close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Илм Аллоҳ таоло розилиги учунгина бўлиши керак

Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким илмни уламолар билан можаро қилиш учун, эсипастларга ғолиб келиб, ўзини кўрсатиш учун ёки у билан одамларни ўзига қаратиш учун ўрганса, Аллоҳ уни дўзахга киритади», дедилар». Термизий ва Ибн Можа ривоят қилишган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шариф Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифларида илм талаб қилишда толиби илм ниҳоятда эҳтиёт бўлиши лозим бўлган учта хатарли ишдан огоҳлантирмоқдалар:
Илм талаб қилаётган киши уни:
1.«Уламолар билан можаро қилиш учун» ўрганмаслиги керак. Бир илмни яхшилаб ўрганиш «уламолар билан талашиб-тортишиб, можаро қилиб, ҳаммасини енгиб, жим қилиб қўяй», деган ниятда бўлмаслиги керак.
2.«Эсипастларга ғолиб келиб, ўзини кўрсатиш учун» илм талаб қилмаслик керак. Толиби илм ҳеч қачон илмни ўрганиб олиб, тушунмаган одамларни мағлуб этиб, ҳаммасини лол қилиб қўяй, деган ниятни дилига тугмаслиги лозим.
3.«Ёки у билан одамларни ўзига қаратиш учун» илм талаб қилмаслиги керак. Одамлар: «Фалончи қори бўлибди, мулла бўлибди, қойил», дейишлари учун ва шунга ўхшаган ниятлар билан илм олмаслик керак. Агар шундай ният билан илм ўрганилса, оқибати яхши чиқмас экан. Аллоҳ таоло уни дўзахга киритар экан. Шунинг учун илмни фақатгина Аллоҳ розилиги учун талаб қилиш керак.
Кўпчилик толиби илмлар бу ҳадисга амал қиладилар, устозлари бу муҳим қоидани уларга доимо эслатиб турадилар. Минг афсуслар бўлсинким, баъзи ҳолларда бу ҳадисга амал қилишни хаёлига ҳам келтирмайдиган кимсалар учраб турадилар. Баъзи бир ўзига олим нисбатини бериб юрганлар шогирдларига «фалончининг олдига бориб, манави саволни бер, ундоқ деса, мундоқ де», деб можаро чиқаришга ундаб юборадилар. Худди илм ўрганиш фақат уламолар билан можаро қилиш учунгина бўладиганидек ҳолатни вужудга келтирадилар. Оқибатда толиби илмлар орасида, элу юрт ичида талашиб-тортишув, беҳуда можаро, ихтилоф кўпаяди. Исломга, мусулмонларга катта зарар етади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундоқ ишни қилмоқдан эмас, уни ният қилишдан ҳам қайтармоқдалар. Ана шундоқ ножўя ишни хаёлга келтириш, ният қилиш ёмон оқибатларга олиб келишидан огоҳлантирмоқдалар. Ҳозирги кундаги кўпгина беҳуда можаролар, Ислом даъвати йўлида мусулмонлар ўзларига ўзлари «сотиб олаётган» ғовлар баъзи бир илмни ўзига нисбат берган ва илм талаб қилаётган шахсларнинг ушбу ҳадиси шарифга амал қилмасликларидан келиб чиқмоқда.
Энди ўзимиздаги илм ила эсипаст, жоҳил, илмсиз кишиларга ғолиб келишга уриниш масаласига ўтайлик. Ҳозирги ҳаётимизда бу иллат ҳам кенг тарқалган. Оммавий диний саводсизлик шароитида уч-тўрт калима нарсани ўрганиб олган жоҳил ўзини аллома ҳисоблай бошлайди. Қаерда бўлса, ҳамма оғзига қараб туришидан ғурурланиб кетади. Бориб-бориб атрофидаги диний саводи йўқ кишилар унга олим сифатида қараётганлари ҳам оз кўриниб қолади. Нафақат ўзи яшаб турган замони ва мақомида, балки барча замонлар ва маконларда ўзини тенги йўқ аллома ҳисоблай бошлайди. Бу даъвони исботлаш учун замондош ва аввалда ўтган уламоларга осилишга киришади-да, уларни хатокор, адашганлар, деб эълон қилади. Ўз она тилида иккита жумлани тўғрироқ ёза олмайдиган кимса ўнлаб оламшумул китоблар муаллифини танқид қилишга ўтади. Ўз оиласига диний амалларни тушунтириб беролмаган киши Ислом умматига шариатнинг барча ҳукмларини осон йўл билан тушунтириб берган, бутун Ислом уммати томонидан имом, мазҳаб соҳиби, деб тан олинган зотларни ҳақоратлайди. Диний саводи йўқларга ўзини аллома қилиб кўрсатишга уринган ўша жоҳил ҳадис илмини сув қилиб ичиб юборган, минглаб ровийлар таржимаи ҳолини, юз минглаб ҳадисларни яхшилаб ўрганган ва ёд олган буюк муҳаддислар, мазҳаб эгаларини сўкади, беҳурмат қилади. Бундай кишилар фиқҳий мазҳабга тобеъликларига қарамай, илмсизликлари туфайли шундоқ қиладилар. Агар улар озгина илмдан баҳраманд бўлсалар бу ишни қилишмас эди. Улар диний саводи йўқ кишиларга ғолиб келиш, уларнинг олдида ўзини билимдон кўрсатиш учунгина шундоқ қиладилар. Чунки озгина бўлса ҳам диний саводи бор одам унинг сафсатасини мутлақо қабул қилмайди.
Илм билан одамларни ўзига қаратишни хоҳлаганларнинг ҳоли ҳам шунга ўхшаш. Улар Аллоҳ розилигини эмас, одамларнинг эътиборини қозониш учун ҳаракат қиладилар. Оддий ҳолатда одамлар ичида шуҳрат қозониш қийин бўлганидан «хилоф қилсанг – таниласан» қоидасига амал қиладилар. Ҳар бир нарсада уламоларга ихтилоф қилишга ўтадилар. Ўзлари яшаб турган жамиятда, мусулмонлар ичида ўз хилофлари билан келишмовчиликлар, можаролар келтириб чиқарадилар. Натижада Ислом ва мусулмонлар зарар кўради.
Мусулмонлар ушбу ҳадиси шарифга амал қилмай, илмини Аллоҳ розилиги учун эмас, уламолар билан можаро қилиш учун, диний саводи йўқлардан ғолиб келиб, ўзини кўрсатиш учун ишлатадиганлардан кўп азиятлар чекдилар ва чекмоқдалар. Улар бор куч-ғайратни Исломга хизмат қилишга қаратиш ўрнига, шу хизмат билан машғул уламолар билан беҳуда тортишиб, одамларни диндан совитишга сабаб бўлмоқдалар.
Инсоф қилишимиз, Аллоҳдан қўрқишимиз керак. Аллоҳ таоло озми-кўпми диний илм берган бўлса, у билан фақат Аллоҳ таолонинг розилигини кўзлашимиз лозим. Толиби илмлар ниятни поклашлари лозим, зинҳор турли можароларнинг яқинига ҳам йўламасликлари керак. Илм билан одамларни ўзимизга қаратишга, шуҳрат топишга уринмайлик. Аллоҳ берган илмга амал қилиб, у билан Аллоҳ таолонинг розилигини топиш ҳаракатини қилаверайлик.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (роҳимаҳуллоҳ)

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тахлил
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase