close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Қуёшнинг ғарбдан чиқиши борасида замонавий фан нуқтаи назари

Муҳаммаднинг (соллаллаоҳу алайҳи васаллам) Қуёш ғарбдан чиққач, Қиёмат куни бошланиши борасида хабар берган муборак ҳадислари жуда машҳурдир. Мазкур ҳодиса қайта тирилиш белгиларидан бири ҳам ҳисобланади. Замонавий фан бу масалага қандай қарайди?

Н.В.Косинов бошчилигида бир гуруҳ олимлар томонидан доимий музликнинг шаклланиши, тайфун ва циклонларнинг пайдо бўлиши, геомагнит майдони қутбларининг алмашинуви чоғида Ер айланиши йўналишининг ўзгариб кетиши борасидаги тахминлар илгари сурилган эди. Олимлар бу гипотезаларини текшириб кўриш учун қатор тажрибалар ўтказишди.

ХХ аср бошларига қадар Ер бир текис айланади деб ҳисиобланар, унинг айланиш муддати эса вақт бирлиги сифатида эътироф этилар эди. Лекин кузатувлар натижаси шуни кўрсатдики, Ер бир текис айланмас экан. Йиллик, ярим йиллик, ойлик ва ярим ойлик айланиш тезлигида тебранишлар бўлиб туради, бундай вақтларда сутканинг узунлиги қисқариши, айни пайтда, минглаб сонияларга узайиб кетиши ҳам мумкин. Ернинг бу каби айланиш тезлигининг ўзгариш сабаби фан томонидан аниқланмаган. Айниқса, тушунарсиз томони шундаки, Ер айланиш тезлиги ниманинг ҳисобига ошиб кетади? Ўтказилган тадқиқотлар юқорида қўйилган саволларга жавоб бўла оладиган физик ҳодисаларни шарҳлаб берди.

Магнит майдонида ток ўтказувчи суюқликни кўрсатган тажриба

Магнит майдонидаги электр қувватини ўтказа оладиган суюқлик орқали электр токи ўтиши чоғида гирдобли ҳаракат юзага келади. Мазкур ҳодиса ўзининг ташқи кўриниши билан Ер айланишига жуда ўхшаб кетади, бандан ташқари ички ва ташқи ҳодисаларга ҳам эга.
Тажрибада электр қувватини ўтказувчи сифатида эритилган қалай ишлатилган.  Жез (қалай) қолип магнит майдонига жойлаштирилади(1-расмдаги схемада кўрсатилганидек).

Расм 1. Магнит майдонидаги эритилган қалайнинг гирдобли ҳаракати.

Расмда қуйидагилар кўрсатилган: 1-идиш, 2-эритилган қалай, 3-спирал ғалтак, 4-айлана электрод, 5-марказий электрод, «S» − жанубий магнит қутб, «N» − шимолий магнит қутб.

Гирдобнинг марказида марказий электрод жойлашган. Эритилган метал ҳаракатининг йўналиши стрелка билан кўрсатилган. Самараси (натижаси) тажриба видеосъемкаси кадрида яхши кўриниб турибди. (1б). Марказда айланиш тезлиги максимал даражада бўлиб, сиртига томон камайиб боради. Бу эса идиш марказида чуқур воронкани ҳосил қилади. Магнит майдони йўналиши ва қўшилган босим қутбининг ўзгариши пайтида гирдобли ҳаракат йўналиши тескари томонга ўзгаради. Олимларнинг фикрича, бундай ҳолатлар табиатда содир бўлиб, гирдоблар, торнадо ва циклонларнинг юзага келишига сабаб бўлади. Магнит майдонидаги суюқликнинг айланма ҳаракати билан бирга содир бўлувчи ҳарорат таъсири катта қизиқишга сабаб бўлади. Унинг моҳияти гирдоб шароитида ҳарорат градиенти ҳосил бўлишидадир(2-расм).

Расм 2. Гирдобли ҳаракат билан мавжуд бўладиган ҳароратли эффект.

Тажрибада бу электродлардан бирида метал қаттиқ фазанинг шаклланиши сифатида намоён бўлади (расм 2б ва 2в). Тажриба шароитларининг ўзгариши пайтида гирдобли ҳаракат ва иссиқ оқим йўналишлари қарама-қарши томонга ўзгаради. Ушбу тажрибалар улардаги физик таъсирларнинг Ер айланиши механизми асосида ётиши мумкинлигини тахмин қилишга асос бўлди. Ернинг қутб зоналаридаги паст ҳароратлар ва доимий музлик шаклланишининг сабаби юқорида кўрсатилган ҳарорат таъсири бўлиши мумкин. Тажрибаларда магнит майдони худди сайёрамиз магнит майдонидек мосланган. Ток ўтказувчи суюқликнинг айланиши Ер айланиши йўналишидек бир хил йўналишга эга.

Навбатдаги тажриба сайёрамиз эга бўлган шароитга яна ҳам яқиндир. 3-расмда тажрибанинг схемаси кўрсатилган.

Расм 3. Ток ўтказувчи суюқликда магнитланган шарнинг айланиши.

3-расмда қуйидагилар ифодаланган: 1- идиш, 2- ток ўтказувчи суюқлик, 3- метал диск, 4,5- магнитланган ярим шар, 6- ўқ, 7- электрод, 8- подшипник, 9- электрод.

Туз аралашмали сув ичига айланиш имкониятига эга бўлган ўқ ва унга ўрнатилган магнит шар туширилган. Тажрибада шар Ер вазифасини ўтамоқда. Тузли сув эса Ернинг ҳаво ўтказувчи атмосфераси вазифасида. Ўққа мусбат электродни, суюқликка манфий электродни қўшиш билан, худди 3-расмда кўрсатилгандек, шарнинг айланиши кузатилади. Бу вазиятда шар ўқи зонасидаги ҳарорат даражаси пасаяди. Магнит майдони қутбининг ўзгариши чоғида, шар айланишининг йўналиши қарама-қарши томонга алмашади. Бу вазиятда эса шар ўқи зонасидаги ҳарорат даражаси кўтарилади. Бир вақтнинг ўзида ҳарорат ҳамда шартли экватор зонасида ўзгаришлар кузатилади.
Тажрибада кузатилган ушбу муҳим ҳолат муаллифларнинг геомагнит майдони қутблари инверсияси Ер айланиши йўналишининг ўзгаришига олиб келади, деган асосга келишларига хизмат қилди.

Кўриниб турибдики, ушбу тажриба Ер айланишига яққол мисол бўла олади. Магнитланган шарнинг айланиши ҳам, айланадиган ўқ жойлашган ҳудуддаги ҳарорат даражасининг тушиши ҳам Ер шароитларида кузатиладиган ҳолатларга жуда ўхшайди. Тажриба ўтказганларнинг фикрларига кўра, ушбу модел сайёрамиз айланишини ўрганиш учун ҳам яққол мисол бўла олади.
Энди бу ерда бир нарсани аниқлаш керак бўлади: ўзининг «мусбат»и билан Ер қутбига уланган ҳамда «манфий»и билан экваторга уланган ўша батарея қани? Умуман шундай батарея борми ўзи? Маълум бўлишича, бандай «батарея» коинотда мавжуд экан, у Ерни айланишга мажбур этади.

Қуёш «коинот батарея»сини зарядлайди, унинг энергияси эса Ерни айлантиради

Коинот тадқиқотлари натижасига кўра, агар Ер ҳамда яқин осмонга назар ташланса, қуйидаги ҳолатни кўриш мумкин (4-расм). Ер асосан ўзида протонлар ва электронларни мужассам қилган қуёш шамоли оқимида жойлашган. 1958 йилда Ернинг радиация минтақаси борлиги аниқланган. Бу экватор доирасида Ерни қамраб олган коинотдаги улкан ҳудуддир. Радиация минтақасида зарядларни ташиб юрувчи асосий нарса − бу  электронлар ҳисобланади. Уларнинг зичлиги зарядларни ташувчи бошқаларининг зичлигидан 2-3 баробар ошиқдир (4-расм).

Расм 4. Ернинг экватор олди ҳамда қутб олди ҳудудларидаги электр зарядларнинг тақсимланиши.

Қуёш шамоли Ер атрофидаги кенгликка қутб зоналаридаги каспалар орқали кириб келади. Қутб зоналарида протонлар кўпчиликни ташкил қилади. Заряд ташувчиларнинг бундай тақсимланиши коинотда Ернинг кучли ток манбаи бор, деган асосни беради. Унинг «мусбат»и шимолий ва жанубий қутбларда, «манфий»и экватор зонасида бўлади. 4-расмда 1-,2- ва 3- расмларда (кўрсатилган) ўтказилган тажрибаларга батамом ўхшашлик кўриниб турибди. Тажрибаларда «мусбат» суюқлик билан айланадиган шартли ўқ ўтиши нуқтасига уланган. Коинот батареясидан келадиган электр токи учун Ер атмосфераси ҳамда қутблардан экваторгача бўлган сайёранинг ўзи занжир вазифасини ўтайди. Худди шундай йўналишда тажриба шароитларида суюқликка ток киради. Худди (2-расмдаги) тажрибадаги сингари ток ўтказувчи суюқликнинг айланувчи ўқ зонасида ҳарорат пасайганидек, Ер қутблари зонасида ҳам ҳарорат пасайиши кузатилади. Шу ерда туғиладиган қуйидаги саволга жавоб бериш керак бўлади: нима учун Ернинг марказидан юқорисига қараб кетувчи иссиқ оқим доимий музликка кучлилик қилмайди? Бунинг сабаби шундаки, Ердаги совуқлик зоналари шаклланишида энг катта ҳиссани 2-расмда кўрсатилган ҳароратли эффект  қўшади.
Таъкидлаб ўтиш керакки, физик омиллар ҳаракатидан пайдо бўлган қутб зоналаридаги паст ҳароратнинг юзага келиши ушбу зоналардаги паст қуёш радиацияси билан қопланади. Бу икки омил ҳамкорликда ҳаракатланади.
Юқорида тасвирланган тажрибалар Ер айланиши механизмини кўрсатиб, унинг айланиш йўналишини аниқловчи омиллардан бири бўла олади.

Ер магнит қутбларининг кўчиб юриши

Магнит майдон Шимолий қутбга аниқ тарзда йўналмаганини биринчи бўлиб Колумб Европадан Америкага сайёҳат қилаётган пайтда кашф этган. Бу 1492 йилда бўлган эди. Ўзининг кемасида океан бўйлаб йўлга тушганда, орадан бир кун ўтиб денгизчилар компас шимолга эмас, бироз оғиб турганини пайқашган. Улар бу фактни йўналишни аниқ ўлчайдиган асбоб-секстант ёрдамида Қуёшни кузатиб ўрнатишган.
Ўзининг вахта журналида Колумб Ернинг магнит майдони ҳар доим ҳам шимолга қараб турмаслигини ва уни ўлчаш кераклигини ёзади. Ўшандан буён Ернинг мангит майдонини ўлчаб туриш бошланди. Колумб фанда ер магнетизми асосчиси ҳисобланади.
Маълумотларга қараганда, 1970 йилгача шимолий магнит қутб йилига 10 км. тезлик билан, фақатгина сўнгги йилларда силжиш тезлиги йилига 40 км.га ошган. 2002 йил февралида эса Ернинг геомагнит қутби бирданига 200 км.га ўзгариб кетган. Бу маълумот  қуруқликдаги қўшинлар Марказий ҳарбий-техника институти асбоблари орқали қайд этилган.
Канада Табиат ресурслари вазирлигининг геомагнит лабораторияси раҳбари Ларри Ньюитта 2005 йил июнь ойида Арктикага илмий экспедициясини якунлаган. Унинг маълумотига кўра, Ернинг шимолий магнит қутби Канадани тарк этган.
Бир қанча олимларнинг фикрларига кўра, Ернинг магнит қутблари инверсияси реал бир ҳодисадир ва бу биосфера учун хавфли. Чунки  инверсия ўзининг энг баланд нуқтасига етса, магнит майдон амалий равишда йўқ бўлиб кетади. Кучли радиоактив космик нурлар Ер устига етиб келади. Ушбу зарралар биринчи навбатда жонли табиатга таъсир этади. Кўпчилик олимлар магнит қутблари инверсияси яқинлашиб келаётганлигини тасдиқлашади, бироқ қачон рўй бериши номаълум.
Юқорида айтилган Н.В.Косиновнинг гипотезасига кўра, агар Ер магнит қутблари инверсияси юз берса, яна бир ҳодиса − Ер айланиши йўналиши ҳам ўзгаради. Қуёш тўхтайди, сўнг орқага кетади ва ғарбдан чиқиб шарққа ботади.
Ўрганилган тадқиқотлар навбатдаги маротаба Қуръон ва Суннатда мавжуд илоҳий маълумотларнинг ҳақиқатини тасдиқлаб бермоқда!

Абу Муслим тайёрлади

Мақола жойлаштирилган бўлим: Илм-фан
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase