close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Инсоннинг иккинчи умри

Вақтини сарфлашда тавфиққа эришган инсон умрини узайтиришга, вафот этганидан кейин ҳам Аллоҳ истаган вақтгача ном қолдиришга қодирдир. У ўлиқдир, аммо тирик кабидир. У қабрда ётган ҳолида ҳам тирикларга намуна бўла олар.

Вақтини сарфлашда тавфиққа эришган инсон умрини узайтиришга, вафот этганидан кейин ҳам Аллоҳ истаган вақтгача ном қолдиришга қодирдир. У ўлиқдир, аммо тирик кабидир. У қабрда ётган ҳолида ҳам тирикларга намуна бўла олар.
Бунинг учун у ортидан одамларга фойдали бўлган фойдали илм, солиҳ амал, яхши асар, одамлар унга эргашадиган гўзал суннат, ўлганидан кейин ўз самарасини бериб тургувчи хайрия муассасаси, хулқи гўзал, ҳаёти мазмундор, тарбияси яхши бўлган солиҳ фарзанд қолдирмоғи даркор.
Муслим Абу Ҳурайрадан ривоят қилган ҳадисда айтилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Инсон ўлганидан сўнг ундан уч нарса узилмайди: Юриб турувчи садақа, у билан фойда олиш мумкин бўлган илм, унга дуо қиладиган солиҳ фарзанд”.
Бошқа бир ҳадисда бу уч нарса батафсил айтилган: “Инсон ўлганидан сўнг унга эргашадиган нарсалар ушбулардир: яхши амаллари, таълим берган ва одамларга ёйган илми, солиҳ фарзанди, ёзган китоби, қурган масжиди, мусофирлар учун қурган уйи, оқизган анҳори, молидан чиқарган садақасидир”. Бу ҳадисни ибн Можа ҳасан иснод билан ривоят қилган. Бу ҳадисни Байҳақий ҳам ривоят қилган.
Муслим ўз саҳиҳида ушбу ҳадисни ривоят қилган: “Гўзал суннатни йўл тутган инсоннинг ва у суннатга амал қилганнинг ажри Қиёмат қадардир”.
Аллоҳ таоло айтади:
“Албатта Биз Ўзимизгина ўликларни (Қиёмат Кунида қайта) тирилтирурмиз ва уларнинг қилган ишларини ҳамда (қолдирган) изларини ёзиб қўюрмиз...”. (Ёсин сураси, 12-оят).
У Кунда инсонга (ҳаёти дунёдалик чоғида) қилиб ўтган ва (ўзидан кейин) қолдирган (барча) нарсаларнинг (яъни, яхши-ёмон амалларнинг) хабари берилур”. (Қиёмат сураси, 13-оят).
Инсон ўзидан кейин қолдирган яхши ном унинг иккинчи умридир гўё. Чегараси йўқ умр.
Киши қалби бонг урар, шуларни айтиб: Ҳаёт дақиқа, сония, бор йўғи шудир Бас, қолсин ортингдан яхши ном, зикр Ортда қолган яхиш ном иккинчи умр Пайғамбарлар отаси Иброҳим алайҳис-саломнинг қилган дуолари ҳам шунгадир балки:
“Яна мен учун кейин келгувчи кишилар ўртасида рост мақтовлар қилгин”. (Шуаро сураси, 84-оят).
Ўзи вафот этган бўлса-да қалблари барҳаёт бўлган, кўзлар унга йиғлаган, тиллар унга сано айтиб, Аллохдан раҳмат сўраб дуо қилган инсон билан вафотидан кейин ҳам кўзлар унга йиғламайдиган, ундан айрилганлари учун қайғурилмайдиган, тиллар унга раҳмат тиламайдиган кимса орасида катта фарқ бордир.
Аллоҳ таоло айтади:
“Улар қанчадан-қанча боғларни, чашмаларни, экинзорларни ва улуғ-гўзал жойларни қолдириб (ўзлари ғарқ бўлиб) кетдилар! Ва (қанчадан-қанча) ўзлари вақтичоғлик қилган неъматларни (қолдириб кетдилар)! Шундай қилиб, Биз у (неъматларни) бошқа бир қавмга мерос қилиб бердик! Бас, уларга осмон ҳам, Ер ҳам (аза тутиб) йиғлагани йўқ ва уларга (тавба-тазарруъ учун) муҳлат ҳам берилмади! (Дуҳон сураси, 25-29-оятлар).
Улар ўлмас. Зулм, гуноҳлари, куфр-залолатлари ҳам ўзлари билан абадий қолар. Балки уларнинг ортида қолган тобелари, меросхўрлари уларнинг изидан кетиб, тақлид қилурлар.
Гўзал суннатни йўл тутган, унга амал қилганларнинг ажри ҳам, ёмон йўлни йўл тутганлар, унга амал қилганларнинг гуноҳи ҳам Қиёмат Қадардир.
Демак, ўзидан кейин фойдали илм қолдирган инсоннинг бу солиҳ амали ҳам, ўзидан кейин ёмон из, нотўғри фикр қолдирган одамнинг ярамас амали ҳам Қиёматгача узилмас.
Солиҳлар айтарлар: Ўзи билан гуноҳлари ҳам бирга ўлган инсонга жаннат бўлсин. Ўзи ўлиб, гуноҳлари боқий қолганларга эса ўлим бўлсин!

Юсуф Қарзовийнинг
"Амалларнинг мартабаларини англаш" китобидан
Заҳириддин Мансур таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase