Лекин ўша пайтда ҳам ижтиҳод бўлган. Саҳобалар У зотга мурожаат қилишнинг иложи бўлмаганда ёки Мадинадан чиқишганида ижтиҳод қилишган ва Мадинага қайтишганда Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан масалани жавобини сўрашган. У зот алайҳиссалом ё саҳобаларнинг хатосини тўғирлаганлар ёки уларнинг ижтиҳодларини тўғрилигини тасдиқлаганлар. Баъзан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ишга буюрсалар саҳобаи киромлар уни турлича тушуниб, ўзаро фикр мулоҳаза қилар эдилар. Бунга мисол, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларга шундай дедилар:
Яъни: “Бирор киши аср намозини Бану Қурайзадан бошқа жойда ўқимасин!" (Имом Бухорий ривоятлари). Шунда баъзи саҳобалар: "Аср намозини фақат, Бану Қурайзада ўқиймиз" - деб аср намози вақти кирган бўлса ҳам уни ўқимасдан йўлда давом этдилар. Бошқа саҳобалар эса: "Расулуллоҳ бу гаплари билан бизни тез юришга ундадилар, асрни ўқиб олиб, тез юриб ке-таверсак зарари йўқ" - деб йўлда асрни ўқиб олдилар. Кейин Расулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга икки томоннинг ҳам ишлари баён қилинганда, иккиси ҳам тўғрилигини айтдилар.
Иккинчи мисол, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни яманликларга исломни ўргатиш учун юборганлар. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу жўнаб кетаётган пайтларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини тўхтатиб шундай деганлар:
Яъни: “(Уерда сизга) бирор масала дуч келса, қандай қилибҳукм чиқарасиз?" деб сўрадилар. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу “Аллоҳнинг китоби ила”, - деб жавоб бердилар. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳнинг китобидан топа олмасангизчи?"-деб сўрадилар. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу: "Расулуллоҳнинг ҳадислари билан”, - деб жавоб бердилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Расулуллоҳнинг ҳадисларидан ҳам топа олмасангизчи?" - деб сўрадилар. Шунда Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу: "Қараб турмасдан, фикрим ила ижтиҳод қиламан”, - дедилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу жавоблардан ғоят мамнун бўлдилар ва: "Расулуллоҳнинг элчисини Расулуллоҳни рози қиладиган нарсага муваффақ қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин ”, - дедилар (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари)
Саҳобалар даври
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин ихтилофлар жуда кам эди. Одамлар билмаган нарсаларини асосан халифалар ва катта саҳобалардан сўрар эдилар. Халифалар қийин масалаларни ечиш учун энг билимдон саҳобаларни йиғиб машварат қилишар ва фатво беришарди (Аллоҳ улардан рози бўлсин). Кейинчалик саҳобалар турли шаҳарларга тарқаб кетдилар. Одамлар ўзлари суҳбатига етишган олим саҳобаларнинг фатволарига амал қилишарди. Хусусан, саҳобалар даврининг охирида аҳвол шундай эди. Шундай қилиб одамлар ишончли манбадан соф ва тўғри маълумотларни олишарди ва уларнинг сўзига, баъзи масалаларни ҳисобга олмаса, тўлиқ амал қилишарди. Ўша даврнинг марказий шаҳарлари Мадинада аввал Нофеъ, у кишидан кейин Абдуллоҳ ибн Умар, Куфа шаҳрида Абдуллоҳ ибн Масъуд, Маккада Абдуллоҳ ибн Аббос, Мисрда Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оснинг (Аллоҳ улардан рози бўлсин) фатволарига амал қилинарди.
Тобеин ва таба тобеинлар даври
Тобеинлар даврида ҳам иш худди мана шундай да-вом этди. Одамлар асосан саҳобалардан илм олган катта тобеинларнинг фатволарига амал қилишган.
