close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Бармоқ излари

3. Инсон Бизни унинг суякларини жамлаб олмас, деб ўйларми?
4. Албатта, Биз унинг бармоқ учларини ҳам тиклашга қодирмиз.  (Қиёмат сураси)

 Иймон келтирмаган кишиларнинг даъво қилишларича, вафот этган кишиларнинг суяклари емирилиб тупроққа қоришиб кетган бир ҳолда, қандай қилиб қайта тириладилару, қиёмат кунида қандай қилиб ҳар бири кишини таниб олиш мумкин бўлади? Барча нарсага қодир Аллоҳ бунга жавобан, нафақат суякларимизни йиғишга қодир эканини, балки бармоқларимиз учларигача қайта тиклашга ҳам қудрати етишини билдирмоқда.
Кишининг шахсиятини аниқлаш борасида гапирар экан, Қуръон нега айнан бармоқ учлари ҳақида тўхталмоқда? 1880 йилда, Сер Франсис Голт олиб борган тадқиқотдан сўнг, бармоқ изларидан фойдаланиш кишилар шахсини тасдиқловчи илмий усулга айланди. Бир кишининг бармоқ излари дунёдаги бошқа ҳеч кимники билан айнан бир хил бўлмас экан, ҳаттоки эгизакларда ҳам. Шунинг учун ҳам бутун дунёда, полиция жиноятчиларни аниқлаш борасида бармоқ изларидан фойдаланади.
Бир минг тўрт юз йил илгари, ҳар бир кишининг бармоқ излари бетакрор эканини ким билган бўлиши мумкин? Жавоб аниқ, буни бирон кимса билган бўлиши мумкин эмас, магар Яратувчининг ўзи!
Бу оятлар тафсири ҳақида устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф хазратларининг «Тафсири Ҳилол» китобида қуйидаги маълумотлар келади:
3. Инсон Бизни унинг суякларини жамлаб олмас, деб ўйларми?
Кунлардан бирида араб мушрикларидан Адий исмли киши Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам билан гаплашиб ўтириб, қиёмат ҳақида сўзлаб беришни сўради. Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга бир оз қиёмат ҳақида сўзладилар. Шунда Адий: «Аллоҳга қасамки, ўша кунни ўз кўзим билан кўрсам ҳам, сенга ишонмайман, эй Муҳаммад, сенга ҳам, ўша кунга ҳам иймон келтирмадим, Аллоҳ ўлган одамнинг суякларини тўплаши мумкин эканми?» – деди. Аллоҳ таоло унга раддия қилиб, ушбу оятларни нозил қилди.
4. Албатта, Биз унинг бармоқ учларини ҳам тиклашга қодирмиз.
Ушбу оят Қуръони Каримнинг илмий мўъжизаларидан биридир. Тупроққа кўмилган ўлик бир муддатдан сўнг чириб битади. Ўша чириб, тупроққа аралашиб кетган инсоннинг қиёмат куни қайта тирилишига кўпчилик ишонгиси келмайди. Юқорида тилга олинган мушрик Адийга ўхшаб, ҳайрон бўлади.
Аллоҳ таоло бўлса: «Бунга ҳайрон бўлишнинг ҳожати йўқ, Мен нафақат танани, балки ўша танадаги нозик, дақиқ жойларни, чизиқларни ҳам, жумладан, бармоқ учларини ҳам, аввал қандай бўлса, худди шундай ҳолига келтираман», – дейди.
Нима учун Аллоҳ таоло бу оятда инсон аъзолари ичидан айнан бармоқ учини танлаб олди?
Инсоннинг бошқа аъзолари бировники иккинчисиникига ўхшаши мумкин. Лекин ҳеч қачон бирорта одамнинг бармоқ учлари бошқа шахсникига ўхшамас экан. Бу ҳақиқатни одамлар ўтган асрга келибгина англаб етдилар. 1884 йилдан бошлаб, Англияда одамларни бармоқ изидан аниқлаш бошланди. Бармоқ излари турлича бўлиб, дунёда ҳеч қачон бир кишининг бармоқ чизиқлари иккинчи шахсникига ўхшамас экан. Бу далил Қуръоннинг ҳақиқий илоҳий Китоб эканини яна бир бор исботлайди. Кўпчилик мазкур оятнинг таъсиридан Ислом динини қабул қилганлар.

ДНК, бармоқ излари ва Қуръон...

Инсон танасидаги энг улкан илоҳий мўъжизалардан бири, бу ДНК (дезоксирибонуклеин кислота) ҳамда бетакрор бармоқ изларидир. Ер юзида яшайдиган жамики инсонларда бирининг бармоқ изи бошқасиникида топилмайди, ҳатто ўхшаши учрамайди ҳам.

Агар бир рассомни фараз қилиб кўрсак, у йигирмата кишининг бармоқ изини чизишга киришса, у ўта жумбоқ бўлгани сабаб уни аниқлик билан чизишга қурби етмайди.

Эй инсон! Сен (бошқа ҳар бир инсон каби ўзингга хос бўлиб) ажралиб турасан. Роббимиз инсон жисмида шундай содда нарсани яратиб, мўъжиза бўлишини ирода қилди. Лекин бу яшириб, шифрлаб қўйилган мўъжиза сен ўйлаганингданда мураккаброқдир.

Аллоҳ таоло Зарият сурасининг 21-оятида: «(Эй инсонлар) ўзларингизда (ушбу ҳаётга келиб-кетишингиздан тортиб, вужудларингиздаги ҳар бир аъзойингизда, балки ҳар бир ҳужайрангизнинг нақадар нозик тартиб-интизом билан яратилиб, ўз ўрнига жойлаштирилганида ва ўз зиммасидаги Яратган буюрган вазифани қулоқ қоқмасдан адо этиб боришида) ишонгувчи зотлар учун (Аллоҳнинг кудратига далолат қиладиган) оят-аломатлар бордир. Ахир кўрмайсизларми?!» деб айтган.
Қиёмат сурасининг 4-оятида: «Йўқ, Биз унинг бармоқларини (ҳам) тиклаб-жойига келтиришга Қодир бўлган Зотдирмиз!» деб айтган.

Изоҳ: Аллоҳ таоло Қиёмат Кунида ҳар бир инсоннинг бармоқларигача тиклаб, асл ҳолига келтириши ҳақида хабар берилмоқда. Шундай кичик нозик бармоқларни тиклашга Қодир бўлган Зот бошқа суяк-сўнгакларни ҳам тиклай олиши шубҳасиздир. Чунки дунёдаги ҳеч бир кишининг бармоқ изи иккинчи кишининг бармоқ изига ўхшамайди. (Бу ҳақиқатни илм-фан ўрганиб, исботлашидан неча аср илгари Қуръони карим бир оғиз сўз билан айтиб қўйганининг ўзи барча инсонни ҳар бир бармоғигача яратган ҳам, ушбу азиз Китобни юборган ҳам Ёлғиз Аллоҳ эканига очиқ далолатдир)!

Холиқ (мутлақ вужудга келтирувчи) ва Мубдиъ (асос солувчи) Зот покдир!

Мақола жойлаштирилган бўлим: Илм-фан
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase