Аслида, фаннинг бундай атеистик тушунчаси нисбатан яқинда, материализм ва позитивизм фалсафаси 18-19-асрларда дунёни қамраб олганда пайдо бўлган.
1859 йилда эволюция назарияси илгари сурилгандан сўнг, материалистик дунёқарашни қўллаб-қувватловчи доиралар, уларнинг фикрича, динга муқобил бўлган бу назариянинг қизғин ҳимоячиларига айланишди. Эволюция назарияси олам Яратган туфайли пайдо бўлган эмас, балки тасодифан пайдо бўлган деб таъкидлайди. Шундай қилиб, баъзиларнинг фикрига кўра, дин илмга зид кела бошлади. Шу муносабат билан Британиялик тадқиқотчилар Майкл Бейжент, Ричард Ли, Генрих Линколн шундай дейдилар:
"Исаак Ньютон учун, Дарвиндан бир ярим аср олдин, фан диндан ажралмасди, аксинча, уни тарғиб қилувчи диннинг бир томони эди ... Аммо Дарвин замонидан бошлаб илм-фан бутунлай ўзгариб, аввалги нуқтаи назарга нисбатан ўзини тенг кучли рақиб сифатида танитди. Натижада дин ва илм-фан энди мувофиқ равишда ҳаракат қилмай, балки бир-бирига қарши чиқдилар ва инсоният улар орасида бирини танлашга мажбур бўлди (Майкл Бейжент, Ричард Ли, Генрих Линколн “Мессия мероси”).
Дин ва илм ўртасидаги ихтилоф соф мафкуравий характерга эгадир. Материализмга қатъий ишонган баъзи олимлар оламнинг Яратувчиси йўқ, деб таъкидлаб, турли хил назарияларни, масалан, турғун олам назариясини ва астрономияда бетартиблик назариясини ўйлаб топишди. Лекин шунга қарамай, бир мунча вақт ўтгач, фаннинг ўзи уларни рад этди.
Бугунги кунда ҳам ушбу назарияларга содиқ қолган ва динни қатъият билан рад этадиган олимлар Худога ишонмасликка қарор қилган қатъий ва муросасиз одамлардир. Етакчи инглиз зоологлари ва эволюционистларидан бири Д.М.С. Уотсон уни ва унинг ҳамкасбларини эволюция назариясини қабул қилишга ундаган сабаблар тўғрисида гапирганда ўзининг догматизмини тасдиқлайди: "Эволюция универсал тан олинган назария бўлиб, унинг ҳақиқати мантиқий изчил исбот-далиллар билан исботланиши мумкин эмас, лекин унга ягона муқобил вариант - мақсадли равишда яратиш - аниқ ҳақиқатга яқин эмас". (D.M.S. Watson, “Adaptation”, Nature, 1929).
«Мақсадли равишда яратиш» деганда Уотсон Худонинг яратишини кўзда тутади. Кўриб турганимиздек, олим буни ҳақиқатдан йироқ деб ҳисоблайди. Лекин нима сабабдан? Фан шундай ҳисоблаши сабаблими? Лекин у бундай ҳисобламайди. Аксинча, фан яратилиш ҳақида ҳақиқатни гапиради. Уотсон Худони инкор қилишга кўникиб қолганлиги сабабли ҳам бу далилни қабул қилмайди. Худди шу позицияни қолган эволюционистлар ҳам эгаллаб турибди.
Эволюционистлар фанга эмас, фалсафий материализмга таянадилар, фанни унга мослаштириб оладилар. Гарвард университети эволюционисти ва Генетик Ричард Левонтин тан олишича:
«Гап шундаки, илмий усуллар ва институтлар бизни қандайдир тарзда ҳодисалар дунёсини материалистик изоҳлашга ишонтиришга мажбур қилади. Аксинча, материалистик сабабларга нисбатан бизнинг устувор мажбуриятимиз, қандай ғайритабиий ёки сирли кўринмасин, қандай бўлишидан қатъи назар, материалистик тушунтиришлар келиб чиқадиган бундай тадқиқотлар ва бундай назарияларни яратишга мажбур қилади. Бундан ташқари, бу материализм мутлақдир, чунки биз илоҳий нарсанинг остонамизга қадам қўйишига йўл қўёлмаймиз.» (Richard Levontin, The Demon-Haunted World).
Бошқа томондан, бугун ҳам, худди аввалларидек, материалистик гуруҳга қарши турадиган, илм-фанни Уни билишнинг усули деб ҳисоблайдиган олимлар ҳам бор. АҚШда «креационизм» ва «зиёлилар дизайни» йўналишлари мавжуд бўлиб, улар илмий далиллар ёрдамида ҳамма жонли нарсалар Худо томонидан яратилганини исботлайдилар.
Олимларнинг сўзлари илм-фан ва дин бир-бирига қарама-қарши маълумот манбаи эмаслигини тасдиқлайди, аксинча, фан диннинг мутлақ ҳақиқатлигини тасдиқлайдиган усулдир. Илм-фан ва дин ўртасидаги ихтилоф фақат илоҳий манбаларга ҳам, хурофот элементларига ҳам асосланган динларда бўлиши мумкин. Албатта, бу фақат Худонинг ваҳийсига асосланган Исломга тааллуқли эмас. Бундан ташқари, Ислом илмий изланишларни қўллаб-қувватлайди ва коинотни ўрганишни Худо яратган нарсаларни ўрганиш усулларидан бири деб билади. Қуръони Карим оятида шундай дейилади:
«Устиларидаги осмонга назар солмайдиларми? Уни қандай бино қилибмиз, зийнатлабмиз ва унинг тешиклари ҳам йўқ?! Ва ерни чўзиб қўйдик, унга тоғларни ташладик ва унда турли гўзал жуфтларни ўстирдик. (Роббисига) қайтувчи ҳар бир бандага кўргазма ва эслатма қилиб. Ва осмондан барака сувини туширдик, ҳамда у билан боғ-роғларни ва дон ҳосилини ўстирдик. Ва зич мевали шингиллари бор хурмоларни ҳам» (Қоф, 6-10).
Шундай қилиб, Қуръон доимо бизнинг атрофимиздаги олам ҳақида фикрлаш ва тадқиқ этишга ундайди, чунки ўрганиш – илм-фан – динни тасдиқлайди, одамларни нодонлик ва жоҳилиятдан қутқаради, янги уфқлар очиб беради ва Худонинг белгиларини билиб олишга имкон яратади. Машҳур немис физик-олими Макс Планк айтадики:
«Илмий ишга жиддий киришган ҳар бир одам илм-фан ибодатхонасининг дарвозаси узра «Сен эътиқодли бўлишинг керак» сўзлари ёзилганлигини тушунади. Бу аслида олим усиз олим бўла олмайдиган фазилатдир» (J. De Vries, Essential of Physical Science, Wm.B.Eerdmans Pub.Co., Grand Rapids, SD 1958).
Буларнинг барчаси билан биз шуни айтмоқчимизки, олам ва барча тирик мавжудотлар шунчаки тасодиф билан изоҳланмайди. Илм оламида ўз изларини қолдирган кўплаб олимлар бу ҳақиқатни тасдиқладилар ва тасдиқлайдилар. Одамлар олам тўғрисида кўпроқ билган сари, унинг бенуқсон тузилишига қойил қолишади. Ҳар бир янги кашфиёт коинотнинг яратилиш эканлигини тасдиқлайди.
Аксарият замонавий олимлар яратилиш ҳақиқатини тан олишади. Дэвид Дарлингнинг таъкидлашича, вақт ҳам, макон ҳам, материя ҳам, энергия ҳам, ҳатто энг кичик тафсилотлар ҳам дастлаб мавжуд эмасди. Тезда бир нарса юз берди ва космик қутининг қопқоғи очилганда, яратилиш мўъжизаси пайдо бўлди.
Бундан ташқари, илм-фаннинг ҳар хил бўғинлари асосчиларининг деярли барчаси Худо ва Унинг китобларини тан олишган. Тарихнинг энг йирик олимлари - Ньютон, Фарадей, Кельвин, Максвелл – булар бир нечта мисолдир, холос.
Буюк физик Исаак Ньютон даврида олимлар самовий жисмлар ва сайёраларнинг ҳаракатини турли қонуниятлар билан изоҳлаш мумкин, деб ишонишган. Шунга қарамай, Ньютон Ернинг Яратувчиси коинотнинг ҳам Яратувчиси эканлигига ишонган ва шунинг учун уларнинг вужудга келиши бир хил қонун билан изоҳланиши керак деб ҳисоблаган. У айтганки:
«Қуёш, сайёралар ва кометаларнинг бундай ажойиб бирлашуви қудратли ва доно Мавжудотнинг нияти ва хоҳишисиз бўлиши мумкин эмас эди.... У ҳамма нарсани дунёнинг руҳи каби эмас, балки оламнинг ҳокими сифатида бошқаради ва Унинг ҳукмронлигига кўра Қодир Тангри деб аталиши керак» (Ньютон, "Ибтидо").
Кўриб турганимиздек, Ўрта асрлардан кейин физика, математика, астрономия соҳасида тадқиқотлар ўтказган минглаб олимлар коинот ягона бир Яратувчи томонидан яратилган деган умумий фикр билдирадилар. Физик астрономия асосчиси Иоганн Кеплер ўз асаралридан бирида Худога чуқур ишончини билдирган:
«Биз, астрономлар, – Олий Худонинг руҳонийларимиз, шу сабабли, табиат китобни ўқишда ўз буюклигимиз эмас, балки Худонинг Буюклиги ҳақида ўйлашимиз лозим» (Dan Graves, Scientists of Faith).
Термодинамикани илмий асосга қўйган буюк физик Уильям Томсон (лорд Кельвин) ҳам Худога ишонадиган инсон бўлган. У Дарвиннинг эволюция назариясига қарши чиққан. 1903 йил, ўлимидан сал олдин, у аниқ қилиб айтган «Ҳаётнинг вужудга келиши борасида фан… Яратувчи кучни тўлиқ тасдиқлайди» (David Darling, Deep Time, Delacorte Press, 1989, New York).
Оксфорд университети физика профессорларидан бири Роберт Маттеус худди шу фикрни ўзининг 1992 йил чоп этилган китобида билдириб, ДНК молекулалари Худо томонидан яратилганини айтган. Маттеуснинг айтишича, инсон ривожланишининг барча босқичлари – ёлғиз бир ҳужайрадан то тўлақонли гўдаккача, сўнгра бола ва катта ёшдаги одам – ҳаммаси тўлиқ уйғунликда бўлиб ўтади. Буларнинг барчаси, биологиядаги бошқа босқичлар каби, фақат мўъжиза билан изоҳланиши мумкин. Маттеус савол беради: қандай қилиб бу қадар мукаммал ва мураккаб организм оддий бир ҳужайрадан вужудга келиши мумкин? Қандай қилиб ажойиб инсон мавжудоти «i» ҳарфининг нуқтасидан ҳам кичик бир ҳужайрадан шаклланиши мумкин? У хулоса қилади – бу мўъжизадан бошқа нарса эмас (Robert Matthews, Unraveling the Mind of God).
Қуйида Олам Яратувчи томонидан яратилган, деб ишонган бир нечта олимлар келтириб ўтилган:
Роберт Бойль (замонавий кимёнинг отаси);
Уильям Петти (статистика ва иқтисодиёт соҳасидаги тадқиқотлари билан машҳур олим);
Майкл Фарадей (барча замонларнинг буюк физик олими);
Грегори Мендель (генетика асосчиси. У генетика соҳасидаги кашфиётлари билан Дарвиннинг назариясини йўққа чиқарган);
Луи Пастер (бактериологиядаги энг машҳур исмлардан бири. Дарвинизмга қарши уруш эълон қилган);
Джон Дальтон (атом назарияси асосчиси);
Блез Паскаль (машҳур математиклардан бири);
Джон Рей (Британия табиий тарихида энг муҳим номлардан бири);
Николай Стено (Николаус Стенон, машҳур стратиграф, ер қатламларини тадқиқ этган);
Карл Линней (биологик тасниф асосчиси);
Жорж Кювье (қиёсий анатомия асосчиси);
Меттью Мори (океанография асосчиси);
Томас Андерсон (органик кимё соҳасидаги тадқиқотчи).
Абу Муслим таржимаси