close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ислом ва бошқа дин вакиллари

Инсоният тарихида инсонлар орасидаги тенг ҳуқуқликнинг бузилишига сабаб бўлган омиллардан бири маълум дин вакилларининг бошқа бир дин вакилларига диний айримчилик асосида қарашидир. Ўз динига бўлган тарафкашлик туйғуси ўзга диндаги кишиларга бошқача назар билан қарашга олиб борган.

Бу омилдан эса сиёсатчилар доимо ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб келганлар. Қайси бир урушни олиб кўрсак ҳам, унинг келиб чиқишида асосий айб сиёсатчиларда бўлиб, ўша сиёсатчилар, ким бўлишидан қатъи назар, ҳатто ўзи динсиз бўлса ҳам, ўз мақсадига эришиш учун кишилардаги диний омилни яхшилаб ишга солиш  пайидан бўлганлар. Сиртдан эса, бир дин билан иккинчи дин урушган, диний уруш деб номланган урушлар бўлиб кўринган.
Ҳозирги кунимизда эса, инсонлар динлари қандоқ бўлишидан қатъиназар тенг ҳуқуқли эканликлари шиори олдинга сурилмоқда.
Ўз-ўзидан, Ислом бу масалага қандоқ қараган, деган савол пайдо бўлади. Баъзи кишилар, саволга ўрин йўқ, ҳамма нарса маълум-ку, дейиши мумкин. Нима маълум?–десангиз, Ислом мусулмонларга ғайри динларни ўлдиришни фарз қилган, жиҳод фарз, мусулмон одам қаерда ғайри динни кўрса, ўлдириши керак, ҳозирги тинч-тотув яшаш ҳақидаги гаплар замоннинг зайли билан айтилаётган гаплар, холос, дейишади.
Ҳақиқатан шундоқми? Келинг, бир холисона ўрганиб чиқайлик. Инсоният тарихида «Бошқа дин вакиллари билан қандоқ қилиб тинч-тотув яшаш мумкин?» деган савол Исломгача ташланган эмас. Тарихда биринчи бўлиб Ислом дини турли динга эътиқод ва амал қилувчилар биргаликда, бир жамиятда яшашлари мумкинлиги фикрини олдинга сурди ва бу фикрни ҳаётда татбиқ қилди.
Агар Исломдан олдин бу масалани кўтарган, унга амал қилган дин ёки тузум бўлса, унинг исботи бўлса, биладиган кишилар раддия қилсинлар, марҳамат!
Ислом эса самовий динларнинг барчасининг асли бир, ҳаммаси Аллоҳдан, деб эълон қилди.
Аллоҳ таоло «Шўро» сурасида:
«У сизга диндан Нуҳга тавсия қилган нарсани шариат қилди. Сенга (эй Муҳаммад) ваҳий қилган нарсамизни, Иброҳимга, Мусо ва Ийсога тавсия қилган нарсаларимизни шариат қилиб: «Динни барпо қилинглар ва унда тафриқага тушманглар», дедик», дейди (13-оят).
Демак, Нуҳ, Иброҳим, Мусо ва Ийсо алайҳиссаломларга дин юборган Аллоҳ Муҳаммад алайҳиссаломга ҳам дин юборган. Уларни пайғамбар қилиб танлаб олган. Шу билан бирга, Аллоҳ томонидан юборилган мазкур пайғамбарларга Аллоҳ томонидан бир хил фармон ҳам бўлган. У фармон «Динни барпо қилинглар, унда тафриқага тушманглар» деган амри илоҳийдан иборат бўлган.
Албатта, бу эълон дунё динлари тарихида янги саҳифа эди. Бу маънони Исломгача бирор дин ёки тузум эълон қила олмаган эди. Ушбу қоидага биноан мусулмонларга барча асл самовий динларга Исломга иймон келтиргандек иймон келтириш фарз қилинган. Агар мусулмон киши мазкур асл самовий динлардан бирортасини инкор қилса, уларга ҳурматсизлик назари билан қараса, диндан чиқади.
Шунингдек, мусулмон инсон Аллоҳ таоло томонидан юборилган пайғамбарларнинг барчасига, уларга нозил қилинган китоб ва саҳифаларнинг аслига бирдек иймон келтирмоғи, улардан бирортасини фарқлаб четга чиқариб қўймаслиги лозимлиги қаттиқ таъйинланган.
Аллоҳ таоло бу ҳақда мусулмонларга хитоб қи-либ «Бақара» сурасида:
«Аллоҳга иймон келтирдик. Ва бизга туширилган нарсага, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Ёқуб, Асботларга туширилган нарсага, Мусо ва Ийсога берилган нарсага ва пайғамбарларга Роббиларидан берилган нарсага ҳам. Уларнинг орасидан биронтасини фарқламаймиз ва биз унга мусулмонлармиз», деб айтинглар» (136-оят).
Ушбу ояти каримага биноан ҳар бир мусулмон шахс Аллоҳ томонидан юборилган ҳамма пайғамбарларга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтиргандек иймон келтириши, Аллоҳ томонидан туширилган барча китобларга Қуръони Каримга иймон келтиргандек иймон келтириши лозим. Агар улардан бирортасига иймон келтирмаса ёки уларни беҳурмат қилса, мусулмонлиги қолмайди. Бу ҳам дунё динлари ва тузумлари тарихида улкан янгилик эди.
Лекин Ислом мазкур масалада фақат ақийда масаласидаги кенгбағирлик билан кифояланиб қолмади. Балки, ҳаётнинг барча соҳаларида ҳам турли дин вакиллари бир жамиятда, биргаликда яшашлари учун керак бўлган қонун-қоидаларини йўлга қўйди.
Мисол учун, энг нозик масалалардан бўлмиш оила ва озиқ-овқат масаласини олиб кўрайлик. Ҳамма динлар, ҳамма тузумлар бу икки масалага алоҳида эътибор берадилар. Ислом эса, бу икки нарсага ҳаммасидан ҳам кўра нозик иш сифатида қарайди. Шундоқ бўлса ҳам, турли дин вакиллари бирга яшашлари, бир-бирларига кўнгил қўйишлари, бир-бирларини меҳмон қилишларини ҳисобга олиб, мусулмонларга бошқа диндаги аёллар билан турмуш қуриш ва улар сўйган ҳалол ҳайвонлар гўштини тановул қилишни ҳалол қилди.
Аллоҳ таоло бу ҳақда «Моида» сурасида:
«Бугунги кунда сизга пок нарсалар ҳалол қилинди. Китоб берилганларнинг таоми сиз учун ҳалолдир. Сизнинг таомингиз улар учун ҳалолдир. Афийфа мўминалар ва сиздан олдин китоб берилганлардан бўлмиш афийфа аёллар ҳам (ҳалолдир)» (5-оят).
Ушбу ояти карима ҳукмига биноан, мусулмон шахс самовий китобга эга дин аҳлларининг таомини тановул қилса ва уларга ўзи таом берса, шунингдек, уларнинг аёлларига уйланса, бўлади.
Ислом давлати соясида яшашни хоҳлаган бош-қа дин вакиллари «Аҳли зимма» деб номланадилар. Яъни, мусулмон жамияти кафолатидаги кишилар, деганидир. Аҳли зимма учун шахсий ҳуррият, фикр эркинлиги, ақийда эркинлиги, жон, мол, обрў ва бошқа нарсалар дахилсизлиги тўлиқ кафолатланади. Бу маънодаги умумий қоида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Уларга бизга бўлган имтиёзлар бор ва уларга бизга қўйилган мажбуриятлар бор», деганларидир.
Демак, Ислом давлати соясида бошқа дин вакиллари ҳам худди мусулмонлар эга бўлган имтиёзларга эга бўлади ва уларга юклатилган мажбуриятлар олдида масъул ҳам бўлади. Фақат, Арабистон ярим оролида яшовчи араб мушрикларигина аҳли зимма бўла олмайдилар. Улардан Исломдан бошқа нарса қабул қилинмайди. Бу ўзи алоҳида бир масала. Лекин шу масалани Ислом душманлари нотўғри талқин қилиб умумлаштириб юборганларини айтиб ўтишимиз лозим.
Бошқа мушриклар, яъни, аҳли китоб бўлмаганлар ҳақида эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уларга аҳли китобга қилинган суннатни қи-линглар. Фақат, аёлларига уйланманг ва сўйишларини емаган ҳолда», деганлар.
Демак, самовий бўлмаган, кишилар ўзларича эътиқод қилиб юрган дин вакиллари ҳам тўлиқ ҳақ-ҳуқуқларга эгадирлар. Ушбу маъноларни Ислом ўн тўрт аср илгари, дунёда биринчи бўлиб жорий қилган. Қандоқ қилиб жорий қилганини эса, қуйида ўрганамиз, иншоаллоҳ.
Ислом дини дунё тарихида илк бор ўз дини ва эътиқодидан ўзга дин ва эътиқодларга қарши мутаассибчиликдан холи бўлган жамият қурди. Бу жамият ўз аъзоларининг барчасига баробар назар билан қараб, уларга тенг шароит яратиб берди. Бу маънолар мусулмонлар ўз динларига тўлиқ амал қилган чоғларида бутун гўзаллиги ила намоён бўлди.
Ислом дини мусулмонларга бошқа самовий динларга, уларнинг пайғамбарларига, муқаддас китоб-ларига иймон келтиришни фарз қилиш билан бирга, ўша динларга эътиқод қилувчи кишиларга ёмонлик қилмаслик, улар билан яхши муомалада бўлиш, яхши қўшничилик қилиш, зиёфатга чақириш, оилавий алоқалар ўрнатишга ҳам ижозат берди.
Шунингдек, Ислом дини мусулмон давлатга бошқа дин вакилларининг ибодатхоналарини ҳи-моя қилишни, уларнинг диний-ақийдавий масалаларига аралашмасликни, ҳукмда уларга жабр қилмасликни, оммавий ҳуқуқ ва масъулиятларда уларни мусулмонлар билан тенг кўришни, уларнинг барча инсоний ҳақ-ҳуқуқларини муҳофаза қилишни вожиб қилди.
Бу маънода Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Ким аҳли зиммадан бир кишини ўлдирса, жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидламайди. Албатта, унинг ҳиди етмиш йиллик масофадан келиб турар», деган (Насаий ривоят қилган) ва
«Ким бир аҳдлашган (ғайридин) кишига зулм қилса ёки унинг ҳаққини поймол этса ёхуд уни тоқати етмайдиган нарсага мажбур қилса ёки ундан ўз розилигисиз бир нарса олса, қиёмат куни мен ўша одамнинг хусуматчиси бўламан», деган (Абу Довуд ривоят қилган) ҳадисларининг ўзи кифоя қилади.
Ислом давлати соясида яшаётган ғайридин киши учун бундан ҳам ортиқ кафолат бўлиши мумкинми?
Айтилаётган маънолар қуруқ гап эмаслиги исботи тарзида воқеликдаги ҳужжат-далил ва мисолларга назар солайлик.
Пайғамбар алайҳиссалом Мадийнага ҳижрат қилганларидан сўнг у ердаги яҳудийлар билан аҳднома тузиб, тинч-тотув ва жамият манфаати учун ҳамкорликда яшаш асосларини белгилаб, унга амал қилиб яшадилар. Муҳаммад алайҳиссалом бошқа дин вакиллари билан шахсан яхши алоқада бўлар, уларга гўзал муомала қилар эдилар. Жумладан, уларга ҳадялар бериб, улар томонидан қилинган ҳадяларни қабул қилиб ҳам олар эдилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа дин вакиллари томонидан ҳадя қилинган кийимларни кийиб юрганлари маълум ва машҳур. Бу кенгбағирлик баъзи ўзини билмаган кишилар томонидан суиистеъмол қилингани ҳам маълум. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бир яҳудий аёл заҳар солиб берган қўй гўштини еб заҳарланганлари ҳеч ким учун сир эмас.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳабашистондан келган насроний меҳмонларни ўз масжидларига туширганлар ва «Улар бизнинг соҳибларимизни ҳурмат қилган эдилар. Мен уларни ўзим икром қилишни хуш кўраман» деб, шахсан ўзлари уларга хизмат қилганлар.
Шунингдек, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Нажрон насоролари гуруҳини ҳам ўз  масжидларига туширганлар ва у ерда ибодатларини қилишга рухсат берганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин Ислом давлатига бошлиқ бўлган шахслар ҳам бошқа динлар вакилларига нисбатан бағри-кенглик сиёсатини давом эттирганлар. Ҳазрати Умар Байтул Мақдисга келганларида у ердаги масийҳий динидаги аҳолининг шартларини қабул қилган ҳолда аҳднома тузганлар.
Ғайридинларга берилган кенглик, омонлик ва ҳуррият борасида зарбулмасал бўлган мазкур аҳдноманинг матни қуйидагича:
«Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Ушбу, Аллоҳнинг бандаси, амирул мўминийн Умар томонидан Илиё аҳлига берилган омондир. Уларнинг жонларига ва молларига, канисалари ва бутларига, шаҳарнинг бемору соғ барча миллатига омонлик берур. Уларнинг канисаларида биров истиқомат қилмас ва уларни бузилмас. Уларга ва уларга тегишли жойларга, шунингдек, уларнинг бутларига ва молу-мулкларидан ҳеч бир нарсага нуқсон етказилмас. Уларнинг бирортасига ҳеч ким қасддан зарар етказмас. Илиёда улар билан бирорта ҳам яҳудий бирга яшамас. Аҳли Илиё ҳам, Аҳли Мадоин каби, жизя ўтарлар. Улар у ердан румликлар ва ўғриларни чиқаришлари керак. Улардан ким бошқа томон чиқса, тинч жойига етиб олгунча жони ҳам, моли ҳам омонда бўлур. Ким туриб қолса, омонликдадир. У ҳам Аҳли Илиё мислича жизя ўтайди. Илиё аҳлидан жонини ва молини олиб, ибодатхонаси ва бутларини қолдириб румликлар билан кетмоқчи бўлганларнинг ўзларига, ибодатхоналари ва бутларига тинч жойларига етиб олгунларича омонлик берилур. Фалончининг ўлдирилишигача ер эгаси бўлганлардан ким ўтириб қолишни хоҳласа, қолиб, аҳли Илиё каби жизя ўтасин. Хоҳлаганлар румликлар билан кетсин. Ким хоҳлаб ўз аҳлига қайтиб келса, ҳосилни йиғиб олгунларича, улардан ҳеч нарса олинмайди. Ушбу ёзилганларга Аллоҳнинг аҳди, Унинг Расулининг, халифаларининг ва мўъминларнинг зиммаси бўлур. Агар Аҳли Илиё ўзларига белгиланган жизяни ўтасалар.
Ушбуга Холид ибн Валид, Амр ибн Осс, Абдурроҳман ибн Авф, Муовия ибн Абу Суфён гувоҳ бўлдилар. Ўн бешинчи санада ёзиб, таҳрир қилинди».
Ҳазрати Умарга насороларнинг Патриархи ўша ернинг бош канисасида Аср намозини ўқиб олиш мумкинлигини айтган. Аммо, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Мен бу ерда намоз ўқисам, кейин бошқа мусулмонлар ҳам, «Умар намоз ўқиган жойда намоз ўқиймиз» дея сизларни безовта қиладилар», деб у ерда намоз ўқимаганлар.
Мисрлик бир масийҳий аёл Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга Миср волийси Амр ибн Осс унинг ҳовлисини масжидга қўшиб олгани ҳақида шикоят қилади. Суриштирилганда, аёлнинг ҳовлисининг пули ортиқча нархи ила Байтул молда тургани маълум бўлади. Шундоқ бўлса ҳам, ҳазрати Умар янги масжидни бузиб, масийҳий аёлга ҳовли-жойини тиклаб беришга амр қиладилар.
Бошқа томонларга кишиларни Исломга даъват қилиш учун борган фотиҳлар ҳам мазкур қоидаларга оғишмай амал қилар эдилар.
Миср, Сурия, Иордания, Эрон каби давлатларда Ислом 14 асрдан кўп муддат ҳукм сураётган бўлса ҳам туб аҳолининг Исломни қабул қилишни хоҳламаган қисми ҳозиргача ўз динида турганлиги Ислом динининг бошқа динларга нисбатан бағри кенглигидандир.
Ҳиндистон ва Ливан каби юртларда мусулмонлар узоқ вақт ҳукм юритганларига қарамай озчиликни ташкил қилишлари эса, фикримизни яна ҳам қувватлайди.
Шариатни яхши тушунган Ислом давлатларида турли вазифалар кишининг динига ёки мазҳабига қараб эмас, шахсий қобилиятига, вазифани бажариш савиясига қараб берилар эди.
Машҳур халифа Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳунинг шахсий табиби Ибн Ассол исмли насроний табиб бўлган. Халифанинг котиби эса Саҳнун исмли масийҳий бўлган.
Халифа Марвон ибн Ҳакам Атанасиюс исмли насроний кишига Мисрда давлат мансабларини берган ва у, охири келиб, давлат девонлари раиси мансабига эга бўлган.
Бу ҳақиқатни кўплаб ажнабий тарихчилар ҳам тан олиб, китобларига ҳавас билан ёзганлар.
Мисол учун, Марк Сайс Ҳорун ар-Рашид давридаги Ислом давлати васфида қуйидагиларни ёзади:
«Масийҳийлар, бутпарастлар, яҳудийлар ва мусулмонлар баб-баробар ҳукумат хизматида ишлар эдилар».
Илмий баҳслар, изланишлар ва мансаблар ҳақида ҳам худди юқоридаги фикрни айтиш мумкин. Ислом давлати соясида кишилар дини ва маз-ҳабидан қатъиназар тенг шароитда яшаб, ижод қилишар эдилар.
Халифа Маъмун ўз академиясига турли дин ва мазҳаб соҳиблари бўлган олимларни тўплаган ҳамда: «Илмдан нимани хоҳласангиз, баҳс қилаверинглар, фақат тоифачилик мушкулоти келиб чиқмаслиги учун, бирингиз ўз диний китобидан далил келтирмаса, бўлди», деган эди.
Исломдаги бундоқ илмий кенгбағирликнинг васфида Америкалик машҳур олим мистер Драбер қуйидагиларни ёзган эди:
«Хулафолар давридаги аввалги мусулмонлар Несторий насоролари ва яҳудийлардан бўлган олимларни эҳтиром қилиш билан кифояланиб қолмаганлар. Балки, уларга улкан ишларни ишониб топширганлар. Уларни давлат мансабларига кўтарганлар. Ҳаттоки, Ҳорун ар-Рашид барча мадрасаларни текшириб туришни насроний Ҳално ибн Мосавайҳга топширган. Олимнинг яшаган юртига, унинг динига қаралмас эди. Фақатгина унинг илм ва маърифатдаги маконатига қаралар эди».
Бу маънода ҳар қанча гапирсак, шунча оз. Лекин, яна бир нарсага ишора қилмоғимиз лозим. Исломнинг бошқа динларга нисбатан бағрикенглик сиёсати, нафақат бошқа динларнинг бир-бирларига нисбатан, балки бир диннинг турли маз-ҳаблари орасидаги муносабатларидан ҳам яхши эди.
Антокия патриархи Михаил, арабларнинг бизнинг диёримизга келиши Аллоҳнинг иноятидир, деган маънодаги сўзларни айтиб, Геракл кўрсатган зулм ва қувғинларни айтиб ўтгандан сўнг, қуйидагиларни ёзган:
«Шу сабабдан қувватли интиқом худосики, давлатни кимга хоҳласа, шунга беради, пастларни юқорига кўтаради, мана шу римликларнинг шаррини, уларнинг қувват ишлатиб каниса ва монастирларимизни талаб, бизга шафқатсиз равишда азоблар берганини кўриб, бизни Рим чангалидан халос қилиш учун жанубий диёрлардан Исмоилнинг фарзандларини юборди. Шаҳар араблар қўлига ўтгандан сўнг, улар ҳар бир тоифага ўз канисасини қайтариб бердилар (ўша вақтда биздан Хилес ва Ҳаррон канисалари тортиб олинган эди). Шу билан бирга, римликларнинг зулми, озори, бизга қарши ҳиқду-ҳасадидан қутулиб, ўзимизни тинчликда кўриш ҳазил гап эмас».
Машҳур тарихчи Белазурий эса, ўзининг «Футуҳул Булдон» китобида Абу Ҳафс Димашқий Саъид ибн Абдулазиздан ривоят қилган қуйидаги гапларни келтиради:
«Геракл мусулмонларга қарши кўплаб аскар тўплаб, Ярмук томон бостириб келаётганидан хабардор бўлган мусулмонлар Ҳимс аҳлига улардан олинган харожни қайтариб бердилар ва: «Сизларни ҳимоя қилишдан машғул бўлиб қолдик, ўзингиз бир иш кўрарсизлар», дейишди. Ҳимс аҳли эса:
–Албатта, сизларнинг волийлигингиз ва адолатингиз биз учун ўзимиз яшаб турган зулм ва истибдоддан яхшидир. Сизга қўшилиб шаҳарни Геракл лашкарларидан мудофаа қиламиз», дедилар.
Шунда яҳудийлар ҳам туриб:
–Тавротга қасамки, Гераклнинг омили фақат биз мағлуб бўлиб, тугамагунимизча, Ҳимс шаҳрига кирмас», дейишди. Дарвозаларни ёпиб, қўриқлаша бошлашди. Мусулмонлар билан сулҳ тузган бошқа шаҳарларнинг насоро ва яҳудийлари ҳам шундоқ қилишди. Улар, агар румликлар мусулмонлардан ғолиб келса, аввалги ҳол бошимизга яна келади. Шунинг учун, модомики, мусулмонларнинг душмани бор экан, ушбу ишда маҳкам турамиз, дейишди.
Аллоҳ кофирларни мағлуб, мусулмонларни ғолиб қилгандан сўнг, улар шаҳарларининг дарвозаларини очишиб, харожни ўтадилар».
Ҳа, Исломга амал қилмаслик фақат мусулмонларга эмас, балки бутун дунёга зарар келтиришини шу мавзудан фаҳмлаб олсак ҳам бўлади. Бу ҳақиқатни эса, аввало, мусулмонлар тушуниб етмоқликлари лозим.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ
"Иймон" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase