Дональд Трампнинг ҳокимиятга келишидан олдин, АҚШда Украинани ядровий мақомга қайтариш масаласи муҳокама қилинмоқда.
Республикачилардан бўлган Дональд Трампнинг Оқ уйга келишига бир неча ой қолган, ва у Россиянинг Украинага қарши урушига барҳам бериш ниятида қатъий ҳаракат қилаётганини маълум қилган. Шу муносабат билан Ғарбда Киев учун хавфсизлик кафолатларини муҳокама қилиш жадал давом этмоқда. Ушбу кафолатлардан бири Украинага ядровий мақомни қайтариш ҳисобланади.
The New York Times газетасига кўра:
"Киев истайдиган ягона хавфсизлик кафолати — бу НАТОга аъзо бўлиш таклифи. Аммо Байден даврида Украина буни ололмади ва Трамп даврида ҳам бунинг имкони кам. Шу сабабли, Америка ва Европа амалдорлари Россияни тийиб туриш учун бошқа вариантларни муҳокама қилмоқда", — дейилади мақолада.
Бошқа вариантлар қаторида Украинага агрессорнинг янгидан уруш ҳаракатларини бошлаши ёки отишмани бузиши ҳолатида уни барбод қилувчи анъанавий қуроллар арсеналини яратиш таклифи ҳам бор.
"Бир нечта амалдорлар ҳатто Байден Украинага СССР тарқаб кетгандан кейин олиб қўйилган ядровий қуролларни қайтариши мумкинлигини таъкидламоқда. Бу қарор Путин учун кучли ва тезкор тийиб туриш механизми бўлар эди", — деб ёзади NYT.
Бироқ, бундай сценарий катта хавфлар ва оқибатлар туфайли кам эҳтимолли деб баҳоланмоқда.
Маълумот учун:
Украина 1990-йилларда СССР тарқаб кетганидан сўнг мерос қолган ядровий қуроллардан Будапешт меморандуми асосида воз кечган. Ушбу меморандумга кўра, АҚШ, Буюк Британия ва Россия Украинага тўлиқ хавфсизлик ва чегараларни бузмаслик кафолати берган. Шу шартнома асосида ядровий қуролларнинг бир қисми йўқ қилинган, қолган қисми эса Россияга топширилган.
Бироқ, 20 йил ўтиб, Москва ушбу шартномани бузиб, Украинага қарашли Қрим ва Донбассни босиб олди. 2022 йилда эса Россия Украинага қарши кенг кўламли урушни бошлади, ва бу уруш ҳозирда уч йилга яқин давом этмоқда.
Абу Муслим