close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Аҳли сунна вал жамоа имоми - Имом Абу Мансур Мотуридий

Имом Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий тахминан ҳижрий 240-248 йилларда Самарқандда туғилганлар, 333 ҳижрийда вафот этганлар. Камолиддин Қози Байзовий Имом Мотуридийнинг насаби машҳур саҳобий Абу Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳуга бориб тақалишига ишора қиладилар. Имом Мотуридий "Ҳидоят имоми” "Ҳидоят байроғи”, "Мусулмонлар ақидасини тўғриловчи" каби бир қанча номлар билан машҳур бўлганлар.

Имом Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий тахминан ҳижрий 240-248 йилларда Самарқандда туғилганлар, 333 ҳижрийда вафот этганлар. Камолиддин Қози Байзовий Имом Мотуридийнинг насаби машҳур саҳобий Абу Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳуга бориб тақалишига ишора қиладилар. Имом Мотуридий "Ҳидоят имоми” "Ҳидоят байроғи”, "Мусулмонлар ақидасини тўғриловчи" каби бир қанча номлар билан машҳур бўлганлар.
Имом Абу Мансур Мотуридий - Аҳли сунна вал жамоа эътиқодини нақлий ва ақлий далиллар билан шарҳлашда ислом оламида ном қозонган зотлардан бири. Турли ботил ақидавий фирқалар кўпайганда у киши саҳобалар, тобеинлар ва замондошлари: табаъ тобеинларнинг соғлом ақидаларини жамлаб, шарҳладилар ва Аҳли сунна ақидасини ҳимоя қилдилар. У киши ва шогирдлари ақидавий мактаб (йўналиш) ташкил қилишди ва у Мотуридия ақидавий мазҳаби деб аталиб кетди. Баъзилар даъво қилгани каби у зот янги дин ёки янги ақида олиб келмаганлар. Балки Аҳли сунна ақидасини жамлаб, шарҳлаганлар. Бу ишда Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг қолдирган илмлари ва ижтиҳодларидан кўп фойдаланганлар. Шу сабабли бу ақида мактаби издошларининг кўпчилиги Ҳанафийлардир. Ҳозирги кунда мусулмонлар оммасининг ярмидан кўпи Мотуридия ақида мазҳабига эргашадилар. Қолган ярми эса, Имом Абул Ҳасан ал-Ашъарий ақида мазҳабига эргашадилар ва икки мазҳаб бир бутун бўлиб Аҳли сунна вал жамоани ташкил этади.

Имом Мотуридийнинг устозлари
Имом Абу Мансур Мотуридийнинг энг машҳур устозлари қуйидаги уламолардир:
1. Абу Наср Иёзий.
Абу Наср Иёзий раҳматуллоҳи алайҳи Яҳё ибн Қайс ибн Саъд ибн Убода Ансорий Хазражий розияллоҳу анҳунинг авлодларидан бўлади.
Абу Наср Иёзий Имом Абу Мансур Мотуридийнинг устози бўлиши билан бирга, у кишига ҳамдарс бўлиб, Абу Бакр Аҳмад Жузжонийдан дарс олар эдилар. Абу Наср Иёзий ўз даврининг етук олими бўлган.
2. Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ ибн Солиҳ Жузжоний.
Усул ва фуруъ илмларини ўзида жамлаган ва турли илмларда моҳир бўлган олим эдилар.
3. Муҳаммад ибн Муқотил Розий. Рай шаҳрининг қозиси.
4. Нусайр ибн Яҳё.
Эътиборли жойи шундаки, имом Абу Мансур Мотуридий устозларининг устози орқали имом Абу Ҳанифанинг шогирдлари имом Абу Юсуф ва имом Муҳаммад-га етиб борадилар. Яъни, икки устоз воситасида Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад силсиласига боғланади.
Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ ибн Солиҳ Жузжоний - Абу Сулаймон ибн Мусо ибн Сулаймон Жузжоний -Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад.
Абу Наср Иёзий - Абу Сулаймон ибн Мусо ибн Сулай-мон Жузжоний - Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад.
Нусайр ибн Яҳё - Абу Сулаймон ибн Мусо ибн Сулай-мон Жузжоний - Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад.
Муҳаммад ибн Муқотил - Абу Мутийъ Ҳакам ибн Аб-дуллоҳ Балхий - Имом Муҳаммад.
Бу устоз-шогирд силсиласи бизга Имом Мотуридий ислом уммати эътироф қилган, бир овоздан қабул қилган мужтаҳид олимларга қанчалик яқин бўлганлигини кўрсатади. Зотан, у зот учинчи ҳижрий асрнинг ўрталарида туғилганлар. Ўша даврдаги соф ислом билим булоқларидан сув ичганлар. Ҳозирги кунда салафий деб танилган тоифалар аввал Имом Мотуридий, кейин Имом Ашъарийга "тош отиш"ни бошлашди. Мусулмонларнинг 14 асрдан бери амал қилиб келаётган ақидаларига шубҳа тиқиб, ўрнига ўзларининг "янги” ақидаларини тиқиштиришга ҳаракат қилмоқдалар. Ваҳоланки, уларнинг пайдо бўлганига кўпи билан 300 йил бўлди. Уларнинг даъвоси бўйича, Имом Мотуридий ва Имом Ашъарий адашган бўлса, салафийлар пайдо бўлгунча Аҳли сунна жамоаси, Пайғамбаримиз алайҳиссалом зикр қилган ҳақ йўлдаги катта жамоа ким бўлган? Салафийлардан аввал тўғри йўлда юрганлар бўлмаган-ми? 13-14-ҳижрийда ёки ундан кейин чиққанлар, ҳали саҳобаю тобеинларнинг "из”лари ўчмаган 3-4-ҳижрийда яшаган олимларни мутлақо адашган дейиши соғлом ақлга тўғри келадими. Илмда, зуҳду тақвода ўтган улуғларимизга ета оладиларми!?

Имом Мотуридий қандай китоблар ёзганлар?
У киши эътиқод илмига тегишли бўлган қуйидаги китобларни ёзиб қолдирганлар:
1. "Китабут-тавҳид"
2. "Китабул мақолот”
3. "Китабу баяни ваҳмил-Мўътазила”
4. "Китабур-родди алал-усулил-хомса ли Аби Муҳаммад Боҳилий"
5. "Китабур-родди авоили адилла лил-Каъбий”
6. "Родду ваъидил фуссоқ лил Каъбий"
7. "Родду таҳзибил жадал лил Каъбий"
Бундан ташқари Имом Мотуридийнинг "Таъвилоту аҳлис-сунна" номли тафсирлари ҳам машҳур. «Таъвило-ту аҳлис-сунна» номли тафсирларида мўътазила, хавориж, рофиза, карромий, жаҳмий, мушаббиҳа, мунажжим, фолбин ва бошқаларнинг фикрларини муноқаша қилганлар ва ҳаммаларига раддия берганлар. "Кашфуз-зунун" китобининг соҳиби Ҳожи Халифа "Таъвилоту аҳлис-сунна" тафсири ҳақида қуйидагиларни ёзади:
"У бирор китоб тенг кела олмайдиган китобдир. Балки бу фан бўйича ёзилган китобларнинг бирортаси унга яқин ҳам кела олмайди".
Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи усул бўйича «Китобул жадал»ни ва фиқҳда "Маъ-охизуш-шарийъа"ни таълиф қилганларидан кейин шуҳратлари яна ҳам ошиб кетди. Шундан кейин илми каломда шуҳрат қозониб, Хуросон аҳлининг мазҳаб соҳибига айландилар.
Афсуслар бўлсинким, имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳининг китобларидан фақат уч донасигина бизгача етиб келган.
"Китобут-тавҳид" ва "Таъвилоту аҳлис-сунна” китоблари нашр этилган ва ўрганилган.
"Китобул мақолот"нинг қўлёзмаси нусхалари мавжуд.

Имом Мотуридийнинг шогирдлари
1. Абул Қосим Исҳоқ ибн Муҳаммад ибн Исмоил Ҳаким Самарқандий (ҳ. 340, м. 951 йилда вафот этган).
2. Имом Абул Ҳасан Али ибн Саъийд Рустуғфаний.
3. Имом Абу Муҳаммад Абдулкарим ибн Мусо Баздавий (390/999 йилда вафот қилган).
4. Имом Абу Лайс Бухорий.
Кейинги асрларда эса, Абу Муъийн Насафий, Имом Умар Насафий, Фахрул Ислом Баздавий, Ибн Ҳумом, Саъдуддин Тафтазоний ва бошқалар ақоид илмининг Мотуридия йўналишида кўзга кўринган уламоларидан бўлдилар.

Имом Мотуридий ҳақида олимларнинг мақтовлари
Имом Абу Мансур Мотуридий ва Имом Абул Ҳасан Ашъарий Аҳли суннанинг ақоид бобида имоми эканлари ҳақида кўп уламолар таъкидлашган. Жумладан, Имом Ибн Ҳажар Ҳайсамий шундай дейдилар:
Яъни: "(Аҳли сунна сўзидаги) Суннатдан мақсад - аҳли сунна вал жамоа имомлари Абул Ҳасан Ашъарий ва Абу Мансур Мотуридий тутган йўлдир" ("Аз завожир ан иқтирофил кабоир” китоби).
Машҳур муҳаддис олим Муртазо Забидий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар:
Яъни: "Агар ҳеч қандай қайдларсиз "Аҳли сунна вал жамоа” дейилса Ашъарийлар ва Мотуридийлар тушунилади" ("Итҳафу саадатил муттақин шарҳу иҳёи улумид дин" китоби).
Аллома Тошкубризода айтадилар:
Яъни: "Маълум бўлсинки, Аҳли сунна вал жамоанинг калом илми (яъни, ақоид)даги раислари икки кишидир: Бирлари ҳанафий, бошқалари Шофеий мазҳабида. Ҳанафийлари Абу Мансур Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий бўлиб, у зот "Имомул Ҳуда" - «Ҳидоят имоми» деган ном қозонган. Шофеийлари "Суннат шайхи", "Жамоат раиси", "Мутакаллимлар имоми", "Пайғамбарлар саййиди суннатларига ёрдам берувчи", "Дин ҳимоячиси" "Мусулмонлар ақидасини сақлашга ҳаракат қилувчи" Абул Ҳасан Ашъарий Басрийдир" ("Мифтаҳус саода" китоби).
Имом Кафавий раҳимаҳуллоҳ "Аъламул ахёр" китобида Имом Мотуридий ҳақида шундай ёзади:
"Мотуридий раҳимаҳуллоҳ мутакаллимларнинг имоми, мусулмонларнинг ақидасини тўғриловчисидир. Аллоҳ у кишига сиротул мустақим, яъни тўғри йўлни насиб қилиш ила нусрат берди ва у киши дин нусрати йўлида юрди. Буюк китобларни тасниф этди ва ботил эътиқод соҳибларига раддия берди".
Шайх Абдуллоҳ Мустафо Муроғий раҳимаҳуллоҳ "Ал-Фатҳул мубин" асарида Имом Мотуридий ҳақида қуйидагиларни ёзади:
"Абу Мансур Мотуридий ҳужжат ва далили кучли, хусуматчини мот қиладиган, мусулмонлар эътиқодини ҳимоя қилиб адашган ва мулҳидларнинг шубҳаларига раддия берган олимлардан эди"
Имом Кавсарий раҳимаҳуллоҳ Имом Мотуридий ҳақида «Муқаддиматул Кавсарий» китобида шундай деган:
"Ашъарий ва Мотуридий булар ернинг машриқу мағрибида Аҳли Сунна вал Жамоанинг икки имомидир. Улар санаб саноғига етиб бўлмайдиган даражада кўп китоб таълиф қилишган. Бу икки имом ўртасидаги хилофларнинг аксари лафзийдир. Бу борада кўплаб китоблар ёзилди. Байзовийнинг «Ишаротул маром фи иборотил имом» китоби бу борадаги энг яхши китобдир. Забидий «Иҳё»нинг шарҳида Байзовийнинг ўша китобидан нақл қилган"
Абул Ҳасан Надавий раҳимаҳуллоҳ ўзининг "Рижалул фикр вад даъва» китобида бу зот ҳақида шундай деган:
«Имом Мотуридий кенг фикрли, заковат ва фаҳм эгаси, турли фанларни ўзлаштирган буюк олим бўлган”.
Аллоҳ таоло бу имомимиз ва бошқа ҳақ йўлдаги имомларимиздан ўзи рози бўлсин. Буларнинг қилган хизматларини қиёматда катта ажру-мукофотлар билан сийласин. Бу каби зотларга билиб-билмай тош отаётганларга инсоф бериб, тавбани насиб қилсинки, шояд қиёматда бу қилган ишлари учун шарманда бўлишдан сақласин.

Шайх Нуриддин Холиқназар ҳафизаҳуллоҳ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий,
Фатво маркази директорининг
"Фиқҳ ва ақидага оид ихтилофли масалалар ечими" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Бу бўлимдаги бошқа мақолалар: « Ғуслнинг суннатлари Дия »
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase