close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

ФИТНА (34 ҳижрий 654 милодий йил)

Фитнанинг сабаби.Ислом оламидаги катта фитнанинг учи халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга ғаразгўй кучлар томонидан суиқасд уюштирилиб, у кишининг ўлдирилишларидан бошланган эди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг олиб бораётган музаффар сиёсатлари кўпчилик душманларнинг «жигарини еб бораётган» эди. Улар Исломнинг бутун ер юзи бўйлаб яшин тезлигида тарқалиб бораётганини мутлақо кўра олмас эдилар.

Худди ана шундоқ кучлар ҳазрати Умарнинг вафотларидан кейин Рум ва Форс томонларда қуролли хуружлар қилиб, Ислом жамияти қарамоғидан чиқиб, эски тузумларини қайта ўрнатмоқчи бўлдилар. Аммо халифа ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу уларнинг бу хуружларини ўз вақтида бартараф қилдилар.
Ҳарбий томондан кучи етмаган ғанимлар ички томондан турли фитналар чиқаришга ўтдилар. Улар ўз мақсадлари йўлида турли омилларни ишга солдилар.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг даврлари бошқа давр эди. У вақтда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарбияларини олган, турли синовларда чиниққан, иймон ва ихлосда тенги йўқ саҳобаи киромлар кўпчиликни ташкил қилар эдилар. Улар орқали жамият ичида ҳар қандай сиёсатни осонлик билан жорий қилиш мумкин эди. Жамият аъзолари фитна нималигини билмас эдилар. Фитна у ёқда турсин, баъзи Қуръони Карим ва эътиқод бўйича шубҳали саволлар берган шахсларнинг ҳам адаблари бериб қўйилар эди. Ана ўша умумий руҳ ва халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ўша руҳдан келиб чиқиб юритаётган сиёсатлари баъзи бир бузғунчи табиатли шахсларнинг ҳам танобини тортиб турар эди.
Аммо вақт ўтиши билан шароитлар ўзгарди. Ҳазрати Умарнинг шиддатли сиёсатларини бардавом олиб бориш қийин эди. Буни ҳамма тушунар эди. Шунинг учун саҳобаи киромлар янги халифа сайлаш вақтида бошқача сиёсат юргизадиган шахсни изладилар. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг номзодларидан кўра, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг номзодларини устун кўришларига ҳам ҳазрати Алининг шиддатлари сабаб бўлди. Саҳобалар Умарнинг шиддатидан кейин Алининг шиддати қўшилса, тўғри келмайди, деган фикрга бордилар.
Бунинг устига, катта саҳобалар камайиб қолган эдилар. Арабларнинг ичида ҳам кейин мусулмон бўлган, Ҳижознинг ўзидан эмас, атрофидан бўлган қабилалар кўпайган эди. Энг асосийси, яшин тезлигида тарқалган фатҳлар давомида турли халқлар Исломни қабул қилган бўлиб, уларда ўзларининг аввалги динлари, эътиқодлари ва фикр¬лари таъсири ҳали кучли эди. Ўша халқлар ичида хўжакўрсинга мусулмон бўлганлари ҳам бор эди. Энг хатарлиси, фитнабоши Абддулоҳ ибн Сабага ўхшаб Исломга ички томондан зарба бериш мақсадида ўзини мусулмон қилиб кўрсатаётганлар ҳам йўқ эмас эди.
Ана шулар аста-секин фитнага замин тайёрлай бошладилар. Уларнинг баъзи ишларини юқоридаги сатрларда ҳам бир оз ўргандик. Улар аввалига ишни баъзи волийлар устидан шикоят қилишдан бошладилар. Бу иш биринчи бўлиб, Куфадан бошланди. Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу тайин қилган волий Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу билан харож омили Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳулар ўртасида волийнинг Байтулмолдан олган қарзини вақтида тўлаши ҳақида низо чиқди.
Иккалаларига ўзига яраша тарафдор ва қаршилар тўпланди. Халифа волийни ишдан олиб, ўрнига Валид ибн Уқбани қўйдилар. У ўша пайтда Умар розияллоҳу анҳу томонларидан Ҳижознинг ғарбий томонига волий этиб қўйилган ерида ишлаб турган эди. Уни куфаликлар хурсанд бўлиб кутиб олдилар. Бу ишдан айниқса, олдинги волийга қарши бўлган кишилар хурсанд бўлдилар. Одатда, фитначилар янги раҳбарнинг қўйнига киришга ҳаракат қиладилар. Бу ерда ҳам шундоқ бўлди. Янги волий ҳамма билан яхши алоқада бўлишга ҳаракат қилди. Ҳамма ишлар яхши кетиб турганда бир ҳодиса содир бўлди. Ана шу ҳодиса туфайли ишлар бошқачасига айланиб кетди.
Бир гуруҳ куфалик ёшлар бировнинг уйини тешиб кириб, уй эгасини ўлдирдилар. Бу ишдан хабар топган бир қўшни одам миршабларни чақирди. Улар жиноятчиларни тутдилар. Уларнинг ичида Зуҳайр ибн Жундаб ал-Аздий, Муварриъ ибн Абу Муварриъ ал-Асадий ва Шуббайл ибн Абул Аздийлар бор эдилар. Маҳкамада уларнинг жиноятлари собит бўлди ва шариат ҳукмига биноан қатл этилдилар. Уларнинг оталари ва қариндошлари бу иш учун волий Валиддан хафа бўлиб, унга қарши пайт пойлай бошладилар. Унинг кечқурун қуриладиган суҳбати бор эди. Бу суҳбатда турли одамлар, жумладан, Абу Зайд Тоий ҳам қатнашар эди. У асли насроний бўлиб, кейин мусулмон бўлган ва ароқ ичиши бор эди. Бир куни ҳалиги ҳасадгўйларнинг олдига биров келиб, «Валиднинг Абу Зайд билан хамр тановул қилишидан хабарингиз борми?» деди. Улар айни шу гапни кутиб туришган эди. Бу гапни бирпасда ҳамма тарафга тарқатишди. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига бориб, бу гапни айтишган эди, у киши: «Биз ўзини беркитган одамнинг авратини очмаймиз», дедилар. Валид бу гапни эшитиб, хафа бўлди. «Фитначи қавмга сендек одам шундай жавоб берадими?! Мен нимани беркитибман?! Бу ғариб-нотаниш одам ҳақида айтиладиган гап», деди. Шу билан икковларининг ораларига ҳам совуқлик тушди.
Фитначилар бу билан ҳам кифояланиб қолмадилар. Дорул Хилофага бориб, Валиднинг устидан шикоят қилишга қарор қилдилар. Улар ичларидан икки кишининг гувоҳликка ўтишига келишиб олиб, ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига бордилар. Фитначиларнинг сафида волий Валид томонидан ишдан бўшатилган аламзадалар ҳам бор эди. Одатда, фитначиларнинг доимо шунга ўхшаш кишиларни излаб топиб, ўз сафларига қўшиб олишлари синалган тажрибадир. Улар бориб, ўз мақсадларига эришдилар. Волий Валид ибн Уқба ибн Абу Муаъйт чақирилиб, дарра урилди ва ишдан олинди. Бу иш фитначилар томонидан қилинган уйдирма эди.
Мазкур куфалик фитначиларга Молик ибн Ҳорис ал-Аштар, Собит ибн Қайс Нахаъий, Кумайл ибн Зиёд Нахаъий, Зайд ибн Савхон Абдий, Жануб ибн Зуҳайр Ғомидий, Жундуб ибн Каъб Аздий, Урвату ибн Жаъд, Амр ибн Жаъд ва Умар ибн Ҳамақ Хузоъийлар раҳбарлик қилар эдилар.
Улар фитна қилиб юриб, Саъид ибн Осс розияллоҳу анҳунинг ҳам ишдан бўшатилишларига эришдилар.
Аммо ҳамма балонинг боши Мисрда эди. Абдуллоҳ ибн Сабадек фитнабоши ҳамма ердан қувилса ҳам, бу ерда ҳурмат-эътибор топган эди. У Мисрга жойлашиб олиб, ўз режасини амалга оширишга замин тайёрлар эди. У ўз таълимотларини кўпчилик орасида тарқатиб борар эди. У одамларга: «Аллоҳнинг мингта набийси ва мингта васийси бор. Али Муҳаммаднинг васийсидир. Муҳаммад хотамуланбиё, Али хотамулавлиёдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васиятига амал қилмай, у зотнинг васийсига ҳамла қилиб, умматнинг ишини ўз қўлига олган одамдан ҳам золимроқ одам борми? Усмон ноҳақдан халифа бўлиб олган. Али Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васийси. Унга ёрдам бериш керак. Бу ишни адо этиш учун қўзғолинг! Ҳар ким ишни ўз амирига айб қўйишдан бошласин. Сиртдан амри маъруф, наҳйи мункар қилаётган бўлиб кўрининглар. Ўшанда одамлар сизларга мойил бўладилар. Уларни ўз ишимизга унданглар!» дер эди.
У ўз тарғиботчиларини ҳар тарафга юборди. Турли жойлардаги фитначилар билан мактуб олди-бердисини яхшилаб йўлга қўйди. Улар Абдуллоҳ ибн Сабага ҳар тарафдан хат юбориб турар эдилар. Фитначилар бир-бирлари билан ўз амирларини айблаб, хат ёзишар эдилар. Олган мактубларини иложи борича кўпроқ одамларга ўқиб берар эдилар.
Фитначилар ўз мақсадларини амалга ошириш йўлида ҳар қандай пасткашликдан қайтмас эдилар. Улар ҳар бир кишини ўз сафларига тортишга ҳаракат қилар, ҳар бир ҳолатдан ўз фойдалари учун бирор нарса чиқаришга уринар эдилар. Энди фитначилар ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуни асосий мўлжал қилиб олган эдилар. У кишини айблаш йўлида турли бўҳтонларни тўқир эдилар. Бу бўҳтонларни одамлар ўртасида тарқатишга жон-жаҳдлари билан тиришар эдилар. Софдил мусулмонлар уларнинг бундай бўҳтонларига қарши қўлларидан келган чораларни кўрар эдилар.
Бўҳтонларни осонлик билан рад қилинар эди. Аммо фитначилар тинмасдилар. Энг катта туҳматлар икки қисмга бўлинади. Бири ҳукм тарафдан. Иккинчиси иқтисодий тарафдан.
Ҳукм тарафидан бўлган айблов, қариндошларининг кўпига мансаб берган деган туҳмат бўлган. Аслида эса, усмон розияллоҳу анҳу буни қариликлари ва ўзларига ёрдам берувчиларга ҳожатлари борлиги учун деб этибор қилинади. Чунки қариндошларга ишончи яхши бўлади. Доим уларга суянилади. Булар ўзларининг имконлари билан қудратлари билан танилган одамлар бўлади.
Иқтисодий тарафдан бўлган эътирозларга келганда, мъалумки Усмон розияллоҳу анҳу жуда ҳам бой одам бўлганлар, қўллари очиқ бўлган, бахилликни ҳеч билмаганлар. Молини ҳаммасини нафақа қилиб, Аллоҳ таолонинг йўлида тарқатган одам бўлганлар. Байтул молга эга бўлганларида, ўша молдан олганлар ва қариндошларига ва сўраганларга берганлар. Баъзи вақтда исроф бўлган деган туҳматлар ҳам бўлган.
У киши Исломнинг йўлида барча молларини нафақа қилган одам ўлароқ мусулмонларнинг, хилофатнинг иши учун ўзларининг чексиз моллари кетган, демак байтул молдан бироз олишга, ёки қийланмасдан яшаш учун кераклигини олишга ҳаққи бор.
Мана шу нуқталарнинг ушлаб олиб фитначилар ҳазрат Усмон розияллоҳу анҳунинг қаршиларига қўзғалон кўтардилар.
Бу кўркўрона фитна кенг тарқалди.
Ғазабланган кўпкина одамлар Мадинаи Мунавварага келиб Халифа билан жангу жадал қилдилар. Кўфадан Басрадан Мисрдан бир вақитда келдилар. Уларнинг йўлини ҳазрат Али розияллоҳу анҳу тўсдилар. Уларга қилаётган ишлари хатолигини тушунтирдилар. Халифани мудофаъа қилдилар, шундан кейин қўзғалончилар орқага қайтиб кетишди.

Фитначиларнинг хуружи

Фитнабошилар Мадинадан қайтиб боришлари билан халифага қарши чиқишига махфий равишда тайёргарликни бошлаб юбордилар. Улар ўзаро мактуб ёзишиб, ўзларини ҳажга бораётган қилиб кўрсатиб, Мадинада учрашишга ва ўша ерда режаларини амалга оширишга келишиб олдилар.
Мисрликлар тўрт гуруҳ бўлиб чиқдилар. Уларнинг тўрт амири бор эди. Сонлари эса, олти юз, минг атрофида эди. Уларнинг бош амири Ғофқий ибн Ҳарб эди. Улар одамларга урушга кетаётганларини айтишга журъат қилолмай, ўзларини ҳажга кетаётган қилиб кўрсатдилар. Фитнабоши яҳудий Абдуллоҳ ибн Саба ҳам улар билан бирга эди.
Фитначилар ўз ишларининг ноҳақ эканлигини биладилар. Ниятларини халқ оммаси билиб қолса, уларнинг нафратига учрашларини ҳам яхши биладилар. Шунинг учун улар асл мақсадларини яшириб, савобли ишларни ниқоб қилиб оладилар. Тажрибаларнинг кўрсатишича, ҳатто баъзи ўзлари билан кетаётганларга ҳам асл ниятни эмас, ниқоб қилиб олинган шиорни айтадилар. Уларга одам керак. Агар асл ниятни билса, одамлар айниб қолишлари мумкин. Шунинг учун олиб бораётган одамларига нисбатан ҳам алдамчилик қиладилар.
Куфалик фитначилар ҳам тўрт гуруҳ бўлиб, тўрт амир билан йўлга чиқдилар. Уларнинг ададлари ҳам мисрликларнинг ададича бор эди. Куфаликларнинг бош амири Амр ибн ал-Асам исм¬ли одам эди.
Басралик фитначилар ҳам тўрт гуруҳ бўлиб, тўрт амир билан йўлга чиқдилар. Уларнинг ададлари ҳам мисрликларнинг ададича бор эди. Басраликларнинг бош амири Ҳарқус ибн Зуҳайр Саъдий исмли одам эди.
Улар уч томондан Мадинаи Мунавварага яқинлашиб келиб, уч жойга тушдилар. Басралик фитначилар За Хашабга, куфаликлар ал-Аъвасга ва мисрликлар Зул Марвага тушдилар. Уларнинг ниятлари турлича эди. Мисрликлар «Али ибн Абу Толибни халифа қиламиз», дер эдилар. Басралик фитначилар Толҳани ва куфаликлар Зубайрни халифа қилиш ниятида эдилар.
Уларнинг ниятлари турли кишиларни халифа қилиш бўлса ҳам, ҳаммалари бараварига ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга қарши эдилар. Хўш, бу фитначи тўдадаги одамлар кимлар эди? Улар ўзлари даъво қилаётганларидек, дину диёнат равнақи учун курашчилармиди ёки бошқа одамлармиди? Уламолар уларнинг кимлигини илмий асосда жуда синчиклаб ўрганиб чиққанлар.
Ана шундоқ уламолардан энг машҳури Абу Бакр ибн Арабий раҳматуллоҳи алайҳ «Ал-Авосим минал Қавосим» номли китобида қуйидагиларни ёзадилар:
«Явмуддор куни Исломга қарши жиноятда иштирок этганлар бир неча даражадаги тоифалардир:

1. Динда ғулувга кетганлар, яъни, ҳаддидан ошганлар. Улар арзимаган нарсаларни бировга катта айб қилиб қўйдилар. Ўзлари эса, уларни инкор қиламан, деб ҳалокатга олиб борувчи гуноҳларни қилдилар.
2. Қурайшлик катта саҳобийларга қарши яманликларга мутаассибчилик қилганлар. Уларнинг Исломда ўзиб кетган ерлари йўқ эди. Улар қу¬райш¬лик Исломда ўзиб, қилган хизматлари ва фатҳ¬лари учун мукофот олганларга ҳасад қилдилар. Ўзларининг ўзишлари ва хизматлари бўлмаса ҳам, улар олган нарсани олишни хоҳладилар.
3. Ўзларининг баъзи қариндошларига шаръий жазо қўлланганидан аччиғи чиққанлар. Ана шу сабабдан уларнинг қалблари ҳиқду ҳасадга тўлган эди.
4. Сабачилар ақлларининг пастлигидан фойдаланиб, фисқу фасод, фитна ва бузуқ эътиқодларга бошлаган аҳмоқлар.
5. Усмоннинг яхшилигини, одамгарчилигини билмай, ҳовлиққан кимсалар. Улар ўзларининг ҳақлари бўлмаган раҳбарлик лавозимларга тама қилиб, Усмоннинг яхшиликларига нонкўрлик қилдилар.
6. Ислом одобларига қарши ишлар содир этганлари учун Усмон томонидан таъзири берилганлар. Усмон жорий этган шаръий таъзир уларнинг ғазабини қўзғатди. Умардан ундан кўра шиддатлироқ таъзир еганларида ҳам жимгина бўйинларини эгиб юрган эдилар.
7. Ўзлари муносиб бўлмай туриб, раҳбарлик лавозимларига эришишга шошилганлар. Ўзларида ҳикмат бўлмаса ҳам, зеҳнларининг ўткирлиги ва фасоҳатлари уларни ғурурга кетказган эди.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Усмоннинг ўта раҳмли қалби меҳрга тўла эканлиги кўпчиликни тамагир қилиб қўйган эди. Унинг меҳрибонлигидан ўзларининг ҳавои нафсларини қондиришга васила сифатида фойдаландилар».
Улар ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг ҳовлисини қамал қилдилар. Аҳоли уйидан чиқмай турди. Халифани ҳимоя қилишга одамлар келишди.

Халифанинг шаҳид бўлиши (35 ҳижрий - 656 милодий сана.)

Қўзғалончилар Мадинага қайтиб келиб ҳазрат Усмон розияллоҳу анҳунинг ҳовлиларини қамал қилишганда у киши розияллоҳу анҳу волийларга Мадинаи Мунавварани ҳимоя қилиш учун аскар юборишни талаб қилиб одам юбордилар. Шунда Мадинадаги низом бузилди, Усмон розияллоҳу анҳу саҳобалардан уруш қилмасликни илтимос қилди ва бунда маҳкам туриб талаб қилдилар. Шунда бу ерда ўзларининг сабабидан бир ёмон ҳодиса бўлмаслигини ихтиёр қилган эдилар. Шунда мададлар етиб келишига оз қолгани тўғрисида хабар келди. Қўзғалончилар қўрқиб ҳазрат Усмон розияллоҳу анҳунинг ҳовлиларига девордан ошиб тушиб киришди. Ўша пайтда у зот Аллоҳ таолонинг:
«Уларга кишилар: «Албатта, одамлар сизга қарши куч тўпладилар, улардан қўрқинглар», деганда иймонлари зиёда бўлди ва: «Бизга Аллоҳнинг Ўзи етарли ва У қандай ҳам яхши вакил», дедилар» оятини қироат қилиб ўтирар эдилар.
У киши уларга эътибор ҳам бермасдан, тиловат қилавердилар. Фитначилар ўзларининг жирканч жиноятларига қўл урганларида ҳам ҳеч қаршилик қилмай, Аллоҳнинг Китобини ўқийвердилар. Фақат хиёнат қиличининг бир зарбаси қўлларини кесганида: «Аллоҳга қасамки, бу қўл Қуръон оятларини биринчи бўлиб ёзган қўл эди», дедилар, холос. Қон отилиб, мусҳаф саҳифаларига тушаётганини кўриб, дарҳол қўлларини ўзларига тортиб олдилар.
Имом Ибн Касир «Ал-Бидоя ван-Ниҳоя»да Ислом ва мусулмонларнинг бу улкан фожиаси қандай содир бўлганлигини қуйидагича ёзадилар:
«Ғофқий ибн Ҳарб у кишига ҳамла қилиб, темир ила (қилич) урди ва ўқиб ўтирган мусҳафларини тепиб юборди, у кишининг қонлари мусҳафнинг устига тўкилди. Савдон ибн Ҳамрон қиличини кўтариб, ҳамла қилиб келган эди, халифанинг хотини йўлини тўсди. У аёлнинг панжаларини кесиб юборди. Жиноятчилар Усмонни ўлдирганларидан кейин бошини кесмоқчи бўлишган эди, қизлари ва хотинлари Ноила ва Уммул Банинлар тўсиб қолишди. Фитначилардан бири: «Биз учун унинг моли ҳам худди қони ҳалол бўлганидек ҳалолдир!» деб қичқирди. У кишининг уйларини таладилар. Кейин Байтул молга қараб юрдилар. Қоровуллар билан жанг қилиб, уни ҳам таладилар. Бу иш жума куни, зулҳижжанинг ўн саккизинчисида, ўттиз бешинчи ҳижрий санада содир бўлди».
У кишининг халифаликлари ўн икки йил давом этди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (роҳимаҳуллоҳ)
"Ислом тарихи" китобидан, 1-жилд

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тарих
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase