Шарҳ: Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб, одамлардан Аллоҳ таоло қадимда, бошқа илоҳий китоблар аҳлидан ҳам Аллоҳнинг китобида нима бўлса кишиларга етказиш, ундаги бор нарсаларни беркитмаслик ҳақида аҳду паймон олганини баён қилиб беришни амр қилмоқда.
Демак, илм аҳли ўзидаги илмни бошқа одамларга етказиши, беркитмаслиги зарур экан.
Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳозир бўлган ғойибга етказсин. Шояд ҳозир бўлувчи уни ўзидан кўра кўпроқ англовчига етказса», дедилар.
Икки Шайх ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадис Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда. Аввал у киши билан танишиб олайлик:
Абу Бакра кунияси билан машҳур бўлган бу саҳобанинг исмлари Нуфайъ ибн Ҳорис ас-Сақафий. Бу киши Тоифда мусулмонлар қўлига асирга тушадилар. Исломга кирганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини озод қилиб, «Абу Бакра» кунияси билан чақирадилар.
Абу Бакра розияллоҳу анҳу улуғ саҳобалардан бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 132 та ҳадис ривоят қилдилар. Бу зот Тоифдан Басрага кўчиб ўтиб, ана шу ерда истиқомат қилдилар. Имрон ибн Хусайн «Абу Бакрадан кўра фазилатли кишини кўрмадим», деб айтадилар.
Бу зот ҳижратнинг 52-санасида Басрада вафот этдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз илмий мажлисларида ўтирган кишиларга «ҳозир бўлганлар ғойибларга етказсин», демоқдалар. Яъни, илмий мажлисда ҳозир бўлганлар унда эшитганларини кейин келадиганларга етказсин, деб амр қилмоқдалар. Шу билан бирга ҳадиснинг давомида ушбу етказишнинг ҳикматларидан бирини ҳам баён қилиб:
«Шояд ҳозир бўлувчи уни ўзидан кўра кўпроқ англовчига етказса», дедилар.
Яъни, шояд илмий суҳбатда ҳозир бўлган одам илмни ўзидан кўра яхшироқ фойда оладиган кишига етказса, дедилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу амрлари саҳобалар учун қонун бўлган. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларида бўлиб, эшитган ҳадисларини суҳбатда ҳозир бўлмаганларга етказиш учун бор имкониятларини ишга солганлар. Улар ўз ҳабиблари – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак оғизларидан чиққан ҳар бир сўзни омонат билан бошқаларга ўз вақтида етказиб, ўз зиммаларидаги бурчни шараф билан адо этганлар. Саҳобаларнинг бу ҳислатлари уларнинг шогирдлари тобеъинларга ҳам ўтган. Улар ҳам ўз устозлари – саҳобаи киромлардан эшитганларини, олган илмларини бошқаларга етказишда барча имкониятларини ишга солганлар.
Шундай қилиб, Ислом уммати бири-бирига устоз, бири-бирига шогирд бўлиб келган. Илм ўргатиш ва ўрганиш мусулмонларни бошқалардан ажратиб турувчи асосий фазилатларидан бўлган. Ҳар бир мусулмон ўзи билган нарсани бошқа бировга ўргатишни муқаддас бурчи, деб билган.
Шу тариқа Ислом оламида ўз-ўзидан илм тарқалган. Аммо вақт ўтиши билан бу руҳ йўқолди. Кишиларда масъулият ҳисси камайди. Илмга уриниш озайди. Сўнгра бу ҳолатларни эътиборга олиб, авваллари илм ўргатгани учун ҳақ олиб бўлмайди, деган уламолар илм зое бўлмаслиги учун кишиларга илм ўргатувчи устозлар ҳақ олса бўлади, деб фатво бердилар.
Бизнинг вақтимизга келиб, исломий руҳнинг ўта заифлашганидан устозлару шогирдлар ҳақ оладиган бўлсалар ҳам илмга уринадиганларни топиш қийин бўлиб қолди. Оқибат нима бўлганини ва бўлаётганини кўриб турибмиз.
Агар биз аждодларимиз каби дунёнинг илғор ва етакчи халқи бўлишни хоҳласак, динимиз асосида илмга бўлган муносабатларимизни мусулмонча қилишимиз керак. Ҳар бир киши илм талабида бўлишни ўзи учун фарз, деб билиши керак. Ҳар бир билимли киши ўзидаги илмни ўзгаларга ўргатишни ўзининг бурчи, деб билмоғи лозим. Айниқса, диний саводсизликни битириш учун шу ишни қилиш жуда зарур.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мендан бир оят бўлса ҳам етказинглар. Бани Исроил ҳақида гапиринглар, танглик йўқ. Ким менга қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдаги ўриндиғига жойлашаверсин», дедилар».
Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Ҳадиснинг ровийлари Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу билан танишмиз.
Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам учта муҳим масалани баён қилмоқдалар.
1.«Мендан бир оят бўлса ҳам етказинглар».
Яъни, менинг билганим оз нарса, фақат биргина оят, деб ўтирманглар, ўшани бўлса ҳам одамларга етказинглар, демоқдалар.
2.«Бани Исроил ҳақида гапиринглар, танглик йўқ».
Бу иш рухсат берилган доирада бўлиши кераклигини уламоларимиз таъкидлаганлар. Чунки бошқа ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аҳли китобларни тасдиқламанглар ҳам, ёлғончи қилманглар ҳам, Аллоҳга ва у Зотдан ўзимизга нозил қилинган нарсага иймон келтирдик, денглар», деганлар.
Шунинг учун уларнинг шариатимизга мувофиқ нарсаларини тасдиқлаймиз, шариатимизга номувофиқларини ёлғон, деймиз.
3.«Ким менга қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдаги ўриндиғига жойлашаверсин».
Билиб туриб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтмаган нарсани у зотдан деб гапириш шунчалар ёмон нарсаки, ким шу ишни қилса, дўзахий бўлиши турган гап.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Оз бўлса ҳам ўзи билган илмни ўзгаларга етказиш зарурлиги.
2. Бани Исроил ҳақида шариатимиз изн берган маънода гапириш жоизлиги.
3. Ким Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғон тўқиса, дўзахий бўлиши.
Ушбу ҳадиси шарифни ҳаётимизга татбиқ қилишга жуда муҳтожмиз. Оз-оздан бўлса ҳам билган нарсаларимизни ўз биродарларимизга ўргатишимиз зарур. Қанчадан-қанча кишилар калимаи шаҳодатни ўрганишга муҳтожлар. Уларга бу нарсани билганлар ўргатмаса, ким ўргатади?
Қанчадан-қанча кишилар ақалли бир оятни ҳам, Қуръондаги кичик сураларни ҳам билмайдилар. Уларга ҳам билганлар ўргатмай ким ўргатади! Таҳорат, ғусл, намоз, жаноза ва бошқа кўплаб шаръий аҳкомларни билмайдиганларимиз кўп. Буларнинг ҳаммасини биладиганлар ўргатиши лозим. Баъзи нарсаларни билганлар ундан ҳам кўра кўпроқ нарсаларни билишлари керак. Улар ўзларидан кўпроқ биладиганлардан ўрганишлари лозим бўлади ва ҳоказо.
«Бани Исроил» ва бошқа аҳли китоблар ҳақида ҳам билганлар билмаганларга гапириб, шариатимизнинг уларга бўлган муносабатларини тушунтириб беришлари лозим. Чунки билимсизлик оқибатида улар билан нотўғри муносабат ва алоқалар вужудга келмоқда. Кишиларимиз адашиб, катта хатоларга йўл қўймоқдалар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғон тўқилишини ҳам олдини олиш керак. Билиб-билмай турли гапларни ҳадис, деб гапириш катта гуноҳ. Бу ўша одамнинг дўзахга киришига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳадиснинг ҳақиқий эканлигига тўлиқ ишонч ҳосил қилмасдан туриб, ҳадис айтиш яхши эмас.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким бир илмдан сўралсаю, бас, у ўшани яширса, қиёмат куни Аллоҳ уни оловдан бўлган юган билан юганлайди», дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Ҳадиснинг ровийлари Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишмиз.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадиси шарифларида илмни яшириш, уни тарқатмасликнинг оқибати ёмон бўлишини баён қилиш билан илмни ёйишга тарғиб қилмоқдалар.
Ўтган ҳадисларда барча мўмин-мусулмонлар бир оят бўлса ҳам билган нарсаларини кишиларга етказиш учун ҳаракат қилишлари зарурлиги айтилган эди. Энди эса, ким илмни беркитса, уни кишиларга етказмаса, қиёмат куни алоҳида азоб билан азобланиши муқаррарлиги маълум қилинмоқда. Ундай одамни Аллоҳ таоло оловдан бўлган юган билан юганлаб жаҳаннамга солади ва унда яна алоҳида азоб берар экан.
Бошқа тузумларда илм ўз эгасининг мулки ҳисобланади. Олим одам нимани хоҳласа, шуни қилади. Хоҳласа, бировга ўргатади, хоҳламаса, ўргатмайди. Исломда эса, илм олимнинг эмас, балки ўша олим яшаётган жамиятнинг мулки ҳисобланади. Олим эса, уни ўзида омонат сақлаб турган одам. Жамият қачон муҳтож бўлиб қолса, олим ўша омонатдаги илмдан бериши лозим. Бермаса, хиёнат қилган бўлади. Бу дунёда қутулиб кетса ҳам охиратда, албатта, жазосини олади.
Ўтган бобда олимларнинг фазли ва уларга берилган имтиёзлар ҳақида гап кетган эди. Энди олимларнинг бурч ва масъулиятлари ҳақида сўз бормоқда.
Бу ҳадисдан оладиган фойдаларимиз равшан. Илми бор кишилар ўзларидаги илмни беркитмасдан, сўраб келган, ўрганмоқчи бўлган кишиларга ўргатишлари керак. Агар биров бу йўлда тўсиқ бўлса, барча гуноҳ ўша тўғаноқлик қилган томонга тушади.
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ мен орқали юборган ҳидоят ва илмнинг мисоли худди ерга тушган кўп ёмғирга ўхшайди. Ернинг баъзи жойи яхши экан, сувни қабул қилиб, кўплаб наботот ва ўсимликларни ўстирибди. Унинг баъзи жойлари қаттиқ экан, сувни тутиб қолибди. Бас, у билан Аллоҳ одамларга манфаат берибди. Улар ундан ичибдилар, суғорибдилар ва экин экибдилар. Ернинг баъзи жойлари силлиқ экан. Сув тутмас ва экин ҳам ўстирмас экан. Ана ўша худди Аллоҳнинг динида фақиҳ бўлган кишига ўхшайди. Аллоҳ мен ила юборган нарса унга манфаат берибди. Бас, ўзи ўрганибди. Ўзгаларга ўргатибди. Бошқаси ўша нарсага эътибор бермаган кишига ўхшайди. Яна бири эса, мен ила юборилган Аллоҳнинг ҳидоятини қабул қилмаган одамга ўхшайди», дедилар».
Икки Шайх ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадиснинг ровийлари Абу Мусо розияллоҳу анҳу билан танишмиз.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари орқали Аллоҳ таоло томонидан юборилган Ислом шариати, исломий илмларни сувга, одамларни эса ерга ўхшатмоқдалар. Бунда жуда ҳам улкан маъно бор. Чунки сув ҳам, илм ҳам ҳаёт ҳисобланади. Сув билан ер юзидаги наботот ва жониворлар тирикдирлар. Исломий илм билан эса, қалб ва руҳлар тирикдир. Ёмғир суви ерга таъсир қилса, ҳидоят ва илм кишиларга таъсир ўтказади. Худди ер сувга нисбатан учга бўлинганидек, одамлар ҳам Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали юборган ҳидоят ва илмга нисбатан уч тоифага бўлинар экан.
«Аллоҳ мен орқали юборган ҳидоят ва илмнинг мисоли худди ерга тушган кўп ёмғирга ўхшайди».
Ерга тушган кўп ёмғирнинг вазифаси ерни жонлантириш, унда ўсимликларни ўстириб, жониворларга фойда бериш. Худди шунга ўхшаб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали юборилган ҳидоят ва илмдан мақсад ҳам кишиларнинг руҳий-маънавий ташналикларини қондириш, улар ҳаётини фойдали қилиш, икки дунё бахт-саодатига эриштиришдир.
Лекин ер турлича бўлгани сабабли унинг бўлаклари ҳам ёмғирга нисбатан ўз табиатига мувофиқ бошқа-бошқа ҳолатда бўлади. Кўрадиган нафи ҳам шунга яраша турличадир.
1. «Ернинг баъзи жойи яхши экан, сувни қабул қилиб, кўплаб наботот ва ўсимликларни ўстирибди».
Яхши ерларга ёмғир суви яхши сингади. Ўша ерларнинг ўзи аввало ўша сувдан тўйиб-тўйиб ичади. Қолаверса, наботот ва ўсимликларни ҳам ўстиради. Яъни, ўзидан бошқаларга ҳам нафи тегади.
«Ана ўша худди Аллоҳнинг динида фақиҳ бўлган кишига ўхшайди. Аллоҳ мен ила юборган нарса унга манфаат берибди. Бас, ўзи ўрганибди. Ўзгаларга ўргатибди».
Яъни, ўша сувни қабул қилиб олиб, кўплаб наботот ва ўсимликларни ўстирган ер худди Аллоҳнинг динида фақиҳ бўлган кишига ўхшайди. Яхши ер сувдан тўйиб-тўйиб ичганидек, фақиҳ ҳам аввало илоҳий ҳидоят ва исломий илмдан ўзи манфаат олади. Кейин эса, худди яхши ер сув ичганидан кейин кўплаб наботот ва ўсимликларни ўстирганидек, фақиҳ ҳам ўзи манфаатланган илмлардан бошқа кишиларга ҳам беради.
2. «Унинг баъзи жойлари қаттиқ экан, сувни тутиб қолибди. Бас, у билан Аллоҳ одамларга манфаат берибди. Улар ундан ичибдилар, суғорибдилар ва экин экибдилар».
Яъни, ернинг баъзи жойлари қаттиқ экан. Сувни ўзига сингдириб, ундан ичиб, манфаат олмабди. Лекин ўзига тушган сувни тутиб, сиртида ушлаб турибди. Унда тўпланиб қолган сувдан одамлар фойда олибдилар. Ўзлари ичибдилар, ҳайвонларини суғорибдилар ва экинзорларига ишлатибдилар. Ана ўшандай ер, яъни, яхши ердан:
«Бошқаси ўша нарсага эътибор бермаган кишига ўхшайди».
Яъни, сувни қабул қилмай ўзида тутиб турган ер Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ила юборган нарса – ҳидоят ва илмга эътибор бермаган кишига ўхшайди. Булар илмига амал қилмаган кишилардир. Улар худди қаттиқ ер сувни тутиб қолгандек, илмни тутиб қоладилар. Аммо ўша қаттиқ ер ўзи тутиб турган сувдан ўзи фойдаланмаганидек, булар ҳам ўзларига берилган ҳидоят ва илмдан ўзлари фойда олмайдилар. Лекин сувни тутиб турган ердаги сувни ичган, ҳайвонларини суғорган ва экинига ишлатганларга ўхшаб, илмига амал қилмаган одамдан илм ўрганиб, амал қилганлар фойда оладилар.
3. «Ернинг баъзи жойлари силлиқ экан. Сув тутмас ва экин ҳам ўстирмас экан».
Ўзига тушган ёмғирдан ўзи ҳам фойда олмас, ўзгаларга ҳам фойда бермас экан. Бу:
«Яна бири эса, мен ила юборилган Аллоҳнинг ҳидоятини қабул қилмаган одамга ўхшайди».
Яъни, Ислом ҳидояти ва илмини қабул қилмаган кофирга ўхшайди. Ўзи ҳам баҳра олмайди, ўзгага ҳам бермайди.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Баъзи маъноларни англатиш учун ҳаётий воқеъликдан мисол келтиришнинг яхшилиги.
2. Кишилар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ томонидан юборилган ҳидоят ва илмга нисбатан худди ернинг турли бўлаклари ўзига тушган ёмғир сувини қабул қилишга турлича муносабатда бўлганидек ҳар хил муносабатда бўлишлари.
3. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга берилган ҳидоят ва илмдан кўпроқ олиб, бошқаларга ҳам етказишга тарғиб.
4. Билган илмга амал қилмасликдан қайтариш.
5. Ҳидоят ва илмдан бебаҳра қолишдан қайтариш.
Ҳаётимизда бу ҳадиси шарифга қатъиян амал қилишимиз лозим. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ томонидан берилган ҳидоят ва илмдан қанча кўпроқ олишга эришсак, ўша ўзимиз қабул қилиб олган ҳидоят ва илмни шунча кўпроқ бошқаларга етказишга ҳаракат қилмоғимиз лозим. Шу билан бирга, ўша ўзимиз қабул қилиб олган ҳидоятда собитқадам бўлиб, ўрганган илмимизга амал қилмоғимиз керак. Зинҳор ва зинҳор Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга берилган ҳидоят ва илмни қабул қилмайдиганлардан бўлиб қолмайлик! Ана шунда икки дунё саодатига, иншааллоҳ, эришамиз!
Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сенинг иршодинг ила бир кишини ҳидоят қилмоғи сен учун қизил туялардан кўра яхшироқдир», дедилар.
Учовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Аввало, ҳадиснинг ровийлари Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳу билан танишиб олайлик:
Саҳоба Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳу ансорийлардан, Хазраж қабиласидан эдилар. Бу кишининг аввалги исмлари Ҳузн эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саҳл деб алмаштирдилар.
Саҳл ибн Саъд ҳаммаси бўлиб, 188 та ҳадис ривоят қилганлар. Бу зотдан Абу Ҳурайра, Саъд ибн Мусаййиб аз-Зуҳрий, Абу Ҳозим, ўғиллари Аббос ибн Саҳллар ривоят қилишди.
Бу зот ҳижратнинг 91-санасидаа 100 ёшларида Мадинада вафот этдилар.
Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кишиларга дин аҳкомларини ўргатиш, уларни ҳидоятга бошлаш нақадар савобли ва улуғ иш эканини баён қилмоқдалар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадисни ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга у кишини Ҳайбарга юбораётиб айтганлар.
Маълумки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар қандай нарсага қасам ичавермайдилар. Аммо бу ҳадисда кўтарилаётган масала ўта муҳим бўлгани учун уни «Аллоҳга қасамки», деб бошлаганлар.
«Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сенинг иршодинг ила бир кишини ҳидоят қилмоғи сен учун қизил туялардан кўра яхшироқдир».
Арабларда ўша пайтда энг гўзал ва мўътабар мулк – айни етилиб, қизғиш тусга кирган туя ҳисобланган. Бу билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Алига: «Эй Али, сенинг бир одамни ҳидоятга киришига сабаб бўлганинг энг яхши мулк бўлмиш қизил туяларни садақа қилганингдан яхшироқдир», демоқдалар.
Кишиларни ҳидоятга бошлаш, уларга илм ўргатиш Ислом динида энг улуғ ишлардан экани китобнинг аввалидан айтиб келинмоқда. Бу ҳадиси шарифдан эса бир инсонга илм ўргатиб, билмаган нарсасини билдириб, хатосини тўғрилаб, уни тўғри йўлга иршод қилиб қўйиш қанчалар савоб эканини билиб олмоқдамиз.
Ҳозирги ҳаётимизда бу ҳадисга амал қилишга жуда-жуда муҳтожмиз. Чунки бугунги кунда Исломдан анча узоқлашиб кетганмиз. Дунёдаги қанчадан-қанча одамларга Ислом ҳидоятини етказиш керак. Ҳатто ўзини мусулмон санаб юрганлар ичида ҳам ҳақиқий ҳидоят йўлига тушмаганлар қанча!
Юқоридаги ҳадиси шариф ана шундай кишиларни тўғри йўлга солишга чорламоқда. Чиндан ҳам Исломдан бехабар юрган бир кишини иршод қилиб, ҳидоят йўлига киритиш қанчалик улуғ савоб!
Мусулмонман, деб калимаи шаҳодатни айта олмай юрган одамга калимаи шаҳодатни ўргатиш, намоз ўқимай юрган бетавфиқ одамни иршод қилиб, намоз ўқийдиган бўлиб қолишига сабаб бўлиш қанчалик савоб!
Динимизнинг бошқа кўрсатмаларига амал қилмай юрган бир кишини тўғри йўлга тушиб олишига сабаб бўлиш ҳар қандай хайри садақадан кўра афзалдир. Ароқ ичиб, зино қилиб, ўғрилик, қаллоблик ёхуд иғво-бўҳтон билан машғул бўлиб юрганларни бу ёмонликлардан қайтаришга сабаб бўлиш қанчалик улуғ савоб!
Бу бир кишининг Аллоҳ ҳидоятига келишига сабабчи бўлганга ваъда қилинаётган савоблар. Бир киши эмас, ўн, юз, минг ва ундан кўп кишиларнинг ҳидоят топишига сабабчи бўлиш савоби қанчалар эканини тасаввур этаверинг!
Шунинг учун ҳам ушбу ҳадис ва унинг руҳини яхши тушунган, унга амал қилган аввалги мусулмонларнинг ҳар бирлари Исломнинг даъватчиси бўлганлар. Жонкуяр мусулмон албатта салла-чопон кийиб, «мулла» деган ном олган бўлиши шарт эмас. Мусулмонларнинг ҳаммалари даъватчи бўлишлари керак. Баъзи вақтларда муллалардан кўра оддий мусулмонларнинг даъвати таъсирлироқ чиқади. Масалан, мусулмон табиб ўз тажрибаси асосида, тибдаги илоҳий мўъжизаларни далил қилиб, кишиларни Исломга чақирса, қанчалар таъсирли!
Шунга ўхшаб, бошқа соҳаларнинг одамлари ҳам динини, ўз соҳасини мукаммал ўрганиб, кишиларни Ислом дини ҳукмларига амал қилишга чақирмоқлари лозим. Ана ўшанда ўз бурчимизни адо этган бўламиз.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фақат икки нарсадан бошқада ҳасад йўқ. (Биринчиси) Аллоҳ бир одамга молу дунё берсаю, у ўшани тўғри йўлда сарф қилса, (иккинчиси) Аллоҳ бир одамга илм берсаю, у ўша илми ила ҳукм чиқарса ва таълим берса», дедилар».
Икки Шайх ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадиснинг ровийлари Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишмиз.
«Ҳасад» аслида бошқага берилган неъматнинг заволини орзу қилишни англатади. Бу гуноҳ ҳисобланади. Гоҳида «ҳасад» сўзи «ҳавас қилиш» маъносида ҳам келади. Яъни, бошқа кишига берилган неъматни кўриб, уни ўзида ҳам бўлишини орзу қилиш маъносида ҳам ишлатилади. Бунга араблар «ғибта», дейдилар. Ушбу ҳадиси шарифдаги «ҳасад» сўзи ана ўша ғибта – ҳавас қилиш маъносида келган.
Демак, фақат икки нарсадагина бировга берилган неъматни кўриб туриб, ўзига ҳам ўшандай неъмат берилишини орзу қилиш мумкин.
«(Биринчиси) Аллоҳ бир одамга молу дунё берсаю, у ўшани тўғри йўлда сарф қилса».
Яъни, «менга ҳам Аллоҳ шу одамга бергандай молу дунё ато қилганида мен ҳам шу одамга ўхшаб уни яхшилик йўлида сарф қилар эдим», деб ҳавас қилса бўлади.
«(Иккинчиси) Аллоҳ бир одамга илм берсаю, у ўша илми ила ҳукм чиқарса ва таълим берса».
Ўша одамга ҳам бошқа мусулмонлар ҳавас қилса бўлади. Илм билан ҳукм чиқариш ўша илм тақозо этган нарсага ўзи амал қилиш ва одамларни ҳам шунга чақиришдан иборатдир.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Молу дунёни тўғри йўлда сарфлашга тарғиб.
2. Молу дунёси йўқ кишилар ҳам агар молу дунёси бўлса, яхшилик йўлида сарфлашни орзу қилишларига тарғиб.
3. Илмга амал қилиб, уни одамларга ўргатишга амр.
4. Бошқаларни ҳам илм олиш, унга амал қилиб, бошқаларга ўргатишга тарғиб.
Ҳаётимизда бу ҳадисга амал қилишга ниҳоятда муҳтож эканимизни айтиб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак.
Ҳозирги кунда молу дунёси борларимиз уни Аллоҳ таолонинг розилиги учун сарфламайдилар. Аксинча, кўпроқ Аллоҳ таолонинг ғазабини келтирадиган ишларга ишлатадилар. Ваҳоланки, мулкдор, бадавлат кишиларимиз бундан тийилишлари, Аллоҳ берган молу дунёни Аллоҳ таоло рози бўладиган савоб ишларга сарфлашлари керак.
Ортиқча молу дунёси йўқларимиз эса, мулкдорларга ёмон маънодаги ҳасад кўзи билан қараймиз. «Нима учун менда йўқ молу дунё унда бўлиши керак?», деган ҳасад билан куйиб-ёнамиз. Фақат ҳасад ўтида ёнибгина қолмай, ўша биродаримизнинг молу дунёси завол топишини соғинамиз.
Аслида эса бадавлат одамга ҳасад эмас, ҳавас қилишимиз керак. «Кўз тегмасин фалончига, Аллоҳ таоло молу дунё неъматини керагича берибди, ўзига буюрсин! Аллоҳ таоло бизга ҳам унга берганидек молу дунё ато этса, биз ҳам яхши, ҳалол-пок, савоб йўлларга сарф қилишимизни насиб этсин», дейдиган бўлишимиз керак.
Ҳозирги кунда илмлиларимиз ўзи жуда ҳам кам. Илми борлар ичида эса, илмига амал қиладиганлари ундан ҳам кам. Илмсизларимиз эса жуда ҳам кўп. Илмлиларга ҳасад қилиб, уларга душманлик қиладиганларимиз эса бундан ҳам етарли.
Бу ҳолда ҳеч қачон яхшиликка эриша олмаймиз. Агар унга эришмоқчи бўлсак, худди ушбу ҳадисда иршод қилинганидек, ҳаммамиз илмга уриниб, олим бўлишга ҳаракат қилишимиз керак. Аллоҳ илм берганлар ўзига берилган илмга амал қилишлари, бошқаларга таълим беришлари ва ўша илмга амал қилишни уларга ҳам тайинлашлари керак. Илми йўқларимиз эса, илмлиларга ҳавас ва эҳтиром назари билан қараб, «Аллоҳ бизга ҳам илм берса, унга амал қилиб, бошқаларга ўргатсак эди», дейишлари зарур.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Биздан бир нарсани эшитиб, уни худди эшитганидек қилиб етказган одамни Аллоҳ ёрлақасин, бас, баъзи етказилган одам эшитувчидан кўра англовчироқдир», дедилар».
Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадисни ҳам Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилмоқдалар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларидан эшитилган илмни худди эшитгандек қилиб бошқаларга етказишга тарғиб қилмоқдалар ва ортидан ана шу етказиш туфайли келадиган фойдалардан бирини эслатиб қўймоқдалар. Эшитганлар қандай эшитса шундай қилиб етказиб қўйсалар, ўша етказилган одамлар ичидан ўша нарсани бевосита эшитган одамдан ҳам кўра чуқурроқ англаб етадиган кишилар етишиб чиқишини башорат қилмоқдалар.
Шунинг учун ҳам саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қандоқ эшитсалар шундоқ ривоят қилганлар. Ривоятда бирор нарсани ўзгартмаганлар. Агар баъзи бир изоҳ учун айтилган қўшимча сўз ёки ҳаракатлар бўлса, уларни алоҳида айтиб, қўшимча эканини билдириб қўйганлар. Баъзи бир сўзларни аниқ эшита олмаган бўлсалар, уни ҳам таъкидлаб қўйганлар. Бу руҳ саҳобалардан кейинги тобеъинлар авлодига ҳам ўтган. Шундоқ қилиб, бу нарса авлоддан-авлодга ўтиб, китобларга битилиб бизгача етиб келган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларидан бир нарсани эшитиб, худди эшитгандек қилиб бошқаларга етказган одамни «Аллоҳ ёрлақасин!» деб дуо қилмоқдалар. Яъни, Аллоҳ унинг юзини ёруғ, кўринишини гўзал қилсин, демоқдалар. Бу сўзлари икки дунёимизга ҳам тегишлидир. Мусулмонлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини оғизларидан чиққан ҳолида авлоддан-авлодга етказиб келаётганлари шу сабабдандир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган нарсани худди эшитгандек қилиб етказиш ўта аҳамиятлидир. Чунки Пайғамбаримиздан эшитиладиган нарса Қуръон оятлари ёки ҳадис бўлади.
Қуръоннинг бир ҳарфини, нуқтасини ўзгартириш улкан гуноҳ экани ҳаммага маълум. Чунки у илоҳий дастур, унинг лафзи ҳам мўъжизадир. Агар Қуръонни бир нуқтаси бузилса, илоҳий дастур бузилади, ундан чиқариладиган ҳукм ўзгаради, унинг мўъжизалигига путур етади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитиладиган иккинчи нарса эса ҳадисдир. Ҳадис – Ислом шариатининг Қуръондан кейинги иккинчи масдари. Қуръон Аллоҳнинг каломи бўлса, ҳадис маъноси Аллоҳники, лафзи Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламники бўлган каломдир. Худди Қуръони карим сингари ҳадиси шарифдан ҳам шаръий ҳукмлар чиқарилади. Агар ҳадиснинг бирор ҳарфи ўзгариб қолса, мазкур нарсаларга путур етиши турган гап.
Иккинчидан, ҳадислардан жуда кенг маънолар, баъзи бир ҳолларда эса кейинчалик тўла кашф этиладиган маънолар ҳам чиқади. Агар ҳадис эшитилгандек ривоят қилинмаса, эшитувчи шахс ўзи тушунган маънони ривоят қилса, унда ҳам путур етади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Баъзи етказиладиган одам эшитувчидан кўра англовчироқдир» деганларининг ҳикмати ҳам шунда!
Бир ҳадисни эшитган саҳобий уни ўз замони ва шароитига биноан тушунса, кейин етказилган одам ўз замони ва шароити, юз берган ўзгаришлар, илмий кашфиётлар асосида бошқача, кенгроқ тушуниши мумкин.
Айниқса, ҳозирги кунимизга келиб, бу нарса жуда ҳам равшан кўзга кўринмоқда. Шу боис, ҳадиси шарифлардаги сир-асрорларни, мўъжизаларни ўрганиш бўйича алоҳида илмий текшириш ва тадқиқот ташкилотлари ҳам тузилган.
Шу билан бирга, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ўша вақт-ўша шароитда, ўша жамиятда бўлмаган нарсалар билан бир қаторда келажакда бўладиган нарсалар ҳам келган. Бу нарса ҳам ҳадисларни қандоқ эшитилган бўлса, шундоқлигича ривоят қилишни тақозо этади.
Ўтган ҳадис шарҳларининг бирида айтилганидек, уламоларимиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Баъзи етказилган одам етказувчидан кўра англовчироқдир», деганлари кейинги авлод мусулмонлари ичидан оз бўлса ҳам ўта яхши фикрловчи, англовчи кишилар чиқишига ишорадир, деганлар.
Хулоса қилиб айтганимизда, бу ҳадисда икки нарсага алоҳида эътибор берилмоқда:
1. Ўзи билган илмни ўзгаларга етказиш зарурлиги.
2. Бировдан эшитган нарсани эшитганидек қилиб етказиш.
Биз ҳаётимизда бу икки нарсага ҳам жуда муҳтожмиз. Илмни бошқаларга етказишга бўлган эҳтиёжимиз ҳақида кўп гапирдик. Бировдан эшитган нарсани бузмасдан худди ўзидек қилиб бошқаларга етказиш ҳам жуда аҳамиятлидир. Чунки бировдан эшитган нарсани ўзидек қилиб етказмаслик омонатга хиёнатдир, ёлғончилик ва бўҳтондир. Бу иш кўплаб тушунмовчиликларга, баҳсларга сабаб бўлади. Айниқса, шариатга тегишли нарсада ҳалолни ҳаромга, ҳаромни ҳалолга, савобни гуноҳга, гуноҳни савобга аралаштириб юбориш мумкин.
Шунинг учун ҳам ҳар бир эшитган гапни бошқаларга етказаётганда ўта ҳушёр бўлиш керак. Бир сўзни ҳам, ҳатто оҳангни ҳам бузмасдан нақл қилиш талаб этилади.
«Бошқа бир ривоятда: «Биздан бир ҳадисни эшитиб, уни ёдлаб олиб етказган одамни Аллоҳ ёрлақасин. Бас, баъзи фиқҳни олиб юрувчи ўзидан кўра фақиҳроққа (етказади) ва баъзи фиқҳни олиб юрувчи фақиҳ эмасдир», деганлар».
Шарҳ: Ушбу ҳадиснинг маъноси бошқача лафзлар билан ҳам ривоят қилинган экан. Аввалги ривоятда:
«Биздан бир нарсани эшитиб», дейилган бўлса, бу ривоятда:
«Биздан бир ҳадисни эшитиб», деб эшитилган нарса ҳадис экани очиқ-ойдин айтилган экан.
Аввалги ривоятда:
«Баъзи етказилган одам эшитувчидан кўра англовчироқдир», дейилган бўлса, бу ривоятда:
«Баъзи фиқҳни олиб юрувчи ўзидан кўра фақиҳроққа (етказади)», дейилмоқда.
Демак, фиқҳни – ҳадисни олиб юрувчи бор экан, ундан кўра фақиҳроқ – ҳадиснинг маъноларини дақиқ жойларигача тушунувчи ҳам бор. Ҳадисни эшитиб, уни ёдлаб олган одам уни олиб юрувчи шахс бўлар экан. Унинг маъносини дақиқ жойларигача тушунувчи эса фақиҳдейилади.
Ҳадисни ёдлаб юрган одам унинг маъносини, ундан ҳукм чиқаришни билмаса ҳам, илмни кўтариб юрувчи шахс ҳисобланиб, ундан ўша ёдлаб олинган ҳадис олинаверади. У одам қилган хизматига яраша савоб олаверади.
Лекин ундан қабул қилиб олган одам илмли бўлиб, ҳадисдан фиқҳий ҳукмларни чиқарувчи фақиҳ бўлиши мумкин. Ҳадис тарихига кўз ташласак, бу ҳикмат очиқ-ойдин кўринади.
Абу Масъуд ал-Бадрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши келиб, уловсиз қолганини айтиб, улов сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фалончининг олдига бор», дедилар.
Бас, унинг олдига борди ва у улов берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким бир яхшиликка далолат қилса, унга ажр берилади», дедилар».
Тўртовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шариф Абу Масъуд ал-Бадрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда. Аввал у киши билан яқиндан танишиб олайлик:
Абу Масъуд кунияси билан машҳур бу саҳобанинг исмлари Уқба ибн Амр ал-Бадрийдир. Мадинадан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилиш учун келган, иккинчи Ақоба байъатида иштирок этган, Бадр, Уҳуд ва бошқа ғазотларда қатнашган улуғ саҳобалардан эдилар. Бу зот Али розияллоҳу анҳунинг энг яқин кишиларидан эдилар. Али розияллоҳу анҳу Сиффин жангига кетаётганларида бу кишини Куфага амир қилиб қолдирганлар.
Абу Масъуд ал-Бадрий ҳаммаси бўлиб, 102 та ҳадис ривоят қилганлар. Бу кишидан Абдуллоҳ ибн Язид, Абу Воил, Алқама, Масруқ ва бошқалар ривоят қилишди. Бу зот ҳижратнинг 40-санасида Куфада вафот этдилар.
Муаллиф раҳматуллоҳи алайҳининг ушбу ҳадисни илмни етказиш вожиблиги ва унинг фазли ҳақидаги бобда келтиришлари кишиларга илмни етказиш яхшиликка далолат эканидандир. Яъни, бир одам бошқаларга илм ўргатса, яхшиликка далолат қилган бўлади. Ундан илм ўрганган одамлар қандай амал қилиб савоб олсалар, ўргатган устоз ҳам улар олган савоб миқдорида савоб олади.
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши келиб, уловсиз қолганини айтиб, улов сўради».
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларида унга бериладиган улов йўқ экан, фалончининг олдига боргин, сенга улов берса ажаб эмас, деган маънода гап қилдилар. Ҳалиги улов сўраган одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зикр қилган одамга борган эди, у улов берди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким бир яхшиликка далолат қилса, унга ажр берилади», дедилар.
Бу ерда яхшиликка далолат қилувчи – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, яхшиликни қилувчи – улов берган одам. Улов берган одам қанчалик ажрга эга бўлса, уни бу яхшиликка далолат қилган зот Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам шунча ажр берилади.
Эҳтимол, бизда яхшиликка далолат қилиш яхши иш, деган тушунча бордир. Аммо бу ҳадиси шарифда баён қилинган руҳ йўқ. Агар бу ҳадисдаги руҳдан бир оз бўлганида эди, ичимизда яхшиликка далолат қилмайдиган одам қолмас эди.
Исломнинг яхшилик тарафдори эканини қаранг. Ният бобида яхшиликни ният қилган одамга уни қилмасидан олдин савоб ёзилиши айтилган эди. Бу ерда яхшиликни ният қилмаса ҳам, бошқа кишини яхшиликка далолат қилгани учун худди ўша яхшиликни қилувчидек савоб олиши айтилмоқда.
Бу эса сиз билан бизнинг доимо яхшиликка даъват қилувчилардан бўлишимизни тақозо қилади. Қаранг, динсиз, диёнатсиз, иймонсиз одамга калимаи шаҳодатни ўргатиб, уни иймонга далолат қилган одам қанчалар савобга эга бўлади?! Бир одам мўмин-мусулмон бўлиб қанча савоб топса, у ҳам ўшанча савобга эга бўлади! Бетавфиқ бўлиб, намоз ўқимай юрган одамни намозга далолат қилган одам ўша намозга кирган одам умр бўйи намоз ўқиб қанча савоб олса, шунча савобга эга бўлар экан. Бошқа ибодат ва яхшилик ишларга далолат қилишни ҳам шунга қиёс қилавериш мумкин.
Шунинг учун илм ўрганиш, бошқаларга илмини ўргатиш ўта савобли иш ҳисобланади. Бу хайрли иш орқали ҳеч ким эриша олмайдиган улкан савобларга эришиш мумкин.
Имом Байҳақий ва Абу Яълолар Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизларга сахийлар сахийсининг хабарини берайми? Сахийларнинг сахийси Аллоҳдир. Мен одам боласининг энг сахийсиман. Мендан кейин сиздан энг сахийингиз, илм ўрганиб, илмини тарқатган одамдир. У қиёмат куни ёлғиз ўзи бир уммат бўлган ҳолида тирилтирилади. Ва жонини Аллоҳнинг йўлида сахийлик билан тутган кишидир», деганлар.
Бу ҳадисда уламолар сахийликда Аллоҳнинг йўлида жонини ҳам қизғанмаган шаҳидлардан ҳам сахийроқ қилиб васф этилмоқдалар.
Имом Ибн Можа Абу Зарр ал-ўифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй Абу Зарр! Эрталаб туриб Аллоҳнинг китобидан бир оят ўрганмоғинг сен учун юз ракат (нафл) намоз ўқиганингдан яхшироқдир. Эрталаб туриб амал қилингану қилинмаган илмдан бир боб ўқимоғинг сен учун минг ракат (нафл) намоз ўқиганингдан яхшироқдир», деганлар.
Шунчалик тарғиботдан кейин ҳам илмга қизиқмайдиган одам қолиши мумкинми?
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (роҳимаҳуллоҳ)
"Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан, 3-жуз