Улардан кейин таба тобеинлар даврида саволлар ва янги ҳодисалар кўпайиб кетди. Фатвога эҳтиёж ортди. Шунда бир қанча катта илм соҳиблари юзага чиқдилар. Улар: Имом Абу Ҳанифа, Имом Молик, Имом Авзоъий, Имом Жаъфари Содиқ, Имом Муҳаммад ибн Боқир, Имом Ал-Лайс ибн Саъд ва бошқалар эди (Аллоҳ уларни раҳмат қилсин). Улардан кейин улуғ фуқаҳолар бўй кўрсатдилар. Улар: Имом Шофеий, Имом Аҳмад, Имом Суфён ибн Уяйна, Имом Исҳоқ ибн Роҳавайҳ, Имом Али ибн Мадиний, Имом Довуд ибн Али ва бошқалар эди (Аллоҳуларни раҳмат қилсин).
Юқорида номлари зикр қилинган зотларнинг ўзларига хос ижтиҳодлари бўлган. Улардан бирининг бирор масалада ўз раъй (ёндошув, фикр)и бўлса, буни мазҳаб дейиларди. Уларнинг ҳамма ижтиҳодларини жамланмасини ҳам мазҳаб деб аталган. Демак, у зотларнинг ҳар бирини ўзига хос ва мустақил мазҳаби (масалани ечиш, саволларга жавоб беришда ўзига хос ёндашуви) бўлган.
Мазҳабларнинг шаклланиши
Вақт ўтиб бу зотлардан кейин шогирдлари уларнинг ишларини давом эттиришди. Баъзи масалаларда устозларининг ижтиҳодларига хилоф қилишган бўлишсада, фатволарнинг асосий қисмида ўз имомларига эргашдилар ва уларнинг мазҳабларини қўллаб-қувватладилар. Лекин замонлар ўтиши билан 20 га яқин мазҳаблар ичидан фақат 4 таси қолди. Қолганларининг баъзи фатволари турли китобларда учраб туради холос. Демак, фиқҳий мазҳаблар баъзилар даъво қилгани каби умматнинг бўлиниши эмас балки унинг бирлашишидир. Сақланиб қолган 4 мазҳаб:
1. Ҳанафий мазҳаби, асосчиси Абу Ҳанифа Нўмон ибн Собит. Куфа шаҳри. (80-150 ҳижрий й./ 699-767 мело-дий й.)
2. Моликий мазҳаби, асосчиси Молик ибн Анас. Мадина шаҳри. (93-179 ҳ.й/ 711-795 м.й.)
3. Шофеий мазҳаби, асосчиси Муҳаммад ибн Идрис Шофеий. Ғазо шаҳри. (150-204 ҳ.й/ 767-820 м.й)
4. Ҳанбалий мазҳаби, асосчиси Аҳмад ибн Ҳанбал. Бағдод шаҳри. (164-241 ҳ.й/ 780-855 м.й)
Бу мазҳабларнинг сақланиб қолишига асосий сабаб мазҳаб имомининг шогирдлари кўплиги, мазҳаб масалалари китоб шаклига келтирилганлиги, бошқа талабаларга мазҳабнинг фатволари дарс қилиб берилганидир.
Имом ибн Аҳмад аш-Шаъроний (ваф. 973/1565) ўз-ларининг "Ал-Мийзан аш-шаърония" асарида мазҳаблар ҳақида қуйидаги фикрларни зикр қилган: "Мазкур тўрт мазҳабни сақланиб қолишининг асосий олшли бу мазҳабларнинг таълимотлари бошқа мазҳаблардан кучлироқ бўлгани учун эмас, балки тўрт мазҳаб бошқа ўн тўрт мазҳаб таълимотини ҳам қамраб олганидир".
Ҳанафий мазҳаби фатво беришда Қуръони карим, суннат, ижмоъ ва саҳобаларнинг сўзларидан кейин асосан ижтиҳод (қиёс)га суянганлари учун тарихда уларни баъзилар "Аҳли раъй" деб атаганлар. Лекин аслида фиқҳий мазҳабларнинг ҳаммасини "Аҳли раъй", деганлар ҳам кўпчиликни ташкил қилади. Ҳанафий мазҳабининг бошланиши Куфа шаҳрида бўлган кейин Ироқ, Шом, Хуросон, Яман ва Мисрга тарқалган. Қирққа яқин олимлар бу мазҳабнинг тарқалишига китоб ёзиб хизмат қилганлар. Улардан энг машҳурлари Имом Абу Юсуф, Имом Муҳаммад, Имом Зуфар ва бошқалар эди.
Ҳорун ар-Рашид халифаликни қўлга олгач Имом Абу Юсуфни бош қози мансабига кўтаради ва қозиларни тайинлашни унга топширади. Имом Абу Юсуф қозиларни ҳанафий мазҳабидан тайинлар эдилар. Кейинчалик Усмонийлар халифалиги даврида ҳам қозилар фақат Ҳанафий мазҳабидан тайинланган. Бу ҳолат Ҳанафий мазҳабининг обрў-эътиборини ниҳоятда оширган. Ҳозирги кунда ҳам Ҳанафий мазҳаби шарқда: Хуросон, Покистон, Ҳиндистон, Бангладеш, Марказий Осиё, Туркияда устун мазҳаб ҳисобланади. Ироқ, Шом ва Миср диёрларида ҳам Ҳанафий мазҳаби тарқалган.
Мазҳабга эргашиш табиий ҳолатдир
Юқоридаги маълумотларни чуқур ўйлаб кўрсак мазҳабга эргашиш ҳар бир ҳолатда бизни таъқиб қилувчи табиий иш эканлигини тушуниб етамиз. Мазҳабга эргашишни хато ҳисобловчи тоифалар ҳам гарчи уммат тан олган тўрт имомга эргашмасада, умумий маънода эргашувчи ҳисобланади. Фарзандлар оталарга эргашадилар. Чунки бола намоз ўқишда отасини кўриб, унинг қандай намоз ўқишини кузатиб, шунга қараб намозни ўрганади. Билмаган нарсаларини сўрайди, ўрганади. Шариат ишларида билмаган нарсасини сўраш, ўрганиш гуноҳ-маъсият, бидъат ёки ёмон иш эмас. Аксинча, эътибор берсак, одамлар нафақат дин ишларида балки дунёвий ишларда ҳам бир-бирларига тақлид қиладилар. Тиббиёт олийгоҳини тугатиб шаҳодатнома олган шифокор ҳеч қачон назарий билимларнинг ўзи билан беморларни муолажа қилишни бошламайди. Албатта ўз соҳасини яхши билган, моҳир шифокорнинг суҳбатида бўлиш, бир қанча вақт унинг амалиётларини кузатиш, баъзи саволлар билан мурожаат қилиб ўзига керакли кўникмани ҳосил қилгандан кейингина мустақил фаолиятга киришади. Зотан, дунёвий ишда шунчалик бўлгач, дунё ва охират саодатини ўйлаган, дўзах азобидан халос бўлиб, жаннат неъматларига мушарраф бўлиш учун уммат эътироф қилган, ижтиҳодларига тасаннолар айтган буюк имомларга эргашмаслик жаҳолат, кибр ва қайсарликдан бошқа нарса эмас. Ҳолбуки, дунё ишларида ақл ишлатиш, бировдан сўрамай ўз билганича иш қилиш кўп ҳолларда зарар келтирмайди. Аммо, охират ишининг манбаси Аллоҳнинг каломи ва Расулининг суннати бўлиб, уни тушуниш, англаб етишнинг ўзига яраша усули ва йўриғи бордир. Бунда моҳир мутахассисларга эргашилмаса зарар кўриш, залолатга кетиш, қадамлар тойилиши эҳтимо-ли юқоридир. Ислом уммати Имом Абу Ҳанифа, Имом Молик, Имом Шофеий ва Имом Аҳмад ибн Ҳанбалларни ана шундай моҳир мутахассис деб эътироф қилганлар. ("Тақлидуш шаръия ва аҳамиятуҳу фил ислам" китоби, 85-бет).
Муҳаддис Абдулҳақ Деҳлавий роҳимаҳуллоҳ тўрт мужтаҳид имомлар ҳақида шундай деганлар: “Ислом динининг тўртта уйи, яъни тўртта йўли бор. Ким шу йўллардан бошқасини тутса, батаҳқиқ адашибди”. ("Шарҳу сафарус-саъада” 1-жилд, 21-саҳифа)
Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавий "Муватто" китобининг шарҳида: "Тўрт мужтаҳид имомларнинг илми бутун Ислом шариатини қамраб олган", деганлар.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳафизаҳуллоҳ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий,
Фатво маркази директорининг
"Фиқҳ ва ақидага оид ихтилофли масалалар ечими" китобидан