close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Мулла Абдураҳмонларни гапириш, динга қарши чиқиш ҳисобланадими?

Абдулла Қодирий – Жулқунбой бидъат ва хурофотга доир танқидни Совунак (енгил елпи) қори билан Мағзава (эзма) қори ҳангомасида давом эттирадилар. Тасаввур қилинг, иштаҳаси йўқ Али, серовқат, иштаҳаси карнай Валига “мен учун овқат еб бергин”, деб илтимос қилди.

Абдулла Қодирий – Жулқунбой бидъат ва хурофотга доир танқидни Совунак (енгил елпи) қори билан Мағзава (эзма) қори ҳангомасида давом эттирадилар. Тасаввур қилинг, иштаҳаси йўқ Али, серовқат, иштаҳаси карнай Валига “мен учун овқат еб бергин”, деб илтимос қилди. Валига бу маъқул келиб, паловми ё қозонкабобними паққос туширди-да, таом ейиш хизмати учун Алидан пул олди. Валининг ошқозонидаги таомдан Али қандай наф топди? Қизиқ савол-а? Лекин диндан ўз нафслари йўлида фойдаланувчилар учун бу савол қизиқ туюлмас.  Баъзи одамлар Рамазон ойи арафасида (баъзан бошқа пайтларда ҳам) қорига пул бериб (буни “бай пули” дейдилар) ўтган марҳумлари ҳақига Қуръон ўқитадилар, бу ҳозирги кунимизда ҳам тараққий этган ва “хатм буюриш”, деб номланади. Қори уйида ўтириб, бир ёки икки-уч кун давомида Қуръони каримни тўла ўқиб чиққач, савобни буюрувчи киши айтган бандага бағишлайди. Қуръон ўқиш, ёки ўқилаётганда соме бўлиб эшитиш банданинг ўзига буюрилган. Буни уламолар яхши билишади, лекин дин учун ҳам ёқимсиз бўлган одатга барҳам беришга уринишмайди. Аксинча, рағбатлантиришади. Рағбати шундаки, қори уйида тиловат қилади. Шундан сўнг буюртмачи уйида зиёфат уюштириб, эътиборли уламолардан бирини ҳам чорлайди. Зиёфат ўртасида буюртмачи мақсадини айтади, қори шу даврада Қуръони каримнинг охирги сураларини, сўнг Бақара сурасининг бошланишини ўқигач, хатмнинг ниҳоясига етгани аён бўлиб, давра тўрида қўр тўкиб ўтирган домла узундан-узун дуо қиладилар. Дуонинг нақадар узунлиги хайрлашув чоғида узатиладиган тугун мазмунига таъсир қилади. Абдулла Қодирий айнан шу бидъат билан муроса қила олмаганлар. “Муштум” журналининг 1923 йилги 7-сонидаги “Шилғай” имзоси билан берилган ҳажвга назар солайлик. Эътиборлиси шуки, адиб хурофотчиларни ўзи “қамчиламайди”. Икки қори ўз тиллари билан ўзларини ошкор этадилар.

“Совинак қори: - Бу йил бай пули неча кишидан олинди, Мағзава қори?
Мағзава қори: - Э-эй, бу йилги рўза, маза йўқ ошнам. Такрор пули ҳам чиқмайтурған кўринадир.
-Ҳа, нимага?
-Нимага бўларди, хатмчи (буюртмачи) йўқ.
-Итни урсанг, Қуръон туширтиратурган чиқибдир-ку, хатмчи йўқ эмиш!
-Бор-борлиққа. Аммо мўмайроқ митат чиқаратурған хатмчи йўқ!
-Иш билмагандан кейин хатмчи ҳам йўқ, митат ҳам йўқ!
-Совинак дейман, сан нимани билдинг!!!
-Мен иш билдим, сен саллага зеб бериш билан идғом маъалғунани билдинг!
-Хўш-хўш?
-Нима “хўш-хўш”? Индинга Пўлавойнинг хатмини битирсам, уттаси кундан Шўлавойнинг хатмини бошлайман. Ундан кейин Сўнавойники. Шундай қилиб, бу рўзаи моҳи шарифда энг ками беш миллиард митат.
-Ҳа-ҳҳа, ҳаммасидан ҳам бай пули олдингми, Совинак?
-Олдим. Пўлавойдан беш юз, Шўлавойдан икки юз, Сўнавойдан уч юз!
-Қандай қилиб?
-Пўлавойнинг олдига бориб: “Шўлавой акам бу йил хатмни катта қилар эмишлар, шундай оғир вақтларда унча-мунча одамга хатм қилдириш ҳам қийин...” деб юрагига ўт солиб қўйдим. Сўнавойнинг дўконига тушуб: “Бу йил хатмингиз йўқми, одамлар: “Сўнавойнинг дамаси йўқроқ” деб сўзлашадилар”, деган сўз билан унинг ҳам пайтавасига қурт тушурдим. Шундай қилиб йўқ ердан ёлғуз ўзимга уч хатм чиқардим. Мана иш, ана митат!
Мағзава қори кўнглининг энг чуқур жойидан чиқариб, “уф-ф-ф” деди ва ҳасратидан чанг чиқара бошлади:
-Бу йил бахтимиз сувга урган экан Совинак, ҳеч бир хатмчи “итмисан, эшакмисан” дея бермагач, ноилож “Шунча такрорлар бекорга кетмасун”, деб ўзимни бозорга сола бошладим. Қаерда бир эски хатмчини кўрсам, маддоҳ баччалардек жоврадим: “Эшбой акам хатмга айткан эдилар, бу рамазон қўлим тегмайдир”, дедим. “Маним кўнглим сизда эди...” Иккинчи бировни кўрганда: “Бу йил хатм жуда кўб кўринадир, Тошкандда ўн минг қори бўлса ҳам етишмас”. Ниҳоят шунчалик авроқлар билан ўлиб-қутилиб, битта жиз-бизни топсам ҳам, лекин қурғуринг мандан ҳам ўлумтук экан: “Беш кунлик қилсангиз қанча оласиз-у, уч кунлик қилсангиз қанча берамиз. Мардикор пулингизнигина олиб, ифтор билан саҳарликни уйингизда қилсангиз қандай бўлар экан?” дейдир.
-Қизи талоғинг пудратини берар экан-да, хо, хо, хо!
-Шуни айткина, Совинак. Шундай қилиб хатмни беш юз миллионга баҳолаб олдим. Уч юзни ўзим олсам, икки юзни сомеъга бераман. Уч юзинг нос пулига ҳам етмайдир. Бу йил маза йўқ, ошнам...”
Икки қорининг хасратини енгиллатиш учун адиб киноя ила маслаҳат беради: “Оқчани кам берсалар “ялмаш” усулини қўллаш керак. Қуръонни ялмаб ўқуйсан, десалар, “Бир мирига келгани шу” деб жавоб бериш керак”.
Диққат қилиш жоизки, Абдулла Қодирий динга зарар келтирувчи камчиликларни қаламга олганларида дин асосларини яхши билувчи олим сифатида кўринадилар. Тўғри,  лозим бўлган-бўлмаган ерда оят ёки ҳадислардан мисол келтиравермайдилар. Бундай ўринлар жуда кам. Кичик ҳажмдаги асарларида юқорида зикр этганимиз, эшонлар ҳақидаги битикда “Сафф” сурасидан оят келтирилгани, “Ўткан кунлар”да Отабек тилидан “Ҳаййя алал-фалаҳ” (нажотга шошил) азон чақириғидандир. Адиб азондаги бу чақириқдан мамлакат аҳволини баён этишда моҳирона фойдаланган. Асарнинг “Хиёнат” бобида “идда”, “талоқ” ва “алваддайн” иборасини учратамиз. Идда – аёлнинг эри ўлганда (130 кун) ёки эри талоқ қилганда (100 кун ёки уч ҳайз кўргунча, агар аёл ҳомиладор бўлса, идда туққунигачадир) бошқа турмуш қуришигача ўтиши лозим бўлган муддат. Бу масалага Қуръони каримнинг Бақара ва Талоқ сураларидаги бир неча оятларда аниқ кўрсатмалар берилган. Ўсмирлик чоғида мадрасада таҳсил олган адибнинг бу оятларни яхши билишлари табиийдир. “Алваддайн” эса “ўталиши лозим бўлган қарздир” маъносини берувчи ҳадисга ишора. Гарчи, халқ орасида “ҳадис” деб айтиб юрилса-да, уламоларнинг айтишларича, бу ҳадиснинг асоси-маснади аниқланмагандир.  “Ҳожи этак силккан” бобида Юсуфбек ҳожи қипчоқ қирғини ҳақида афсуслар ила сўзлаганида Юнус Муҳаммад охунд дейдики: “...ҳамма фасод улуламирда, агар улуламир дуруст одам бўлса, уч-тўртта муттаҳамнинг ёмонлиғи ҳеч қаерга бормас ва бунча гуноҳсиз бечоранинг қони ўринсиз тўкилмас эди. Жаноби пайғамбари Худо ҳадиси шарифларида айтадиларким, бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм, қола ан-набию алайҳиссалом: “Изо васада ал-амру ило ғайри аҳлиҳи фантазир ас-соата” – яъни ул Сарвари коинот марҳамат қилурларким: “Агар бир қавмнинг иши ноаҳл одамга топширилған бўлса, бас, ўшал қавмнинг қиёматини яқин бил, яъни ҳалокатига мунтазир бўл”. Бас, бизнинг корларимиз ҳам кўб фурсатлардан бери ноаҳл одамларнинг қўлиға қолиб ва ҳар замон ул нобакорлар бизларнинг бошимизға анвоъи кулфатларни соладирлар. Илоҳи кори бадлари ўз бошлари бирлан дафъ бўлғай.
-Саддақта ё расулиллаҳ (“тўғри айтдингиз, ё расулуллоҳ”) ,-деди ҳожи ва ҳадисни такрорлади. -“Изо васада ал-амру ило ғайри аҳлиҳи фантазир ас-соата” – вой бўлсин биз бадбахтларнинг ҳолига...” (Мазкур шарафли ҳадисни Имом Бухорий ривоят қилганлар).
(Мавзудан бир оз чекинсак-да, бир воқеани эслаш ўрни келди: ҳорижда истиқомат қилувчи ватандошимиз муҳтарам Жўра қори Бўтакўз урушдан кейинги даврда ўзбек оилаларида туғилган болалар она тилларини унутиб юбормасинлар, деган хайрли ниятда “Ўткан кунлар”ни араб алифбосида нашр эттириб тарқатганлар. Туркиядаги босмахоналар лотин алифбосида иш юритгани учун китобни араб алифбосида чиқариш мақсадида Покистонга борганларида у ердагилар  “Бу китобни биз босмаймиз, “бисмиллоҳи” йўқ экан”, дейишади. Шунда Жўравой ака 20-30 йилларда, болшевиклар динга қарши курашни авж олдирган даврда асарни “бисмиллоҳ” билан бошлашнинг ҳеч қандай имкони бўлмаганини тушунтиршга уринганлар. Ноширлар қайсарлик қилиб туриб олишгач, “Бу асарнинг “бисмиллоҳи” ичида”, деган эканлар. Бунда икки маъно бор: асар исломга зид эмас, иккинчидан, зикр этганимиз бобда чиндан ҳам “бисмиллаҳ” мавжуд).
“Меҳробдан чаён”да Нигорхонимнинг махдум томонидан сиқувга олгани ва бу аёлнинг сабри ҳақида баён қилгач, хотинларнинг “Нигор ойимнинг орқасидан ғийбат сўзламаслар, олдида қандай ҳурматласалар, кейинидан ҳам ўшанча эҳтиромлаб, унинг махдумдек зиқна кишининг қўлиға қарам бўлғаниға ачиниб “пешана,-дея,- айланай, қолу бало” дейишар эдилар”. Халқ орасида оддийгина “пешона” ёки нолиб “пешонам қурсин” дейиш одати бор. Ислом илмидан яхши хабардор бўлган муҳтарам адиб эса  “қолу бало”ни қўшяптилар. Яъни: аслан “Ҳа, шундай”. Кенгроқ маънода эса “Ҳа, шундай деб айтдилар”, деб ҳадисга ишорат қилинади.
“Ифлос бир мозий” бобида Абдураҳмоннинг ёшлиги тарихи баёнида “замона бузуқлиғи” хусусида лоф урғувчи мударрис ҳақида сўз юритилар экан, “ўзи  “варасатул анбиё” зотлар саналған” ибораси ишлатилади. Бунинг таржимаси “пайғамбарларнинг меросхўрлари”дир. Бу ибора Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг “Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир” (Имом Термизий, Абу Довуд, Ибн Можа ва Байҳақий ривоят қилган) деган сўзларидан иқтибос олинган.
Қўқон хонининг ёрлиғи “Ба исми субҳонаҳу. Амруллоҳи фаризатун ва амруно вожиб” деб бошланади. Бу “Бисмиллаҳ”га маънодош, яъни “Аллоҳ номи билан” демакдир. “Аллоҳ номи билан бошлаяпмиз, Аллоҳнинг амри фарздир, бизнинг амримиз вожибдир”. Вожиб мажбурият, бурч деган маънони англатади. Исломда бажарилиши зарур бўлган амал тури ҳисобланади. Зарурийлик нуқтаи назаридан вожиб фарздан кейин, суннат талабларидан олдин туради. Исломда вожибни инкор этиш оғир гуноҳ ҳисобланади. "Подшоҳнинг амри вожиб" деган тушунча Қуръонда мавжуд. Адиб ёрлиқни бежиз бундай бошламаганлар.
Нигор ойим пиширган паловни мақтаган махдум “бироқ гўштни кўб солибсан” деб танбеҳ ҳам беради. Шунда:
“Нигор ойим кулимсираб Анварга қаради:
-Гўшт кўб бўлса ош ўхшаладир.
-“Хайрул-умури авсатуҳо”, Нигор.
-Бу сўзнинг ошқа гўштни кўб-оз солиш билан нима алоқаси бор?
Раъно онасининг бу сўзи билан пиқ этиб кулди. Анвар юзидаги кулгини яшириш учун четка қаради”.
Чиндан ҳам Байҳақий ривоят этган “Ишларнинг яхшироғи ўртасидир” деган шарафли ҳадиснинг махдум қозонига тушган гўштга нима алоқаси бор? Айрим муллалар оят ё ҳадисни ўз манфаатлари йўлида тафсир этишлари ё шарҳ қилишларига Анвар четка қараб кулиши мумкин, лекин адиб бундай ҳолатларга эътиборсиз қарай олмайдилар. Махдумни фош этишни давом эттирадилар.
“Ҳадиснинг ҳукми ом (Пайғамбарнинг буйруғи ҳаммага тегишли), Нигор,-деди Махдум.- Бундаги умур – умурид-дунё (дунё ишлари), умурид-дунё иборат аз ҳаракати аҳли мўъмин. Инчинин, бу ҳадиснинг амалиёти охират учун ҳам ҳукми жорийдир (ярайдиган ҳукм). Масалан, шабу рўз савм (рўза) ва салот (намоз) мўмин кишини жисман нотавон ва нафақаи аҳли аёлдан ожиз қиладир. Бас, бу ҳолда ибодатнинг касрати, яъни тоатда ифрот (ҳаддан ошиш) ҳам хайрул-умурга қўшилмас, зеро, фарз ва суннат банда учун кофий эрди. Маънойи кофий чист, ай авсат (Етарли деганнинг маъноси нима, бу демак ўртачаликдир)...”
Махдум Анварнинг ҳузурига кириб, Ғози эшондан сўз очиб, унинг бемаънилигини таъкидлайди: “Ўзи кўб таммоъ одам. Сизга ҳам зиёфатдан дам урған бўлса керак?” Анвар илжайиб бош ирғагач, давом этади: “Тамаъ ўзи кўб мазмум суфат... Чунончи, азза ман қанаъ, залла ман тамаъ... Отаси марҳум ҳам беҳад тамаъкор эди...”  “Қаноатли азиз, тамагир киши хордир” ибораси  халқ орасида ҳадис сифатида тилга олинади. Аслида бу ҳадис эмас, шу маънога яқин ҳадислар мавжуд. Шу боис ҳам муаллиф иборанинг ўзбекча маъносини берганда “ҳадис” деб изоҳламаганлар. Ошга сабзи тўғраётган Анвар “Хотин кишининг чархи билан ўчоғига тегма, деган гап тўғри эмиш... Албатта, сен хотин киши эмассан-ку, бироқ, “куллу шайъин яржиуъ ила аслиҳи”, дейди. “Ҳар бир нарса ўз аслига қайтади”, ибораси ҳам оят ёки ҳадис бўлмагани сабабли муаллиф мазмунни бериш билан чекланганлар. Араблар кўп қўллайдиган бу иборанинг турли шакллари мавжуд. Бизда “Қазисан, қартасан, ўз аслингга қайтасан” – мақол шаклида, “Бобурнома”да эса “Боз гардад ба асли худ ҳама чиз, зари софию нуқрау арзиз” – “Ҳамма нарса: хоҳ соф олтин, хоҳ кумуш ва хоҳ қўрғошин бўлсин, барибир, ўз аслига қайтади” – байт шаклида келади. Яна бошқа кўринишлар борки, айни ўринда қўллаш мумкин эмас эди. Чунки Анвар “Сен ҳозирча бокира қизсан, аммо вақти келиб хотин бўласан”, деган маънода айтган эди.
“Чаённинг намойиши” аталмиш бобда масжид ҳужрасининг таърифи берилар экан, “ҳужранинг тўрдаги тоқчасиға беш-олти дона қалин муқовалиқ китоблар терилган, уларнинг варақ тахида – “Шарҳи мулло Жомий”, “Ақоиди маълҳавоший”, “Ҳикматул-айн”, “Алвиқоя”, “Сияри шариф” каби сўзлар ёзилған эди. Кун ботиш тоқча девориға гул равишида туширилган дуо ёки шунинг каби муқаддас калималар ёзиғлиқ бир қоғоз ёпиштирилган”, деб аниқлик киритилади. Китобларнинг номлари нима учун айнан берилди? Аввали шуки, адиб мадрасада таҳсил олганларида буларни ўқиганлар. Лекин бу ўринда мақсад билимларини шунчаки ошкор қилиш эмас. Бу китобларни ўқиб, тушунган одам, ундаги кўрсатмаларга амал қилиши, яъни комил инсон бўлиши керак. Аллоҳ таъқиқлаган иллатлардан қутулган бўлиши шарт. Лекин бу илмдан бохабар уч инсон  китоблар ёнида ўтириб, “бир-бирларингга зулм қилманглар”, дейилгани ҳолда зулмни касб этганлар, “ғийбат қилманглар, ғийбат ўлик биродарингизнинг гўштини ейиш каби гуноҳдир”, дейилган бўлса-да, ғийбат гўштидан ҳузурланадилар, фитна тўрини тўқийдилар. Яна  Анфол сурасидаги “Инналлоҳа маъассобирин” – “Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир” оятини тилга оладилар. Муфтига далда бериш учун Калоншоҳ мирзо оятнинг бир чимдимини узиб олиб, ўз нафслари йўлида фойдаланган. Агар улар бу оятнинг маъносига амал қилганларида Аллоҳнинг ғазабига учрашдан қўрққан ва фитнага аралашмаган бўлар эдилар. Оятнинг асл маъноси бундай: “Эй мўъминлар, Аллоҳ ва Расулига итоат қилинглар, буюрганини бажо келтиринглар, ўзаро низо қилманглар. Агар Аллоҳ ва Расулининг ҳукмига хилоф қилар экансизлар, дилларингизда қўрқув пайдо бўлиб, сизлардан душманнинг муқобилига қувват кетади, яъни сустлашиб, заифлашиб қоласиз. Кулфатларга сабр қилинглар. Аллоҳ таоло собирлар билан биргадир”. Жамиятдаги ўзаро низо зўр офатлардан ҳисобланади. Бундан Аллоҳ аниқ огоҳлантиряпти, яъни низо қилувчилар тушкунликка учрайдилар, куч-қувватлари кетади. Тарихдаги барча кулфатлар, мағлубиятлар сабр қилмаслик ва ички низолар туфайлидир. Адибнинг маҳорати шундаки, бу фосиқлар “низо қилманглар”, деган буйруқни тилга олганлари ҳолда, Аллоҳнинг амрига очиқ қарши чиқяптилар. Бугуннинг адиби мана шундай ҳолат тасвирини бермоқчи бўлса, шунчаки “Сабр қилинг, дўстим” ёки “Сабр таги олтин”, деб қўярмикин? Абдулла Қодирийнинг маҳоратлари шундаки, у нозик томирни топа олдилар.
“Обид кетмон”да ўқиймиз: “Улар қишлоқ гузарига бориб, бирга ўнни қўшиб “хабари мутавотир” юргизадилар”. “Хабари мутавотир” – келишиб олиб ёлғон тўқиши эҳтимолдан узоқ даражадаги кўпчилик томонидан ривоят қилинган хабар бу ўринда истиора йўсинида қўлланилган. Бу кўплаб ишончли кишилар нақл қилган хабар, ҳадис илмидаги истилоҳ, демоқ ҳам мумкин.
Хатиб домланинг яна бир гапи: “Албатта, тарозига қараб тош қўйган яхши: Хатиб домлани ҳам қўшиб чақирадиган бўлсанг қўй сўйишинг лозим, ундан кейин битта тўн бермасанг яна ўхшамайди; зеро тўнсиз жўнатсанг “таҳқири уламо” қилган бўлиб, гуноҳкор бўласан”. Бу ўринда адиб “гапга тўн кийдириб” юмшатганлар, чунки “таҳқири уламо”нинг асли “уламоларни таҳқирлаш куфрдир”. Англадикки, домла-имомларни зиёфатга чорлаб қўй сўймасак, елкасига тўн ташламасак... таҳқирлаган бўлар эканмиз. Таҳқирлаш эса... Астағфируллоҳ!
Хатиб домланинг “танозун бақо ва муборазайн ҳаёт” сўзлари “ҳаёт учун кураш” деган фалсафий тушунчани англатади. “Чунончи, “вало тулқув биайдиякум иллат-таҳлика” ояти каримасидан ҳам “танозун бақо”га катта ишорат бор”. Бақара сурасидаги “Ўз ихтиёрингиз билан ўзингизни ҳалокатга ташламангиз” ояти домланинг тилидан учишига сабаб: “сиз менинг ҳалиги таълимотим бўйича унинг бўйнига қўй сўйиш ва тўн беришни юклашга ҳаракат қилингиз”. Аслида оятнинг тўлиқ маъноси: “Эй аҳли давлатлар, молларингизни Худо йўлида сарф қилинглар. Бахиллик қилиб ўзларингизни ўз қўлларингиз билан ҳалокатга урманглар. Худонинг махлуқотига яхшилик қилинглар. Худойи таоло эҳсон қилувчиларни дўст тутади”. Саҳоват ва эҳсон ҳақида бир неча оятлар ва шарафли ҳадислар мавжуд. Эҳсон исломнинг гўзал кўринишларидан бири. Унда ўзига, ўз оиласига, қариндошларига, қўшниларига ва бегона муҳтожларга ёрдам қилиш назарда тутилади. Бойларни ёки тўқ муллаларни чақириб зиёфат қилиш эҳсоннинг қайси кўриниши, унда қанчалик савоб бор, биз билмаймиз.  Лекин нафс жиловидаги муллалар эҳсон ҳақида сўз юритганларида албатта, уйлари донга тўла бўлса-да,  ўзларини унутмайдилар. Ушрдан умидини узган, фақат ҳадя олиши мумкин бўлган Хатиб домланинг “домлангизни қанчалик яхши таъмин қилсангиз, масжид ва динингиз шу қадар обод бўлади”, деган гапига нима деймиз? Наҳот диннинг ободлиги домлага берилгувчи тугуннинг ҳажмига қараб қолган бўлса?
Аҳмад тоға Обид кетмонни айблаётганда: “изойи мўъмин ҳаром” деганлар... Қани энди фурсати келганда биз ҳам изо бериб кўрайлик, ўзи пиширган ошнинг мазасини тотсин”, деб даъво қилади. Бундаги “мўъминга азият бериш ҳаромдир” ибораси фиқҳий китобларда келтирилгандир.
Абдулла Қодирий асарларида оятлар, ҳадислар у қадар кўп эмас, лекин форсийдан олинган ҳикматларга тез-тез ўрин берилган. “Обид кетмон”даги Хатиб домланинг “маслаҳат” йўлида аксар ёлғонни ҳам бежаб юборишига сабаб  Саъдийнинг “дуруғи маслаҳатомиз беҳ аз рости фитнаангиз” сўзига амал қилишидадир. “Маслаҳат юзасидан айтилган ёлғон, фитнага сабаб бўлгувчи ростдан яхшидир” дейилгувчи ҳикмат маъносига яқин ҳадислар мавжуд. Шунингдек, ёлғон ва ростликка доир оятлар ҳам бор. Лекин адиб барча ўринларда улардан фойдалансалар, атрофларидаги фитначилар асар исломийлашиб кетган, деб иғволардан иборат танқид тошбўронини бошлашлари турган гап эди.
Мазкур мавзуда сўз юритилганда Калвак маҳзумнинг ҳар бир сўзини таҳлил қилиш лозим бўлади. Чунки бу ҳажвий қиссанинг тили ўзига ҳос. Арабий, форсий сўзлар кўп ишлатилгани учун оятлар ҳадислар кўп келтирилгандек кўринади. Аслида ундай эмас. Масалан, Калвак маҳзумнинг ўзига ҳос имтиҳонидан: “Бағдаз аузибисмиллоҳ, падар ўқудилар ва фақир эргашдим: “Агар шахсий гўядки, аввали илм кадомаст ва охири илм кадомаст... жавоб мегўямки, аввали илм шинохтан Аллоҳ таоло аст ва охири илм гузоштан ҳаман амриҳоаст...” Падар аввали илм бирлан охири илмнинг таърифини қилғонларидан сўнг фақирнинг ҳаққимга дуо қилинуб, биринчи дарс хатм бўлди”. Бундаги “агар шахсий гўядки...” (маъноси – “Агар бирор киши илмнинг боши нима-ю, охири нима, деб сўраса, биз “Илмнинг боши Аллоҳ таолони таниш, охири эса барча ишларни унга топширишдир”, деб айтамиз”) ҳикмати ҳадис деган ишоратда берилса-да, уламолар билан маслаҳат қилинганда бу ҳадиснинг манбаси аниқланмади.
“Шапоқ маҳзум” имзоси билан “Муштум”нинг 1924 йил 6-сонида босилган “Лаҳми қадид” ҳажвияси 1969 йилда нашр этилган “Кичик асарлар”да Абдулла Қодирий асари сифатида берилган. “Шапоқ маҳзум” Абдулла Қодирийнинг эмас, яқин сафдоши Ғози Юнуснинг таҳаллусидир. Бу асарни эслашдан мақсад, жоҳил муллаларни ҳажв тиғига олишда Жулқунбой ёлғиз эмас эдилар. Ҳажвияга диққат қилсак, Жулқунбойга хос нозик қочирим, кутилмаган ўхшатиш ўрнига камчиликка кучли зарба беришга интилишни кўрамиз. Зотан, Ғози Юнус “Муштум”нинг раҳбари сифатида шу усулни Жулқунбойдан ҳам талаб қилган ва бу хусусда уларнинг баҳслари машҳурдир. Ҳажвияда зоҳиран динга иҳонат қилинган бўлса-да (айниқса бошланиш қисмида), ботинан ундай эмас, Каллахона маҳалласининг имоми жаноб Абдулло қори домланинг илми ва савияси пастлиги ҳажв қилинади. Бу домланинг ривоятини қаранг: Иброҳим алайҳиссаломга жаннатдан қўчқор чиқарилгач, ул зот “даргоҳи қозиюл ҳожатга саждаъи шукр адо қилғонларидан кейин, қўчқор гўштини тамомий пайғамбарларга тақсим қилиб бердилар. Бошқа пайғамбарлар ўз ҳушвоҳоларини дарҳол пишириб еганлари ҳолда; бизнинг пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом биздек осий-жофий умматлари билан баҳам кўриш мақсадида ерга кўмдилар. Бир неча соатдан кейин ҳалиги “лаҳми қадид”дан мош кўкариб чиқди. Шунинг билан умматлари бўлғон бизлар ҳар куни “лаҳми қадид”дан тановил қиламиз”.
Ана холос! Бундай бемаъни ривоятни ўйлаб топиш учун не қадар паст илм талаб этиларкин? Афсусларким, бу кабилар аввал ҳам бор эди, ҳозирги кунимизда ҳам мавжуд.  Яқинда Тошкентдаги бир масжид имоми жумъа маърузасида деди-ки: “Одам тушида марҳумларни кўришлари учун Худо сочни антенна вазифасини ўташ учун яратган”. Сўрадиларки: “Сочи йўқлар туш кўрмасми?” Жавоб берилдики: “Кўрарлар. Сочи йўқларники парабал (яъни чаноқ) антенна”... Бундай “илм соҳиблари”нинг нақлларини эшитганда йиғлаш керакми ё кулиш?
Бу каби таҳлилимизни  келгувсида янада батафсилроқ ўрганиш умиди билан ҳозирча мухтасар қилиб, яна “Ўткан кунлар” ва “Меҳробдан чаён”га қайтиб, ундаги айрим масалаларни оз бўлса-да ўрганишга уриниб кўрамиз:
Мазкур романларни ҳар ўқиганда ижтимоий масалалар бўйича бир неча саволларни қайта-қайта қўямиз ва жавоб топишга тиришамиз:
Юрт фожиаси нимада? Бу юрт фарзандлари Отабек ва Анварнинг фожиалари нимада? Юрт фожиаси “ҳаййа алал фалаҳ”ни эшитмаганида, яъни нажотга шошилмаганида, иймондан  узоқлашганида эмасми? “Халқимиз таъбирича, бу замонлар “мусулмонобод” бўлса-да, бироқ бу тантаналик таъбирни бузиб қўятурған ишлар ҳам йўқ эмас эди. Хон мусулмон, бек мусулмон, халқ мусулмон, бунинг устига юриш-туриш ҳам мусулмонча, ҳукмлар ҳам шаръиатча эди. Ўғирлиқ қилған учун қўл кесиладир ва дорға осиладир. Зони билан зониялар (бузуқ эр ва бузуқ хотин) ҳам пештоқдан ташланадирлар, ичкулик ичкан учун қирқ дарра уриладир. Раис афанди мулозимларига дарра кўтартириб, намозсизларни текширадир, фарзи айн билмаганларни урдирар эди. Иш шунчалик нозик бўлатуриб ҳам ўғрилар ўз тирикчиликлари орқасидан қолмайдирлар. Эш ака билан Тош аканинг уйлари орқасидан тешилиб моллари ўғирлана берадир, пештоқдан қопқа бўғилиб ташланмоқ учун фоҳишалар билан етишиб турадирлар. Бутун умрида пешонаси сажда кўрмаганлар ҳам кўб, аммо фарзи айннинг бош томонидан тўрт-беш жумлани ҳар ким қийналмасдан сайрий олар эди. Кўб кишиларнинг уйларида мусаллас билан бўзалар хумлаб қайнаб ётса, иккинчи томонда расмий суратда ичкулик сотиш билан тириклик қилғувчилар ҳам йўқ эмас эдилар. Тошканднинг Чуқур қишлоқ деган ерида қозоқлар томонидан очилғон ва ҳамиша рустамнамо кишилар билан айқириб ётқан бўзахоналар ҳам йўқ эмас эди...”
Отабек... ҳавас қилса арзигулик вафодор йигит, адолатли йигит. Фазилатлари кўп. Лекин ҳаётда бахтли бўлмоқ учун шу фазилатларнинг ўзи кифоями экан? Ҳаётда ҳар бир инсон бахту саодат йўлини излайди. Отабек бахтини ҳамиша тўғриликдан изладими ё адашган жойлари ҳам борми?
Исломда кўп хотин олишга ижозат берилган, лекин бу борада адолат масаласини четлаб ўтиш мумкин эмас. Қуръони карим маъноларининг ўзбекча таржимасини қўлга олиб, Нисо сурасида ўқиймиз: “...никоҳлари шаръан тўғри бўлган аёлларни биттадан тўрттагача ўз никоҳларингизга олинг ва икки-уч аёл ҳақига зулм етгудек бўлса, бир хотин сизга кифоя қилади. Шу адолатдан оғиб кетмаганингиз яхшироқдир”.  Отабек бу амрдан кўз юмди, адолат қилмади, яъни Зайнабнинг ҳақига зулм етказилди. Демак, у гуноҳкор бўлди. Вақтинчалик айрилиғи ва оқибат айрилиғи шу гуноҳига каффорат эмасмиди? Ҳа, у гуноҳда эканини ўзи ҳам билади. Аммо бунда ўзини эмас, кўпроқ онасини айблайди. Ўзбек ойимнинг “ота-онамдан ваъда олғанман, деб шундай хотинга жабр қилиб юра берасанми?” деган таънасига жавоб қиладики: “Келинингизга жабрни хоҳламасангиз ва ўзингиз айткан инсофка қайтсангиз энг осон бир йўл бор... Сиз сўрашни тиламасангиз-да, мен айтай: келинингизга жабрни хоҳламасангиз мендан талоқ қилдирингиз ва бир бечорага бу йўсун азоб бериб юрмангиз!.. Сиз билган инсофни мен ҳам биламан. Бир бечорани фақат сизнинг кайфингиз учун азоб эмас, чеккан хўрлиғини ўйлаб ҳар куни бир қат этдан тушаман... Агар ўз кайфингиздан кечсангиз яхши билингизким, бир эмас, икки жонни азобдан қутқарған бўласиз, онажон!” Албатта ота-онани иззат қилиш шарт. Лекин талоқ ҳуқуқи эрда бўлади. Бу ўринда Отабек аросатда қолган, десак ўринлидир. Лекин адолатсизликдан топадиган гуноҳи соқит бўлмайди, валлоҳи аълам.
Вақтинчалик айрилиқ пайтида у бўзахонадан ҳаловат топмоқчи бўлди. Руҳ ҳаловати бўзахонадан эмасди. Отабекни “кундуз кунлари бўзахонада учратиб бўлмаса-да, аммо бўзахонага келмаган кечаси жуда оз эди. Бўзагар Отабекнинг ким боласи эканлигини яхши билгани учун ҳамма ишни унинг тилагига қараб қилар, ул келди дегунча, оддий бўзахўрлар ёниға ўтқузмай, ўзининг махсус ҳужрасига олиб кирар, бошқаларға берилатурган лойқа бўзадан бермай, бўзанинг гули билан меҳмон  қилар эди”. Отабекнинг машшоқ чақиртириб, унга “билсангиз, ҳайдалиш куйини чалингиз, ажралиш куйини чалингиз!” дейиши унинг эзгин ҳолатини англатиш билан бирга бу ерга серқатнов эканини билдиради. Демак, унинг бунда топган гуноҳлари оний адашиш оқибати эмас. Бунақа жойга бир марта кирган  киши агар ақлли бўлса, эртасига эсини йиғиб олиб тавба қилиши лозим. Тавба - бундай гуноҳ ишлардан тўхташ. Лекин Отабекда тўхташ йўқ, давомийлик бор. Юртнинг аянчли аҳволини “ҳаййа алал фалаҳ”ни мозористонда ким ҳам эшитарди” деган биргина ибора билан баён эта олган ақл эгаси тушкунликдан бўзахонага бордими? Бўзахона нажот саройи эдими? Нажот иймондан эмасми, сабрдан эмасми? Наҳот у тушунмади? Тушунди. Аммо энди кеч эди.
Бўзахона воқеасидан аввалроқ Отабек уста Алимникида май истеъмол қилади. “Тўғриси ҳам Отабек ичкулукдан қаттиғ ҳазар қилар ва бу кунгача майни ўзига душман каби кўрар эди”. Ажабки, уста Алим майни ўз таъбири билан айтганда, шаръий (?!) қилиб тайёрлайди. Ҳатто маҳалласининг олимлари бу майнинг ҳалоллигига фатво (?!) бериб кетганлар. “Биринчи пиёла билан унинг кўз ўнглари жимирлашмакка ва ўзида бир енгиллик ҳис этмакка бошлаған ва бу иккинчи пиёла гўё “мени ичсанг тағин ҳам енгил тортасан” дер эди”.
Асарнинг аввалида ва кейин яна бир неча ерида азон товуши эшитилгани ёзилади-ю, бироқ ибодатдан дарак йўқ. Отабек қутидор уйидан ҳайдалишда ҳам “уёқ-буёқдан шом азони эшитила бошлаған” эди.
Айрилиқ тугаб, висол онлари яқинлашганда “ҳаммалари масжидга чиқиб пешинни ўқуб кириш учун қўзғалдилар. Отабек кўбчилик билан қўзғалган эди, Ҳасанали уни тўхтатди”. Тўғри, у намозни уйда ўқиб олар, лекин жамоат намозидан қолди, бошқача айтилса, жамоат намозининг савобидан қолди. Сал кейинроқ Ҳасанали ҳийласига навбат келганда у “тинчгина таҳоратингизни олиб, намозингизни ўқуй беринг” деганида Отабек “таробиҳ”ни бошлайди... Ярим соатдан кейин саждада эканида Ҳасанали дарчадан қараб “ўқуб бўлмадингизми?” деб сўраганида “Отабек ёнига салом бермасдан унга қаради”. Демак, намоз бузилди. Хотинлар ҳам намоз ўқияптилар. Лекин Кумуш ўқимаяпти. Ҳасаналининг уйида Отабекни кутяпти...
“Ўткан кунлар”ни дастлаб ўқиганимда Ҳомиднинг ўлдирилиши баёнида Отабекнинг жасоратини кўриб, унга меҳрим ортган эди. Кейинги ўқишларда “ўлдириш шартмиди, содир бўлувчи фитнадан қутидорни огоҳ этиб қўя қолса бўлмасмиди?” деган фикрлар уйғонди. Бу каби ўйлар охирида жавоб кўринди назаримда. Ҳомиднинг ўлими орқали адиб фақат Отабекнинг жасорати, муҳаббати қудратини кўрсатмоқчи эмас экан. Бу воқеада кучли рамзий маъно яширинган кўринди. Ёвузлик жазосиз қолмаслиги керак. Аллоҳ энг кичик “мисқолатан шаррон яро” ёмонлик ҳам жазоланишидан бандаларини огоҳлантирган. Шариатда ёвузликларнинг жазоси белгилаб берилган. Хўш, бузуқликка тобе Ҳомиднинг жазоси нима эди? Дейлик, Отабек фитнадан хабар топиб, қутидорни огоҳ этди. Оқибатда Ҳомид шарманда бўлди. Шу холосми? Ахир бузуқликнинг жазоси ўлим-ку! Отабек Ҳомиднинг шарманда бўлиши ёки Марғилон қозиси томонидан жазога тортилишини кутмади. Бузуқни ўзи шаръан ҳукм қилди, ижроси ҳам ўзидан бўлди. Ҳомиднинг ўлими баёнида шундай  рамзийлик яширинган. Бундайларнинг жазоси – деворга бостириб қатл этиш. У ўзига-ўзи лаҳад кавламадими? Шундай ўлим топиши ҳаётининг мантиқий якуни эмасми? Шундай хотимани ўзи истади, ўзи шу лаҳад сари узоқ йўл юриб келди...
Энди Анвар тақдирига мурожаат қилсак, Анвар Раънога номаҳрам эди. Исломнинг шу одоби бузилди. Муҳаббат нафси иффат одобидан устун келгани учун уларнинг бошига бало ёғилмадими? Анварнинг қизига номаҳрам эканини Солиҳ махдум ҳам, “отин ойи” мартабасида қизларга билим ва таълим берувчи  Нигор ойим ҳам билишади. Номаҳрам йўлини тўсмасликни халқда “даюслик” дейилиши ва бу катта айб саналишини ҳам билишлари табиий.
Таажжуб фитналикдур бу замона
Тушубдур эрлар аҳволи йамона.
Ҳазрат Сўфи Оллоҳёр демоқчиларки, ажаб фитналар кўпдир бу замонда. Эрлар ўзларини ёмон аҳволга солганлар. Яъни уларда ғайрат ва рашкдан асар ҳам қолмай, хотинларини бозорларга пардасиз юборурлар. Хотинини  рашк қилмайдиган, била туриб бегона эркакдан қизғанмайдиган эрни, қизини номаҳрамдан тўсмайдиган отани (опа-синглисини эҳтиёт қилмайдигн акани ва укани ҳам) даюс дейдилар. Бошқача айтсак, ўз хотинига қўшмачилик қилувчи эркак даюсдир. Севикли Пайғамбаримиз (с.а.в.) жаннатга кирмайдиган уч тоифадан бири, деб айнан шу даюсни айтганлар. Эрлар томонидан парда бўлмагач, аёлнинг ҳоли не бўлар экан?
Ўшал хотунки, номаҳрам назардур
Агар шамсу қамардур мочайи хардур.
Ҳазрат Сўфи Оллоҳёр демоқчиларким: хотин бегона эрларга қарагувчи бўлса, гарчи ўзи ойдек, қуёшдек гўзал бўлса-да, уни урғочи эшак, демоқ лозим.
Хўп, даюсликнинг иллат эканини билган хонадонда нечун чора кўрилмайди? Бу саволга яна ўша жавоб: “Халқимиз таъбирича, бу замонлар “мусулмонобод” бўлса-да, бироқ бу тантаналик таъбирни бузиб қўятурған ишлар ҳам йўқ эмас эди
Анвардаги ислом одобига зид ҳолатлар ёки Абдураҳмоннинг муллаваччалик пайтидаги шармандали ҳолати мажбуран киритилмадими экан, деган ўйга ҳам борамиз баъзан. Масалан, “Қутлуғ қон”даги Петров образи каби. Рус ишчиси образи асарда бўлмаган, қўлёзма муҳокамасидан кейин “доно танқидчиларнинг” кўрсатмаси билан мажбуран қўшилган. Асар диққат билан ўқилса, Петров образи банорас тўнга жун ямоқ каби кўринади. Ёки Улуғбекни улуғлаш учун Ҳўжа Убайдуллоҳ Аҳрорга зидлаш, Навоийнинг мартабасини кўтариш учун Мажидиддинни қоралаш каби тарихий далилларнинг бузилиши ўша давр сиёсати учун хизмат қилган эди. Ўша давр сиёсатининг зўри билан адабиёт адаш йўлларга кириб борган эди. Абдулла Қодирий ўша сиёсат билан ҳисоблашишга мажбур эдилар. Лекин Абдураҳмон образи ямоқ эмас, ўз ўрнига тушган ва уни асардан юлиб олиб ташлаб бўлмайди.
“Меҳробдан чаён”ни Абдураҳмон образисиз тасаввур қилиш мумкинми? Йўқ. Лекин Абдураҳмон образини Бухородаги аянчли ҳаётисиз бериш мумкинмиди? Эҳтимол мумкин эди. Нега бу ҳолатлар берилди?  “Ўтмишни идеаллаштириш” деган даъволарнинг олдини олиш учун, совет тузумига ёқимсиз бўлган мулланинг аянчли образини бериш билан бу “ўқ”лардан қутулишни назарда тутиб бу саҳифларга ўрин бергандирлар? “Абдулла Қодирий пролетариат инқилобиға нисбатан узоқроқ кишидир. Чунки ҳақиқатан А.Қодирий майда буржуазия ёзувчисидир. Унинг синфий асосини белгилаш таҳлил вақтида катта аҳамиятга эгадир” (Болшевиклар партияси Тошкент вилояти  комитети органи – “Шарқ ҳақиқати” газетасидан). Бу тахминда ҳам жон бордек туюлади. Лекин асл сабаб бошқадир? Диққат қилайлик-чи?
Жамиятдаги бу бузуқликка, бу шармандали иллатга бўлган нафрат ўти “Жувонбоз”ни ёзиш билан сўнмаган эди. Ҳар икки асар орасида йиллар ўтди (1915-1928). Лекин бу иллат камаймади. (Камайиш ўрнига авж ола борди, дунёни ўргумчак тўри каби ўраб олди. Оқибат шу бўлдики, ХХасрнинг сўнги чораги ва ХХ1 асрнинг аввалига келиб Европада эркак билн эркакнинг никоҳланишига, уларнинг ҳатто бола асраб олишига қонун тусида ижозат берилди...) “Жувонбозда” бу иллатга ўз нафратини очиқ баён қилган адиб, бундан буёғига кўз юмиб юролмас эди. Мулла Абдураҳмоннинг ўсмирлик кунлари тасвирига назар ташлайлик: у “силлиққина бола, мадраса  муллабаччалари албатта шундай силлиқ болаға ўч”. Шу боис амакиси уни иҳота қилмоқ мақадида ўз меҳмонхонасидан жой беради. “Домла мударрис “замона бузуқлигини” назарга олғани учун Абдураҳмонни ҳалиги тўғрисидан жуда қаттиғ назорат қилар эди. Бироқ, домлаларнинг бундай бузуқлиққа қарши бора олишлари мумкинми эди? Уларнинг ўзлари шу “маҳрам” балосиға гирифтор, яъни бузуқлиққа манбаъ бўла туриб ҳам яна “замона бузуқлиғи”дан шикоят қилишлари  ўша вақтлардағи “мадраса мантиғи”га ҳеч бир баҳссиз сиға олур эдиким, бу тўғрида менга осила кўрмангиз. Кишининг боласини бузиш ҳар бир салласи муаззам, илми “фавқалодда”, ўзи “варасатул анбиё” саналған зотлар назарида ва виждонида маъфу, аммо ўз ўғлиға бошқалар ўшандоғ ҳайвонликни қиладурған бўлса: “Замона бузуқ, эҳтиёт шарт!”
Мулла Абдураҳмон  “Бухорода илм кўрган” ҳисобланади. Аммо қандай илм? Тўғри, кундузлари Қуръони карим оятларини ўқигандир, ёдлагандир, тафсирларни ўргангандир, ҳадис шарҳлари билан танишгандир. Лекин қуруқ ўқиш ёки ёдлашдан нима нафки, агар маъносини англаб, амал қилишга ҳаракат бўлмаса?! Қуръон бандани бузуқликдан қайтаради, яхшиликка йўллайди. Солиҳ толиби илмлар кундузги мутолаага қаноат қилмай, кечалари ҳам дарсга берилганлар, тунни ибодатлар билан ўтқазганлар. Ҳа, ҳидоят йўлидагилар кўп эди. Лекин Мулла Абдураҳмончи? Амакиси кечаси ухлаганда у қандай дарс олди? “Баччабозлиққа махсус ҳунар ва найранглар ижод қилған омилкор савдогарлардан бир нечаси “Абдураҳмонча”ни йўлдан оздирған эдилар... “Мулла Абдураҳмонжон, жаноби олий, гарам, аз сарашон гардам, балонгни олай! (айланай, бошингга жоним фидо, дардингни олай)” каби мадҳу саноларга кўмилган “Абдураҳмонча” ҳар бир ишни ўз тилагича юритар: май учун соқий бўлар, заифона кўйлак, лозим ва бошиға кокил кийиб ўн олти ёшар қиз суратига кирар; чойға лабини тегизиб “табаррук” қилар; дутор, танбурға йўрғалаб ўюнчи бўлар; бошидағи кокил билан “ошиқ”ларни раҳмсиз қамчилаб ситамгар ва золимга айланар, энг охирида... Қисқаси, бу бобдаги бор чорамиз учун ҳам ярарлиқ ҳолға келган ёки келтирилган эди...”
“Киши аввало моххов ёки пес бўлмасин: бўлдими, бетдан бўлмаса – елкадан, қўлдан сув очмаса – оёқдан, ҳар ҳолда оқаберадир. Шунга ўхшаш жамият ҳам бир касал билан оғридими, унинг ҳар бир табақа ёки синфига, яна тўғриси, фардига (шахсига, одамига) шу касал сироят (таъсир) қилмай қолмайдир...” Адиб касалнинг илдизини очди – жамият! Одамлар тиш оғриғидан азобланадилар. Лекин оғриқ кўриниб турган тишда эмас, унинг илдизида. Дарахтни қуритадиган касаллик ҳам баргда эмас, илдизда.
“Ўткан”кунлар”даги Ҳомиднинг бузуқлиги фақат унинг хотинбозлигида, Кумушга нисбатан қилган тажовузидагина эмас. Зийрак китобхон уста Алимнинг дўконни нега айри қилгани ҳақидаги баённи ўқиётганда унинг яна бир ярамаслигини билади: гарчи кенг тасвир этилмаган бўлса-да, Ҳомиднинг Сайфига шилқимлик қилиши биргина жумлада берилгани фақат унинг кимлигини эмас, у яшаётган жамиятнинг қандайлигини ошкор этади. Ҳомид битта эмас, атрофда ҳомидлар мавжудлиги учун уста у билан олишиб ўтирмай, дўконини бошқа қилиш билан бу бузуқликдан қутулди.
(Мавзудан сал чекиниб, бугунга боқсак, адиб тасвирлаган замондаги иллат бугун бошқа динлар, хусусан, насаро ва яҳуд динлари пешволарини анча хомуш қилмоқда. Католик руҳонийларининг баччавозликлари ошкор бўлгач, бу каби бузуқликларга қарши курашиб келаётган Рим папаси, чорасизлиги оқибатида шу йил (2013) истеъфога чиқди. Бу дин пешволарини хомуш қилаётган воқеалар хусусида тарихда кўп асарлар битилди, черковдаги бузуқликлар фош этилди. Мисол тариқасида эсласак, ўзбек китобхонларига ўтган асрнинг биринчи ярмидан бери таниш “Сўна” асарида Артур ўзининг валади зино эканини, отаси кардинал эканини билгач, Худодан воз кечади. Ўлими олдидан ибодатни, хусусан тавба қилишни истамайди. “Қўлларидан шариллаб қон оқиб тушди. Жон талвасасида типирчилаётган жасадни ушлаб туриб, унинг ўзи ҳам бошдан-оёқ титрамоқда эди. Даҳшатнинг зўридан эсини йўқотиб, ёрдам топиш ниятида теварагига жовдирай бошлаганида, руҳоний келиб унинг елкаси устидан энгашиб, жон берувчининг лабларига бутни босди: “Гуноҳингни Худо Ўзи кечирсин...” Сўна (Артур) докторнинг тиззасига суяниб, ярим-ёрти турди-да, бутга кўзларини олайтириб қаради. Ўртага ўлгин бир жимлик тушди; Сўна ўқ теккан ўнг қўлини секин кўтариб бориб, бутни итариб юборди. Юзида қонли яра тиржайиб турарди...” Ўғилнинг ўлимидан сўнг бутун умрини черковга хизмат қилишга бағишлаган “севгили епископ, кардинал хазратлари монсиньор Лоренцо Монтанелли Равеннада қўққисдан юраклари ёрилиб вафот этдилар”. Унга қадар эса, черковда ўлимдан ҳам даҳшатлироқ воқеа юз берган – кардинал ҳам Худодан юз ўгирган эди: “Саҳрода бир ўзим қолдим, кўзларимнинг нури кўмилган, лахта-лахта қонлари тўкилган ердан назаримни олиб, бўм-бўш, бадбуруш осмонга қарайман. мени ғазаб қамрайди. Мен Ундан юз ўгирдим!..” Бу хитоб қандайдир хилватда эмас, черков тахтидан туриб айтиляпти. Бу ҳолат ҳам аҳамиятлидир. Бу асар биз ўрганаётган мавзуга тааллуқлидир. Ҳозир аҳвол шундайки, бир эмас, ўн папа, юзлаб кардиналлар истеъфога чиқсалар-да, бузуқликнинг давосини қила олмаслар. Чунки бузуқликни тўсиб турувчи тўғон бузилган. Тўғонни тиклаш чораси ҳақида ўйланяпти, аммо ҳозирча қоронғу ғорнинг ичида нажот чироғи милт этмаяпти.)
Мавзуга қайтсак: Абдураҳмоннинг шармандали ўтмиши алоҳида масала. Бош масала унинг иймонидаги қусурда. Унинг энг катта айби: ўзининг ибодати ҳам, динга хизмати ҳам холис эмас, Аллоҳ розилиги учун эмас. Хизматларида ғараз бор, нафс бандаси экани ҳар бир ҳаракатида кўринади. Ўзининг “Бухорои шарифда неча йил ўқуб келиб, ниҳояти маҳаллага имом бўлиб” ўлтириши унинг нафсини хорлади. Масжид имомининг дин учун хизмат қилиб ҳам Аллоҳ ризолигига етиши мумкинлигини фаҳм этмади. Имон заифлиги ҳасад ўтининг аланга олишига имкон яратди. Ҳидоят йўлидан чекиниб,  тош қалби фитна ботқоғига ботишни афзал билди. Йигирма саккиз ёшида хатми кутуб қилган Абдураҳмон Қўқон сафарига ҳозирланар чоғида “кўнгли Қўқонда ўзини кутиб турган уламолиқ шуҳратига; муфтилик, қози ва аъламлик мансабига ошиқинар эди. Унинг фикрича, Қўқондаги қариндош-уруғлар ҳам ёш олимнинг истиқболиға ҳозирлик кўргандек эдилар”. У кутгандек бўлмади. Чунки у Аллоҳ йўлида холис хизмат қилишга интилмади, шуҳратни истади. Шуҳрат ҳақидаги орзуси туздан қурилган саройдек эриб кетди. Раънога қўйган совчиси ҳам қуруқ қайтди...
Орзусига етишмак учун, “кутилмаганда жонланиб кетди. Яъни “Ақоид”нинг шарҳига яхши тушуниш учун беш бармоғини оғзиға тиққандек енг шимарди”... “Мулла Абдураҳмон бутун камолатини ишка қўйиб, имомат ва хатибликка шуруъ қилди. Ҳар кун қавмлариға амри маъруф, наҳйи анилмункар айтиб, хусусан, ҳар ҳафта жумъа куни амри маъруфни кенгроқ доирада юритиб, кўбларнинг кўнглини эритишка муваффақ ҳам бўлди. Изҳори фазл ниятида қилинған бу кўз бўяш кўбларнинг диққатини ўзига жалб этиб” ғараз кўчасида дадил юра бошлади. Бухоро мадрасасида илм олган мулланинг нияти динга хизмат қилиш эмас, балки хон ўрдасига яқинлашиш эди. Шу боис жумъа намозларида “хонға тегишлик ҳукуматдор беклардан кўриниб қолса, жаннат ва жаҳаннам устидаги масалани дарҳол хонга итоат, бекларга ҳурмат билан айрибошлаб олар эди. Ҳаммабоп бўлишға қарағанда, айниқса, хонбоп бўлишға тиришар эди”.
Шу ўринда Мавлоно Румийнинг бир шарафли ҳадисга берган шарҳларига эътибор қаратсак:
«Пайғамбар, саллолоҳу алайҳи васаллам, буюрадиларким: «Олимларнинг ёмони амирларни зиёрат қилгани, амирларнинг яхшиси олимларни зиёрат этганидир. Фақирнинг эшигига келган амир нақадар хуш ва амирнинг эшигига борган фақир нақадар нохушдир».
Халқ бу ҳадиснинг зоҳирий маъносинигина қабул қилган. Яъни бир олим ёмон олим бўлмаслик учун амирни йўқламаслиги лозим, амирни бориб кўриш унга муносиб эмас, деб билган. Аслида фикрнинг ҳақиқий маъноси халқ ўйлагандай эмас, балки шундай: Олимларнинг ёмони амирдан ёрдам олгани ва улар воситасида ўз аҳволини яхшилагани, кучга кирганидир. Амирлар менга инъом берадилар, мени иззат-икром қиладилар ва бир яхши жой эҳсон этадилар, деган тушунча билан ва уларнинг қўрқуви остида ўқиган кимса олимларнинг энг ёмонидир. Шу ҳолида бу кимса амирлар тарафидан ислоҳ бўлган, билимсизликлардан биладиган аҳволга келгандир. Олим бўлганда ҳам амирлар қўрқувидан ва уларга ёмонлик қилмасликдан тарбия кўрган бир инсонга айлангандир. Энди у истаса-истамаса, ҳамма вақт бу йўлга уйғун тарзда ҳаракат этмоғи керак бўлади. Хуллас, бу важдан зоҳиран хоҳ у амирни кўргани борсин, хоҳ амир унинг ҳузурига келсин, барибир, у зиёрат қилган, амир эса зиёрат қилинган бўлади.
Олим агар амирлар соясида олим бўлишни ўйламаса, унинг билими ибтидо ва интиҳода Аллоҳ учун қилинган бўлади. Унинг тутган йўли ва кўрсатган фаолияти савоблидир. Чунки яратилиши шундайдир, балиқ сувдан бошқа ерда яшай олмаганидек, у ҳам бундан ўзгани қилолмайди. Унинг қўлидан келгани шу. Бундай бир олим ҳаракатларини бошқариб йўлга солиб турган нарса - АҚЛдир. Ҳамма ундан қўрқади ва инсонлар баъзан билиб, баъзан билмасдан у таратган нурдан баҳра оладилар. Хуллас, бундай бир олим амир ҳузурига борса, зоҳиран у зиёрат қилган, амир эса зиёрат қилинган бўлади. Аммо амир олимдан ҳамма вақт юксалишга чорловчи бир қувват-ёрдам олади, олимнинг эса амирга эҳтиёжи йўқ, чунки у бадавлатдир, нур сочаётган қуёш кабидир. Иши таъмасиз кўмак бермоқ, эҳсон этмоқдир. У тошлардан лаъл ва ёқут қила олади. Таркиби тупроқдан иборат бўлган тоғлардан мис, олтин, кумуш ва темир маъданлар ясайди. Тупроқни тозалайди, ёшартиради. Дарахтларни турли-туман мевалар билан бойитади. Иш ва эрмаги - бағишламоқдир, ҳадя қилмоқдир.
Арабнинг «Биз бермоқни ўргандик, олмоқни ўргана олмадик» мақолидаги сингари олим ҳам беради-ю, бировдан олмайди. Ниҳоят, бундай олимлар ҳақиқатда зиёрат этилган, амирлар эса зиёрат этган бўладилар.»
Бу маънони ўргангач, савол туғилади: Мулла Абдураҳмон қандай олим?
 Ҳидоят йўлида эмас, хон саройига олиб борувчи йўлда юрувчи мулладан қандай хайрли ишлар кутиш мумкин? Агар  Абдураҳмон каби муллалар юз ё икки юз йилда бир чиқиб, сўнг сўниб қолсалар, бир асарга салбий образ бўлиб кирмаган бўлар эдилар. “Гуруч курмаксиз бўлмас”, дейдилар. Лекин гуручдаги курмаклар кўпайиб бораверса-чи? Ахир паловга гуруч солинишидан олдин курмакдан тозаланади-ку? Аслида бу тозалашни уламоларнинг ўзлари қилишлари керак. Тозалаш ишлари етарли даражада бўлмагач, ислом илмидан бохабар зиёли аҳли ёрдамга келса нимаси ёмон экан? Кампирнинг кўзи хиралик қилиб қолса, курмак теришга кўзлари ўткир набираларини жалб қилади-ку?
Бадиий адабиётдаги шайхур-раисимиз Абдулла Қодирийнинг асарларини оддий китобхон икки марта, зиёли аҳли эса камида беш-олти марта ўқисагина асарларнинг асл моҳиятига кириб бора олади, деб ўйлайман. Камина аввал ҳам бир-икки фикрларни қоғозга туширган бўлсам ҳам, бунисида мавзуга чуқурроқ киришга уриндим. Лекин мавзуни тўлалигича ўрганиб, тўлалигича таҳлил этиб, атрофлича фикрлай олдим, деб даъво қилишдан узоқман. Ҳа, ақлим етган қадар, зеҳним кўра олган қадар ўргандим, бундан хулосам шу бўлдики, Абдулла Қодирийнинг асарларидаги динга муносабат даҳрийлик эмас, балки наҳйи мункар – ёмонликдан қайтаришга уринишдир. Назаримда энг тўғри баҳо шу бўлса керак. Ҳар ҳолда камина бу хулосада собитдир.
Яна шуки, мавзуни ўрганиш давом этиб, муҳтарам уламоларимиз, қадрли адабиётшунос олимларимиз бу илм таҳлилига фаолроқ киришсалар нур аланнур бўлар, инша Аллоҳ!

Тоҳир  МАЛИК
2013 йилнинг 22 июнь куни, шаъбон ойининг 13 куни

Мақола жойлаштирилган бўлим: Адабиёт
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase