close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Сафларни булғаган ва зафарни бекор қилган ғовлар

Ўзи буюк ва исмлари муборакли бўлган Аллоҳ таоло айтди: «Мен Қиёмат Кунига қасам ичурман. Ва Мен маломатгўй нафсга қасам ичурманки ...» (Қиёмат: 1, 2).

Мазку оятдаги ((لاَ)) ҳарфи қасамни таъкидлайди. Қасамда «маломатгўй нафс» билан «Қиёмат»ни боғлаб келтириш, ҳар иккисининг ҳам азамати ва ўрни бир–бирига яқин эканини ифодаламоқда. Маломатгўй нафс инсон бошига келадиган қалб касалликлари ва нафс офатларига қарши иммунитет узвидир. «Ушбу маломатгўй, ҳушёр, тақводор, Аллоҳ таолодан қўрққан, ўзини сарҳисоб қиладиган, атрофини кузатадиган ва ҳавосининг ҳақиқатини текширадиган ва ўзини алданиб қолишдан огоҳлантирувчи нафс, Аллоҳнинг ҳузурида бебаҳо нафсдир» («Қуръон сояларида» 6/3768).
Яхшилик ва ёмонликдан огоҳлантирган ушбу нафс ўзини сарҳисоб қилиб, дашном бериб турадиган шахснинг ёки даъват учун уюшган жамоатнинг ёки жамоат аъзоларидан бирининг жамоатга насиҳат қилган, жамоат йўналишини тўғрилаб турадиган виждони бўлиши мумкин. Бундай пайтда, жамоат даъватини тўғриламоқчи бўлган ёки ғоясига етиши учун рағбат ўлароқ насиҳат қилган одамга шубҳа кўзи билан қарамаслик керак.
«Даъват қайта–қайта текшириш, тузатиш ва йўллашга ўта муҳтож бўлади. Бунинг оқибатида давъатнинг ўз манҳажи ва воситаларини тузатиб олиши, даъватчиларда меъёрдан ортган хусусият ва шахсий ғовлардан узоқ «ўз–ўзини танқид қилиш» маданиятини ёйиш айб ҳисобланмайди. Аксинча, даъват ўз мақсадига шаръий шартлари тўкис бўлган ушбу вазифани бажариш билангина етиши мумкин».
Ушбу шахсий маломат ёки танқид, Уммат салафининг ўз қўмондонлари билан қилган услубидир. Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳунайн жанггида катта ўлжани қўлга киритгач, Исломга янги мойил бўлган одамларга кўпроқ улуш бергани боис, ансорларга озроқ улуш тегди. Ансорлар бу ишдан ўзаро норозо бўлдилар ва улардан бири: Аллоҳ номига онт ичиб айтаманки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз қавмини топиб олди!,– деди. Саъд ибн Убода разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига бориб: Ё Расулуллоҳ, ансорларнинг ушбу маҳалласи ичларида сиздан норози бўлишди!,– деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Саъд, сен бу ишнинг қаеридасан?»,– деб савол берганида Саъд разияллоҳу анҳу: Мен ҳам қавмимнинг биттасиман!,– деб жавоб берди (Имом Аҳмад 11753).
Демак, етакчи раҳбарлар билан ҳам ошкора ва дадил бўлиш шарт. Саъд ибн Убода разияллоҳу анҳу ўз қўмондони ва муаллими бўлган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўз фикрини ошкора айтди. У, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Саъд, сен бу ишнинг қаеридасан?»,– деб савол берганида: Мен ҳам қавмимнинг биттасиман!,– деб мақсадини ифодалаган очиқ гапни айтди. Яъни, қавмимнинг гапи менинг гапимдир.
Саъд разияллоҳу анҳу қўмондони ва муаллимига «менга аччиқланмасин» ёки «индамасам, ёнидаги катта мақомларга эришишим мумкин», дея хушомад қилмади. Чунки, дин – самимийликдир. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Саъд разияллоҳу анҳуга қуллар тарбиясини эмас, қўмондонлар тарбиясини бердилар. «Бундай мақтовга лойиқ сифат ва хусусиятларни камдан кам шогирдлар ва издошлар ўзлаштирганидек, уни камдан кам қўмондонлар қабул қилади».
Хатоларни тузатиш ёки ўз–ўзини танқид қилишнинг бундай ошкора сурати даъватни, кўпинча, нусрат кечикишининг асосий омилларидан бири бўлган ҳақиқат ва нафсу ҳаво қоришмаси туфайли вайрон қилгувчи ташқи омиллардан кўра кучлироқ бўлган ички омиллардан ҳимоя қилади... Бу (жамоат) ичидаги хатоларни тузатишдаги ошкоралик, Қуръон Каримнинг биринчи (саҳобалар) авлод(и)ни тарбиялашдаги услуби бўлган. Фурқон куни лутф этилгач саҳобалар ўртасида фарқли фикрлар пайдо бўлиши биланоқ Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди:
«Бас, Аллоҳдан қўрқингиз ва ўз ораларингизни ўнглангиз! Агар мўмин бўлсангизлар, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига бўйсунингиз!» (Анфол: 1). Оят баъзи одамлар учун оғир ботиши мумкин. Лекин, хатолар урчимаслиги учун бу пайтда мусулмон бирлик ушбу ошкораликни татбиқ қилишга эҳтиёжманддир.
Аллоҳ таоло Уҳуд жанггида мўъминларга зафарни ваъда қилди. Лекин, улар мағлубиятга учрашди. Бунинг сабаби эса жамоат ичидаги омиллар эди. Қуръон Ҳаким оятлари мағлубият сабаби ва ғалабанинг кечикиш омилларини очиқ баён қилиб нозил бўлди. Ўша сара мусулмонлар жамоати ҳисобланган мўъминларга тилёғламалик қилинмади, аксинча, Аллоҳ таоло: «(Эй мўминлар), агар сизларга (Ухудда душман томонидан) бир мусибат етса — ҳолбуки, сизлар (Бадр жангида) унга икки баробар мусибат етказган эдингиз — «Бу бало қайдан келди?» — дейсизми?! (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), уларга: «Бу мусибат — мағлубият ўз қилмишларингиздан», деб айтинг! Албатта Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир» деди (Оли Имрон: 165). Ушбу оят инкор, танбиҳ ва дашном ифодаларини ўз ичига олиб, ғалабанинг устиворлик ва фидоийликка шарт қилинганини баён қилди (Қосимий тафсири).
Ҳунайн жанггида эса куч ва кўпсонлиликка ишониш, рўй берган ҳодисаларнинг омили эканини билдириб оятлар нозил бўлди:
«Аллоҳ сизларни кўп ўринларда ғолиб қилди. Ҳунайн (Макка билан Тоиф ўртасидаги бир водий) кунини (эсланглар)! Ўшанда сизларни кўп эканлигингиз мағрур қилиб қўйган эди, аммо у (яъни, саноғингизнинг кўплиги) сизларни ҳеч нарсадан беҳожат қила олмади (қутқариб олмади) ва сизларга кенг ер торлик қилиб қолди, сўнг юз ўгирган ҳолингизда чекиндингиз!» (Тавба: 25)
Бундан бошқа оятлар ҳам борки, ҳозир уларни келтириш пайти эмас.
Агар юқоридаги оятлар ҳақида чуқурроқ ўйлаб кўрсак, уларнинг жамоат аъзоларининг хатоларини муолажа қилганига гувоҳ бўламиз. Кўпинча, одамлар қўмондон (раҳбар)ларнинг хатоларини сезишади, бироқ, раҳбарларнинг хатоларига асосий омил бўлиши мумкин бўлган сафнинг ичи ва уларга эргашаётганларнинг офатларидан кўз юмадилар. Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ бу ҳақда: Амалларинингизнинг сабабчиси, ишчиларингиздир!, деганини унутмаслигимиз керак.
Бундан ташқари қўмондон (раҳбар)ларнинг хатоларини тузатиш учун одамнинг фиқҳи – билими бўлиши керак. Масалан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «(Золим ва фосиқ бўлмаган) раҳбарларнинг (қилган оддий хатоларини) кечиринглар!»– деганлар (Ибн Ҳиббон 94). Бундан ташқари, у қилган хато фақатгина хато бўлиб қолмай, ижтиҳоди туфайли қилинган хато бўлиши ҳам мумкин. Шуни ҳам инобатга олишимиз керакки, қўмондон (раҳбар)ларга ҳамма ҳам насиҳат қилишга қодир эмасдир.
Диққат билан ҳозирги фарқли йўналишлардаги исломий уйғониш кўринишига назар ташлаган одам, бу ҳаракатларнинг барча босқичларида ошкора бўлган касалликнинг кўплаб симптомларини кўради. Исломий уйғониш – Умматнинг пешвоси, унда содир бўлаётган ўзгаришларнинг пойдеворидир. Салаф солиҳ таълимотлари асосида олиб борилаётган ҳаракатлар эса, ҳозирги исломий уйғонишнинг устуни ва кучли пойдеворидир. Шунинг учун ушбу муборак даъват, янги исломий жонланиш майдонида оғир юкларни кўтариб, ўз аъзолари ва аҳлларига шу масъулиятларни кўтара оладиган даражада ҳозирлик кўришларини талаб қилмоқда.
Бироқ, даъватнинг муҳим майдонларидан бирига билим, тарбия ва сулук нуқтаи назаридан талаб қилинган даражада бўлмаган кимсалар ҳам кириб, даъватга мансуб бўлмоқдалар. Улар гоҳида даъват денгизида даъватнинг олий мақсадларига салбий таъсир кўрсатиб, хато ва мулоҳазаларга йўл қўймоқдалар. Кўпчиликда исломий тўкис тарбиянинг йўқлиги, исломий дастур ҳаракатларига тўсиқ бўлмоқда. Шу боис биз сифат ҳисоби зарарига одамлар сонининг кўпайиши ёки мансабларни қўлга киритишга аҳамият бермаслигимиз керак. Манҳажни билмай, нафсларни ислоҳ қилмай ва уларни қалб офатларидан қутқармай, Аллоҳга унсият пайдо қилмай туриб, жамоат аъзоларида ҳаракатдаги маҳоратларни ривожлантиришга ҳам аҳамият бермаслигимиз керак. Даъват барча эътиборини, Ибн Жарир раҳимаҳуллоҳ: «Раббоний бандалар – одамларнинг фиқҳ, билим, дин ва дунё ишларидаги устунлари» деб назарда тутган раббоний бандаларни тарбиялашга қаратиши керак.
Исломий уйғониш аъзоларининг бағритошлиги, қўполлиги, пуч сулуклиги, ибодатларга сон ва сифат нуқтаи назаридан лоқайдлигини кўриб кўзларидан ёш қуядиган, хушуъ қалб, юмшоқ кўнгил раббонийлар қаерда?!
Даъват майдонида ҳаракат қилаётган мўъминлар бошига келаётган офат ва касалликларнинг кўпини, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадиси ўз ичига олган: «Яхшиликка буюринглар ва гуноҳдан тийилинглар. Агар раҳбарга айланган қурумсоқлик, эргашилган нафсу ҳаво, афзал кўрилган дунё ва фикрли одамнинг ўз фикри билан керилаётганини кўрсангиз, ўзингизни (ислоҳ қилинг), омиларни қўйинг. Чунки ортингизда сабр кунлари бор. У кунларда сабр қилиш, қўлда чўғни ушлашга менгзайди. Улар ичидан амал қилганларга ўзидек амал қилганларнинг элликтасининг савоби бўлади». – Ё Расулуллоҳ, улардан эллик кишинингми ёки бизданми?,– деб сўралганида: «Йўқ, сизлардан эллик кишининг!»– деб жавоб бердилар (Абу Довуд 4343, Термизий 3058).
Анас разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «... ва учта ҳалок қилгувчи нарсалар бор. Улар: раҳбар бўлган қурумсоқлик, эргашилган нафсу ҳаво ва банданинг ўзига бино қўйиши»,– дедилар (Табароний ва Баззор (6491) ривояти).
Ҳадисда қуруқмсоқликни раҳбар қилинган, нафсу ҳавога эргашилган, ҳамманинг ўз фикрига бино қўйган замон – чўғни ушлаш замони эканига ишора бор. «Ушбу тўрт хусусият ўртасида ўзаро боғлиқлик бор. Бинобарин, қалб касалликларида ҳам қурумсоқлик, нафсу ҳавога эргашиш, дунёни афзал кўриш ва кибрнинг бари битта касаллик ҳолатида ўзаро жам бўлганига шоҳид бўласиз. Банда гоҳида биринчи учта касалликдан «соғайиб» кетсада, ўз фикрига бино қўйишдан қутила олмайди. Бу, қалб касалликларининг энг қаттиғи бўлиб, ихтилоф пайтида бошга бало бўлади».
Даъват ишларининг бузилиши, талайгина жойларда тўхтаб қолиши, даъватчилар ўртасида фарқли кўришларнинг пайдо бўлиб, бир–бирларини еб тугатишларининг аоссий омилларидан бири, «ўз фикрига бино қўйиш» (кибр)дир. Алий разияллоҳу анҳу: «Кибр – ақллар офатидир» деган бўлса, Масруқ раҳимаҳуллоҳ: «Ўз амалига бино қўйиши, бандага жоҳиллик нуқтаи назаридан етарлидир»– деган (Жомиъу баяянил илм).
Ўз фикрига бино қўйган одам, қанчалар очиқ бўлмасин, ҳақиқатга эргаша олмайди. Ўз нафсига эргашган ва фикрига бино қўйган одам ўз фикрининг хато эканлигини билса ҳам, ундан воз кечмайди ва ҳаққиқатни тан олмайди. Аксинча, хатосига маҳкам ёпишиб, ундан ҳақиқат тарафга айрилмайди. Нафсга эргашиш, бандани ҳақиқатга «лаббай» дейишдан тўсади. Аллоҳ таоло айтди:
«Энди агар улар сизга жавоб бера олмасалар, бас, билингки улар фақат ҳавойи нафсларигагина эргашурлар. Аллоҳ томонидан ҳидоятланмаган ҳолда ўз ҳавои нафсига эргашган кимсадан ҳам йўлдан озганроқ ким бор?! Албатта Аллоҳ бундай золим қавмни хидоят қилмас» (Қасас: 50).
Алий разияллоҳу анҳу айтди: «Сизлар учун қўрққан нарсам нафсу ҳавога берилиш ва узоқ орзулардир. Нафсу ҳавога эргашиш ҳақиқатдан тўсса, узоқ орзулар охиратни унуттиради».
Гоҳо касаллик даъватчига шахсиятининг соғлом бўлмагани, гоҳо эса нафси билан курашишдан қочиши боис «юқади». Натижада, узоқ орзулар хаёлига берилиб, ўзи ҳақида яхши гумонлар қилиб, фикрига бино қўяди. «Шунинг учун ҳам, ичимиздан бири бошқаларнинг айбини кўрсада, ўзининг айбидан ғафлатда бўлади. Ўз нафси ҳақида яхши фикрда бўлиб, унинг топ–тоза эканини хаёл қилади. Бироқ, бу хаёл ўз ҳалокати эканини унутади. Бу, аста–секин жамоатлар ва халқларга ҳам «юқади». Кўнглимизга бундай алдамчи ишонч ва алдамчи хотиржамлик тури кирдими, мавҳум салоҳият ва бузуқ устиворликка суяниб қоламиз!».
Абу Дардоъ разияллоҳу анҳу айтди: «Одам Аллоҳ йўлида одамларни (қилган гуноҳлари сабабли) ёмон кўриб қолмагунича, сўнгра ўз нафсига боқиб уни улардан кўра қаттиқ ёмон кўрмагунича комил фақиҳ бўла олмайди» (Имом Аҳмад «Зуҳд, Ибн Абу Дунё «Нафс сарҳисоби» китоблари).
Ўзи ва фикрига бино қўйиш у ёқда турсин, ўзи ҳақида чиройли гумонда бўлиш ҳам биз манҳажларини дастур қилиб олган салаф солиҳнинг одатидан эмас. Улар Аллоҳ учун ўз нафсларидан нафратланишар, ҳатто, улардан бири ўзини барча мусулмонлар ичидаги энг ёмони деб ўйлар эди. Муторриф раҳимаҳуллоҳ Арафотда қилган дуосида: «Аллоҳим, мен туфайли одамларни(нг дуоларини) рад қилма!»– деган эди (Ибн Абу Дунё «Нафс сарҳисоби»).
Бакр ибн Абдуллоҳ Музаний раҳимаҳуллоҳ: «Арафотдаги одамларга қараб: Агар мен уларнинг орасида бўлмасам, гуноҳлари кечирилар эди!»– деди (Ибн Абу Дунё «Нафс сарҳисоби»).
Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳ ким эканини яхши биласиз. У жон талвасасида экан Ҳаммод раҳимаҳуллоҳга: «Менга ўхшаган одамнинг жаҳаннамдан қутилишини умид қиласизми?»– деб савол берди (Ибн Абу Дунё «Нафс сарҳисоби»).
Ўз нафсини сарҳисоб қилишни «обрў тўкилиши» деб ўйлаш, хатодир. (Кўп одамлар) пасткаш инсонларнинг журъати ошишидан қўрқиб, ўзларини сарҳисоб қилишга ёндошмайдилар.
Ушбу ўз фикрига бино қўйиш ёки нафс қарашлари ёхуд нафсга қулликни бажо келтириш, кўпинча, амални кўз–кўз қилиш билан боғланади. «Бандага қилган амалида учта офат рўпара келади: фикр ва мулоҳазаси, қилган амалига эваз истаги ва қилган амалидан рози бўлиб, унга хотиржам бўлиши» (Аллома Ибн Қоййим Жавзийя «Мадаарижус сааликийн»).
Бу эса Аллоҳ томон олинган йўлдаги ғовлардан биридир: «Қалб билан Аллоҳ орасида масофа бор. Бу йўлда амалнинг Аллоҳга етиб боришига монеълик қиладиган кибр, мағрурлик, шуҳрат, кўз–кўзчилик ва неъматни унутиш каби қароқчилар мавжуд» (Аллома Ибн Қоййим Жавзийя «Мадаарижус сааликийн»).
Ичимиздаги айрим одамлар даъватни олдин бошлагани, анча йилдан буён даъват ичида экани, қилган ишлари, фидокорликлари билан фахрланишади. Бироқ, уларнинг хатоларини айтишга ўзида жасорат топган даъватчиларни маломат қилишади, ёши, фидоийлиги ва жўмардлигини камситганликда айблашади. Аллоҳ таоло эса шундай деган:
«Бас, сизлар ўзларингизни покламай қўя қолинглар!» (Нажм: 32);
«Агар сизларга Аллоҳнинг фазлу-марҳамати бўлмаса эди, сизлардан бирон киши (бирон гуноҳдан) пок бўлмас эди. Лекин Аллоҳ (фазлу-марҳамати билан) Ўзи хохлаган кишини поклар» (Нур: 21).
Ўзига бино қўйиш – кибр дарвозасидир... Иблис алайҳил–лаънаҳ хилқатининг аслига бино қўйиб (Аллоҳнинг амридан) бўйин товлади ва калондимоғлик қилиб, кофирлардан бирига айланди. Фикрга бино қўйиш ва ҳавони раҳбар қилиш – бир–бирига қаринадир. «Нафсу ҳаво сизни кўзойнагингиз бўлса ҳам, худди билим нурлари нафсу ҳаво пардаларини тешиб ўта олмаганидек, кўришдан маҳрум қилади». Аллоҳ таоло айтди:
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), ҳавойи нафсини ўзига «илоҳ» қилиб олган ва Аллоҳ уни билган ҳолида йўлдан оздириб, қулоқ ва кўнглини муҳрлаб, кўз олдига парда тортиб қўйган кимсани кўрганмисиз? Бас, уни Аллоҳ (йўлдан оздиргани)дан сўнг ким ҳидоят қила олур?! Ахир эслатма-ибрат олмайсизларми?!» (Жосия: 23).
Нафсу ҳаво кўр ва кар қилиб, (қалбни қоплайдган) парда сабабчисидир:
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), ҳавойи нафсини ўзига «илоҳ» қилиб олган ва Аллоҳ уни билган ҳолида йўлдан оздириб, қулоқ ва кўнглини муҳрлаб, кўз олдига парда тортиб қўйган кимсани кўрганмисиз? Бас, уни Аллоҳ (йўлдан оздиргани)дан сўнг ким ҳидоят қила олур?! Ахир эслатма-ибрат олмайсизларми?!» (Жосия: 23).
Нафсу ҳавосига эргашган одамнинг иши – зоедир:
«Ва Биз қалбини Бизни зикр қилишдан ғофил қилиб қўйган, ҳавойи-нафсига эргашган ва қилар иши исрофгарчилик бўлган кимсаларга итоат этманг!» (Каҳф: 28).
Шу боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳавосидан Аллоҳга сиғингани нақл қилинган: «Аллоҳим, мени тўғри йўлимга йўлла ва нафсимнинг шумлигидан асра!» (Термизий 3483). «Тўғри йўл» – фойдали нарсаларни билиш, «нафснинг шумлиги» эса унинг зулми, яъни, нафсу ҳавога эргашишдир.
«Нафсу ҳавосига берилган одамнинг на ҳикмати ва на тизгини, на раҳбари ва на пешвоси бўлади. Улови қайси тарафга йўналса ўша тарафга кетади». Даъватчи, раҳбар ва олимнинг гапларини ўз хоҳишига тўғри келсагина қабул қилади. Ўз рағбати ва хоҳишига тўғри келган даъват ишларинигина қилади. Ўзи хоҳламаган нарсалар бўлса қилмайди ва танқид қила бошлайди. «Унинг ўз истакларига зид барча нарсалардан, гарчи энг тўғри иш бўлсада, узоқлашганини ва шайтонга энг маъқул бўлсада ўзига ўхшаган барча инсонларга яқинлашганини кўрасиз». «Нафсу ҳавосига уйғун бўлсагина савобни савоб, мункарни гуноҳ дейди».
«Нафсу ҳавосига эргашган одамнинг ўзгармас меъёр ва ўлчовлари бўлмайди». «Агар нафсу ҳаво қалбга ғолиб бўлса, банда ёмон кўрган нарсасини ҳам яхшилаб юраверади». Шу боис бўлса керак, у, насиҳатни малол олади: гоҳида уни қабул қилгандек кўринади, гоҳида эса ўз мақсади ва истагига кўра унинг бир қисмини қабул қилади. Нафсу ҳавоси самимий инсонларнинг насиҳатини қабул қилишдан бош тортади. Билим савияси паст ва нафс тарбиясини олмаган ҳамда шариат аҳкомларига қатъий риоя қиладиган – мултазим номи билан анчадан буён машҳур бўлган одамларнинг, насиҳатни қабул қилишлари қийин бўлади.
Чунки фикрга бино қўйиш ва нафсу ҳавога эргашиш, сафларни бузиш ва даъватчилар орасида тарқоқликларни пайдо қилишда бир–бирига қаринадир: нафсу ҳаво ҳақиқатни айтишдан тўсади ва бу, дин номи билан янгиликлар – бидъатларни пайдо қилишга олиб боради. Агар бидъат нафсу ҳавога боғланса (салаф солиҳнинг бундай одамларни) «навсу ҳавосига берилган» ва «бидъатчи» деб атаганларини кўрасиз.
(Даъват майдонида) яна бир гуруҳ бўлиб, мен уларни ҳам ўз фикрларига бино қўйган «нафсу ҳавосига эргашганлар» деб ҳисоблайман. Улар ёш устозлар – шайхларни ва улар атрофига тўпланган одамларни кўриб, илм излаш шундангина иборат деб тушуниб улғайишган ва катта ёшдаги устозларнинг таълимдаги ролларини камситишган. Аслида, улар олаётган билимлари ўзларига ҳам қаратилган эканини тушунишмаган. Ҳолбуки, даъватчилар бизни ибодат ва илм излашнинг биринчи бўсағасида, банданинг Аллоҳ учун даъват қилар экан, билиб ёки билмай, ўз манфаати ёки дунё учун даъват қилиб қўйиш ёхуд мақсади одамлар орасида ажралиб туриш бўлиб қолишидан огоҳлантирганлар.
Бунга яқин бошқа гуруҳ ҳам бор. Улар – «интернет» воситасида тарбия олганлардир. Уларнинг шайхи ҳам, устози ҳам, мураббийси ҳам, йўлловчиси ҳам, фикр ва шахсиятларини вужудга келтиргувчиси ҳам интернетдир. Улар ёшлардан иборат бўлиб, бетлари шундай қотиб кетган–ки, Умар разияллоҳу анҳуга айтилса ўзи ечим топишдан қўқрқиб, аъёнларини чақирадиган даражадаги мусибат ва фалокатлар ҳақида қўрқмай мулоҳаза, мунозара, илова ва фикрларни айтаверишади! Чунки уни уйи ёки кўнгилочар маконида ўзи учун яратган интернетдаги расми алдайди! У ўз расмини: «Мен шу одамман!» тасдиқлайди ва фахрланади! Ёхуд ўзига қўйган тахаллуси – «ник»и ғурурлантиради!
   Бу гуруҳ, илм аҳллари олимчалишлик кўриниши ҳақида айтиб ўтган аввалги гуруҳдан фарқ қилишади. Чунки уларнинг «интернет»дан ташқари бошқа шайхлари – нафсу ҳаволари ҳам бор. Бу гуруҳ илм аҳлларига қулоқ солмайди, уларга у ер, бу ерда эътироз билдиради. Уларнинг баъзисини тўғрига, бошқасини эгрига чиқаради. Ҳолбуки, ўзи фарзи айн бўлган билимни эгаламаган, таҳоратни тўкис қила олмайдиган, намоз ва Қуръон ўқишни билмайдиган ҳатто бирон кун биронта китобни ўқиб чиқмаган, бирон устознинг илм ҳалқасида таҳсил олмаган. Шу боис уларнинг тутуруқсиз нарсалар билан дод солаётганига гувоҳ бўласиз. Нега дод солмасин, «ахир унинг ҳурматга сазовор фикри йўқми»?!! Улар, вазиятларга кўра раҳбар ёки даъватчилар билмай тайинлашган, аслида, ёнига ҳам яқинлашишга лойиқ бўлмасаларда эгаллашиб олган масъулиятли ўринларда бўлишса, иш яна ҳам расво бўлади.
Ҳатто уларнинг айримлари «устозлари» интернет етаклаган разиллик ботқоғига хуфёна тушиб қолади ва уни бундай разолатдан қутқарадиган одамни топа олмай, «Бошингизга бало келса ошкора қилманг!» деган ҳужжат билан, зоҳирнинг салоҳияти панасида яширинмоқчи бўлади. Танҳо қолганда омма ичида ошкора қила олмайдиган «балолари» кўпаяди. Улар бу муаммоларни даволаш ўрнига, Аллоҳ қолиб одамлардан «сир»ларини яширишаётганига гувоҳ бўласиз. Кўпинча сифатларига мансуб бўлган кишиларгина зиёрат қиладиган айрим исломий веб саҳифаларнинг фатволарига назар ташлашнинг ўзи, аҳволимиз қандай эканини кўрсатиб беради. Аллоҳ таолодан афву офият тилаймиз!
Аллоҳ йўлига чорлаётган даъватчилар ичига пинҳона кириб келадиган бошқа ҳаво тури ҳам бор. Уни изоҳлаш учун Аллоҳ таолонинг ушбу оятидан бошқа муносиб нарса топа олмайман:
«Бас, агар ўша садақалардан уларга ҳам берилса, рози бўладилар, агар берилмаса, бирдан норози бўлиб қоладилар» (Тавба: 58). Биз даъватимизда ушбу мазамматли асос билан муомала қилмаслигимиз керак. Акси тақдирда, даъватчилар ичида ўз раҳбарларига аччиқланган ва улардан интиқом олиш пешига тушган одамлар сони кўпаяди. Зеро улар даъват фаолиятларидан биронтасига етакчи бўлишмади ёки ҳаракат қилишлари учун имконият берилмади ёхуд бирон мансабга тайинланишмади. Агар уларга ўша мансаблардан бири берилса ёки фаолият кўрсатиши учун имконият яратилса, кеча ўзлари қарши чиққан қарорларни бугун ҳимоя қила бошлашади. Кеча ёмон деб ҳисоблашган нарсаларни, бугун яхши деб жар солишади.
Айрим одамлар эса бунинг аксини қилишади: ўзлари устун бўлишган бирон зоҳирий вазифани адо этишларига таъқиқ қўйилса аччиқланиб, ўзини билмасликка олишади, одамларни бу вазифадан узоқлатишга ҳаракат қилишади, истеъдодларни ўлдиришади. Лойиқ бўлган кучларни ишлатишга ёки истеъдодларни кашф қилишга ғов бўлиб, бевафолик ва устодларни ҳурмат қилмаслик кўринишини намоён қилади.
Юқорида айтиб ўтилган нафсу ҳаво кўринишлари, умматимизга уйғониш замонида ёпирилиб келган заифлик омили – устун кўрилган дунё билан қоришган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сони кўп бўлишига қарамай Умматнинг заифлиги, душманлари олдида мағлуб ва хор бўлишнинг сабабини баён қилиб: «Очкўз ўз товоғига кўз олайтирганидек, яқинда барча халқлар сизларга кўз олайтиришади!»– дедилар. Саҳобалар: Ё Расулуллоҳ, ўша кунда сонимиз оз бўлгани учунми?,– деб савол беришганида: «У кунда сизлар кўп бўласизлар. Бироқ, сел оқизиб келадиган нарсалар каби бўласизлар. Душманларингиз қалбидан (сизларга бўлган) қўрқув тортиб олиниб, (Аллоҳ) қалбингизга ваҳн солади»– дедилар. Саҳобалар: Ваҳн нима?,– деб савол беришганида: «Ҳаётни севиш ва ўлимдан қўрқиш!»– деб жавоб бердилар (Имом Аҳмад 22760, Абу Довуд 4297).
Дунёга бўлган муҳаббат, оқил ва жоҳил инсонлар интилган бойлик ва мансабларнинг ўзигина бўлиши шарт эмас. У гоҳида одамлар назаридаги обрў ва шуҳрат ёки устоз ва илм аҳлларига яқинлик ёхуд банда ўз ғурурини қониқтирадиган бирон истак ҳам бўлиши мумкин. Шу боис қилаётган даъватимиз билан обрў, шуҳрат, одамлар кўриши ва мақтов айтишларини мақсад қилишдан ҳушёр бўлишимиз керак.
Имом Муслим раҳимаҳуллоҳнинг «Саҳиҳ» ҳадислар девонида Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадиси нақл қилинган: «Аллоҳга қасамки, эй одамлар, Мен сизларга Аллоҳ таоло сизлар учун чиқарадиган дунё зийнатларидан қўрқаман» (Имом Муслим 121).
Мана, дунёнинг ҳизбий мансаблар, Ер йўлдоши (спутник) каналлари, веб саҳифалар, парламент, матбуот, тасвир ва камерага олиш каби айрим зийнатлари олдимизда кўринди. (Айтинглар–чи), ҳар биримизнинг кўнгли, туйғулари, нийятлари буларни ҳис этиб, дунёнинг арзимас матоларини истамайдими?! Буни ҳис этмаганларга нафси васваса қилмайдими?! Аллоҳ таолодан кечирим ва офият сўраймиз.
Дунё муҳаббати тарих таниган ва ичларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам бўлган энг фазилатли авлоднинг ҳам мағлубиятига сабаб бўлмаганмиди?! Бу уларнинг айримларидагина содир бўлган ва ҳатто ёппа ёйилмаган бўлсада, дунё матлабида бўлганлар ичида Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу каби саҳоба ҳам бўлишни орзу қилган эди!! Шундай бўлсада улар дашном олдилар ва ҳеч бир хушомадга ўрин қўймаган оятлар нозил бўлди:
«Орангизда дунё истаган кишилар ҳам, охират истаган кишилар ҳам бор эди» (Оли Имрон: 152).
Нафсу ҳавога эргашиш, Аллоҳ таолонинг йўлидан тўсадиган одамнинг сифати бўлиб, ҳалокат йўлидир. Аллоҳ таоло айтди:
«Бас, сени (Қиёматга) ишонмайдиган ва ҳавои нафсига эргашган кимсалар ундан тўсмасинларки, у ҳолда ҳалок бўлурсан» (Тоҳа: 16).
Нафсу ҳавога эргашган одам даъват ва даъватнинг келажаги учун хатардир. У, даъват душманлари ва даъватнинг йиқилишини кутаётган одамлар тарафидан ўз сафларига буриб олишлари осон бўлган, натижада, зудлик билан даъват кўкрагига ҳанжар уриб, даъватчилар иродасини букишга сабаб бўлади.
Нафсу ҳавонинг хатари, хатардан олдинги, кейинги нафс касалликлари ва сафларни булғаб, ғалабанинг кечикишига сабаб бўладиган ички ғовлар туфайли шайхулислом Ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳ шундай деган: «Нафс ва ҳавога қарши жиҳод, кофир ва мунофиқларга қарши курашнинг пойдеворидир. Банда ўз нафси ва ҳавосига қарши кураша олмагунича, кофир ва мунофиқларга қарши жиҳод қила олмайди».
Нафсу ҳаво – жиҳод ва ғалаба йўлидаги ғовлардан биридир.
Барча оламлар Робби бўлган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин.

Муаллиф: Ваил Сарҳаан
Мутаржим: Абу Жаъфар ал–Бухорий

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase