close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Эйнштейн Қуръон ўқиганми?

Ажабланарли, лекин ҳақиқат: махсус нисбийлик назарияси (МНН) таъсири – ёруғлик тезлигига яқин ҳаракат тезликларида вақт секинлашиши – ушбу назария Алберт Эйнштейн томонидан 1905 йил кашф қилинишидан анча олдин, VII асрда Қуръон оятларида баён қилинган эди.

Қуръон – Аллоҳнинг каломи (илмий асосланган далиллар)

«У (Қуръон) фақат оламлар учун эслатма, холос. Албатта, унинг хабарини бир муддатдан сўнг билурсиз», деб айт». (Сод сураси, 87-88)
Қуръон оятларининг ишончли эканлиги исталган мусулмон учун далил-исбот талаб қилмайди. Лекин уларнинг ҳақиқатини улуғлаш бизнинг бурчимиздир.
Машҳур қозоқ мутафаккири Абай (Иброҳим) Қўнанбой таъкидлайдики:
Аллоҳнинг ўзи ҳақиқатдир, унинг сўзлари ҳақиқат.
Ҳақиқат ҳеч қачон ёлғон бўла олмас.
Қуръоннинг ажойиб хусусиятларидан бири келажакда юз берадиган баъзи ҳодисаларни таърифлаш, яъни олдиндан айтиб беришдир. Сўнгги йилларда бутун дунё олимларининг илмий ютуқлари натижаларига мос келадиган оятлар мавжуд, шунингдек, ҳали кўплаб аниқланмаган оятлар ҳам мавжуд. Қуръони карим Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг 23 йиллик рисолатлари давомида нозил қилинган. Аллоҳдан бошқа Илоҳ йўқ! Шунинг учун Қуръондан бошқа ҳеч қандай асар Қуръон каби қадрланиши мумкин эмас.
«Ва албатта у шубҳасиз ҳақиқатдир» дейилади Қуръоннинг «Ҳааққаҳ» сураси 51-оятида. Тақводор мусулмон бу сатрлар ва Қуръоннинг ҳақиқат эканлигига шубҳа қилмайди. Аммо Қуръон оятларининг ҳақиқатини шубҳа остига қўядиган одамлар ҳам бор. Шу сабабли, Аллоҳнинг ўзи каби, абадий мавжуд бўлган Қуръон китобининг яратилмаганлиги бошқа бир тасдиғини кўриб чиқамиз.
Биринчи қарашда, бу мақолада кўтариб чиқилган мавзунинг дин билан ҳеч қандай алоқаси йўқдай кўринади. Аммо муаммонинг моҳиятини диққат билан кўриб чиқсангиз, унинг Қуръон оятлари билан яқин алоқасини топишингиз мумкин. Ушбу қонуният ўрта мактаб ўқув дастурларида, шунингдек, физика курсини ўрганишда махсус ўрта ва олий ўқув юртларида кўриб чиқилади. Бироқ, материал умумий фойдаланиш учун мўлжалланганлиги сабабли, ушбу мавзу бўйича баъзи асосий маълумотларни ёритиб бериш зарур деб ҳисоблаймиз.

Инсоният даҳоси

Унинг даврида, илм-фан ҳар қачонгидан ҳам устун бўлганида, у интеллектуал кучнинг рамзи сифатида алоҳида бўлиб туради. Баъзан, шундай фикр пайдо бўлади: инсоният икки қисмга бўлинади – Алберт Эйнштейн ва дунёнинг қолган қисми. Махсус нисбийлик назарияси йигирманчи асрнинг бошларида Эйнштейн ва бошқа олимларнинг саъй-ҳаракатлари билан ишлаб чиқилган. 1905 йилда яратилган хусусий ёки махсус нисбийлик назариясига асос қилиб Эйнштейн экспериментал фактларнинг натижалари бўлган иккита постулатни қўйди.

Постулат-1: Барча инерциал ҳаракатланувчи ҳисобот тизимларида механик, оптик ва электромагнит ҳодисалар бир хил кечади.
Постулат-2: Вакуумдаги ёруғлик тезлиги манба тезлигига боғлиқ эмас ва кузатувчининг (қабул қилувчининг) ҳаракатига боғлиқ эмас ва барча инерциал тизимларда бир хил бўлиб, C = 300000 км/с га тенг.

Бошқа моддий нуқталар ёки жисмларнинг ҳаракати унга нисбатан ўрганиладиган жисм билан боғлиқ бўлган синхронлаштирилган соатлар ва координаталар тизимлари йиғиндиси саноқ тизими деб аталади. Турли даражадаги аниқлик билан ва фойдаланиш соҳасига қараб, Ер билан боғлиқ саноқ тизими инерциал тизимлар ҳисобланиши мумкин. Инерциал саноқ тизимининг (ИСТ) бир қисми сифатида инерциал координаталар тизими қуйидаги алгоритм бўйича тузилади. Координаталар боши, 0 нуқтаси сифатида унинг кабул қилинган моделига мувофиқ Ернинг маркази танланади. Z ўқи Ернинг айланиш ўқига мос келади. Х ва У  ўқлар экваториал текисликда ётади.

Таъкидлаш жоизки, бундай тизим Ернинг айланишини ҳисобга олмайди. Ёруғлик тезлиги “C” – энг юксак тезликдир. Назария шундай хулосага олиб келадики, ёруғлик тезлиги ҳар қандай ўзаро алоқаларнинг энг юксак тезлиги ҳисобланади. У ҳар қандай жисмлар ҳаракатининг энг юксак тезлиги ҳисобланади.
Махсус нисбийлик назарияси (МНН) таъсири фақат ёруғлик тезлигига яқин бўлган тезликларда кузатилади. Лоренц ўзгаришларидан фойдаланган ҳолда А.Эйнштейннинг нисбийлик назариясини қўллаб, кўрсатиш мумкинки, вақтнинг ўтиши турли саноқ тизимлари учун турлича бўлади: ҳаракатланувчи саноқ тизимларида вақт ҳаракатсиз ҳолатдаги саноқ тизимидаги вақтдан кўра секинроқ ўтади (соат секинроқ юради). Назарий жиҳатдан, вақтнинг секинлашуви таъсири ёруғлик тезлигига яқин тезликда учиб кетаётганда космик кемада кузатилиши мумкин. Бундай парвоз вақтида секинлашув таъсири нафақат соатга, балки барча жараёнларга, шу жумладан экипажининг биологик ритмларига ҳам таъсир қилади. Вақт қайтарилмайди.
Бундан машҳур ЭГИЗАКЛАР ПАРАДОКСи келиб чиқади. Тасаввур қилинг, Ердан 0,99 ёруғлик тезлигидаги тезлик билан космик кема учишни бошлади ва Ер юзасида ўтган 50 йилдан кейин қайтиб келди. Нисбийлик назариясига мувофиқ, кема соатлари бўйича атиги бир йил давом этган бўларди. Агар 25 ёшида парвоз қилган космонавт Ерда эндигина туғилган ўғлини қолдириб кетган бўлса, қайтиб келганида 50 яшар ўғил 26 яшар отасини кутиб олади. Бироқ эгизак ака-ука экспериментида улардан бири 75 яшар чолга айланиб қолади.

Эгизаклар билан боғлиқ ҳикояда келтирилган фикрлар фақат шундай бўлиб кўринадиган мантиқий зиддиятга олиб келади. «Парадокс»ни ҳар қандай ифодалашда эгизаклар орасида тўлиқ симметрия бўлмайди. Бундан ташқари, нима учун вақт айнан саноқ тизимини ўзгартирган саёҳатчи учун секинлашувини тушунишда ҳодисалар бир вақтда рўй беришининг нисбийлиги муҳим роль ўйнайди. Эгизаклардан ҳар бирининг нуқтаи назаридан вақтнинг секинлашув қийматини ҳисоб-китоб қилиш ҳам МННда элементар ҳисоб қилиш доирасида, ҳам ноинерциал саноқ тизимларини таҳлил қилиш орқали амалга оширилиши мумкин. Бу ҳисоб-китоблар бир-бирига мос келади ва саёҳатчи ака уйда қолган укадан кўра ёшроқ бўлишини кўрсатади. Элементар заррачаларнинг ҳаёт вақтини узайтириш ва уларнинг ҳаракатларида макроскопик соатларнинг секинлашуви бўйича кўплаб тажрибалар нисбийлик назариясини тасдиқлайди. Бу эгизаклар билан боғлиқ воқеада тасвирланган вақтнинг секинлашиши ушбу хаёлий экспериментнинг ҳақиқатда амалга оширилишида ҳам содир бўлишини таъкидлаш учун асос яратади.

Дин ва фан боғлиқлиги

Юқорида баён қилинган табиий (жисмоний) ҳодисалар VII асрда нозил қилинган Қуръонда ёдга олиб ўтилгани ҳаммани ҳайратга солади.
Қуръондаги исталган оят фақат бошқа оятлар ва Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Суннати билан боғлиқликда тушунилиши лозим. «Ҳаж» сурасининг 47-оятида [22-47] айтилишича: «...Дарҳақиқат, Роббинг ҳузуридаги бир кун, сиз санайдиган минг йилдекдир». «Маъориж» сурасининг 4-оятида [70-4] ёзилишича: «Фаришталар ва Руҳ Унинг ҳузурига миқдори эллик минг йил бўлган кунда кўтариладир».
Бу оятлардаги вақтларнинг фарқ қилиши А.Эйнштейннинг нисбийлик назарияси бўйича вақтнинг секинлашуви таъсирига тузатиш киритиш билан боғлиқ. Кўриб чиқилган [22-47] ва [70-4] суралар оятларида ва «эгизаклар парадокси» мисолида вақтнинг 50 карра секинлашуви кузатилади (50000/1000=50/1 нисбатидан). Шундай қилиб, Жаброил ва фаришталар парвози жараёнида ўтказилган кун Худонинг олдидаги вақтни ҳисобга олган ҳолда бу тизимда 50 кунга тенг (50000:1000).
[22-47] ва [70-4] суралар оятлари боғлиқлигини белгилаб берадиган ушбу тахмин бизга қуйидагиларни беради:

1. Аллоҳнинг олдидаги саноқ тизимида ёруғлик тезлигига яқин тезликдаги Жаброил ва фаришталар парвозида вақтнинг 50 баравар секинлашуви (соат юришининг секинлашуви) таъсирини ҳисобга оладиган 70-суранинг 4-оятига яширинган маънони очиб бериш.
2. МНН бўйича вақтнинг секиншлашув таъсири мавжудлигидан келиб чиқиб, Жаброил ва фаришталар ҳаракат тезлиги С=300000 км/c ёруғлик тезлигига яқинлигини тахмин килиш.
3. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларига мувофиқ: «фаришталар нурдан яралган». Уларнинг хусусиятлари: жонли, танасиз, илоҳий мавжудотлар, Аллоҳнинг хизматкорлари ва Яратувчи билан пайғамбарлар ўртасидаги воситачилар.
4. Фотон – нур заррачаси. Аллоҳ томонидан яратилган. Хусусиятлари: жонли эмас, ҳаёт манбаи ҳисобланади. Фотон ҳам электромагнит хусусиятларга эга. Ҳаракат тезлиги C=300000км/с. Ҳаракатсизлик массасига эга эмас, яъни ҳаракатсиз ҳолатда фотон мавжуд эмас, у бошқа ҳолатга ўтади.
5. А.Эйнштейннинг махсус нисбийлик назарияси ва тизим ҳаракатининг катта тезликларида вақтнинг секинлашув таъсирини ўрганиш бўйича асарлари тўғрилигини тасдиқлаш.

«Намл» сурасининг 65-оятида [27-65] ёзилишича: «Сен:«Осмонлару ерда Аллоҳдан бошқа ҳеч ким ғайбни билмас», деб айт». Бу огоҳлантиришни ҳисобга олган ҳолда, илмий асосланган мисолда олинган хулосани тахмин деб ҳисоблаш мумкин. Аллоҳ ҳаммадан яхши билгувчидир. Бироқ Яратувчи ўз билимидан (ақлдан) фойдаланишни тақиқламайди. «Батаҳқиқ, Биз сизга китоб нозил қилдик. Унда сизнинг зикрингиз бор. Ақл ишлатмайсизларми?!» – сўралади «Анбиё» сурасининг 10-оятида [21-10].
Яратувчи томонидан нозил қилинган Қуръон инсон ҳаётининг барча жабҳаларини, бу ажойиб дунёнинг бор сирларини тасвирлайдиган ҳақиқатгўй китобдир. Қуръонда келтирилган маълумотлар ҳақиқатлиги вақт ўтиши билан ва илм-фан ютуқлари билан текширилади, лекин бу ҳам Меҳрибон ва Раҳмдил Яратувчининг амри ва кўмаги билан рўй беради. «ҳар бир хабарнинг ўз вақти бор. Тезда буни биласизлар», – деб ёзилган «Анъом» сурасининг 47-оятида [6-67].
Шундай қилиб, Қуръон ҳақиқатлигини кўрсатиш учун илмий ютуқлар материалларидан фойдаланиш муҳим роль ўйнайди.

Абу Муслим таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Илм-фан
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase