close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Мақтовни севиш ва пастга урилишдан ор қилишнинг давоси

Эй солиҳ банда! Баъзилар бор, мақтовни жуда хуш кўрадилар. Шариатга мувофиқ келмаган ишларга рози бўладилар, кўнгиллари шуҳрат тилайди. Одамлар унга ҳақиқатни сўзласалар, айбини юзига айтсалар, улардан хафа бўлишади. Бу касалликдир. Аммо бу хасталикни қалбан ҳис қилмагунча, уни даволаб бўлмайди. Ушбу хасталикнинг сабаблари тўрттадир.

Биринчи сабаб: инсон устунликни севишидир. Камчиликни ва нуқсонни хуш кўрмайди. Устунликни севади, лекин комиллик лаззатини туя олмайди. Бошқаларнинг мақташида ўзини мукаммал деб ҳис қилади. Рубубият табиий ҳодисадир. Аммо одам ўзининг ёмонланганини, айбланганини эшитиши билан хафа бўлади. Инсон бошқа азиз ва ҳурмат-эътиборга эга бўлган инсондан ўзига яхши ёки ёмон баҳо берганини эшитса, таъсирланади.
Иккинчи сабаб: мақталган киши одамларнинг наздида ўзини мавқе эгаси деб ишонади. Кўнгилларни қозонмоқ, аслида, ёқимли туйғу. Мақтовчи кишининг гапларига бошқалар ишонадилар. Бу ишонч бошқаларга ҳам ўтади. Мақтов кўпайган сари одамлар унинг гапига кира бошлайдилар. Бу ҳам кишига лаззатли туюлади. Охир-оқибат одамларга гапи ўтадиган кимсага айланади. Энди у ёмон гапни ёки танқидни асло қабул қилмайди.
Учинчи сабаб: бошқалар томонидан мақталган кимса ҳурмат қозонишни ва унга нисбатан гўзал муомалада бўлишларини истайди.
Тўртинчи сабаб: бошқа биров томонидан мақталган кимса энди уни мақтаган кишига нисбатан паст назар билан қарай бошлайди. Такаббур нафс бандасидир. Қандай мақсадда мақталганидан қатъий назар ўзини бошқалардан устун ва қудратлироқ кўра бошлайди. Мақтовнинг тил учида эканини билиш “сиҳрийя” дейиладики, бунда одам ўзини бошқалардан баланд кўрмайди, мақтовдан лаззатланмайди ҳам.
Ҳозирги ўрингача мақом ва мавқега қизиқиш сабабларини ўргандик. Бунинг давосини ҳам осон ўрганишни истасанг, сен бу хасталикка шифо топа оласан. Аввало, мақталаётган киши уни мақтаётган кимсанинг ким эканлигига эътибор бериши керак. Агар у олим ёки зоҳид бўлса, бунга севинишнинг ҳожати йўқ. Чунки сенга бу сифатни Ҳақ таоло одамларнинг гапига қараб эмас, ўзи хоҳлагани учун сенга берди.
Бошқаларнинг сўзи билан сендаги яхши фазилатлар ҳеч қачон ортиб ёки камайиб кетмайди. Агар сени бой, олим ёки бошқа дунёвий сабаблар билан мақташса, сен бунга севинма. Охирини ўйла. Чунки инсоннинг эртанги куни ёки охири қандай бўлишини ҳеч ким билмайди. Буни билмай туриб севиниб қўйсанг, қалбинг хотиржам бўлса, бутун илминг ва тақвоинг зое кетади. Инсон жаҳаннамга тушишидан севиниши мумкинми? Агар ўзингда йўқ фазилат учун мақталаётган бўлсанг, бунга севиниш ғирт аҳмоқликнинг ўзгинаси!
Масалан, бир азиз устозни “Ичингиз мушки анбарга тўла”, десалар, ишонардими? Биладики, инсоннинг ички аъзолари нажосатлар билан тўла. Мард киши бундай мақтовларга ҳеч қачон севинмайди.
Бир киши сени ёмонласа, ундан хафа бўлишинг ғирт аҳмоқликдир. Тўғри гапираётган бўлса, демак, у фаришта. Ёлғон гапираётган бўлса, шайтоннинг ёрдамчисидир. Агар ўзи ёлғон гапираётганини билмаса, у ҳолда эшак мисолидир. Ҳақ таоло баъзи бировларни дев, эшак, фаришта ёки шайтон шаклида яратган бўлса, сен бунга нега ҳайрон бўласан? Сени ростдан ёмонлаган бўлсалар, ўзингдаги хато ва камчиликдан беҳузур бўлма. Сенинг дину диёнатингда камчилик бор бўл-са, тўғрилашга ҳаракат қил. Дунёвий камчиликларинг борасида гап кетаётган бўлса, улар хафа бўлишга арзимайди. Динда ёлғон гапириш энг ёмон ҳолатдир. Охират таҳликасидан огоҳ бўлиб, диний камчиликларни тўғрилаш лозим.
Сен подшоҳнинг ҳузурига бормоқчисан. Олдин сенга: “Бор, кийимларингни алмаштир, ювиниб тоза бўл”, дейишади. Сен ифлос кийим билан подшоҳ ҳузурига кириб бўлмаслигини жуда яхши биласан. Сенга танбеҳ берганлардан бундай пайтда хурсанд бўласан. Аслида, ўша кимса сенга ачитиб гапирган бўлса ҳам, у ҳақ гапни айтган бўлади. Сен бундан муродингга етдинг. Сени айблагани гуноҳига кифоядир. Сен гуноҳдан ёки хатолардан маъсум бўлсанг ҳам, сенинг айбларингни биров кўрсатганига шукур қилмоғинг керак. Ҳақ таоло сенинг гуноҳларингни парда остига яширгани учун унга ҳадя юборсанг арзийди. Шуни яхши билки, сени мақтаган киши сени ўлдирибди. Сени ўлдирганларида севинасанми ёки ҳадя юборганларидами?
Ақлли кимса суратга эмас, ичига - сийратга назар солади. Сўзнинг қисқаси, инсонлардан тама қилиш - очкўзлик йўқ бўлмагунча, бу касаллик кўнгиллардан йўқ бўлмайди.

МАҚТОВ ВА ҲАҚОРАТДА ИНСОНЛАРНИНГ ДАРАЖАЛАРИ

Эй солиҳ банда! Инсонлар мақтов ва ҳақоратни эшитган-ларида тўрт хил ҳолатга тушади:
Биринчи ҳолат - халқнинг энг қуйи табақасидадир. Буларни мақтасангиз, севинадилар, ёмонласангиз хафа бўладилар. Ёмонлаган кимса билан ҳатто уришишга борадилар.
Иккинчи ҳолат - обидларнинг даражасидир. Буларни мақтасангиз, севинадилар, ёмонласангиз бироз хафа бўладилар. Лекин хафагарчиликларини ташқарига чиқармайдилар, одамларга билинтирмайдилар. Кўнгилларида мақтаганни дўст, ёмонлаганни душман деб биладилар.
Учинчи ҳолатдагилар - муттақий ва ибодат аҳлидирларки, булар мақтаганларни ҳам уришиб, сўкканларни ҳам кўнгилларида тенг тутадилар. Улар ўзларини ҳақорат қилганларга нисбатан ғаразлик кўрсатмайдилар. Мақтаганларга ёпишиб олмайдилар ҳам. Уларнинг қалблари одамларнинг гапига қараб ўзгармайди. Бу жуда олий даражадир.
Обид кишилар айтадиларки, булар ёнларидаги кимса авваллари уни мақтаганми ёки ёмонлаганми, фарқига қарамайдилар. Ёмонлаган кимса ундан ёрдам сўраса, бажонидил ёрдам берадилар. Мақтаган ёки ҳақорат қилган киши вафот этса, бирдек қайғурадилар. Иккаласига бир хил марҳамат ва шафқатда бўладилар. Икки турдаги инсондан қайси бири гуноҳ иш қилса, улардан бир хил хафа бўлади. Бу даража энг қийин ва энг ноёб даражадир. Бир обид кимса ғурурга берилиб, фалончи мени ёмонлаб гуноҳга ботганидан хафаман, деди. Бу хил гап-сўзлар орамизда кўп учрайди. Бир нақл бор: “Аввал пичоқни ўзингга ур, оғримаса бировга ур”. Обидлар ва зоҳидлар мана шундай фазилатлар эгаси бўлмоқликлари лозим.
Тўртинчи ҳолат - сиддиқларнинг даражаларидирки, булар мақтаганни душман, ҳақорат қилган кишини дўст деб билурлар. Бунда уч хил фойда бор:
-    Ўз хато ва камчиликларини жон қулоқлари билан эшитадилар.
-    Ҳақорат қилган кимсанинг савоблари сиддиқнинг дафтарига ёзилади.
-    Камчиликларидан тўғри хулоса чиқаради.
Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қиладилар: “Рўза-дорларга, намоз ўқиганларга ва хирқа кийганларга афсуслар бўлсин! Кўнгилларини бу дунёдан узмагунларича, мақтовни ёмон кўриб, пастга урилишни севмагунларича, уларга афсус-надоматлар бўлсин!” Бу ҳадисда айтилган мақомга эришиш жуда қийин. Бундай икки хил муносабатда бўладиганларни зоҳиран ажратмаслик мумкин, лекин қалбан ажратмаслик жуда қийин вазифадир. Одатда, барчамиз барибир бизни мақтайдиганларнинг ёнини оламиз, ана ўшаларнинг гапини маъқуллаймиз. Аслида, инсон ўз камчиликларини билган заҳоти уларни бартараф қилишга, хатоларини тўғрилашга ва гуноҳ ишларни қайтиб қилмасликка ҳаракат қилмоғи даркор. Ибодатларда риёдан сақланиш ва катта-кичик гуноҳлардан сақланиш лозим.
Набийи Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам бежизга: “Рўза тутганларга ва намоз ўқиганларга афсус-надоматлар бўлсин”, дермидилар? Инсон қалбини ва барча савобли амалларини холис Аллоҳ учун йўналтириши ва гуноҳ-фасодлардан узоқ турмоқликни ўзига одат қилиши мақсадга мувофиқдир. Мақтов ва бу дунёнинг алдовларига учмаслик инсонни камолотга етаклайди. Халқнинг кўнглидан қолмаслик ва уларга илтифот кўрсатиш риёга йўл қўймаслик шарти билан энг савобли амалдир.

Имоми Ғаззолийнинг
"Қалб давоси" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тазкия
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase