Мутахассисларга кўра, агар карбонат ангидрид газининг атмосферага чиқарилишини қисқартириш бўйича зарур чоралари кўрилмаса, ҳароратнинг кўтарилиши давом этади ҳамда XXI аср охирига келиб тузатиб бўлмайдиган оқибатларнинг келиб чиқишига олиб келади. Мутахассисларнинг хулосасига кўра, 2015 йилга келиб карбонат ангидрид газининг атмосферага чиқарилишини тахминан 40-70 фоизга, 2100-йилга келиб эса ундан ҳам кўпроқ миқдорга қисқартириш лозим.
Ушбу ҳисоботда 1880 йилдан 2012 йилгача Ердаги ўртача ҳаво ҳарорати Целсий шкаласи бўйича 0,85 даражага ошгани қайд қилинган. 1901-2010 йиллар давомида дунё океанининг сатҳи 19 сантиметрга кўтарилган.
Лекин карбонат ангидрид газининг кўпайгани глобал исиш фақат салбий ёки аксинча, фақат ижобий натижага олиб келишини англатмайди. Ҳозирги вақтда турли мамлакатлар олимлари бу соҳадаги вазият таҳлили бўйича ўз маълумотларини намойиш қилишга ҳаракат қилишяпти. Иқлим ўзгаришлари бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 2001 йилда чиқарилган ҳисоботидаёқ бу ўзгаришларнинг яқин келажакдаги натижаси давомий тайфунлар, сув тошқинлари, қурғоқчилик ва бошқа табиий офатлар бўлиши кўрсатилган эди. Кўриб турганимиздек олимларнинг 13 йил олдин қилган тахминлари бугунги кунда оддий нарсага айланиб қолди.
Охирзамон ҳақида келган хабарларни диққат билан ўрганар эканмиз, унда глобал исишнинг оқибатларига оид хабарлар борлигини ҳам кўришимиз мумкин ва улар, бир қараганда, ижобийдек туюлиши ҳам мумкин.
Масалан, охирзамоннинг кичик аломатларининг бири Араб майдонининг чўллари наҳрларга ва яшилликларга қовушади дейилган. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом шундай дедилар: "Молу мулк кўпайиб, ҳатто киши ўз молининг закотини чиқариб, уни қабул қиладиган бирор кишини топа олмайдиган даражада тошмагунича, ҳатто араб ер(лар)и ям яшил ва анҳорларга айланмагунича қиёмат қоим бўлмайди!" (Муслим)
Жуда яқин вақтларда воқеалар айнан шундай ривожланиши мумкин. Биринчидан, илиқроқ ҳаво ўзига кўпроқ намлик олиш хусусиятига эга. Иккинчидан, Арктика ва айниқса тоғ музликларининг бизнинг вақтимизда тез-тез кузатилаётган жадал эриши ҳам атмосферада намлик даражасининг кўтарилишига олиб келади. Савол узоқ кутилган намликка эга циклонлар қачон саҳро ҳудудларига қараб йўл олишида қолди, холос.
Яқин Шарқнинг чўл ҳудудларида ушбу жараёнлар ҳали кузатилмади, аммо шу вақтнинг ўзида дунёдаги энг катта чўл – Саҳрои Кабир, олимларнинг кузатишларига қараганда, аста секин яшил тусга кирмоқда. Охирги, сунъий йўлдош орқали олинган маълумотларнинг таҳлил қилиш орқали олинган маълумотларга қараганда, бу чўлнинг чегара ҳудуди – Сахел яшил тусга киришни бошлаган. Ушбу ўзгаришлар Чад, Мисрнинг жанубий-ғарбий қисмлари ва ғарбий Судан ҳудудларида яққол кўзга ташланади. Бу мазкур ҳудудларга ёғаётган ёмғир миқдорининг кўпайиши натижасида содир бўлди. Ёмғир ёғишининг кўпайишидан ташқари, авваллари жонсиз бўлган бу ҳудудларда ўсимликларнинг жонланиб қолишига атмосферада карбонат ангидрид миқдорининг кўпайиши ҳам туртки бўлмоқда.
Хусусан, карбонат ангидрид газининг кўпайиши ўсимликларда кимёвий жараёнларнинг тезлашиши, уларнинг тез ўсиши ва карбонат ангидрид газининг ютилиб кислород ажралишига ёрдам бўлади. Бунинг ҳаммаси, яъни ҳозирги жараён шундай давом этаверса, бир неча ўн йил ўтиб Саҳрои Кабирнинг каттагина қисми қарийб 12 минг йил аввал қандай бўлса, шундай боғу-бўстонга айланишини англатади. Араблар истиқомат қиладиган ҳудудлар эса бугунги кунда Саҳрои Кабирни ўз ичига олган Шимолий Африқони ҳам қамраб олади.
Шундай қилиб, бугунги ўзгаришларни охирзамоннинг кичик аломатлари деб атасак бўлади. Яъни, глобал иссишнинг ижобий эффекти бўлса ҳам бу биз мусулмонларни яна тафаккур қилишга чорлайди, Исломда хабар қилинган воқеаларнинг бирма бир рўёбга чиқаётгани, охиризамон ҳақлигини кўриб ҳам ғафлатда қолиб кетмайлик...
islam-today.ru материаллари асосида
Абу Муслим тайёрлади