Сиз мухтарамлардан келган саволларга қўлдан келганича Аллоҳ таолонинг Ўзидан ёрдам сўраб жавоб беришга ҳаракат қилмоқчимиз. Аммо жавоб беришдан олдин бир икки оғиз муқаддима сифатида ҳаммамиз учун керакли бўлган сўзларни айтиб ўтишга ижозат бергайсиз. Ана ўша сўзларимиздан баъзилари шуки, бу саволларга жавоб беришда айнан бир шахсни ёки қандайдир жамоани ният қилиш, ирода қилиш маъносидан мутлоқ йироқмиз. Келган савол агар маълум бир шахслардан бўлса ҳам лекин мўмин-мусулмонларнинг ичида учраб турадиган, барчанинг эхтиёжи тушиш эҳтимоли бор саволлардир. Шунинг учун айтилган гап сўзларни ёки жавобдаги келган баъзи-бир маъноларни ҳеч ким ўзига қаратилган деб тушунмаслигини илтимос қиламиз. Балки бу холис тарзда айтилган, уламоларимизни китобларидан, устозларимиздан ўрганган нарсаларимиздан иборатдир. Саволда берилган нарсаларни муолажа қилиб, уларни таҳлил қилишда эътимодлик китоблардан, катта устозларни қавлларидан, мужтаҳидларимизнинг ижтиҳодларидан фойдаланишдан иборатлигини ҳам айтиб ўтмоғимиз лозим. Баъзи-бир ҳолатларда тушунмовчилик бўлиб кишилар айтилган сўз, берилган жавобни ўзининг шахсига нибатан бўлганлигини тушуниб қолиш ҳолатлари бор, албатта бундай бўлиши керак эмас. Ундан кейин мана шу савол жавоб давомидаги келаётган маънолар, айтилаётган гап сўзлар албатта исломий нуқтаи назардан динимизнинг манфаатини, Аллоҳнинг таълимотини ҳаммадан устун қўйган, ўзимиздан ҳам, бошқалардан ҳам устун қўйган ҳолда айтиладиган гаплардир. Бу ерда кимгадир қилаётган ишини хаспўслашга ёрдам бериш, кимнидир оқлаш, кимнидир қоралаш маъноси мутлақо йўқдир. Ана шунда бу нарсалар холис бўлади, иншааллоҳ сўраганларга ҳам, жавоб берганларга ҳам ва бу ишларни гап, сўз, савол жавобларни сиз азизларга етказишда хизмат қилганларга ҳам барча-барчага савоблар бўлади. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло мана шу ишаримизни барчасини холис Ўзининг розилиги учун қилинаётган амаллар сифатида қабул қилишини ва бундан ҳаммамизга кўп-кўп фойдалар келишини насиб қилган бўлсин.
Энди саволларга ўтишга ижозат бергайсиз. Бугунги кунда мужтаҳид олим йўқлиги, балки бугунги кундан бир мунча муддат, неча ўнлаб йиллар аввалдан бери ислом уммати барчаси эътироф қилган, кўзга кўринган мужтаҳид олимнинг йўқлиги ҳаммага маълум ва машҳур. Бунинг бир қанча сабаблари бор, жумладан ҳозирга келиб ҳаёт жуда ҳам мураккаблашиб кетди. Турли илмлар, мутахасисликлар пайдо бўлди, диний илмларни олишда ва мутахасис бўлишда қийинчиликлар, тўсиқлар пайдо бўлди. Аввалги каби имкониятларга эга бўлган, чегараланган бир худудда яшаб ижод қиладиган олимларнинг имконлари қолмади. Атрофлича қарайдиган бўлсак, бутун ислом оламини рози қиладиган ва бутун масалаларини ҳал қиладиган шахсларнинг имконлари чегараланди. Шу сабабдан ислом оламида мужтаҳид уламоларни эътироф қилиш маъноси, уларнинг борлиги ҳақиқати йўққа чиқди. Чунки, мужтаҳид олимга жуда кўп талаблар қўйилади ва шу билан бирга аввалги вақтга қараганда бугунги вақтнинг ҳаётида жуда кўп қирралар очилди. Буни битта одамнинг ўзи ўзлаштириб олиш имкони йўқолди. Шунинг учун мужтаҳид олимларни чиқиб ҳаммани рози қилиш имкониятлари ҳам йўқолди. Бунинг устига, ўтган вақтларда узрлик сабабларга кўра диний аҳкомларни ўз хохишига бўйсунтириш маъносидаги баъзи-бир шахсларни қилаётган ҳаракатларини чеклаш маъносида ва яна кўпгина омилларни эътиборга олиб уламоларимизни ўзлари "ижтиҳод эшиги беркилди" деган қарорни ҳам чиқарган эдилар.
Мана шу ва шундан бошқа бир қанча омилларга кўра бу саволда сўралаётганидек мужтаҳид уламоларни чиқиши тўхтаб қолди. Лекин бу ислом оламида етук олимлар қолмади дегани эмас, янги масалаларни ҳал қилиш имкони йўқолди дегани ҳам эмас. Холнинг тақозосидан чиқиб мусулмон уламолар ўз фаолиятларини давом эттирдилар янги пайдо бўлаётган саволларга, масалаларга жавоб ва ҳалларни ислом умматига тақдим қилиб келдилар. Ҳозирги кунда якка шахс мужтаҳид сифатида масалалари ҳал қилиб, ҳаммани қониқтириш имкони йўқ деган фикрга келинган бўлса ҳам, энди ижтиҳодни якка ҳолда эмас балки жамоат ҳолида қилиш имкони борлиги тўғрисида сўз очилди. Яъни, пайдо бўлаётган масалаларни якка шахслар эмас, уламолар гуруҳи тўпланиб туриб ҳал қилиш йўналишига ўтилди. Мана шу мақсадда “Ислом фиқҳи академиялари” га асос солинди. Ҳозирги кунда бир қанча “Ислом фиқҳи академиялари” фаолият кўрсатиб турибди. Буларнинг ичида энг қадимгиси ва каттаси, нуфузлиларидан бири ислом давлатлари уюшмаси қошидаги “Ислом фиқҳи академияси” дир. Бу академияда ислом давлатлари уюшмасига аъзо бўлган давлатлардан тамсилчи фақиҳлар олимлар аъзо бўладилар. Академия ўзининг йиллик мажлисларида кўриладиган масалаларни мазкур олимларга, ўзига аъзо бўлган олимларга мажлис бошланишидан маълум вақт олдин хабарини беради. "Келгуси мажлисимизда, фалон вақтда ўтказиладиган йиғинда қуйидаги масалалар кўрилиб чиқади. Шунинг учун сизни бу масалаларга тайёрланиб келишингизни сўралади" деган маънода хабар юборилади. Ҳар бир олим бу масалаларни чуқур ўрганиб, ўз юртидаги уламолардан маслаҳат олиб, уларни фикрини жамлаб, йиғилишга кўрсатилган масалаларни баҳсида, таҳлилида, муноқашасида қатнашишга тайёр бўлиб келади.
Академия мажлисида ана ўша кун тартибига киритилган масалалар бирин-кетин қўйилади. Қайси масала бўйича таҳлил бўладиган бўлса, муноқаша бўладиган бўлса, ўша масаланинг мутахасисларини ҳам чақирилади. Улар кўрилаётган масала асоси нимадан иборат, унда бўладиган нозик жойларини, кўпчилик тушунмайдиган, лекин фақат мутахасислар биладиган жойларини ҳам уламоларга очиқ-ойдин айтиб беришади. Ана ўша таҳлилларни кўриб, атрофлича ўрганиб, ўтган мужтаҳид уламоларимизни ижтиходларига таққослаб маълум бир масалада қарор қабул қилинади, қарор овозга қўйиш йўли билан қабул қилинади. Агар ҳамма рози бўлса рози бўлади, кўпчилик рози бўлиб баъзи-бир одамлар қўшилмайдиган бўлса, уни ҳам алоҳида таъкидланади. Мана шу тарзда масалалар ҳал қилинади. Ҳозирги кунда мен таъсис мажлисининг аъзоси бўлмиш “Роббитат ул аъламил ислами” ташкилотининг ҳузурида ҳам “Ислом фиқҳи академия”си фаолият олиб боради. Шунингдек, Ҳиндистон мусулмонларининг “Ислом фиқҳи академия”си бор, Судан “Ислом фиқҳи академия”си ишлаб турибди, Европа давлатларида яшайдиган мусулмонлар учун умумий битта “Фатво мажлиси” деб аталган академия ишлаб турибди, Шимолий Америка мусулмонлари учун ҳам “Ислом фиқҳи академия”си ишлаб турибди ва шунга ўхшаш бир қанча академиялар фаолият олиб бориб турибдилар. Булар ўша аввалги айтиб ўтганимиздек, "жаъмои ижтиҳод билан шуғулланаяптилар", десак хато бўлмайди. Ҳозирги кунда фаолият кўрсатиб турган “Ислом фиқҳи академия”ларини марказий идорасини тузиш, "Бош ислом фиқҳи академия” сини таъсис этиш тўғрисида ҳаракатлар бўлиб турибди. Буни уламолар бир неча бор кўриб чиқдилар, мен ҳам иштирок этдим. Яқиндаги сафарларимдан бирида “Тавосул” деб номланган илмий журналда кўпчиликка мана шу маънода саволлар тарқатилди, жумладан менга ҳам. Мен ҳам ўз фикрларимни, мулоҳазаларимни билдирдим, энди ана ўша нарсаларни жамлаб, ўртача, ислом умматига фойдали бўладиган бир қарорга келинади деган умид бор. Асосан “Ислом фиқҳи академия”лари эски мужтаҳидларимиз даврида ҳозиргача бизга қолиб келаётган фиқҳ китобларимизда йўқ янги пайдо бўлган масалаларни ҳал қилиш билан ижтиҳод олиб борадилар. Мисол учун, мана ҳозирги пайтда касал бўлиб қолган инсонга ёрдам бериш маъносида бошқа бир инсондан қон олиб қуйиш тиббий ҳаётда жорий қилинди. Аввал бу нарса бўлмаган, ана энди мусулмонларда савол пайдо бўладики "бировнинг қонини бошқа бир одамга олиб қуйса таъсири бўладими, диний маънода қандай ҳукмга эга бўлади. Бир аёлдан қон олиб гўдак болага қуйса эмизганлик ўрнига ўтадими йўқми?" каби саволлар пайдо бўлади. Мана буни “Ислом фиқҳи академия”лари, шу соҳанинг мутахасислари ва уламолари билан тўпланиб ҳаммасини таҳлил қилиб ўрганиб чиқишган ва қон қуйиш жоизлигига фатво берилган ва у эмизиш каби эмаслигини, балки бир оддий ҳолат эканлигини таъкидлаб, ҳужжат далиллар билан қарорларни чиқарганлар. Бу қарорлар ҳозирги кунга келиб, анчагина бўлиб қолди. Сиз азизлардан келаётган мана шунга ўхшаш масалаларга бераётган жавобларимиз асосан ана ўша “Ислом фиқҳи академия”ларида қабул қилинган қарорлардан иборат бўлади. Мисол учун, "ғизо ва давога қўшиладиган турли моддаларни тўғрисида кўп сўралганлигидан, Е322 ёки шунга ўхшаган моддаларни қандай тушунамиз" деб келаётган саволларга жавоб тариқасида Қувайтда фаолият олиб борадиган “Ал муноззама ал исламия лиъулуми тиббия” деб аталган ташкилотнинг уламолари чиқарган қарорни таржимаси билан таништирдик. Бу ҳам ана шундай соғлиқ, озиқ-овқат тўғрисидаги кўпгина фатволарни чиқарадиган ташкилотларимиздан ҳисобланади. Шунга ўхшаш кўпгина бошқа масалаларда мана шу “Ислом фиқҳи академия” лари чиқарган қарорларни оммалаштириб боришга ҳаракат қилмоқдамиз. Демак, "нима учун мужтаҳид чиқмай қолди?" деган саволнинг қисқача жавоби шу ва кўнгиллар тўқ бўлиши керакки, якка шахслар бўлмаса ҳам, жамоавий тарзда, кўпчилик бўлиб уламоларимиз ислом уммати хизматини олиб бормоқдалар ва бундан кейин ҳам иншааллоҳ бу нарса яна ҳам пухта равишда давом этади деган умиддамиз.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муаммад Юсуф (роҳимаҳуллоҳ)