close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Жамоат руҳини шахслар қалбига экишлик

Шариати Исломийя жамиятнинг ишларида-ибодатларидан, муомалаларидан, одобларидан ғофил бўлиб қолмайди, балки у шахсни жамият биносининг ғишти ёки тирик жасаднинг бир аъзосидек қабул қилади.

Шахсни мана бундай бинонинг ғишти ёки жа-саднинг аъзоси деб билиш менинг гапим эмас. Балки бу Пайғамбар соллаллоху алайҳи васал-ламнинг сўзидир: “Мўмин мўмин учун бир-бирини ушлаб турган бино кабидир”.
Нўъмон ибн Баширдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мўминлар ўзларининг бир-бирлари билан бўлган дўстликларида, меҳр-оқибатларида худди битта жасадга ўхшайдики, у жасаднинг бир аъзоси шикоят қилса, қолган аъзолари ҳам бедорлик ва истима билан унга шерик бўлишади”.
Ислом дини ўзининг Қуръони ва суннати билан мусулмоннинг нафсига барча аҳком, таълимотларида жамоатни ҳис қилиш уруғини эккан.
Масалан, беш вақт намозда, жумъа намозида, икки ҳайитда, азонда, масжидларда жамоат шариат қилинди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўзи ожиз кишига модомики азонни эшитар экан, жамоатга чиқмасликка рухсат бермади. У зот жамоатдан чекинганларнинг уйларини ёқиб юбориш ҳақида гапирдилар ҳатто.
Масжидда мусулмон киши сафларнинг ортида ёлғиз ўқиши макруҳдир. Чунки бунда жамоатдан чекиниш сурати бордир, гарчи бу чекиниш кўринишда бўлса ҳам.
Вобиса ибн Муъбад розияллоҳу анҳу ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саф ортида ёлғиз намоз ўқиган кимсани кўриб намозини қайта ўқишни буюрди.
Алий ибн Шайбондан ривоят қилинади: Йўлга чиқдик, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хузурларига келгач, у зот билан байъат қилдик ва ортларида намоз ўқидик. Сўнгра у зотнинг ортида иккинчи намозни ўқидик. Намоз тугагач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафнинг ортида намоз ўқиган кишини кўриб дедилар: “Намозингни бошқа ўқигин, чунки сафнинг ортида ёлғиз намоз ўқиганнинг намози намоз эмасдир”.
Демак, мусулмон инсон масжидга кирар экан, агар у ерда тўла сафни кўрса, уларнинг орасидан жой топишга ҳаракат қилиши керак. Агар имкони бўлмаса олдидаги сафнинг орасидан бирортасини тортиб бирга ўқиши керак. Ўша сафдан тортилган одам ҳам кейин келган одамга бўйинсуниб, унинг илтимосига жавоб берсин. Унинг учун бунда ажр бордир.
Баъзи имомлар ҳадиснинг зоҳирини олиб саф ортида намоз ўқиганнинг намозини ботил дейдилар. Баъзилар эса буни макруҳ дейдилар.
Булардан мақсад Исломнинг бирликка, мазмун жиҳатидан ҳам, шакл жиҳатидан ҳам, кўриниш жиҳатидан ҳам жамоатга ҳарислигини кўрсатишдир.
Мусулмон инсон ёлғиз намоз ўқиган пайтида ҳам унинг қалбида мусулмонлар жамоати гавдаланади. У Парвардигори ҳузурида турар экан, У Зотга жамоатнинг номидан муножот қилади:
“Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина мадад сўраймиз. Иҳдинас сиротол мустақим - Ўзинг бизни Тўғри Йўлга ҳидоят қилгин”. (Фотиҳа сураси, 5-6-оят) У ҳидоятни нафақат ўзи учун балки жамоат учун ҳам сўрамоқда.
Масалан, рамазон ойида ҳам мусулмон инсон агар ўзи ёлғиз рамазон ойини кўрса ҳам рўза тутмайди, ўзи ёлғиз шаввол ойини кўрса ҳам рўзасини очмайди. Балки одамлар рўза тутган кун рўза кунидир. Улар ҳайит қилган кун ҳайит кунидир. Бу ҳадисда келган.
Арафот тоғида туриш ҳам шундай. У ерда ҳам мусулмонлар турган пайтда туради.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Одамлар рўза ҳайит қилган кун рўза ҳайит, одамлар қурбон ҳайит қилган кун қурбон ҳайитдир”.
Бутун мусулмонларнинг имомлари шунга амал қиладилар. Агар одамлар зул-ҳижжа ойининг ўнида арафотда хато ҳолда турсалар ҳам жоиздир. Чунки бу кун уларнинг ҳаққида арафа кунидир.

Юсуф Қарзовий, ҳафизаҳуллоҳ
"Амалларнинг мартабаларини англаш" китобидан
(Зиёуддин Мансур таржимаси)

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase