Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилаётиб икки қўлларини кўтардилар ва мен қўлтиқлари оқини кўрдим».
Иккисини Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Дуонинг одобларидан бири икки қўлни кўтариб дуо қилишдир.
Салмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Роббингиз ҳаёли ва каримдир. У Зот бандаси Унга икки қўлини кўтарса, уларни бўш қайтаришдан ҳаё қилади», дедилар».
Шарҳ: Бу каби ҳадиси шарифлар жуда кўп. Демак, баъзиларнинг дуода қўлни кўтариб бўлмайди, деган фикрлари мутлақо ўринсиздир.
Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон дуода икки қўлларини кўтарсалар, уларни юзларига суртмасдан туриб қайтармас эдилар».
Шарҳ: Дуонинг одобларидан бири икки қўлни кўтариб дуо қилгандан кейин қўлларни юзга суртишдир.
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимдан ўтдилар. Мен икки бармоғим ила дуо қилаётган эдим. Бас, у зот «битта қил, битта қил», деб кўрсаткич бармоқлари ила ишора қилдилар».
Ушбу учтани Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ривоятда зикр қилинаётган тарздаги дуо арабларда бор. Уларда дуо қила туриб, «Ё Аллоҳ!» каби иборалар нутқ қилинганда кўрсаткич бармоқ билан ишора қилиш одати бўлган.
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу дуо қилаётиб, бир эмас, бир неча бармоқлари билан ишора қилган эканлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳолни кўриб, хато эканини англатган ва нима қилишни кўрсатган эканлар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Деворларни парда ила тўсманглар. Ким биродарининг мактубига унинг изнисиз назар солса, албатта, оловга назар солган бўлади. Аллоҳдан кафтларингизнинг ичи билан сўранглар, сирти билан сўраманглар. Қачон фориғ бўлсангиз, уларни юзингизга суртинг», дедилар».
Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сиз билан биз умматларига бир неча тавсияларни бермоқдалар:
«Деворларни парда ила тўсманглар».
Чунки бундай қилишда исроф, беҳуда сарф-харажат бор ва ўша вақтларда бу маъносиз ва такаббурликнинг белгиси ҳисобланган.
«Ким биродарининг мактубига унинг изнисиз назар солса, албатта, оловга назар солган бўлади».
Чунки мактубда ёзилган нарсалар мактуб эгасининг маънавий мулки ҳисобланади. Бировнинг мулкига бошқа одам эгасининг рухсатисиз қараб ёки кириб бўлмайди. Кўпинча мактубда бошқа мулклардан кўра ҳассосроқ ва хавфлироқ нарсалар бўлади. Шунинг учун ҳам бировнинг мактубига унинг изнисиз назар солган киши оловга назар солган бўлади. Олов кўзга зарар қилганидек, хиёнат қилаётган кўзга ҳам у ўқиётган мактуб зарар қилади.
Баъзи уламолар бу ердаги оловдан мурод, дўзах олови бўлиши ҳам мумкин, деганлар.
«Аллоҳдан кафтларингизнинг ичи билан сўранглар, сирти билан сўраманглар».
Сўровчи одам боласидан сўраганда ҳам ўз эҳтиёжини билдириш учун кафтини очади. Аллоҳ таолодан сўраганда ҳам бу ишни қилмай, тескарисини қилса, мутакаббирлик қилган бўлади.
«Қачон фориғ бўлсангиз, уларни юзингизга суртинг».
Чунки кафтларга Аллоҳ таолонинг раҳмати нозил бўлган бўлади.
Дуонинг одобларидан бири икки қўлни кўтариб, кафтнинг ичини ўзига қаратиб дуо қилиш, сўнгра эса, уларни юзга суртишдир. Ҳадиси шарифнинг ушбу қисмига бизнинг диёримизда жуда ҳам яхши амал қилинади.
Фазола ибн Убайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишининг намозда у зотга саловот айтмасдан дуо қилаётганини эшитдилар. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «манави шошилди», дедилар ва уни чақириб, унга ва бошқаларга:
«Қачон бирортангиз намоз ўқисангиз, Аллоҳга ҳамду сано айтиш ила бошланг, кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтинг. Сўнгра истаган дуони қилинг», дедилар».
«Сунан» эгалари ривоят қилишган.
Шарҳ: Дуонинг одобларидан бири унинг аввалида Аллоҳ таолога ҳамду сано айтишдир. Дуонинг одобларидан яна бири Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиб туриб, кейин дуо қилишдир.
Бир киши кириб, намоз ўкиди. Сўнгра:
«Аллоҳим, мени мағфират қилгин, менга раҳм қилгин», деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй намозхон, шошилдинг. Қачон намоз ўқиб ўтирсанг, Аллоҳга У Зотга муносиб ҳамдни айтгин. Кейин менга саловот айтгин. Сўнгра дуо қилгин», дедилар.
Бундан кейин бошқа одам намоз ўқиди. У Аллоҳга ҳамд ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам
«Эй намозхон, дуо қил, ижобат қилинасан», дедилар».
Шарҳ: Намоздан кейинги дуонинг қабул бўлиши учун ҳам ундан олдин Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду сано ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиш шартлиги шу ривоятдан келиб чиқади.
Ушбу ҳадисдаги маъно намозда ажойиб услуб ила йўлга қўйилган. Намознинг охирида ҳар бир намозхон Аллоҳ таолога ҳамд айтиш учун «аттаҳиёту»ни, сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловотларни ўқиб туриб, кейин дуоларни ўқишга ўтади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларнинг қилаётган амалларини синчковлик ила кузатиб туришларининг фойдаси — агар қилинган амал тўғри бўлса, уни тасдиқлаш, нотўғри бўлса, тузатиш билан якунланар эди.
Ушбу ривоятда бир саҳобийнинг амали нотўғри бўлган эди, уни тўғриладилар. Бошқа бир саҳобийнинг амали тўғри бўлган эди, уни тасдиқладилар.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Намоз ўқиётган эдим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр ва Умар билан эдилар. Ўтирганимда бошида Аллоҳга ҳамду сано айтдим ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтдим ва ўзимга дуо қилдим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сўра, сенга берилади. Сўра, сенга берилади», дедилар».
Иккисини Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Шунинг учун ҳам, намозда дуо қилишдан олдин ташаҳҳудда Аллоҳга ҳамд ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга солату салом ўрин олган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бирингиз зинҳор «Аллоҳим, агар хоҳласанг мени мағфират қилгин. Аллоҳим, агар хоҳласанг мени мағфират қилгин», демасин. Азму қарор ила сўрасин, чунки уни мажбур қилувчи йўқ», дедилар».
Шарҳ: Дуонинг одобларидан бири азми қарор билан, иккиланмай, бўшашмай сўрашдир.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизнинг бирингиз модомики шошилиб, дуо қилдим, ижобат бўлмади, демаса,ина унга ижобат қилинади», дедилар».
Иккисини тўртовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Дуонинг одобларидан бири унинг ижобат бўлишига шошилмаслик ва нима учун дуоим қабул бўлмаяпти, демасликдир.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг ижобатига аниқ ишонган ҳолингизда дуо қилинг. Ва билингки, албатта, Аллоҳ ғофил ва беҳудачи қалбдан дуони қабул қилмас», дедилар».
Термизий ва Ҳоким ривоят қилишган.
Шарҳ: Дуонинг одобларидан бири ижобатга аниқ ишонган ҳолда дуо қилишдир. Дуо қилувчининг қалби ғофил бўлса ҳам дуоси қабул бўлмайди.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ўзингизни дуои бад қилманг. Авлодларингизни дуои бад қилманг. Ходимларингизни дуои бад қилманг. Молу дунёингизни дуои бад қилманг. Яна Аллоҳдан беришга ноил бўлган соатга тўғри келиб қолиб, сизга ижобат бўлиб қолмасин», дедилар».
Абу Довуд ва Муслим ривоят қилишган.
Шарҳ: Дуонинг одобларидан бири ўзига ва ўзига тобеъ бўлган иши ва нарсаларга дуои бад қилмасликдир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Банда гуноҳ аралаштирмасдан, қариндошлик алоқасини узмасдан туриб дуо қилса, дуоси ижобат қилинади», дедилар».
Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Дуонинг одобларидан бири гуноҳ аралаштирмасдан дуо қилишдир. Дуонинг одобларидан яна бири қариндошлик алоқасини узмасдан туриб дуо қилишдир.
Саъднинг ўғилларидан бири розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Менинг «Аллоҳим, Сендан жаннатни, унинг неъматларини, унинг шодонлигини ва унисини ва бунисини сўрайман. Сендан дўзахдан, унинг занжирларидан, кишанларидан, унисидан, бунисидан паноҳ сўрайман» деяётганимни эшитиб қолиб, отам:
«Эй ўғлим, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Тезда дуода санайдиган қавм бўладир» деганларини эшитганман. Ўшалардан бўлиб қолишдан сақлан. Агар сенга жаннат берилса, албатта, сенга у ҳам, унинг ичидаги яхши нарсалар ҳам берилган бўлади. Агар сен дўзахдан сақланган бўлсанг, ундан ҳам, унинг ичидаги ёмон нарсалардан ҳам сақланган бўласан», деди».
Шарҳ: Дуонинг одобларидан бири унда муболағага кетиб, ҳаддан ошмасликдир.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга уч марта дуо қилиш ва уч марта истиғфор айтиш ёқар эди».
Иккисини Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Дуонинг одобларидан бири уни уч марта такрорлашдир.
Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бировни эслаб, унга дуо қилмоқчи бўлсалар, аввал ўзларига дуо қилишдан бошлар эдилар».
Шарҳ: Бу маънонинг тасдиғи Қуръони Каримдаги дуоларда ҳам бор. Аллоҳ таоло Ҳашр сурасида:
«Эй Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, қалбимизда иймон келтирганларга нафрат солмагин, эй Роббимиз, албатта, Сен шафқатли ва меҳрибонсан», дерлар», деган (10-оят).
Бу ояти каримада Ислом умматининг аввали билан охирини боғлаб турувчи ип намоён бўлмоқда. Кейин келган мусулмон авлоди, ким бўлишидан қатъи назар, ўзидан аввал ўтиб кетганларни яхшилик билан эслаб, уларнинг ҳаққига хайрли дуолар қиладилар. Ўлганларни ғийбат қилиш, уларни сўкиш мусулмонларга муносиб иш эмас.
Аллоҳ таоло Иброҳим сурасида:
«Эй Роббимиз, мени, ота-онамни ва мўминларни ҳисоб қилинадиган куни мағфират айлагин», деган (41-оят).
Ким аввал ўзига дуо қилиб олса, ихлосни жамлаб олган бўлади. Шунда бошқага қилган дуоси ҳам ихлос билан бўлади.
Демак, дуонинг одобларидан бири киши аввал ўзига дуо қилишдан бошлашидир.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким ўзига зулм қилганга дуои бад қилса, батаҳқиқ, нусрат топадир», дедилар».
Иккисини Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Бунда насиҳат кўпроқ бировга дуои бад қилмасликка қаратилгандир. Бу ривоят золим бўлишдан қочиш зарурлигини кўрсатади. Чунки мазлумнинг золимга қарши дуоси нусрат ўрнига ўтади.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ
"Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан