Бу саволга Ислом уммати салкам ўн беш асрдан буён бир овоздан «Исломининг мақсадлари динни, жонни, ақлни, наслни ва молни асрашдан иборат», деб жавоб бериб келмоқда.
Инсоннинг бахту саодатига оид барча бугунги кунда кўтарилаётган масалалар мана шу беш муҳим нарса – дин, жон, ақл, насл ва молни асраш, муҳофаза қилиш иши билан боғлиқдир.
Ислом кишиларни бирор ишга буюрган бўлса, ушбу беш нарсани асраш учун буюргандир.
Ислом кишиларни бирор нарсадан қайтарган бўлса, ушбу беш нарсани муҳофаза қилиш учун қайтаргандир.
Имом Ғаззолий ўзларининг «Ал-Мустасфо» номли усулул фиқҳ илмига оид китобларида шундай дейдилар:
«Шариатнинг инсонни яратишдан кўзлаган мақсадлари бешта бўлиб, у халойиқнинг динини, жонини, ақлини, наслини ва молини муҳофаза қилади. Ушбу беш аслнинг муҳофазасини ўз ичига олган ҳар бир нарса маслаҳа – манфаатдир. Бу бешликка зарар етказадиган ҳар бир нарса мафсада – бузуқликдир. Ана шу зарарни даф қилиш ҳам маслаҳа, яъни манфаатдир».
Мақсади шундай олий даражада бўлган тузумгина инсон бахтини етарли даражада таъминлай олиши мумкин.
Ислом ана ўша олий мақсадни амалга оширган, йўлга қўйган ва улар билан инсонларни манфаатлантирган. Бу улкан ҳақиқатга тарих шоҳид, кўҳна инсоният шоҳид.
Ўз-ўзидан «Инсониятни тўла-тўкис бахт-саодатга йўллайдиган илоҳий таълимотлар тўплами бўлмиш Ислом динининг асослари нималардан иборат?» деган савол пайдо бўлиши табиий.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ
“Мукаммал саодат дастури” китобидан