close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ислом ва замонавий илм-фан: уларнинг йўллари айро бўладими?

Замонавий биотехнологияларнинг ривожланиши билан боғлиқ муаммолар диний уламолар олдига бир қатор саволлар қўйди. Американинг Advanced Cell Technology (ACT) компанияси одам эмбрионидан клон олишга эришганидан сўнг жаҳон матбуоти саҳифаларида шундоқ ҳам кучли бўлган баҳс-мунозаралар янада кучайди. Бу ҳодиса, журналистларнинг таъкидлашича, 2001 йил 25 ноябрда рўй берган, ОАВда ёритиб бериш бўйича ҳаттоки Афғонистон урушига ҳам рақобатчи бўлди.

Клонлаштириш нима?

Охирги пайтларда клонлаштиришнинг икки хил тури - терапевтик ва репродуктив клонлаштириш ҳақида, шунингдек, «тана ҳужайралари» ва уларнинг замонавий тиббиёт янада ривожланишидаги роли ҳақида қизғин мунозаралар кузатилмоқда.
Мутахассис нуқтаи назаридан буларнинг барчаси нимани англатади?

Репродуктив клонлаштириш

Бу лаборатория шароитларида исталган жонли мавжудотнинг генетик аниқ нусхасини сунъий такрорлашдир. Эдинбургдаги Рослин институтида дунёга келган Долли исмли қўй йирик жониворни бундай биринчи клонлаштиришга мисол бўла олади.
Жараён бир нечта босқичга бўлинади. Дастлаб урғочи жонивордан тухумҳужайра олинади ва ундан микроскопик доритомизгич ёрдамида ядро тортиб олинади. Сўнгра ядросиз тухумҳужайрага клонлаштирилаётган организмнинг таркибида ДНК бўлган исталган ҳужайраси киритилади. Амалда у тухумҳужайрани уруғлантиришдаги  сперматозоид ролини ўйнайди. Ҳужайра тухумҳужайра билан бирлашган пайтдан бошлаб ҳужайраларнинг кўпайиши ва эмбрионнинг ўсиш жараёни бошланади.
Кўплаб мамлакатларда, жумладан, Буюк Британияда клонларнинг фарзандини олиш мақсадида одамни репродуктив клонлаштирши қонунчилик билан тақиқланган.

Терапевтик клонлаштириш

Бу ҳам аслида репродуктив клонлаштирши бўлиб, фақат эмбрионнинг, ёки, мутахассисларнинг айтишича, «бластоциста» ўсиши 14 кунлик муддат билан чегаралаб қўйилади. Икки ҳафта ўтгач, ҳужайраларнинг кўпайиш жараёни тўхтатиб қўйилади.
Кўплаб олимларнинг фикрига кўра, 14 кунлик муддатдан сўнг эмбрионал ҳужайраларида марказий асаб тизими ривожлана бошлайди ва ҳужайралар конгломератини (эмбрион, бластоцист) жонли мавжудот деб ҳисоблаш мумкин бўлади.
Бундай клонлаштиришнинг терапевтик деб аталашига сабаб шуки, дастлабки 14 кун давомида пайдо бўлган эмбрионал ҳужайралар келгусида юрак, буйрак, жигар, ошқозоности бези ва ҳ.к. алоҳида органларнинг ўзига хос тўқима ҳужайраларига айлантирилиши ва тиббиётда кўплаб касалликларни даволаш учун фойдаланилиши мумкин.
Бўлғуси органларнинг бундай ҳужайралари «эмбрионал тана ҳужайралари» деб аталади.
Буюк Британияда олимларга тиббиёт мақсадларида терапевтик клонлаштириш ва тана ҳужайраларида тадқиқотлар ўтказишга рухсат этилади.
Россияда кўплаб олимлар (масалан, РТФА академиги Н.П.Бочков, Молекуляр генетика институтидан профессор В.З.Тарантул) «клонлаштириш» хавфли сўзи туфайли «терапевтик клонлаштириш» иборасини қўллашни ёқтирмайди ва бу жараённи эскичасига - «ҳужайрали кўпайиш» деб аташни маъқул кўради.

Эмбрионал тана ҳужайралари

Улар эмбрионда (бластоцистада) кўпайишнинг дастлабки кунлари пайдо бўлади. Бу катта одамнинг деярли барча тўкималар ва органлар ҳужайраларининг асосчиларидир.
Улар эмбриологларга анча вақтдан бериб маълум бўлган, бироқ ўтмишда уларни лабораторияда етиштириш ва сақлаш учун биотехнологиялар бўлмаганлиги сабабли улар йўқ қилиб ташланарди (масалан, абортарийларда).
Сўнгги ўн йилликда нафақат клонлаштириш йўли билан эмбрионал тана ҳужайраларини сунъий йўл билан олиш биотехнологияси ишлаб чиқилди, балки улардан жонли тўқималар етиштириш учун махсус озиқа муҳити ҳам яратилди.

Одамни клонлаштиришга ҳаракатлар

Олимларнинг айтишича, аслида одам эмбрионини клонлаштиришга ҳаракатлар биринчи марта амалга оширилаётгани йўқ. Хусусан, 1998 йил 14 декабрда Жанубий Кореянинг Кванджу университети бир гуруҳ шифокорлари аёл тухумҳужайрасидан ядроси олиниб, унга шу аёлнинг ҳужайраси жойлангандан кейин одамни клонлаштириш йўлида биринчи қадам қўйилди деб маълум қилган. Олимлар шундан кейин ҳужайралар бўлиниши бошланиб, тўрт ҳужайрали босқичга етганини айтган. Биологларнинг фикрига кўра, улар бачадонда ривожланган эмбрионни уруғлантирмаган.
Шунда бу тажрибалар ва мутахассисларнинг асл натижалар билан бўлишишни истамаслиги Жанубий Кореяда жамоатчиликнинг оммавий норозиликларига сабабчи бўлганди. Шу йилнинг ноябрида ACT компанияси гибрид эмбриони олиш мақсадида одам ҳужайрасидан ДНКни сигирдан олинган тухумҳужайрага жойлаштира олгани ҳақида маълум қилди. 1999 йилнинг сентябрида тиббиёт журналларидан бири одам ҳужайраларини сигирлардан олинган тухумҳужайраларга кўчириб ўтказа олган   Массачусетслик уч нафар биологнинг тажрибалари ҳақида маълумотларни чоп этди. Бу экспериментлар натижасида ҳосил бўлган ҳужайралар бўлина бошлади, бу жараёнда ҳар бир ҳужайра маълум бир босқичга етарди. Бундай экспериментлар Филиппинда ҳам ўтказилган бўлиб, бу ерда 1999 йил маҳаллий олимлар, ОАВ хабарларига кўра, одам эмбрионини клонлаштиришга эришган.
Бу ахборот шундан далолат берадики, эҳтирослар авжига чиққан бўлишига қарамай, дунёда клонлаштириш ва сунъий кўпайиш технологияларидан фойдаланиш борасида сезиларли ишлар амалга оширилмоқда. Бироқ олимларнинг катта қисми бу турдаги тажрибаларни қоралаб, жониворларга нисбатан клонлаштириш технологиялари фақат 3-5% ҳоллардагина муваффақиятга олиб келишини айтди. Одамни клонлаштириш эса, уларнинг фикрига кўра, ақлий ва жисмоний ривожланишда турли камчиликлар ва нуқсонлари бор болалар туғилишига олиб келиши муқаррар.
Ўз навбатида, нуфузи ва обрў-эътибори бутун дунёда тан олинган ACT компанияси вакиллари амалга оширилган экспериментдан мақсад одамни клон қилиш эмас, балки диабет, саратон, ОИТС каби кенг тарқалган касалликларга қарши препаратлар яратиш бўлганлигини хабар қилди.

Клонлаштириш билан боғлиқ умид ва ваҳимлар

Охирги пайтда ОАВ тиббиёт мақсадларида клонлаштириш биотехнологиялардан фойдаланиш муаммосини маълум даражада ёритиб берди. Америкалик олимлар қўлга киритган тана ҳужайралари тиббиётда кутилаётган инқилоб сифатида тавсифланди. Бироқ эмбрионларнинг илк ривожланиш босқичларида улардан одам органларини клонлаштириш мақсадида фойдаланиш масаласи барча динлар қоралашига қарамасдан, одамнинг ўзини клонлаштириш эҳтимоли билан боғлиқ маълум бир хавотирлар билдирмоқда.
Бир нарса олимларда шубҳа уйтмайди – тана ҳужайраларидан фойдаланиш тиббиёт соҳасида кенг истиқболлар очиб беради, чунки улар одамннинг иммунитет тизими учун «дўстона» ҳисобланади ва шу сабабдан организм томонидан қабул қилинмай қолмайди. Шу сабабдан экспериментлар давом эттирилади. РФА Москва Молекуляр генетика иқтисодиёти профессори Вячеслав Тарантул ҳаттоки бола туғилган пайтдан бошлаб ҳар бир бола учун унинг эмбрионал ҳужайраларидан (масалан, киндигидан) тана ҳужайралари банки яратишни таклиф қилган. 40-50 йилдан сўнг одам органи ёки тўқималаридан бири касалланган ёки шикастланган ҳолларда ушбу банкдан исталган пайт генетик жиҳатдан шу одамга айнан мос келадиган шикастланган тўқимани қайта етиштириш мумкин бўлади. Бу ҳолатда ҳеч қандай бегона донор органлар ва кўчириб ўтказишларга эҳтиёж қолмайди. Соғлом фикр нуқтаи назаридан В.Тарантулнинг бу таклифи жиддий асосларга эга, ҳар холда, бу ҳайвонлар, жумладан, инсонга органларини кўчириб ўтказиш учун бугунга кунда барча имкониятлар мавжуд бўлган чўчқа органларидан фойдаланишдан кўра яхшироқдир.
Тана ҳужайралари одам организмининг асосини ташкил қилади. кейинчалик улардан мушак, қон, тери ёки мия каби исталган тўқима турига айланиши мумкин бўлган бошқа ҳужайралар ҳосил бўлади. Янги ҳужайралар одамнинг ўлган ҳужайраларини алмаштириши мумкин, бу эса Паркинсон касаллиги, орқа мия касалланиши, юрак фаолиятидаги етишмовчилик, бўғимлар оғриши, асаб тизими бузилиши, фалаж, спиртли ичимликлар тамаки маҳсулотлари ва гиёҳванлик воситаларини суиистеъмол қилиш билан боғлиқ касалликлар ва бошқа қатор касалликларни даволаш, шунингдек, совуқ уриши, куйиш ва синишни саарали даволаш учун фойдаланилиши мумкин.
Ҳозирги кунда бутун дунё бўйлаб бир қатор университетлар ва хусусий фирмалар клонлаштириш биотехнологиялари соҳасида қизғин тадқиқотлар олиб бормоқда. Олимлар катта ёшдаги одамлар ва мурдалардан тана ҳужайралари олишга, шунингдек, оддий ҳужайраларни тана ҳужайраларига модификация қилишга эришдилар. Таҳлилчиларнинг ҳисоблашича, федерал бюджетдан тана ҳужайралари билан боғлиқ тадқиқотларни молиялаштиришга розилик берган Джордж Бушнинг баёноти америка раҳбарининг президентдк лавозимида бўлган пайтидаги энг муҳим қарори ҳисобланади.
Тиббиётда клонлаштиришдан фойдаланишга қарши бўлганларнинг танқидига жавоб берар экан, АСТ компанияси вакиллари айтдики: «айни пайтда фирма лабороторияларида бўлган тана ҳужайралари органлар етиштириш йўли билан касалликларни даволаш учун катта қизиқиш уйғотмайди, чунки соғлом бўлмаган организм уларни қабул қилмай, бўлди». ACT ижрочи директори Майкл Уэст «Эн Би Си» телекомпаниясига берган интервьюда айтишича: «Биз ишлаб чиқарадиган маҳсулот илмий нуқтаи назардан жонли мавжудотларни ифодаламайди. Бу фақат жонли ҳужайралар холос, асло тирик одамлар эмас».
Клонлаштириш биотехнологиялари замонавий тиббиётнинг ривожланишида жуда муҳим роль ўйнайди. Улар бир қатор касалликларни даволаш учун тамомила янги имкониятлар очиб беради, шунингдек, инсон пайдо бўлиши ва ривожланиши ҳақида муфассал билим олишга имкон беради. Клонлаштириш фармацевтика ва жарроҳлик соҳаларида ҳам катта роль ўйнайди. Масалан, ҳозирги кунда жарроҳлик соҳасидаги мутахассислар беморлар учун уларга зарур бўлган миқдорларда инсон тўқималарини харид қилишни орзу қилмоқда.

Клонлаштириш шариат нуқтаи назаридан

Азҳар университети шариат факультети қиёсий фиқҳ кафедраси ўқитувчиси, охирги йилларда клонлаштириш муаммоси билан шуғулланиб келаётган профессор Муҳаммад Рафат Усман бу мавзуда «Клонлаштириш шариат қонунлари нуқтаи назаридан» деб номланган бир асар ёзди. Доктор Рафат Усманнинг фикрига кўра, клонлаштириш масаласининг ечими турли вазиятлар билан асосланади. Профессор клонлаштиришнинг олти хил шаклини келтириб ўтган бўлиб, шундан тўрттаси, унинг фикрига кўра, шароит томонидан рухсат этилмаган тоифага киритилиши мумкин:

1) бир аёлнинг таркибида ДНК бўлган ҳужайраси олиниб, бошқа аёлнинг тухумҳужайрасига ундан ядроси олиб ташланганидан кейин жойлаштирилади. Сўнгра олинган эмбрион бачадонда уруғлантирилади. Бу, Рафат Усманнинг ёзишича, ислом ҳуқуқининг бир қатор асосий меъёрларига кўра тақиқланган ҳисобланади, масалан, бир жинс вакиллари ўртасида жинсий алоқанинг тақиқланиши каби: агар бундай алоқа шариатда тақиқланган бўлса, бир жинсли усул билан уруғлантириш ҳам нотўғри ҳисобланади.
2) аёл ДНК бўлган ҳужайра унинг тухумҳужайрасига жойлаштирилади. Биринчи ҳолатдаги каби, бу ҳам худди шу асосларга кўра ғайриқонуний ҳисобланади.
3) биронта жониворнинг ҳужайрасини аёл тухумҳужайрасига жойлаштириш ҳам тақиқланади.
4) эркак ҳужайраси унинг қонуний рафиқаси бўлмаган аёлнинг тухумҳужайрасига жойлаштирилади, бу ҳам, ислом ҳуқуқига кўра, шариат билан тақиқланади. Бундай уруғлантириш оқибатлари никоҳсиз алоқалар оқибатлари билан бир хил бўлиши сабабли уларнинг натижаси қариндошлик алоқаларини йўқотиш бўлади.

Бугунги кунда мавжуд бўлган илмий ахборотлар асосида клонлаштиришнинг кейинги икки шаклини доктор Рафат Усман шариат билан тақиқланмаган деб ҳисоблайди:

1) ирсий ахборотдан иборат бўлган эркак ҳужайраси унинг қонуний рафиқаси ҳисобланган аёлнинг тухумҳужайрасига ҳужайра унинг мурдасидан олинмаганлиги шартида жойлаштирилади. Агар бунда жисмоний ва ақлий нуқсонларга эга бўлган болалар туғиладиган бўлса, бу клонлаштиришнинг ушбу шакли тақиқланишига олиб келади.
2) сунъий уруғлантириш ва кейинчалик ҳосил бўлган ҳужайрадан генетик ахбороти бир хил бўлган бир нечта ҳужайра олган ҳолда эгизаклар туғилишини режалаштиришга ҳаракат қилишда. Бу, ҳисоблайди ислом ҳуқуқшуноси, шариат билан тақиқланмайди, лекин фақат авлод соғлиғига салбий таъсир йўқлиги шартида.

Хулоса тариқасида доктор Рафат Усман изоҳ берадики, унинг фатвоси фақат одамни клонлаштириш билан боғлиқ ҳодиса мавжуд бўлган ҳолатдагина юридик кучга эга бўлади.

Манба: islam.plus
Абу Муслим таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Илм-фан
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase