close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Язид Ноқис абу Холид ибн Валид

Язид ан-Ноқис, Абу Холид ибн ал-Валид ибн Абдулмалик - аскарларнинг маошларидан чегириб қолгани учун “ноқис” лақаби берилган.

Язид ан-Ноқис, Абу Холид ибн ал-Валид ибн Абдулмалик - аскарларнинг маошларидан чегириб қолгани учун “ноқис” лақаби берилган.
Исён кўтариб амакиваччаси Валидни ўлдириб, тахтни эгаллаб олган. Унинг онаси Шохфаранд, Яздагирд ўғли Ферузнинг қизидир. Ферузнинг онаси эса Кисро ўгли Шеравайҳнинг қизи эди. Шеравайҳнинг онаси Турк подшоҳи - хоқоннинг қизи эди. Ферузнинг онасининг онаси (бувиси) - Рум подшоҳи Қайсарнинг қизи.
Шунинг учун Язид фахрланиб:
Мен Кисронинг ўғли, отам Марвондур, Қайсар эса бобом, хоқон ҳам бобом, - деган.
Саолабий деди: “Ота тарафдан, ҳам она тарафдан энг зотлик подшо ва халифа эди”.
Язид Валидни ўлдиргач, шундай хутба айтди: “Аллоҳга қасамки, мен ёмонлик ниятида, худбинлик қилиб, бойлик ёки тахт талабида эмас, (албатта, Роббим раҳм қилмаса хато килишим аниқ) балки Аллоҳ ва расули қайғусида, Унинг Китоби ва пайғамбарининг суннатини тикламоқ учун бош кўтардим. Ҳидоят чироқлари ўчган, аҳли тақвонинг нури сўнган, ҳаромни ҳалол дейдиган, бидъатга ботган золим, ҳаддан ошган эди. Буларни кўрар эканман, қўрқувга тушдим, чунки гуноҳларингиз кўпайиб, қалбларингизни қаттиқлашиб қоронғу зулмат ичра қолган эдингиз. Ва ҳам кўп одамни даъват қилишга қўрқдим. Шунинг учун бу ишимда Аллоҳцан истихора қилдим ва оилам ҳамда қўл остимдагилардан қўшилганларини даъват қилдим. Шундай қилиб, Аллоҳ юрт ва халқни ундан халос этди. Ҳокимият Аллохдан. Вало ҳавла вало қуввата илло биллоҳ.
Эй одамлар, агар мен ҳокимиятга келсам, бир ғишт устига ғишт, бир тош устига тош (ўзимга) қўймайман, бирон шаҳардан бойлигини ташимайман, токи ўша жойнинг ўзини обод қилмагунимча. Кучли-қувватли бўлгунларича ўз эҳтиёжларига сарфлайман. Агар улардан ошса кейинги шаҳарга ўтказаман. Мақсад, турмуш яхшилансин ва орангизда тенглик бўлсин. Энди мана шу ишлар учун менга байъат берсаларингиз, мен сизларникиман. Агар буларни бажаришга мендан кучлироқ одамни билсангиз ва унга байъат беришни хоҳласангиз биринчи бўлибунгаўзим байъат бераман ва итоат этаман. Астағфируллоҳа ли валакум”.
Усмон ибн Абул Отика деди: “Биринчи бўлиб икки ҳайитда қурол билан чиққан Язид ибн Валид бўлади. У ўша куни қуролланган икки саф ўртасида қалъа дарвозасидан мусоллога келди”.
Абу Усмон Лайсий айтади: “Язид ноқис деди: “Эй Бани Умайя, қўшиқдан нари бўлинг, чунки у ҳаёни камайтиради, шаҳватни қўзғайди, ахлоқни бузади, у ароқ билан бир хил ва ароқ қилган ишни қилади, жуда бўлмаса аёлларни нари қилинг, чунки қўшиқ зинони чақиради”.
Ибн Абдулҳакам деди: “Шофеъий раҳимаҳуллоҳни шундай деяётганини эшитдим: “Язид ҳокимиятга келгач, одамларни қадарийликка даъват этди, ўзига Ғайлоннинг тарафдорларини яқинлаштирди”.
Язид халифалик гаштини суролмади, у ўша йили зулҳижжанинг еттинчисида оламдан ўтди. Демак, унинг халифалиги олти ойдан камроқ бўлган. Ўшанда ёши 35 да эди. Баъзилар 46 да эди дейишган. Айтишларича, у вабодан ўлган.

Жалолиддин Суютийнинг
"Тарих ал-хулафо" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тарих
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase