Дастлаб Португалия баъзи мусулмон ўлкаларга ҳужум бошлади. Шундан сўнг 1881 йилда Франция Тунисни, 1882 йилда Англия Миср ва Суданни, 1895 йилда Италия Сомали ва 1910 йилда Ливияни босиб олди. Шу тарзда мусулмон оламининг барча диёрлари мустамлакачилар асорати остида қолди. Европа давлатлари ўзининг мустамлакачилик сиёсатини қай тарзда амалга оширганини мусулмон оламидаги йирик мамлакатлардан бири Миср мисолида қисқача эслаб ўтайлик.
Маълумки, Миср турли сабабларга кўра Франция ва Англия мустамлакачилари ўртасида талаш бўлган. Аввал мамлакатга Наполеон бошчилигидаги французлар бостириб келган. У Искандарияни босиб олгач, мисрликларга нома юборган. Бузуқ араб тилидаги хатолари ғиж-ғиж бу нома қуйидагича бошланарди:
«Бисмиллааҳир Роҳмаанир Роҳийм. Лаа алааҳа иллаллоҳу. Лаа валада лаҳу ва лаа шарийка лаҳу фий мулкиҳи. Франсовийлардан, ҳуррият ва тенглик асосида бино қилинганлардан. Катта аскарнинг сирри ва франсовий лашкарларнинг амири Бонапартдан....»
Шундан сўнг Наполеон Миср халқини алдаш учун нима хоҳласа, шуни айтган. Французлар ҳам мухлис мусулмонлар экани, усмоний султонларни яхши кўришлари ва бошқа сафсаталар келтирилган.
Наполеон билан бирга Мисрга илмий гуруҳлар ҳам келган, матбаачилик дастгохдари келтирилган. Бироқ босқинчилар ўзлари билан фоҳиша аёлларни ҳам олиб келишган эди.
Матбаа дастгоҳлари Қуръони Каримни чоп қилиш учун олиб келингани айтилган бўлса-да, бироқ у билан Қуръони Карим таълимотларини бузиш учун худосизлик таълимотлари чоп қилиб тарқатилган.
Илмий гуруҳ Мисрнинг осори атийқаларини ўрганиш учун келгани эълон қилинган бўлсада, аслида улар мисрликларнинг асл маданияти Исломга эмас, фиръавнга боғлиқлигини исбот этишга уринишган ҳамда мамлакатдаги тарихий асарларни ўғирлаб кетишга хизмат қилишган.
Фоҳишаларнинг «қолоқ» халқларга янги «маданият»ни тарқатиш учун келгани эълон қилинган. Улар кўчама-кўча юриб, мисрлик эркакларни зинога чорлаш, аёлларни эса ўзларидан ўрнак олишга қизиқтириш хизматини бажарганлар.
Наполеондан бошқа мустамлакачилар ҳам худди шу йўлни тутишган, Мисрдан бошқа мустамлакаларда ҳам у қилган бузғунчиликлар амалга оширилган.
Усмонийлар давлати ўзига қарши чиққанларни жазолаш учун одатда Муҳаммад Алийни юборар эди. У 1805 йилда Мисрга волий қилиб тайинланди. Французлар Муҳаммад Алийни қучоқ очиб кутиб олишди, унга кучли лашкар тузиб беришди. Уша вақтнинг тараққий этган қуроллари билан таъминлаб, ҳатто денгиз флоти ҳам ташкил қилиб беришди. Хуллас, Францияга қарши чиққанларга қақшатқич зарба бериш учун керакли барча шароитларни яратиб бердилар. Ўз навбатида Муҳаммад Алий ҳам мусулмонларни Исломдан узоқлаштириш учун нима керак бўлса, барчасини амалга ошириб, французларга ихлос билан хизмат қилди.
Муҳаммад Алийнинг Ғарб олдидаги энг «улуғ» хизматларидан бири ёшларни Францияга ўқишга юбориш бўлди. Шу тариқа аҳолининг зиёли қисмини ғарбийлаштириш ишига асос солинди. Мустамлакачиларнинг барчаси мустамлака халқларнинг ўзлигини йўқотиш, уларни ўзига қул қилиб олиш учун шундай қилганлар.
Ҳар бир мустамлакачшшнг ўз «Муҳаммад Алий»си бўлган. Улар мустамлакачи нима деса, шуни ихлос билан амалга оширган. Муҳаммад Алийнинг ўғиллари ҳам мустамлакачиларга малай бўлишди. Улардан бири Исмоил мақсадини очиқ-ойдин баён қилиб, «Мисрни Европанинг бир парчасига айлантиришни истайман», деган.
МИСР БРИТАНИЯ МУСТАМЛАКАСИ ОСТИДА
Французлар Мисрдан чиқиб кетгач, 1882 йилда давлатни Британия мустамлака қилиб олди. Мисрни мусулмонликдан чиқариб, ғарбийлаштириш энди британча усулда давом этди. Британия Францияга душман бўлса ҳам, умумий мақсад муштарак бўлгани учун, француз миссионерларининг мактаб ва институтларига тегмади.
Инглизлар французларга ўхшаб ортиқча шовқин-сурон кўтармай, зимдан иш олиб боришди. Англиянинг Мисрдаги биринчи ҳокими лорд Кромер: «Илоҳий иноят ушбу юртдан устун қилган оқ танлиларнинг вазифаси имкон борича насроний тамаддунни собит қилишдир», деган эди. Миссионерлар унинг устидан Британия ҳукуматига шикоят қилишганда уларга мусулмонларни чўчитиб юбормайдиган тарзда ишлашни таклиф қилган эди.
Лорд Крумер Миср таълим вазирлигига роҳиб Данлопни маслаҳатчи қилиб қўйди. У эса динни ўргатмайдиган диний таълим муассасаларини очиб, давлат ташкилотларига фақат шу муассасаларнинг битирувчиларини олиш ҳақида қарор чиқарди. Улар тўрт йилгина юзаки таълим олган бўлсалар ҳам, ҳаммадан кўп маош олишар эди. Шу тарзда исломий илмларга, айниқса араб тилига қарши махфий қатағон олиб борилди. Таълим дастурига киритилган тарих, жўғрофия ва бошқа фанлар ҳам том маънода арабчадан инглизчага ўтказилди. Мисрликлар инглизлар истаган нарсанигина ўрганишлари заруратга айланиб қолди. Худди таълим вазирлигида бўлгани каби, бошқа барча вазирликларда ҳам мустамлакачилар нимани истаса, ўша нарса амалга ошадиган бўлди.
Бошқача қилиб айтганда, мустамлакачиликнинг асосий «унсурлари» (таркибий қисмлари): ҳарбий, сиёсий, иқтисодий, маданий, руҳий (психологик) ва бошқа жиҳатлар мустамлакачилар истагандек амалга оширилди. Мустамлакачиликнинг мақсадига мос равишда маҳаллий халқларни ҳарбий, иқтисодий, маданий ва руҳий йўл билан эзиб, динидан, тилидан, ўз номидан ва миллий ўзлигидан воз кечишгача олиб бориш йўлида барча чоралар кўрилди.
Мустамлакачиликнинг мустамлака халқларга таъсири ҳақида тасаввур ҳосил қилиш учун иқтисодий ҳолатни эслаб ўтишнинг ўзи кифоя қилса керак. 1920 йилда Мисрнинг ерлик аҳолиси 16 миллион киши бўлиб, ажнабийлар 225 минг кишинигина ташкил этар эди. Аммо Мисрнинг умумий бойлигининг 53 фоизи ўша оз сонли чет элликларнинг қўлида бўлган. Бундай ҳолат ҳаётнинг деярли барча жабҳаларида ҳам кузатилган. Мустамлакачилар ерлик халқлар ҳаётнинг ҳамма соҳаларида уларга қарам бўлиши учун барча чора-тадбирларни кўрганлар.
Бундай золим сиёсатнинг оқибатлари тезда намоён бўлди. Мисрда араб тилини билмайдиган, лекин инглизчадан яхши бохабар, арабча кийимдан ҳазар қиладиган, бироқ инглизча кийим билан фахланадиган, ўз тарихини билмайдиган, лекин Англия тарихини сув қилиб ичиб юборган, сурати араб, моҳияти инглиз бир қатлам пайдо бўлди. Улар салибчи ва мўғул босқинчилардан куч жиҳатидан мағлуб бўлган, аммо ақийдаси, миллий ғурури билан ғолиб келган аждодларнинг мутлақо акси эдилар. Бу авлод ўз миллатига хос барча нарсадан жирканиб, бегоналарга тегишли нарсаларга ҳавас қиладиган, бу билан фахрланадиган қатлам эди.
Узоқ давом этган мустамлакачилик сиёсатининг натижаси ўлароқ Мисрнинг барча табиий бойликлари талаб тугатилди, мустамлакачиларни қизиқтирадиган нарсалар оз қолди. Мисрликлар ичида инглизларга ихлос билан, сидқидилдан хизмат қиладиган шоввозлар етарлича етишиб чиқди.
МИЛЛИЙ ОЗОДЛИК ҲАРАКАТЛАРИ
Иккинчи Жаҳон уруши бутун дунёда миллий озодлик ҳаракатларининг авж олишига сабаб бўлди. Мустамлака давлатлар бирин-кетин озод бўла бошладилар. Энг қизиғи, миллий озодлик ҳаракатларига мустамлакачиларга яқин доиралар раҳбарлик қилар эди. Миллий озодлик ҳаракатининг раҳнамолари кўпроқ коммунистлар ёки миллатчилар эди. Барча давлатлар ана шундай йўллар билан озодликка эриша бошладилар. Бундай давлатларда европача маданиятга яқин кишилар ҳокимиятни қўлга олишди. Жумладан, Мисрда ҳам шундай бўлди. Миллий озодлик ҳаракати раҳбариятига Саъд Зағлул ва шунга ўхшаш «муносиб» одамлар топилди. Уларга нима дейиш, нима қилиш яхшилаб тушунтирилди. Улар халқни босқинчиларни юртдан ҳайдаб чиқаришга чақирдилар. Орадан кўп ўтмай, Саъд Зағлул ҳибсга олинди. Ҳамманинг эътибори унга қаратилди. Унинг «адабини бериб қўйиш», жазолаш учун «сургун» қилинди. Натижада у бир неча йилдан сўнг «халқ қаҳрамони» сифатида сургундан қайтиб келиб, Миллий озодлик ҳаракатига раҳбарлик қила бошлади. Одамлар Саъд Зағлул нима деса, шуни қабул қилишга тайёрлаб қўйилган эди.
Шу тариқа Мисрда ҳам, бошқа собиқ мустамлакаларда ҳам озодлик ҳаракати бир хил сценарий асосида олиб борилди. Аввалига халқ озодлиги ҳаракатига мустамлакачиларга ҳар томонлама мос келадиган кимсалар раҳнамо бўлиб олар, шундан сўнг босқинчилар юртдан қувиб чиқарилар эди. Энди орзуимиз ушалди деб қувонган халқ бу раҳнамоларни ўзига раҳбар деб билар, улар эса янги мустақил давлат низомини Франция ёки Англия конституцияси андозасида ташкил қилишарди.
Дунёнинг ишлари қизиқ экан, бу қонунлар ҳали-ҳануз амалда. Авом халқ эса: «Мусулмон бўлсак ҳам, нима учун қолоқмиз?» деб ҳайрон бўлиб юришибди.
Айни пайтда шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, ҳақиқий ватанпарвар раҳбарлар она Ватани, ўз халқи, эл-юрти учун улкан хизматларни қилдилар ва қилиб келмоқдалар. Кўпчилик мусулмон давлатлар мустақилликка эришгач, ҳаётнинг барча соҳаларида сезиларли тараққиётга эришмокда ва бу жараён изчиллик билан давом этмоқда.
Бугунги кундаги Ислом оламини ташкил этган давлатларни Ислом Ҳамкорлиги Ташкилоти орқали билиб олиш мумкин. Шунинг учун кейинги бобда ушбу ташкилот ва унга аъзо давлатлар билан танишиб чиқишни лозим кўрдик.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ
"Ислом тарихи" китобидан