Сабаби: Оллоҳ таоло Ўз Расулига Маккани фатҳ қилиб бергач, зулм ва душманликлардан кейин Қурайш у зотнинг пайғамбарлигини тасдиқлаб мусулмон бўлгандан кейин Ҳавозин ва Сақиф қабилаларининг катталари Оллоҳ таоло Ўз Расулига ва мўминларга берган нусратдан қалблари ғазабга тўлган ҳолда бир-бирлари билан учрашдилар ва жуда катта лашкар тўпладилар. Ҳавозин қабиласининг бошлиғи уларга бош бўлиб, моллари ва оилалари билан юришни бошлашга буюрди. Улар (Макка билан Тоиф) оралиғидаги Автос номли жойга қўндилар. Уларни бундай ҳолатда чиқишга буюришнинг сабаби аҳли-оила, мол-дунёни ҳимоя қилиш учун жангдан қочиб кетишлар бўлишини олдини олиш эди.
Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳам Шаввол ойининг олтинчисида ўн икки минг мусулмон билан улар томон йўлга чиқдилар. Уларнинг ўн минги Мадина аҳлидан, икки минги Макка аҳлидан эди.
Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам Абдуллоҳ ибн Абу Ҳадрад Асламийни мушриклар лашкари орасига кириб олиб, маълумот олиб қайтишини буюрдилар. Абдуллоҳ бориб уларнинг орасига кириб олди ва аскаргоҳда айланиб маълумот олиб қайтди.
Аввалроқ Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга Сафвон ибн Умайя ҳузурида совутлар, қурол-аслаҳалар борлиги билдирилган эди. У зот Сафвонга одам юбориб ундан ўша совут ва қуролларни талаб қилдилар. (Сафвон ўша пайтда мушрик эди). Сафвон айтди: "Бу зўравонликми эй Муҳаммад?". У зот: "Йўқ, қарзга олмоқчимиз, кейин яна ўзингга топширамиз", дедилар. Шундан кейин у юзта совутни етарли қуроллар билан қўшиб берди.
Молик ибн Авф Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлга чиққанларини эшитиб ўз лашкарини Ҳунайн водийсининг ҳар тарафига яширинишларини ва мусулмонлар келганларида уларга бир ҳамла билан ҳужум қилишларини буюрди.
Мусулмонлар Ҳунайн водийсига тонг ғира-ширасида етиб келдилар.
Водийнинг ҳар тарафидан чиқиб, тўсатдан ҳамла қилган душман пистирмаси мусулмонларни қўрқитиб юборди. Мусулмонлар саросимада ҳеч нарсага қарамай ортга чекина бошладилар.
Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ўнг томонга четлашиб сўнг одамларга нидо қилдилар: "Менинг ёнимга келинглар эй Оллоҳнинг бандалари, мен чин Пайғамбарман, мен Абдулмутталибнинг фарзандиман", дедилар.
Имом Муслим Аббос розияллоҳу анхудан ривоят қилади: "Мен Ҳунайн куни Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам билан бирга бўлдим. Мен ва Абу Суфён ибн Ҳорис ибн Абдулмутталиб иккимиз у зотдан ажрамадик. У зот оқ ҳачирларига миниб олган эдилар.
Мусулмонлар билан кофирлар тўқнашган пайтда мусулмонлар орқага қоча бошладилар. Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам эса ҳачирларини кофирлар томон тезлата бошладилар. (Аббос айтади:) Мен у зотнинг ҳачирларининг юганидан тутиб, тезлаб кетмаслиги учун тортиб турар эдим, Абу Суфён эса ҳачирнинг белбогидан тортиб турарди. Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам (Аббосга): "Эй дарахт асҳоблари, деб нидо қил", дедилар. (У овоздор киши эди. У айтади:) Овозимнинг борича: Эй дарахт эгалари", деб қичқирдим. (Дарахтдан мурод Ҳудайбийя йили Ризвон байъати ана шу дарахт олдида бўлган эди). Мусулмонлар лаббай, лаббай, деб жангга қайта бошладилар. Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам улар олиб бораётган жангга қараб туриб шундай дедилар: "Ана энди жанг қизиди". Сўнг ердан майда тошлар олиб уларни кофирларнинг юзларига отдилар ва: "Муҳаммаднинг Парвардигорига қасам, мағлуб бўлдилар", дедилар.
Оллоҳ таоло мушрикларнинг қалбига қўрқув солди. Ҳеч кимга қарамай тум-тарақай бўлиб кетдилар. Мусулмонлар эса жанг қилишни, асир олишни давом эттирар эдилар.
Бу ғазотда Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам шундай эълон қилдилар: "Ким ўзи ўлдирган мушрикни далил билан исботласа ўша мушрикнинг ўлжаси уникидир".
Ибн Исҳоқ ва бошқалар Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Ҳунайн куни Абу Толҳа ўзи ўлдирган йигирма кишининг ўлжасига эга бўлди.
Ибн Исҳоқнинг яна бир саҳиҳ ривоятида: Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам Умму Сулайм бинти Милҳонни кўриб қолдилар. У эри Абу Толҳа билан бирга эди. Унга Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: "Умму Сулайммисан", дедилар. У: "Ҳа, ота-онам Сизга фидо бўлсин эй Расулуллоҳ, Сиз билан жанг қилганларни ўлдирганингиздек, Сиздан қочганларни мен ҳам ўлдиряпман", деди. Унинг қўлида ҳанжар бор эди. Уни эри кўриб: "Ҳанжарни нима қиласан", деди. У: "Агар мушриклардан биронтаси менга яқинлашса мана шу ҳанжар билан сўйиб ташлайман", деди.
Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Холид ибн Валид ўлдирган бир аёлнинг олдидан ўтиб қолдилар. Одамлар унинг атрофида тўпланиб олишган эди. У зот: "Нима бу?", дедилар. Холид ибн Валид ўлдирган аёл, дейишди. У зот саҳобаларидан бирига: "Холиднинг олдига бориб унга: "Расулуллоҳ сизни ёш болани, аёл кишини ва кулни ўлдиришдан қайтарадилар, деб айтгин", дедилар.
Мушриклар бошлиги Молик ибн Авф ўз қавмидан бир неча кишилар билан қочиб Тоифга етиб бориб у ердаги қўрғонга яшириниб олди. Ортида эса жуда кўп ўлжаларни қолдириб кетди.
Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ўлжаларни Жаърона номли жойда йиғиб, сақлашни буюрдилар ва унга Масъуд ибн Амр Ғифорийни масъул этиб тайинладилар. Ўзлари эса мусулмонлар билан бирга Тоифга йўл олиб уни қамалга олдилар. Сақифликлар қўрғон ичидан туриб мусулмонларга камондан ўқ ёғдирдилар. Бундан бир қанча мусулмон ҳалок бўлди. Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам Тоифни ўн кундан ортиқ, баъзи ривоятларда йигирма кундан ортиқ қамал қилиб турдилар. Кейин ортга қайтишни маъқул кўрдилар. Абдуллоҳ ибн Амр ривоят қилади: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларига: "Ортга қайтамиз иншаоллоҳ", деб эълон қилдилар. Айрим саҳобалар: Фатҳ қилмасдан қайтамизми?, дейишди. У зот: "Агар хоҳласангиз бориб жанг қилаверинг", дедилар. Улар жангни бошлаган эдилар, уларга қаттиқ жароҳатлар етди. Шунда у зот уларга: "Эртага қайтамиз", дедилар. саҳобалар бу гапдан хурсанд бўлдилар. Буни кўриб Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам кулдилар.
У зот қайтиб келгач, саҳобаларига: "(Бизлар) қайтгувчилар, тавба қилгувчилар, ибодат қилгувчилар, Роббимизга ҳамд айтгувчилармиз", дедилар. Саҳобаларнинг баъзилари: "Эй Расулуллоҳ, Сақифга қарши Оллоҳга дуоибад қилинг", дейишди. У зот: "Оллоҳим, Сақифни ҳидоят қилгин ва уларни (бизнинг ҳузуримизга) келтиргин", деб дуо қилдилар.
Ҳеч қанча вақт ўтмай, Оллоҳ таоло Сақифга ҳидоят берди. Уларнинг вакиллари Мадинага Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламнинг ҳузурига келиб Исломни қабул қилганликларини эълон қилдилар.
Ўлжаларни тақсимлаш
Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Жаъронага қайтдилар. У ерда юқорида айтганимиздек, Хунайн ғазотида Ҳавозин қабиласидан олинган асирлар ва ўлжалар бор эди. Асирларни ўша ерда тақсимладилар. Сўнг у зотнинг ҳузурига Ҳавозиндан вакиллар мусулмон бўлган ҳолларида келдилар ва у зотдан молларини ва асир тушган одамларини ўзларига қайтарилишини илтимос қилдилар. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам уларга: "Мен билан сизлар кўриб турганингиз кишилар бор. Менга сўзнинг энг суюклиси ростидир. Икки тоифадан бирини танланглар: Ё асирларни ёки молни. Дарвоқе, сизларга қараб турган эдим (яъни, Исломга киришингизни умид қилиб ўлжа ва асирлар тақсимини кечиктириб турган эдим)", дедилар. Ҳақиқатда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Тоифдан қайтганларидан сўнг ўн кундан ортиқ уларнинг келишини кутиб турган эдилар.
Улар: Эй Расулуллоҳ, бизга қариндошларимиз билан молларимиз ўртасида ихтиёр бердингиз. Бас, бизга қариндошларимиз маҳбубдир, дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам мусулмонлар ичида туриб аввал Оллоҳ таолога ҳамду сано айтдилар сўнг: "Аммо баъд: биродарларингиз тавба қилиб - кофирликдан мусулмонликка қайтиб келибдилар. Мен уларга
асирга тушган одамларини қайтариб бериш фикридаман, бас, ким шу фикрни маъқулласа, шундай қилсин ёки сизлардан ким ўз насибасига эга бўлмоқчи бўлса, бу ҳам мумкин".
Одамлар бир овоздан: "Бизга Сизнинг фикрингиз маъқул эй Расулуллоҳ", дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: "Биз бу ишга сизлардан ким рози, ким норозилигини билмаймиз. Шунинг учун бориб масаҳатлашинглар, кейин вакилларингиз бизга билдирсин", дедилар. Улар қайтиб маслаҳатлашдилар ва вакиллари келиб ўзларининг ҳайриҳох ва рози эканликларини билдиришди. Шундан кейин Ҳавозинга асирлар қайтариб берилди.
Ибн Исҳоқнинг ривоятига кўра, "Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Ҳавозин вакилларидан бошлиқлари Молик ибн Авф ҳақида сўрадилар. Улар унинг Тоифда сақифликлар билан бирга эканлигини айтишди. У зот уларга: "Унга айтиб қўйинглар - агар у бу ерга мусулмон бўлиб келса унга аҳлини, молини қайтараман ва қўшимча юзта туя бераман", дедилар. Бу гаплар Моликка етказилди. У Расулуллоҳ томон йўлга тушиб, Жаърона билан Макка оралигида кетаётганларида у зотга етиб олди. Унга аҳли, моли қайтарилиб, юзта туя бердилар. У мусулмон бўлди, мусулмон бўлганда ҳам чиройли мусулмон бўлди".
Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам маккаликларга уларнинг қалбларини Исломга яна ҳам ошно этиш мақсадида ўлжаларни орттириб бердилар. Буни кўрган баъзи ансорийларнинг кўнгиллари огриб қолди ва: "Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни Оллоҳ кечирсин, Қурайшга беряптилар, бизларни эса қиличларимиздан уларнинг қонлари томиб турган ҳолда тарк қиляптилар", дейишди.
Бу гап у зотга етиб келгач, белгиланган бир жойга келишларини тайинлаб ансорларга одам юбордилар. У ерга ансорлардан бошқа ҳеч ким чақирилмади.
Ҳамма тўплангач, у зот туриб Оллоҳга У Зот лойиқ бўлганидек ҳамду сано айтдилар сўнг: "Эй ансорлар жамоаси, сизлар тарафдан менга етиб келган гап, қандай гап?! Мен сизларнинг олдингизга (Мадинага) келганимда адашиб-улоқиб юрмаганмидингиз, кейин Оллоҳ таоло сизларни мен сабабли ҳидоятламаганмиди? Тарқоқ эдингиз, Оллоҳ сизларни мен сабабли оға-ини қилмадими? Фақир эдингиз, бас, Оллоҳ мен сабабли сизларни бадавлат қилмадими?" (Улар у зотнинг ҳар бир саволига: Ҳа, Оллоҳ ва Расули марҳаматли ва афзалдир, деб жавоб беришар эди). Сўнг: "Менга жавоб қайтармайсизларми, эй ансорлар жамоаси", дедилар. Улар: "Нима деб жавоб қайтарамиз, эй Расулуллоҳ", дейишди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: "Оллоҳ номига қасамки, агар хоҳласангиз шундай (куйидагича) дейишингиз мумкин, шунда тўғри айтган бўласизлар ва тасдиқланасизлар": "Сиз бизга (Мадинага) ёлгончи қилинган ҳолда келдингиз, биз Сизни тасдиқладик, ёрдамсиз ҳолда келдингиз, биз Сизга ёрдам бердик, бошпанангиз йўқ эди, биз Сизни багримизга олдик, фақир эдингиз, Сизга қайғурдик", дедилар. Ансорлар бу гапларни эшитиб: "Иўқ, барча яхшилик, марҳамат бизга Оллоҳ ва Расули томонидан бўлди", деб овоз кўтариб юборишди.
Сўнг Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам сўзларида давом этдилар: "Эй ансорлар жамоаси, мен бир қавмни (Маккаликларни) Исломга кирсинлар деб сийлаган дунёнинг арзимас матосини деб кўнглингиз оғридими? Эй ансорлар жамоаси, ана у одамлар қўй ва туялар билан кетишларига, ўзларингиз эса Оллоҳ ва Расули билан уйга қайтишга рози бўлмайсизларми? Оллоҳ номига қасамки, сизлар олиб қайтаётган нарса улар олиб қайтаётган нарсадан яхшироқдир. Муҳаммаднинг жони Қўлида бўлган Зотга қасамки, агар ҳижрат бўлмаганда мен ансорлардан бўлган бўлар эдим.
Одамлар бир дарага, ансорлар бошқа бир дарага юрсалар, мен ансорларнинг дарасига юрган бўлар эдим. Албатта сизлар мендан кейин худбинликка йўлиқасизлар. Бас, мен билан Ҳавзи Кавсар олдида кўришгунча сабр қилинглар. Оллоҳим, ансорларни, ансорларнинг фарзандларини, уларнинг фарзандларининг фарзандларини ҳам ўз раҳматингга олгин", дедилар. Ансорлар жамоаси соқоллари ҳўл бўлиб кетгунча йиғладилар ва: "Оллоҳ ва Расулининг тақсимига, насибасига розимиз", дейишди.
У зотнинг ортларидан бир тоғлик араб келиб тўнларидан шундай қаттиқ тортдики, у зот бўйинларига тўннинг дағал хошиясининг изи чиқиб қолди. У Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга: "Менга ҳузурингиздаги Оллоҳнинг молидан беришларини буюринг", деди. У зот унга қараб кулиб қўйдилар-да, сўраган нарсасини беришларини буюрдилар.
Ибн Исҳоқ айтади: Сўнг Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Жаъронадан чиқиб умра қилдилар. Умрани адо қилиб бўлгач, Мадинага қайтдилар. Маккага эса Аттоб ибн Усайдни ўринбосар қилиб қолдирдилар.
Ибратли нукталар
Ҳунайн газоти Ислом ақидасининг дарслари қаторидан алоҳида ўрин эгаллайди.
Агар Бадр ғазоти мусулмонларга модомики сабрли ва тақволи бўлсалар душманнинг адади ҳар қанча кўп бўлишининг олдида ўзларининг ададлари оз бўлишининг зарари йўқлигини исботлаган бўлса, бу Ҳунайн ғазоти мусулмонларга сабрли ва тақводор бўлмасалар ададларининг кўплиги фойда бермаслигини кўрсатиб берди. Бадр ҳақида оятлар нозил бўлгани каби Ҳунайн ҳақида ҳам оятлар нозил бўлди.
Бадр жангида мусулмонлар бошқа жангларга нисбатан энг оз ададда бўлганлар, лекин шунга қарамай, чин мусулмонликлари, етилган иймонлари, Оллоҳ ва Расулига яқинликлари сабабли ададларининг озлиги уларга зиён етказа олмади.
Ҳунайн ғазотида мусулмонларнинг адади бундан олдин қилган ғазотларининг барчасидан кўп эди. Лекин шунга қарамасдан саноқларининг кўплиги уларга фойда бермади. Бунга сабаб, уларнинг кўпчилигининг қалбларига ҳали иймон мустаҳкам ўрнашмаган ва дилларида ҳали Ислом тушунчаси чуқур томир отмаган эди.
Ана ўша "кўпчилик" лашкарга қалблари билан эмас, фақат жисмлари билан қўшилишган эди. Дунё ва унинг хоҳишлари уларнинг нафсларини эгаллаган эди. Ана ўша сабабдан мазкур кўпчилик Ҳунайн водийсига етиб келиб душман пистирмасининг ҳужумига дуч келган пайтларида ортларига тумтарақай бўлиб қочиб кетдилар. Аввало бу даҳшатли манзара озчилик бўлган чин мўминларнинг қалбларига ҳам ўз соясини солди. Лекин бу узоққа чўзилмади - ансорлар билан муҳожирлар Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламнинг нидоларини эшитишлари билан ортларига, жанг майдонига қайтиб, у зотнинг атрофларига жипслашиб жангга шўнғиб кетдилар. Улар икки юздан зиёда эмас эдилар. Лекин ана шу икки юз инсон билан мусулмонларга ғалаба қайтди, уларнинг қалбига хотиржамлик тушди. Оллоҳ душманни мағлуб қилди. Оллоҳ таоло бу етук ибратни ўзининг Улуғ Китобида баён қилган: "Оллоҳ сизларни кўп ўринларда ғолиб қилди. Ҳунайн (Макка билан Тоиф ўртасидаги бир водий) кунини (эсланглар)! Ўшанда сизларни кўп эканлигингиз мағрур қилиб қўйган эди, аммо у (яъни, саноғингизнинг кўплиги) сизларни ҳеч нарсадан беҳожат қила олмади (кутқариб қола олмади) ва сизларга кенг Ер торлик қилиб қолди, сўнг юз ўгирган ҳолингизда чекиндингиз! Кейин Оллоҳ Пайғамбарига ва мўминларга Ўз томонидан хотиржамлик нозил қилди ҳамда сизлар кўрмаган бир лашкарни (яъни, фаришталарни) туширди ва кофир бўлган кимсаларни азобга дучор қилди. Кофирларнинг жазоси шудир.
И з о ҳ: Бу оятларда Қуръон жангда ғалабага эришишнинг сабаби лашкар саноғининг кўплиги эмас, балки Оллоҳнинг мадади эканлигини таъкидлайди. Ўша Ҳунайн жангида (ҳижрий саккизинчи йил) мусулмонларнинг лашкари Ўн икки минг бўлиб, кофирлар фақат тўрт минг киши эдилар. Шунинг учун айрим мусулмонлар: "Шу бир ҳовуч одамдан енгиламизми?", деб ғурурландилар ва ғалаба Оллоҳ томонидан бўлишини унутиб қўйдилар. Натижада кофирлар улардан устун келиб, улар чекина бошладилар. Фақат Пайғамбар алайҳис-салом Оллоҳ таолога илтижо қилиб дуо қилганларидан кейин мўминларнинг дилларига бир хотиржамлик иниб, жангга қайтдилар ва Оллоҳнинг мадади билан кофирлардан ғолиб келдилар.
Кейин — ўша (жангдан) сўнг Оллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларнинг тавбаларини қабул қилур. Оллоҳ Мағфиратли, Меҳрибондир. (Тавба сураси, 25-27-оятлар).
И з о ҳ: Дарҳақиқат, Ҳунайнда мусулмонларга қарши жанг қилган Ҳавозин қабиласидан жуда кўп кишилар ўша жангдан кейин Оллоҳга тавба-тазарру қилиб, Исломга кирдилар.
Рамазон Бутийнинг
"Сийратни англаш" китобидан
Заҳириддин Мансур таржимаси