close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Оила ҳаловати – жамият ҳаловати

Оилани биз қандай тушунамиз, қандай ҳимоя қиламиз?
Аввал шу ҳақда фикрлашиб олайлик.

Оилани биз қандай тушунамиз, қандай ҳимоя қиламиз?
Аввал шу ҳақда фикрлашиб олайлик.
Келинпошша, «Эр-хотиннинг уруши – дока рўмолнинг қуриши» деган мақолни кўпчилик қатори сиз ҳам биласиз. Эр-хотин орасида низо чиқса қисқа муддатда бартараф бўлади, деган маънодаги бу мақол айрим ҳолларда ҳақиқатга айланмаяпти. Ёш оилалардаги жанжал «ажралиш» деган фожиа билан якун топяпти. «Фожиа» деб баҳо беришимизни баъзилар маъқулламаслиги мумкин. «Талоқ Аллоҳ томонидан руҳсат этилган, оиланинг бузилиши кўнгилсиз ҳол, лекин фожиа эмас», дегувчиларга айтамизки:  азизим, соатингиз бузилса неча мароталаб бўлса ҳам тузатиш учун устага олиб борасиз. Ҳеч иложи қолмаганда ташлаб юборасиз. Бу фожиа эмас, шунчаки кўнгилсиз ҳол. Лекин оила бузилса, икки ёшни яраштиришга ҳаракат қиламиз, ярашишнинг чораси қолмаса ўртага талоқ тушади. Лекин бу оилани бузилган соат сингари ташлаб юбормаймиз. Яъни, жамиятдан суриб чиқармаймиз. Эр ҳам, хотин ҳам бошқа оила қуриб яшайверади. Лекин болалар-чи? Тирик етимларнинг оҳи фожиа эмасми? Қалбларининг парчаланиши фожиа эмасми? Оилани жамиятнинг дурру гавҳари деб улуғлайдилар. Уйимиздаги дур ва гавҳарларни ардоқлаб асраймиз. Оилани-чи?
Оилани мўъжазгина бир жамиятча деб фараз қилсак, бутун инсоният жамиятининг дахлсизлиги айнан шу «жамиятча»нинг жипслигига боғлиқ. Демак, қайси жамиятда оилалар мустаҳкам эмас экан, бу жамият ҳарбий қудрати ва бойлигидан қатъи назар, ҳалокатга маҳкумдир. Оилавий муҳаббат одамлар орасида кенг тарқалган энг мустаҳкам муҳаббатдир. Шунинг учун ҳам у кишилар ҳаётига таъсир кўрсатиш жиҳатидан одамнинг энг муҳим ва энг ҳаётбаш туйғусидир. Ўз уйида бахтли бўлган кишигина чинакам бахтлидир. Хароб уйдаги бахтсиз одамлардан ташкил топган жамиятнинг ҳалокатга маҳкумлиги шундан келиб чиқади.
Ҳар бир инсоннинг оила олдида, оиланинг жамият олдида масъулияти бор. Бу икки ижтимоий тушунчани бир-биридан айириш қийин. Аллоҳга бўлган ишқ, ота-онага, дўстга муҳаббат, силаи раҳм  ҳам жамият маънавий оламига ўз таъсирини ўтказади. Аммо оила бу ўринда алоҳида аҳамият касб этади. Соддароқ қилиб айтилса, оиласида ҳаловати йўқ одамнинг хизмат жойида ҳам ҳаловати бўлмайди. Демак, ишидан барака кетади, хизматдошлари билан қўпол муомалада бўла бошлайди.
Ёки аксинча, ишда омади юришмаган, хўжайинлардан сўкиш эшитган одам уйга қайтганда аламини оила аъзоларидан олади. Келинпошша, сиз бу ҳолатни яхши биласиз, ўзингизнинг оилангизда бўлмаса ҳам қўшниларда ёки қариндошларда учрайди. Ўзингиз ҳам уйда кўнглингиз ғашланса, хизматдаги ишингиздан барака қочади. Ҳамкасбларингизга бақириб юборганингизни ўзингиз ҳам сезмай қоласиз. Ҳамкасбингизни ранжитганингизни билгач, баттар сиқиласиз... Аксинча, уйдан шодиёна кайфиятда чиқсангиз кунингиз унумли бўлади, шу қувонч қанотида учаётганингизда аразлашган кишингиз учраб қолса, унинг айбини ҳам кечириб юборасиз.
Агар ҳаётимизнинг барча мақсад-мазмуни оиладаги шахсий бахтимиздан иборат бўлганида, шахсий бахтимиз биргина оиладаги муҳаббатда ўз ифодасини топганда эди, унда ҳаёт деганлари чиндан ҳам қоп-қоронғи саҳрога айланиб қолган бўларди. Инсон учун юракнинг маънавий оламидан ташқари ҳаётнинг яна бир буюк олами – ижтимоий фаоллик олами ҳам бор. Буни инкор этиш ёки четлаб ўтишга уриниш мутлақо мумкин эмас. Шунинг учун  аҳли китоблар ҳам Аллоҳнинг бу масаладаги буйруқларига ғоят жиддий муносабатда бўлишган. Барча пайғамбарлар умматларини пок ва ҳалол оила қуришга даъват этишган. Инсоният тарихи давомида яшаб ўтган донишмандларнинг диққат-эътиборларидан ҳам бу масала четда қолган эмас. Ўтмиш устозларнинг фикрлари бизлар учун ҳамиша қадрли. Аммо улар ўз даврларидаги жамият талабларидан келиб чиқиб, оилага турлича талаблар қўйганлар. Масалан, «Оилавий ҳаёт инқилобчининг ғайрат-шижоатини сусайтиради», деган аҳмоқона фикр йигирманчи асрда юзага чиқди ва ўзбек тилидаги ахлоққа оид китобларда қайта-қайта зикр этилди. Ўтган асрнинг йигирманчи-ўттизинчи йилларидаги бадиий асарларда севишганлар тўй ҳақида сўз очишса, «Шошилма, аввал жаҳон инқилоби ғалаба қилсин!» деб инқилобга содиқликларини намойиш қилишган. Бунақа тентакларнинг қанчаси жаҳон инқилобининг ғалабасини кутиб, тўй кўрмай ўтиб кетди экан. Эсизгина умр!
Шунга ўхшаган ҳолат бизда ҳам учрарди. Фақат биздаги ошиқ-маъшуқлар тўйни жаҳон инқилоби ғалабасигача чўзишмасди. Ашулалар бўларди: «Бўйларингга бўйлари, қачон бўлар тўйлари?» деб сўралса, «Аввал пахта мавсуми ўтиб олсин», деб жавоб беришарди. Йигит бечоранинг то кеч кузгача, эҳтимол қишга қадар юлдуз санаб, ёстиқ қучоқлаб ётишдан ўзга чораси йўқ... Агар севган қизи сулув бўлсаю, бирон чапдаст йигит чиқиб, пахта мавсуми охирлашини кутиб ўтирмай,  илиб кетса, урди Худо!
Келинпошша, бу ҳозир сизга кулгили туюлади, лекин оила билан жамият манфаатини бу хилда талқин этиш бефаҳмликнинг бир кўриниши эди. Жамият манфаати биринчи ўринда турадими ёки оила манфаатими, деган саволга бир хилда, қатъий жавоб бериш ҳам мумкинмас. Чунки айрим ўринларда оила, баъзан эса жамият манфаатлари биринчи даражали масала бўлиб қолади. Айрим ҳолларда жамиятнинг оиладан сўровлари бор, яна бир ҳолларда оиланинг жамиятдан талаблари бўлади. Бу масалани ҳам битта қолипга солиб тақдим этиш мумкинмас.
Оила ўз хоҳишича яшаши керакми ёки жамият талабларини бажаришга мажбурми? Агар жамият талабларига бўйсуниб яшаши шарт бўлса, оиланинг ҳеч қандай ҳақ-ҳуқуқи йўқ экан-да? Бу ўринда ҳам савол умумий тарзда эмас, аниқ масалалар бўйича ўртага қўйилиши керак. Яъни: жамият оиланинг пок бўлишини талаб этадими, демак, бу талабга бўйсуниши шарт. Жамият оиладан оқил фарзанд тарбиясини талаб этадими, демак, бу талабни ҳам сўзсиз бажармоғи зарур. Лекин бу талабларни барча оилалар бир хилда бажармайдилар. Чунки барча оилаларнинг бу соҳалардаги тушунчалари, ҳаётий тажрибалари турлича. Ҳар бир халқнинг, ҳатто ҳар бир мамлакатдаги ҳар  вилоят, шаҳарнинг ўзига хос урф-одатлари оила ва жамият орасидаги муносабатларни ўзига хос равишда белгилайди.

Тоҳир Малик

Мақола жойлаштирилган бўлим: Оила
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase