўз фикрларини исботлаш мақсадида ҳатто улуғ маз¬ҳаббоши имомларга тил теккизишгача етиб борадилар.
Бу ҳақда Робитатул Оламил Исломий фиқҳ академияси мудири, фазийлатли доктор Аҳмад Муҳаммад Муқрий ўз мақолаларидан бирида бундай ёзадилар:
«Вақти-вақти билан, Ислом фиқҳини ўз ижтиҳодлари ва илмлари ила бойитган мужтаҳид имомлар, атоқли уламоларга қарши танқидларни эшитиб турамиз. Одатда, бундай танқидлар уламоларни танқид қилиш у ёқда турсин, балки уларнинг мазҳаблари, усуллари ва қоидаларига назар солишга ҳам қурби етмайдиган, эндигина талаби илмни бошлаётган кишилар тарафидан бўлади».
Бу фикрни уламоларнинг ҳаммалари қўллаб-қувватлайдилар. Аввал ҳам, ҳозир ҳам ғайратли уламолар фиқҳий мазҳабларни инкор қилувчи тоифа ва шахсларга раддиялар бериб келишган.
Жумладан, суриялик машҳур олим Муҳаммад Саъийд Рамазон Бутий мазҳабсизликка чақирувларни «Исломдаги энг хатарли бидъат» деб биладилар. У киши мазҳабсизликни «дийнсизликка олиб борувчи кўприк» деб атайдилар. Бошқа уламолар ҳам шу қабилдаги фикрларни қувватлайдилар.
Мазҳабни инкор қилувчилар: «Қуръон ва Суннат турганда уларга амал қилмай, яъни Аллоҳнинг ва Унинг Пайғамбарининг айтганини қилмасдан, Абу Ҳанифанинг айтганини қиламизми?» дейишади.
Шунингдек, улар, мазҳаблар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам вақтида бўлмаган, демак, бидъат нарса, шунинг учун унга амал қилиш керак эмас, дейдилар.
Яна улар, мазҳаблар ихтилофга сабаб бўлади, шунинг учун уларни инкор қиламиз, дейишади ва ҳоказо.
Ўз навбатида, мазҳаб тарафдорлари ҳам мухолифларга қаттиқ зарба берадилар. Уларни турли айблар билан айблайдилар. Оқибатда орада келишмовчилик, уриш-жанжал чиқади. Ҳозирги пайтда ҳам шундай ҳолатлар учрайди.
Аслини олганда, илмий қарашлар орқали бундай ихтилофларнинг олдини олиш ёки уларга барҳам бериш мумкин.
Аввало, фиқҳий мазҳабга амал қилиш Қуръон ва Суннатни тарк қилиб, ўзимизга ўхшаш бир инсоннинг айтганига амал қилиш дегани эмас. Фиқҳий мазҳабларимиз раҳнамолари Аҳли сунна ва жамоа ақийдавий мазҳабининг кўзга кўринган алломаларидир. Улар ақийда бобида ҳеч қандай хилоф қилганлари йўқ, қилишлари мумкин ҳам эмас. Демак, шундай катта уламолар кишиларни Қуръон ва Суннатга амал қилмай, ўзларининг фикрларига чорлашлари умуман мантиққа тўғри келмайди.
Фиқҳий мазҳаб имомлари Қуръон ва Суннатни кишиларга осонлик билан тушунтирган ва уларга амал қилиш йўлларини мусулмонларга ўзига хос услуб билан баён қилиб берган катта алломалардир. Улар ҳеч қачон ўзларини илоҳийлаштиришни ёки қандайдир устунликни талаб қилмаганлар. Балки, ўз меҳнатлари, илм, одоб ва тақволари билан мусулмонлар эҳтиромига сазовор бўлган зотлардир.
Уламоларимиз, фиқҳий мазҳаблар имомларини ва уларнинг ишларини қуйидаги мисол билан тушунтирадилар:
«Бу дунёдан яхши яшаб, яхши ўтиш худди тоғнинг чўққисига эсон-омон чиқишга ўхшайди. Қуръон ва Суннат ўша чўққига чиқишни кўрсатадиган харита ва қўлланма. Мазҳаб имомлари эса, ушбулардан фойдаланиб чўққига чиқишнинг энг осон ва бехатар йўлини топиб, белги қўйиб, осонлаштириб қўйган кишилар.
Фиқҳий мазҳабларни инкор қилувчилар эса, ўша тоғнинг тагига келиб, харита ва қўлланмани олиб, ўзига янги йўл топиб, чўққига чиқишга ҳаракат қилаётган одамга ўхшайди. Илми, кучи, имконияти бўлса, чўққига чиқиш эҳтимоли бор. Бўлмаса, қулайди. Чўққига чиқишга ёрдам берадиган илм, куч ва имконият эса, камида мазҳаббоши имконига тенг ёки ундан кўпроқ бўлиши керак».
Энди тушунарли бўлган бўлса керак?
Мазҳаблар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам вақтларида бўлмаган, деган эътироз ҳам шунга ўхшаш. Бу гапни ақийда, ибодат бобида айтса бўлади. Аммо услуб, тушуниш, баён қилиш бобида тўғри келмайди. У вақтда Қуръон китоб шаклида бўлмаган, барча Қуръонларни куйдирайлик, дейилмайди-ку?! Шунингдек, тафсир, ҳадис каби илмлар, уларга тегишли китоблар ва яна кўп нарсалар илк босқичда бўлмаган.
Мазҳабдаги ихтилофларга келсак, бу алоҳида масала. Аввал қайд қилинганидек, ақийда бобида ихтилоф дуруст эмас, шунинг учун бу нарса Қуръон ва Суннатда тўлиқ баён қилинган.
Шунингдек, дийнимизнинг асл рукнларида ҳам хилоф дуруст эмас. Бунинг ҳам Қуръон ва Суннатда баёни келган. Ҳеч ким ижтиҳод ҳам қила олмайди, ихтилоф ҳам. Ҳеч ким беш вақт намознинг тўрт ёки олти вақт бўлишини айтмаган ёки ҳажни Зулҳижжадан бошқа ойга кўчириш, Арафотдан бошқа жойда вуқуф қилишни ўйлаб ҳам кўрмайди.
Биз «фиқҳий ихтилофлар» деб айтаётган масалалар давр, жамият, ҳаёт тарзи ўзгариши билан ўзгариб турадиган ва, асосан, шаклий нарсаларда, холос. Ва бу нарсаларда турли-туманлик бўлишининг ўзи табиийдир. Бу борадаги ихтилоф зарардан кўра фойда келтиради.
Дунё собит ва ўзгарувчан нарсалардан иборат. У собит нарсаларнинг саботи ва ўзгарувчан нарсаларнинг ўзгариши билан обод. Ўзимиз яшаб турган ер куррасини олиб кўрайлик. Унда катта, маълум ва машҳур уммонлар, қуруқликлар, денгизлар ва юксак тоғлар бор. Улар собит турадилар. Ўзгарувчан бўлсалар, бўлмайди.
Шунингдек, мазкур нарсалар билан бирга, яна, сой ва дарёлар, кичик дарахтзорлар, ер майдонлари ва ҳоказолар бор. Улар ўзгариб туради. Чунки, ҳаёт ўзи шуни тақозо қилади. Дунё уларнинг ўзгариши билан обод.
Худди шунингдек, дийнда ҳам собит нарсалар бор. Улар ўзгарувчан бўлиши мумкин эмас. Масалан, ақийда масалалари. Бугун Аллоҳга ёки иймон келтириш лозим бўлган бошқа нарсаларга ишониб туриб, кейин уни ўзгартириб бўлмайди. Шунингдек, дийннинг рукни ҳисобланган, асосни ташкил этган нарсалар ҳам собит бўлади. Бундоқ масалаларни Аллоҳ таоло ўзи батафсил баён қилиб, инсоннинг аралашувига йўл қўймаган.
Ҳаёт ўзгариши билан ўзгариб турадиган масалаларни эса, бўш қўйиб, мусулмонлар ақлларини ишлатиб, ижтиҳод қилишларига йўл очиб берган. Фиқҳ уламолари, асосан, худди шу масалаларда ижтиҳод қиладилар. Уларнинг ҳужжат ва далилларни тушуниш даражалари, масалани ҳал этиш услубларига қараб ижтиҳодларининг натижаси турлича чиқади. Биз эса, буни «ихтилоф» демоқдамиз.
Улуғ мужтаҳидларимиз Қуръони Карим ва Суннати набавия асосида, шариат қоидаларини маҳкам тутган ҳолда ҳар замон ва маконга салоҳияти бор Ислом дийнининг ғоялари, мақсадлари, инсонларнинг имконлари ва эҳтиёжларини ҳам ҳисобга олиб, иш юритганлар. Келинг, бу фикрни тасдиқлаш учун бир мисол келтирайлик:
Фиқҳий китобларимизда олди-сотди масалаларига кенг ўрин берилади. Чунки, бу иш, асосан, ризқ топишга қаратилган. Ризқнинг ҳалол бўлиши учун эса, иш шариатга мувофиқ бўлиши керак. Савдода «хиёр» деган нарса бор. Яъни, бир киши бирор нарсани сотиб олса, ўзаро келишувга биноан, маълум муддатда савдодан айниб, сотиб олган нарсани эгасига қайтариб бериш ихтиёри «хиёр» дейилади.
Бу жуда кенг масала бўлиб, фиқҳ китобларида батафсил муҳокама қилинади. Шу бобда «Харидор сотиб олган кийимни хиёр даврида қора рангга бўяб қўйса, сўнг эгасига қайтариб берса, қора рангга бўялгани нуқсонми ёки зиёда, фазлми?» деган савол тушган. Шунга биноан, қора рангга бўяш нуқсон бўлса, қайтиб бераётиб сотувчига нуқсоннинг ҳақини қўшиб бериши, зиёда бўлса, ўз ҳақини сотувчидан олиши керак.
Ушбу саволга жавоб излаб эски фиқҳ китобларига мурожаат қилсак, баъзиларида, хиёр вақтида қорага бўяш зиёдадир, дейилган. Бошқаларида эса, бу иш нуқсон, деб баҳоланган. Бир саволга икки хил жавобни кўриб, яна жиғибийрон бўласиз, оддийгина саволга икки хил жавоб, фақиҳлар ихтилоф қилгани дунёга келган эканлар-да, ўзи, дейсиз.
Лекин шошманг, азизларим, олдин мазкур китоблар кимники ва қачон ёзилгани ва бошқа маълумотларни ўргансангиз, ҳамма нарса равшан бўлади. Фақиҳларни айблашга шошмаслик керак, улар ҳужжатсиз, далилсиз бир иш қилмайдилар.
Кийимни қорага бўяшни зиёда ва фазл ҳисоблаган уламолар аббосийлар ҳукмронлиги даврида яшаган зотлар. Маълумки, аббосийлар қора рангни ўзларига шиор қилиб олган эдилар. Қора рангли нарса у даврда қадрли ҳисобланар эди. Шунинг учун ҳам, бу уламолар ўз даврларининг талабларидан келиб чиқиб, кийимни хиёр вақтида қорага бўяш зиёда ва фазлдир, деб фатво берганлар.
Уларга қарама-қарши фатво чиқариб, кийимни қорага бўяш айб ва нуқсондир, деган уламолар аббосийларга мухолиф ҳукмдорлар даврида яшаганлар. Улар ҳам ўз шароитларидан келиб чиқиб фатво берганлар. Демак, икки тарафнинг фатвоси ҳам ўз замонаси учун тўғри ва ўринли. Бунинг нимасини ихтилоф дейишимиз мумкин?
Шунингдек, уламоларимиз фатво чиқаришда ўзлари яшаб турган юрт ва жамиятнинг шарт-шароитларини ҳам эътиборга олганлар.
Мисол учун, имом Шофеъий Ҳижозда яшаб турган пайтларида маълум фатволар чиқарган масалалар бўйича Мисрда яшаб турганларида мутлақо ўзгача фатволар чиқарганлар. Буни ҳам ихтилоф деб бўлмайди.
Сиз билан бизга ихтилоф бўлиб кўринаётган нарсаларнинг ўзига яраша сабаблари бор. Бу нарсалар алоҳида китобларда батафсил баён қилинган. Биз бу сабабдан фақат иккитасини эслатиш билан кифояланамиз.
1. Араб тилидаги лафзларнинг турли маъноларни ифода этиши.
Ҳаммамизга маълум ва машҳурки, тоҳаратда бошга масҳ тортиш фарз. Ҳамма бошига масҳ тортади. Аммо фиқҳ имомлари бу масаланинг энг нозик жиҳатларигача ўрганишган. Одамлар тарафидан тушган ёки тушиши мумкин бўлган «Бошнинг қанча қисмига масҳ тортиш фарз?» деган саволга жавоб беришган. Ана шунда жавоблари икки хил чиққан.
Имом Абу Ҳанифа «Бошнинг тўртдан бир қисмига масҳ тортиш фарз», десалар, имом Шофеъий «Ҳаммасига масҳ ториш фарз», деганлар.
Хўш, бунга нима сабаб бўлди? Аллоҳ таоло Қуръонда тоҳаратнинг баёнида: «Вамсаҳуу би руъусикум» – «Ва бошларингизга масҳ тортинг», деган.
Имом Абу Ҳанифа: «би руъусикум»даги «бо» ҳарфи араб тили қоидалари бўйича «баъзи» маъносини англатади. Шунинг учун, оятнинг маъноси, бошингизнинг баъзисига масҳ тортинг, дегани бўлади. «Баъзи» дегани тўртдан бири, дейишга сабаб эса, Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир жойда тоҳарат қилганларида саллалари остидан бошларининг олд қисмига масҳ тортганликлари ривоят қилинган», дейдилар.
Имом Шофеъий эса: «би руъусикум»даги «бо» ҳарфи араб тили қоидаси бўйича илсоқни, яъни ёпишишни билдиради. Оятнинг маъноси бошингизга қўлингизни ёпиштириб масҳ тортинг, дегани бўлади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам доимо бошларининг ҳаммасига масҳ тортиб юрганлар», дейдилар.
Амалда эса, Шофеъий мазҳабидаги кишилар ҳам, Ҳанафий мазҳабидаги кишилар ҳам бошларининг ҳаммасига масҳ тортадилар.
Имомларнинг баҳси эса, фақат илмий баҳс, баъзан ўрни келганда ишлатиш учун захийра бўлиб қолади. Шунга ўхшаш, араб тили қоидалари, ҳарфларнинг далолатлари асосида фақиҳларимизнинг турлича тушунишлари бошқа масалаларда ҳам бўлган.
Талоқ қилинган аёл идда ўтириши лозимлигини ҳамма билади. Аммо идданинг муддати ҳақида бир мазҳаб уламоларидан сўрасангиз, уч марта ҳайз кўргунча, деса, иккинчи мазҳаб уламолари, уч марта ҳайздан поклик муддати ўтиши керак, дейишади.
Масала битта бўлса, нима учун жавоб ҳар хил? Ёки далиллар ҳар хилми? Далилга келсак, икки томон учун ҳам Аллоҳ таолонинг: «Вал муталлақоту ятараббасна би анфусиҳунна саласата қуруъ» – «Талоқ қилинган аёллар ўзларича уч қуруъ кутадилар», деган ояти каримаси асос бўлган.
Жавобнинг турлича бўлиши «қуруъ» сўзидан келиб чиққан. Бу сўз араб тилида икки маънони, ҳам «ҳайз» ва ҳам «ҳайздан поклик» маъноларини англатади. Демак, имомларнинг айримлари ўша сўздан ҳайз маъносини олиб, идданинг муддати талоқдан сўнг уч ҳайз кўргунча кутиш, десалар, бошқалари «поклик» маъносини олиб, идданинг муддати уч марта ҳайздан поклик муддатининг ўтиши, деганлар.
Албатта, уламолар бу маъноларни ўзларича ёки гапим бошқаникига ўхшаб қолмасин, деб эмас, балки қўшимча кучлантирувчи далиллар асосида олганлар.
2. Ривоятларнинг турлича бўлиши.
Бир имомга маълум ҳадис етган бўлса, бошқасига ўша ҳадис етмаган бўлиши мумкин.
Бир имомга маълум ҳадис заиф йўл билан етган бўлса, бошқасига ўша ҳадис кучли йўл билан етган бўлиши мумкин.
Бир имомга маълум ҳадис етган бўлса, бошқасига бу мавзуда бошқа ҳадис етган бўлиши мумкин ва ҳоказо.
Демак, шу ва шунга ўхшаш сабаблар туфайли фиқҳ уламоларимиз мазҳабларида ўзига хослик ва турли-туманликлар келиб чиққан. Илм ва уфқ доираси етарли кишилар буни оддий бир ҳолат, турли-туман инсонлар яшайдиган жамиятда бўлиши табиий воқеълик ва, қолаверса, аввал айтиб ўтилганидек, мусулмон уммати учун раҳмат, деб тушунганлар. Чунки, оғир аҳволга тушиб қолганда бир мужтаҳиднинг фатвосидан жавоб топилмаса, иккинчисиникидан топилади ва ҳоказо.
Лекин, минг афсуслар бўлсинки, уфқ доираси тор мутаассиблар бу ҳолатдан жанжал ва келишмовчиликлар чиқаришган ва мусулмонларга катта зарарлар етказишган.
Буни кўрган учинчи бир тоифалар эса, фиқҳни ва фиқ¬ҳий мазҳаб бошлиқларини, уларга эргашганларни танқид қилишган. Фиқҳни умуман тарк қилишга даъват қилишган.
Аммо, фиқҳ ҳаётий зарурат сифатида ривожланиб бораверган. Модомики, ҳаёт ўзгарар экан, модомики, дунё шундай тузилган экан, мусулмонларнинг доимо фақиҳларга иши тушиб туради. Бу эса, ўз навбатида фақиҳларни илмий изланишга, баҳсга чорлайди.
Шундай қилиб, Қуръон ва Суннат, шариат қонунлари асосида қоидалар ишлаб чиқилди. Сон-саноқсиз китоб¬лар ёзилди. Турли фиқҳий қомуслар яратилди. Натижада, мусулмон уммати инсоният тарихидаги энг катта ва энг бой илмий меросга эга бўлди. Фиқҳ уламолари ҳаётда содир бўлган масалалардан ташқари, содир бўлиши мумкин масалаларни ҳал қилиб қўйган жойлари ҳам бор.
Фақиҳларимиз қолдирган бу мерос ҳамманинг таҳсинига сазовор бўлди. Fайридийн халқлар ҳам ўз қонунчиликларида исломий фиқҳдан фойдаланишди. Ҳаммалари бир овоздан фақиҳларимизга таҳсинлар ўқишди. Ўзини билганлар ҳозир ҳам шундай қилмоқдалар.
Уламоларимиз бугунги кунда фиқҳий мазҳабларга амал қилиш янада аҳамиятли эканини таъкидламоқдалар. Чунки, фиқҳий мазҳабга амал қилиш ҳозирда мавжуд турли ихтилофлар ва келишмовчиликларнинг олдини олиб, ҳамма ўз мазҳабига амал қилган ҳолда, ўзга мазҳабларни ҳам ҳурматлашига сабаб бўлади.
Бу масалада бугунги кунда ихтилоф, асосан, мазҳабни тан олмасликдан келиб чиқмоқда. Мазҳабни инкор қилувчиларнинг гап-сўзлари ва тасарруфлари кўпчиликни норози қилмоқда.
Уларга «Сиз айтгандай, мазҳабни қўйиб, бевосита Қуръон ва Суннатдан ҳукм чиқаришга илмимиз етмаяпти, нима қилайлик?» дейилса, «Менга келинглар, тушунтириб қўяман», дейдилар, ёки «Фалончи устозимизга боринглар», дейишади. Фалончилар эса, билиб-билмай ихтилоф қилишади. Натижада, бир босиб ўтилган йўлни яна бошлашга тўғри келади.
Шунинг учун ҳам, уламоларимиз: «Ижтиҳод даражасига етмаган кишилар муайян бир мазҳабни ушлаши лозим», дейдилар.
Шундай қилинганда, ихтилофдан сақланилади. Шунингдек, бошқа мазҳабларга ва уларга эргашганларга ҳурмат билан қараш лозим.
Бир ишда бир мазҳабга, иккинчи бир ишда бошқасига эргашиш дуруст эмас. Буни уламолар «талфиқ» дейдилар. Дийнда адашмаслик учун, маълум бир мазҳабни ихтиёр қилиб, унга эргашиш лозим.
Уламоларимиз: «Ҳатто, илми юқори даражага етиб, маз-ҳабларнинг далилларини солиштириб кучлисини аниқлаш даражасига етган одам ҳам бировларга бу ҳақда гап қўзғатмасин, фатво бермасин, шахсий амал қилса рухсат», дейишади.
Буларнинг ҳаммаси мусулмонлар орасида ихтилоф чиқармаслик учун кўрилган чора-тадбирлар. Бундай чоралар, айниқса, оммавий дийний илмсизлик ҳукм сураётган бизнинг юртимизга ўхшаш жойларга жуда ҳам зарур.
Кези келганда, мусулмонлар жамиятининг доимо фиқҳ-га эҳтиёжи борлигини яна бир бор таъкидламоқчимиз. Ҳар бир мусулмон ибодатини ва муаммоларини шариат қонунлари асосида олиб бориши лозим. Бу қонунларни ўргатиш учун эса, фиқҳ керак. Аввалги уламоларимиз қолдириб кетган улкан фиқҳий меросдан самарали фойдаланишимизнинг ўзи етмайди.
Чунки, аввал таъкидлаганимиздек, ҳаёт ўзгариб туради. Шу туфайли, янгидан-янги масалалар ҳам пайдо бўлиб туради. Бу масалаларга тўғри жавоб топишда фиқҳ керак бўлади. Гапни чўзиб ўтирмасдан, бир-икки мисол келтирайлик:
Авваллари, бировнинг қонини иккинчи одамга қуйиш, бир кишининг аъзосини бошқа бир одамга кўчириб ўтказиш ёки эркак кишининг уруғлигини олиб, уни махсус тарновчада урчитиб, сўнгра аёл кишининг бачадонига ўрнатиш каби ишлар умуман бўлмаган. Ҳатто, бировнинг хаёлига ҳам келмаган.
Шунинг учун, эски фиқҳий китобларнинг ҳаммасини бирма-бир варақлаб чиқсак ҳам бу масалаларга жавоб топа олмаймиз. Ҳаёт эса, бу масалаларга жавоб беришни тақозо қилади. Демак, яна фиқҳга ҳожатимиз тушади.
Шунинг учун ҳам, Ислом мамлакатлари уюшмаси ҳузурида ва «Робитатул Оламил Исломий» ташкилоти қошида биттадан Ислом фиқҳи академияси ишлаб турибди. Уларда ҳар бир Ислом давлатидан вакиллар бор. Янги пайдо бўлган масалалар, аввало, академия аъзоларига алоҳида ўрганиш учун тақдим қилинади. Сўнгра, академиянинг йиллик мажлисида, керакли соҳа мутахассислари иштирокида бу масалалар муҳокама қилинади ва керакли фатволар чиқарилади. Баъзи аъзоларнинг алоҳида фикрлари бўлса, унга ҳам ишора қилинади.
Шу йўл билан масалалар ихтилоф ва жанжалсиз ҳал қилиниб келинмоқда. Демак, Аҳли сунна ва жамоа ақийдасидаги фиқҳий мазҳаблар ҳар қандай ихтилофларни четлаб ўтсалар бўлар экан.
Бунинг учун кенгбағирли, тушунган ва етарли илмий савияга эга бўлиш зарур.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ
"Кифоя" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase