Савол: Туя сийдигини туя сутига қўшиб ичса, ҳамма касалга даво бўлар экан деб эшитдим. Шу тўғрими, ахир сийдик ҳаром-ку! Уни ичса, гуноҳ бўлмайдими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Туянинг сийдиги Имом Абу Ҳанифа ва Имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳимо наздида нажосат ҳисобланади. Лекин Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳимо наздида даво учун уни ичиш жоиз.
Туя сийдигини нажосат деган мужтаҳидларимиз қуйидаги ҳадисни далил қилганлар:
“Сийдикдан сақланинглар, чунки (бавлдан покланмаган киши учун) қабр азобининг кўпи ундандир” (Имом Доракутний ривояти).
Туянинг сийдигини ичиш мумкин деган мужтаҳидларимиз эса машҳур Урайна қавми ҳақидаги ҳадисга суянадилар (Қиссанинг қисқача тафсилоти шуки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига Урайна қавмидан бир қанча одамлар мусулмон бўлиш учун келди. Уларга Мадина ҳавоси тўғри келмай ранглари сарғайиб, қоринлари шишиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга Мадинадан ташқаридаги закотдан йиғилган туяларнинг сутлари ва сийдикларидан ичишни буюрдилар. Улар шундай қилишди. Тузалиб қолишгач, диндан қайтиб, туябоқарларни ўлдириб, туяларни ҳайдаб кетишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг изидан одам жўнатиб, қўлга тушириб, қаттиқ жазоладилар. Бу ҳадисни Имом Бухорий ва бошқалар ривоят қилишган).
Мўътабар фиқҳий матнларда ҳам туя сийдиги нажосат экани айтилган ва уни одатий ҳолатда ичиш мумкин эмас. Бунинг устига мазҳабимизда ҳаром билан даволаниш жоиз эмас. "Захира" китобида эса ҳаром билан даволаниш жоиз бўлиши (яъни гуноҳ бўлмаслиги) учун ўша моддада шифо борлиги ва бошқа даво йўқлиги маълум бўлиши кераклиги айтилган. Шифо бор-йўқлиги тажриба билан аниқланади. Ҳамавий раҳматуллоҳи алайҳ: "Тўнғиз гўштидан бошқа даво топилмаган тақдирда ҳам у билан даволанмайди", дейдилар ("Раддул муҳтор” ва “Ҳошияту раддул муҳтор” китоби).
"Фатавои ҳиндия" китобида бундай дейилади:
«Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад от гўшти ва туянинг бавлини даволаниш учун ишлатишнинг зарари йўқ, дейдилар. "Жомеъус сағир"да шундай келган».
Демак, юқоридаги маълумотлардан кўриниб турибдики, соғлом кишилар туя сутини ичиш билан кифояланиши керак. Улар асло туя бавлини ичишлари мумкин эмас. Агар бемор туя сути билан бирга унинг сийдигини ичса, тузалиши маълум бўлса ва бошқа даво йўқлиги кўп тажрибалардан ўтган бўлса, туя бавлини ичиши жоиз бўлади. Бу икки мужтаҳид имомларимиз Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммаднинг сўзларига мувофиқ келади. Валлоҳу аълам.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳафизаҳуллоҳ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий,
Фатво маркази директорининг
"Фатволар Тўплами" китобидан