close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ал-Фиқҳул-Акбар матни

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар:

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар:
“Бу китоб тавҳиднинг асоси ва нималарга эътиқод қилиш тўғри бўлиши ҳақидадир. Мукаллаф (буларга) қатъий ишонганидан сўнг “Аллоҳга, фариштараларига, китобларига, пайғамбарларига, қиёмат кунига, яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳдан (Унинг хоҳиши билан) бўлишига, ўлгандан сўнг тирилишга ишондим. Бандаларнинг амаллари ҳисоб-китоб қилиниши, мизон (бандаларнинг амаллари ўлчаниши), жаннат ва дўзах ҳақдир”, дейиши фарз бўлади.
“Аллоҳ таоло зотида (рубубиятда, улуҳиятда ва убудиятда) ягонадир.Унингягоналиги саноқ жиҳатидан эмас, шериги йўқ-лиги туғилмаганлиги, тенги йўқлиги жиҳатидандир”.
Аллоҳ таолога махлуқотлардан ҳеч бири ўхшамайди.
Аллоҳ таоло махлуқотларидан ҳеч бирига ўхшамайди.
Аллоҳ таоло Ўз исмлари, зотий ва феълий сифатлари билан доимо (азалда) бўлган ва доимо (абадий) бўлади.
Ҳаёт, қудрат, илм, калом, самъ, басар, ирода Аллоҳ таолонинг зотий сифатларидир.
Тахлиқ, тарзиқ, иншо, ибдоъ, сунъ, иҳйо каби сифатлар Аллоҳ таолонинг феълий сифатларидир.
Аллоҳ таоло Ўзининг исмлари ва сифатлари билан ҳамиша бўлган ва ҳамиша бўлади. Унинг ҳеч бир исми ва сифати кейин пайдо бўлмаган.
Аллоҳ таоло Ўзининг илми билан ҳамиша олимдир, билгувчидир. Илм Унинг азалий сифатидир. Аллоҳ таоло Ўзининг қудрати билан ҳамиша қодирдир. ҚудратУнингазалий, абадий сифатидир.
Аллоҳ таоло Ўзининг каломи билан ҳамиша мутакаллимдир, сўзлагувчидир. Калом Аллоҳ таолонинг азалий сифатидир.
Аллоҳ таоло халқ қилиши (яратиши) билан ҳамиша Холиқдир, халқ қилиши Унинг азалий сифатидир. Аллоҳ таоло Ўзининг феъли билан ҳамиша Фоилдир. Унинг Феъли азалий сифатидир. Фоил (барча нарсани қилгувчи) Аллоҳ таолодир. Унинг феълис азалий сифатидир. Мафъул (қилинган иш, нарса) махлуқдир. Аллоҳ таолонинг феъли махлуқ (яратилган) эмасдир. Унинг сифатлари азалда пайдо бўлмаган, яратилмаган. Ким Аллоҳ таолонинг сифатлари яратилган ё кейин пайдо бўлган, деса ёки улар ҳақида шубҳа қилса, ё ўйланиб қолса кофир бўлади.
Қуръон (Аллоҳ таолонинг каломи), мусҳафларда битилгандир, (мўминлар) қалблар(и)да ёддир, (мўминлар) тиллар(и)да ўқил(ади)гандир. Набий алайҳиссаломга нозил қилингандир, Қуръонни талаффуз қилишимиз махлуқдир. Уни қироат қилишимиз ва ёзишимиз махлуқдир. Қуръон (Аллоҳ таолонинг каломи) махлуқ эмасдир.
Аллоҳ таоло Қуръонда Мусо ва бошқа пайғамбарлар (алай-ҳимуссалом) ҳақида, Фиръавн ва Иблис тўғрисида айтганларининг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг каломидир, улар ҳақида билдирганидир. Аллоҳ таолонинг каломи махлуқ эмасдир. Мусо алайҳиссалом ва бошқа яратилганларнинг каломи махлуқдир. Қуръон Каломуллоҳдир. У қадимдир. Яратилганларнинг сўзлари қадим эмасдир.
Аллоҳ таолонинг каломини Мусо алайҳиссалом эшитганлар. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Аллоҳ Мусога хитоб қилди”. (Нисо, 164). Аллоҳ таоло ҳамиша Мусо алайҳиссаломга хитоб қилмасидан, мутакаллим (сўзлагувчи)дир. Аллоҳ таоло ҳамиша, махлуқотларни яратмасидан, Холиқ (яратувчи)дир. “Унга ўхшаш бирор нарса йўқдир. У эшитгувчи ва кўргувчидир”. Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга хитоб қилганда унга Ўзининг доимий сифати бўлган Каломи билан хитоб қилган. Унинг ҳамма сифатлари махлуқларнинг сифатларига ўхшамайди.
Аллоҳ таолонинг сифатлари махлуқотларнинг сифатига ўхшамайди. Аллоҳ таоло билади, билиши бизнинг билишимиз каби эмасдир. Аллоҳ таоло қодирдир, қодирлиги бизнинг қодирлигимиз каби эмас. Аллоҳ таоло кўради, кўриши бизнинг кўришимиз каби эмас. Аллоҳ таоло эшитади, эшитиши бизнинг эшитишимиз каби эмас. Аллоҳ таоло сўзлайди, сўзлаши бизнинг сўзлашимиз каби эмас. Биз воситалар ва ҳарфлар билан сўзлаймиз. Аллоҳ таоло воситасиз ва ҳарфларсиз сўзлайди. Ҳарфлар махлуқ (яратилган)дир. Аллоҳ таолонинг Каломи (сўзи) махлуқ эмасдир.
(Аллоҳ таоло) шайдир, (лекин) шайлар каби эмасдир. (Бу ерда) шайнинг маъноси, жисмсиз, жавҳарсиз ва аразсиз собит ҳамиша (бор) демакдир. Унинг хадди (ниҳояси), зидди, ўхшаши ва мисли йўқдир.
Аллоҳ таолонинг йади, важҳи, нафси бор. Аллоҳ таоло Қуръонда зикр қилган важҳи, йади ва нафси Унинг сифатларидир. Биз уларнинг қандайлигини билмаймиз. Йад Унинг қудрати ё неъмати дейилмайди. Ундай дейиш Унинг сифатини йўққа чиқариш бўлади. Қадария ва мўътазила аҳли Аллоҳ таолонинг йади "Унинг қудрати" дейишади. Йад Унинг сифатидир. Биз унинг қандайлигини билмаймиз, Унинг ғазаби ва ризоси (розилиги) сифатларидир. Биз қандайлигини билмаймиз.
Аллоҳ таоло нарсаларни йўқдан бор қилди. Аллоҳ таоло ҳамиша нарсалар бўлмасидан уларни Билгувчидир. Нарсаларни қандай, қачон бўлишини тайин ва ҳукм қилган Удир. Дунё ва охиратда ҳар бир нарса фақат Унинг машиати (хоҳиши), илми, қазоси, қадари, Лавҳул маҳфузга битгани(га мувофиқ) билан бўлади. Лекин, Лавҳул маҳфузга ҳукм этиб эмас, баён этиб ёзган.
Қазо, қадар ва машиат Аллоҳ таолонинг азалий ва абадий сифатларидир. Биз уларнинг қандайлигини билмаймиз. Аллоҳ таоло, илми (билиши) ўзгармай, янгидан пайдо бўлмай, йўқни, йўқлигида йўқлигини билади. Уни (йўқни) бор қилса, қандай бўлишини билади. Аллоҳ таоло илми ўзгармай ва янгидан пайдо бўлмай, мавжудни, борлигида мавжудлигини билади.Уни (мавжудни) (йўқ қилса) қандай йўқ бўлишини билади. Аллоҳ таоло, илми ўзгармай ва янгидан пайдо бўлмай, турганни, турганида, турганлигини билади. Агар у (турган) ўтирса ўтирганида ўтирганлигини билади. Ўзгариш ва ҳолатларнинг янги бўлиши махлуқларда бўлади.
Аллоҳ таоло махлуқларни куфр ва имондан холи қилиб яратди. Сўнгуларга хитоб қилди, буюрди ва қайтарди. Кофир бўлган ўзининг феъли (амали), инкори, ўжарлиги ва Аллоҳ таолонинг унга ёрдами бўлмаганидан кофир бўлди. Мўмин бўлган ўз феъли, иқрори, тасдиғи ва Аллоҳ таолонинг унга берган тавфиқи ва ёрдами билан мўмин бўлди.
Аллоҳ таоло Одам алайҳиссалом зурриётини унинг пуштидан зарра шаклида чиқариб, уларни ақлли қилди ва уларга хитоб қилди, амр қилди ва кайтарди. Улар Аллоҳ таолонинг рубубиятига (молик, розиқ эканига) иқрор бўлишди. Бу уларнинг (ҳақиқий ё ҳукмий) имони бўлди. Улар ана шу фитратда (сифатда) туғилишади. Кейин ким кофир бўлса, у фитратни ўзгартирган бўлади. Ким имон келтирса ва тасдиқласа, у фитратда собит қолади ва давом этади.
Аллоҳ таоло бандаларидан бирортасини куфрга ҳам, имонга ҳам мажбурламаган. Уларни мўмин ёки кофир этиб яратмаган. Лекин уларни шахс (куфрни ҳам, имонни ҳам қабул этувчи) қилиб яратган. Имон ва куфр бандаларнинг феъли (амали)дир. Аллоҳ таоло илми ва сифати ўзгармасдан, ким кофир бўлса, унинг кофирлигида кофирлигини билади. Кейин у имон келтирса, мўмин бўлса, унинг мўминлигида мўминлигини билади.
Бандаларнинг барча амаллари (феъллари), ҳаракат ва туришлари, ҳақиқатда, уларнинг касбидир. Аллоҳ таоло уларнинг (бандаларнинг амаллари) Холиқидир (Яратувчисидир). Бандаларнинг барча амаллари Аллоҳ таолонинг машиати, илми, қазо ва қадари билан бўлади. Барча тоатлар (фарз, вожиб, суннат, мустаҳаб) Аллоҳ таолонинг амри, муҳаббати, ризоси, илми, машиати, қазо ва қадари билан бўлади. Барча гуноҳлар Унинг илми, қазо ва тақдири, машиати билан бўлади, лекин Унинг муҳаббати, ризоси ва амри билан бўлмайди.
Барча пайғамбарлар (алайҳимуссалом) кичик ва катта гуноҳлардан, куфр ва ёмонликлардан муназзаҳдир (покдир). Уларнинг баъзиларида адашиш ва хатолар содир бўлган. Муҳаммад (с.а.в.) Аллоҳ таолонинг набийи, бандаси, расули ва танлаганидир. Бутларга асло сиғинмаганлар, бир лаҳза ҳам (кўз очиб юмгунча ҳам) Аллоҳ таолога ширк келтирмаганлар, кичик ва катта гуноҳларни асло қилмаганлар.
Пайғамбарлар (алайҳимуссалом)дан сўнг инсонларнинг афзали (яхшиси) Абу Бакр Сиддиқ, сўнг Умар ибн Хаттоб, сўнг Усмон ибн Аффон, сўнг Али ибн Толибдир, розияллоҳу анҳум ажмаъин. Улар обид, доим ҳақда бўлишган, уларнинг ҳаммасини яхши кўрамиз. Саҳобаларни фақат яхшилаб, улуғлаб ёдга оламиз. Мусулмонни бирор гуноҳи учун, гарчи гуноҳи кабира қилган бўлса ҳам, уни ҳалол ҳисобламаса, кофирга чиқармаймиз (кофир ҳисобламаймиз). Уни мўмин-мусулмон эмас, демаймиз. Уни ҳақиқий мўмин деймиз. (Киши) кофир эмас, лекин фосиқ мўмин бўлиши мумкин.
Маҳсига масҳ тортиш ва рамазон ойида таровиҳ намозини ўқиш суннат билан собит бўлгандир. Ҳар бир солиҳ ва фожир (гуноҳкор) мўминга иқтидо қилиб намоз ўқиш жоиздир.
Мўминга гуноҳлари зарар қилмайди, мўмин дўзахга кирмайди, демаймиз. Гуноҳкор мўмин, фосиқ бўлса ҳам, дунёдан имон билан ўтгандан сўнг дўзахда абадий қолади, демаймиз.
Биз, муржиа тоифасидагилар каби, яхшиликларимиз қабул (мақбул) гуноҳларимиз мағфур (кечирилган) демаймиз. Балки, ким бир яхши солиҳ амални шартларига мувофиқ, бузувчи айблардан, (савобини) йўқ қилувчи маънолардан холи қилса ва дунёдан ўтганича уни (ширк, куфр билан) зое қилмаса Аллоҳ таоло албатта қабул қилади ва унга савоб берида деймиз. Ширк ва куфурдан бошқа гуноҳларни қилиб, тавба қилмай дунёдан имон билан ўтган киши Аллоҳ таолонинг машиатида бўлади. Аллоҳ таоло хоҳласа уни азоблайди, хоҳласа уни кечиради. Оташ (дўзах) билан уни абадий азобламайди.
Бирор амалда риё бўлса, унинг савобини йўқ қилади. Ужб (кибр) ҳам риё кабидир.
Пайғамбарларнинг (алайҳимуссалом) мўъжизалари, авлиёларнинг кароматлари ҳақдир. Ҳадисларда ривоят қилинган, Иблис, Фиръавн, Дажжол каби Аллоҳ таолонинг душманларидан содир бўлган ва бўладиган хориқулодаларни (одатдан ташқари ишларни) мўъжиза, каромат демаймиз. Уларни, ҳожатларини раво қилиш, деймиз. Чунки Аллоҳ таоло душманларининг ҳожатини, истидрож ва уларга азоб учун раво қилади. Улар чалғиб, яна ҳам кўп гуноҳ қилишади ва куфрга кетишади. Бунинг ҳаммаси жоиз ва мумкиндир.
Аллоҳ таоло нарсаларни яратмасидан олдин ҳам Яратувчи, Холиқ эди. (Махлуқларга) ризқ бермасидан олдин ҳам Розиқ (ризқ берувчи) эди.
Аллоҳ таоло охиратда кўринади. Мўминлар ўз кўзлари билан жаннатда Аллоҳ таолони ўхшаши ва сурати йўқлигини кўришади. У билан бандалари орасида масофа бўлмайди.
Имон тил билан иқрор бўлиб, қалб билан тасдиқлашдир. Осмон ва ер аҳлининг имони кўпаймайди ва камаймайди. Мўминлар имон ва тавҳидда тенгдир. Улар бир-бирларидан амалда устун бўлади.
Ислом Аллоҳ таолонинг амрларига бўйинсуниш ва таслим бўлишдир. Имон ва ислом ўртасида луғат жиҳатидан фарқ бор. Лекин имон исломсиз, ислом имонсиз бўлмайди. Улар инсоннинг ичи ва сирти кабидир. Имон, ислом ва шариатлар умумий тарзда дин дейилади.
Биз Аллоҳ таолони, У Ўзини китобида сифатлагандай барча сифатлари билан таниймиз. Ҳеч бир киши Аллоҳ таолога У лойиқ бўлган ибодатни қилолмайди. Лекин Унинг амрига биноан, буюрганига мувофиқ ибодат қилади. Барча мўминлар маърифатда, яқийнда, таваккулда, муҳаббатда, ризода, хавф ва ражода, имонда тенгдир. Имондан ва зикр этилганлардан бошқаларда бир-бири билан тенг эмас.
Аллоҳ таоло бандаларига фазл ва марҳамат этувчи ва одилдир.У фазл, марҳамат этиб, гоҳо бандасига сазовор бўлганидан бир неча баробар ортиқ савоб беради. У адолат этиб гоҳо бандага гуноҳига яраша жазо беради. У фазл этиб гоҳо банданинг гуноҳини афв этади.
Пайғамбарлар алайҳимуссаломнинг шафоатлари ва бизнинг Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг гуноҳкор мўминларни ва катта гуноҳ қилиб азобга лойиқ бўлган мўминларни шафоат қилишлари ҳақдир.
Бандаларнинг амаллари Қиёмат куни тарозуда тортилиши ҳақдир. Низолашганлар ўртасида Қиёмат куни қасос бўлиши (ўч олиниши) ҳақдир. Агар уларнинг (Золимларнинг) яхши амали бўлмаса (қолмаса), уларга мазлумларнинг гуноҳлари юкланиши ҳақдир, жоиздир.
Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ҳовузи ҳақдир. Жаннат ва дўзах ҳозир бордир, мавжуддир. Улар асло йўқ бўлмайди. Аллоҳ таолонинг азоби ҳам, иқоби ҳам асло йўқ бўлмайди, тугамайди.
Аллоҳ таоло фазл айлаб, хоҳлаган бандасини ҳидоятга, тўғри йўлга бошлайди, адолат айлаб, хоҳлаган бандасини адаштиради.
Аллоҳ таолонинг адаштириши (излоли) хизлонидир. Аллоҳ таоло Ўзи рози бўладиган нарсаларга бандасини муваффақ қилмаслиги хизлондир. Бу (хизлон) Унинг адолатидир. Бетавфиқни гуноҳи учун азоблаш ҳам адолатдир.
Шайтон мўмин бандадан имонини мажбурлаб ва зўрлик билан олиб қўяди, демаймиз. Балки банда ўз хоҳиши билан имонидан кечади (диндан) чиқади. Банда имонидан кечганида шайтон ундан имонини олади, деймиз.
Маййитни қабрида Мункар ва Накир фаришталар саволга тутиши ҳақдир. Банданинг жасадига қабрида руҳининг қайтарилиши ҳақдир. Қабрнинг қисиши ҳақдир. Ҳамма кофирларга ва баъзи гуноҳкор мусулмонларга қабр азоби ҳақдир, бўлажакдир.
Аллоҳ таолонинг муташобиҳ сифатларидан қай бирини уламолар араб тилидан бошқа тилда зикр қилишган бўлсалар, фақат уларни араб тилидан бошқа тилда айтиш (таржима қилиш) мумкин. Лекин Аллоҳ таолонинг йад сифатини арабчадан бошқа тилда айтиш (таржима қилиш) мумкин эмас. Ташбиҳсиз (ўхшашсиз) ва кайфиятсиз (қандайлиги билинмайдиган) сўзларини қўшиб, яъни "Аллоҳ таолонинг бирор нарсага ўхшамайдиган, қандайлиги билинмайдиган юзи учун”, дейиш мумкин.
Аллоҳ таолонинг яқинлиги ва узоқлиги масофанинг узоқлиги ва яқинлиги жиҳатидан ҳам, шараф ва хорлик маъносида ҳам эмасдир. Балки, Аллоҳ таолога итоат этувчилар Унга мислсиз (тасаввури йўқ) яқиндир. Аллоҳ таолога итоат этмайдиганлар (осийлар) Ундан мислсиз узоқдир. Яқинлик, узоқлик, юзланиш илтижо қилувчига нисбатан ишлатилади. Шунингдек, жаннатда Унга яқин бўлишнинг, Унинг хузурида бўлишнинг ҳам мисли йўқдир.
Қуръони карим Пайғамбаримиз (с.а.в.)га нозил қилингандир. У мусҳафларда ёзилгандир. Қуръони карим оятларининг ҳаммаси илоҳий калом бўлганидан фазилатда ва улуғликда тенгдир. Лекин баъзи оятларда ҳам зикр, ҳам мазкур (зикр қилинган) фазилати бор, масалан, Оятул курсийда. Оятул курсийда Аллоҳ таолонинг жалоли, азамати ва сифати зикр қилингандир. Оятул курсийда икки фазилат ҳам бор, бири зикр фазилати, иккинчиси мазкур (зикр қилинган) фазилатдир. Кофирларнинг ҳоли ҳақидаги оятларда эса фақат зикр фазилати бор. У оятларда зикр қилинганларда, яъни кофирларда фазилат йўқдир. Аллоҳ таолонинг исмлари ва сифатларининг ҳаммаси фазилат ва улуғликда тенгдирлар, уларнинг ўртасида фарқ йўқ.
Росулуллоҳ (с.а.в.)нинг ота-оналари куфрда ўтишган. Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг амакилари Абу Толиб ҳам куфрда ўтган.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) уч ўғил, тўрт қиз кўрганлар. Ўғилларининг исмлари: Тоҳир, Қосим ва Иброҳимдир. Қизларининг исмлари: Фотима, Зайнаб, Руқийя ва Умму Гулсумдир. Уларнинг ҳаммаларидан Аллоҳ таоло рози бўлсин!
Мўмин кишига тавҳид илмининг нозик тафсилотларидан бири аниқ бўлмаса, бир олимни топиб, ундан сўраб билганича, дарҳол, Аллоҳ таоло наздида нима тўғри бўлса шунга ишондим, дейиши вожиб бўлади. Сўраб билишни ортга суриши мумкин эмас. Билмаслиги (шак қилиши) узр бўлмайди. Билмаса (шак қилса) кофир бўлади.
Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг Меърож ҳақидаги хабарлари ҳақдир. Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг Меърож ҳақидаги хабарларини ким инкор қилса у адашган ва аҳли сунна вал жамоадан чиққан кишидир.
Дажжолнинг, Яъжуж ва Маъжужнинг чиқиши (пайдо бўлиши), қуёшнинг мағрибдан чиқиши, Исо алайҳиссаломнинг осмондан тушишларида саҳиҳ хабарларда келган қиёматнинг бошқа белгилари ҳақдир, бўлажакдир.
Аллоҳ таоло хоҳлаган бандасини тўғри йўлга бошлайди.

"Ал-Фиқҳ ул-акбар" матнини араб тилидан ўзбек тилига
Муҳаммад Шариф Жуман таржимаси.
Имом Абу Ҳанифанинг
"Ал-Фиқҳ ул-акбар ва унинг шарҳи" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase