close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Илм ва ақл

Ислом мусулмонни илмли бўлишга чақиради. Динимиз асослари ота-боболардан мерос бўлиб келаётган оддий удумлар ёки инсонларни ҳаётда юпатиб турадиган сеҳр-жодудан иборат эмас. Ислом асослари Қуръони карим ва Пайғамбаримизнинг алайҳиссалом суннатларига суянади. Динимиз моҳиятини тўғри англаш учун мана шу манбаларни ўқиб қўйишгина эмас, балки теран тушуниш ва буюрганларига амал қилиш керак бўлади. Динимиз кўрсатмаларига келсак, шаръий масалалар, амри маъруф ва наҳий мункар ва бошқа ижтимоий одобларни теранроқ билиб олишни талаб этади. Буларни ўрганиш инсонга сув ва ҳаводек зарур. Мана бу ояти карима ҳам фикримиз тасдиғидир:

Ислом мусулмонни илмли бўлишга чақиради. Динимиз асослари ота-боболардан мерос бўлиб келаётган оддий удумлар ёки инсонларни ҳаётда юпатиб турадиган сеҳр-жодудан иборат эмас. Ислом асослари Қуръони карим ва Пайғамбаримизнинг алайҳиссалом суннатларига суянади. Динимиз моҳиятини тўғри англаш учун мана шу манбаларни ўқиб қўйишгина эмас, балки теран тушуниш ва буюрганларига амал қилиш керак бўлади. Динимиз кўрсатмаларига келсак, шаръий масалалар, амри маъруф ва наҳий мункар ва бошқа ижтимоий одобларни теранроқ билиб олишни талаб этади. Буларни ўрганиш инсонга сув ва ҳаводек зарур. Мана бу ояти карима ҳам фикримиз тасдиғидир:
«Бу (оятлар) одамлар огоҳлантирилишлари ва (Аллоҳ) ягона илоҳ эканини билишлари ҳамда ақл эгалари эслатма олишлари учун бир баёнотдир» (Иброҳим сураси, 52-оят).
Аллоҳ таоло охират кунида афсус-надомат қилувчилар ҳақида шундай хабар беради:
«Улар (кофирлар) яна: «Агар бизлар (пайғамбар сўзларини) тинглаб, ақл юргизувчи бўлганимизда, дўзах аҳлидан бўлмас эдик», дерлар» (Мулк сураси, 10-оят).
Ҳис-туйғулари ҳамда фаҳм-фаросатлари сўнган кимсалар ҳақида эса Аллоҳ шундай дейди:
«(Ҳақиқатан ҳам) кофир бўлган кимсалар (ваҳийдан таъсирланмасликда) худди ҳайвонларга қичқираётган кишининг овозидан ва ҳайқи-риғидан ўзга нарсани эшитмаётгани кабидир. (Улар маънан) кар, соқов ва кўрлардирки, (гапни) англамайдилар» (Бақара сураси, 171-оят).
Аллоҳ таоло инсон ҳаётини Ислом билан юқори даражага кўтаради. Бошқача айтганда, Ислом бу ҳаётда моддий ва хулқий юксалиш сари илдам қадам қўйишни ёқлайди. Шаръий аҳкомлар ичидаги илк ибодат намозга эътибор беринг. Бу ибодатнинг ҳар бир хатти-ҳаракати ҳикматдан холи эмас. Аллоҳни такбир айтиб улуғлаш, Унинг бирлигига гувоҳлик бериш, нажотга чорлаш, булар шунчаки овоз эмас. Намозда Аллоҳнинг улуғ китобидан оятларни тиловат қилинади. Намознинг мабул бўлиш-бўлмаслиги уни бажараётган вақтда ихлос билан адо этилишига боғлиқдир. Инсон қанчалар илмли бўлса, фитрати илм билан мунаввар ва мустақил бўлса, у Исломда шунча собитқадам бўлади. Виждонсиз ҳамда бефа-росат кимсанинг исломда пешқадам бўлиши мумкин эмас. Аллоҳ Ўзининг Китоби Қуръонда нозил қилган оятларининг энг аввалгиси ҳам пайғамбарига қуйидагича хитоби бўлган:
«Ўқинг (эй Муҳаммад! Бутун борлиқни) яратган зот бўлмиш Раббингиз исми билан! (У) инсонни лахта қондан яратди. Ўқинг! Раббингиз эса карамлидир. У инсонга қалам билан (ёзишни ҳам) ўргатди. У инсонга билмаган нарсаларини билдирди» (Алак, сураси, 1-5-оятлар).
Бу қалам - ёзиш қадрини кўтарадиган, илм қийматини оширадиган ва умматни илмга даъват этадиган илоҳий хитобдир. Аллоҳ олимларни юксак даражага кўтаради. Ҳатто Аллоҳнинг яккаю ягоналигига гувоҳ берган фаришталар ва олимларни қуйидаги оятда шундай зикр қилган:
«Аллоҳ адолатда (барқарор) туриб, шундай гувоҳлик берди: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир», фаришталар ва илм эгалари ҳам. (Албатта), Ундан ўзга илоҳ йўқ. У Азиз (қудратли) ва Ҳаким (ҳикматли) дир» (Оли Имрон сураси, 18-оят).
Ақли паст ва илмсиз кимса Буюк Парвардигорини қаердан танисин? Шунинг учун ҳам Аллоҳ аҳли илмларни ҳурмат қилади. Расулуллоҳ алайҳиссалом бир ҳадиси қудсийда шундай дейдилар: «Аллоҳтаоло қиёмат куни аҳли илмларга шундай дейди: «Мен сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қилишим учун орангизда илмим ҳамда ҳалимлигимни билдириб қўйганман».
Етук ва мукаммал илм Аллоҳ наздида чалкаш амалдан ва тушунилмай, асл моҳиятини билмай қилинган ибодатдан яхшироқдир. Бу хусусда Пайғамбар алайҳиссалом шундай дедилар: «Илмнинг фазилати кўр-кўрона қилинган ибодат фазилатидан яхшироқ». «Озгина илм кўп ибодатдан яхшироқдир». «Ибодатнинг афзали фиқҳ - англаб, тушунишдир». «Эй Абу Зарр, эрталаб турганингдан кейин Аллоҳнинг Китобидан бир оятни ўрганганинг юз ракаат ўқиган намозингдан яхшироқдир. Эрталаб уйғонгандан кейин ҳаётда амал қилинган ёки қилинмаган бир илмни ўрганганинг минг ракаат ўқиган намозингдан яхшироқ».
Бу ҳикматларнинг сири шундаки, нодон ва жоҳил кишиларнинг ибодатларидан фойда оз. Улар фойдали ишни қилаяпмиз, деган ўйда ўзларига зарарни кўпайтириб оладилар. Илмсиз «обидлар» ўзларича динни маҳкам тутган бўладилар, ҳолбуки, бу билан мутаассиблик қилиб, ўзларига катта зарар келтирадилар. Илмлилар эса бундай қилмайди. Чунки тоза қалблари уларни тўғри йўлга бошлайди. Амаллари озгина бўлса ҳам тўғри йўлдан борадилар. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Шайтон учун битта олим мингта обиддан кўра хавфлироқдир», деганлар. «Олим киши жоҳил обиддан етмиш даража афзал. Чунки шайтон одамларга бидъатларни кўрсатади. Олим уни кўриб, қайтаради. Обид эса билмай ибодат қилишга юзланаверади».
Мусулмон киши илмга пешвоз чиқади. Бутун фикри-зикрини илм эшикларини очишга қаратди, ҳатто илм излаб машриқдан мағрибгача боради. Лекин бу илмнинг ҳаммаси дегани эмас. Мусулмон киши ҳар соҳа илмини олиши зарур. Бунга кўплаб оят ва ҳадислар далолат қилади. Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг айтган ҳадисларидан куйидагиларни келтирамиз: «Кимки илм излаб бир йўлга равона бўлса, Аллоҳ илм шарофати билан жаннатга олиб борадиган йўлни осон қилиб қўяди».
«Инсон ҳаётда касб қилганлари ичида энг афзали илмдир. Чунки илм инсонни тўғри йўлга етаклаб, ёмонликдан қайтаради. Инсон ақли тўғри бўлсагина, дини ҳам тўғри бўлади».
«Мусулмон кишининг ҳасад қилиши ҳаром. Бироқ икки кишига ҳасад қилиш дуруст: биринчиси, Аллоҳ дунё берган ва у дунёни Аллоҳ йўлида сарф қилган киши. Иккинчиси, Аллоҳ илм бериб, илмига амал қилган ҳамда бошқаларга илм берган киши». «Одамларга яхшиликни таълим берадиган кимсага Аллоҳнинг фаришталари, осмонлар ҳамда ер аҳли, ўз инидаги чумоли ва денгиз қаъридаги наҳанг балиқ -кит ҳам салавот айтиб туради».
Ушбу ҳадислар ҳар қандай илмга, яъни яхшиликни ўргатадиган, зарардан сақлайдиган ва фойдага яқинлаштирадиган илмларга қаратилган. Илмни фақат бир йўналишга хослаб, чегаралаб қўйиш мумкин эмас. Ҳар қандай илм соҳасида асосий мақ-сад, энг аввало, Аллоҳнинг инсонлардаги ҳақини ва бир-бирларидаги ҳақини танишдан иборат бўлиши лозим. Чунки яхшиликка юзланишда ва бошқа ҳар соҳанинг ислоҳида илмнинг катта таъсири бор. Аммо фиқҳ ва тафсир илмлари асосий илм бўлиб, ундан бошқа илмларни хоҳлаганлар олсин, хоҳлаганлар йўқ, деб ўйлаш жуда катта хато. Чунки жуғрофия, астрономия-фалакиёт каби дунёвий илмлар ҳеч қачон диний илмлардан ажрамаган. Балки чамбарчас боғлиқ бўлган. Қуръон бизларга илм фазилатини ва аҳли илмларнинг улуғлигини билдириб қўйиши кифоя. Зеро, махлуқотлар ичида олимлар Аллоҳни яхши танийдилар, ўсимликлар, ҳайвонлар ва табиатдаги бошқа нарсаларга қараб фикр юритишади. Аллоҳтаоло шундай дейди:
«Аллоҳ осмондан сув (ёмғир, қор) ёғдириб, у билан ранглари турли бўлган меваларни чиқарганимизни кўрмадингизми?! Яна тоғларнинг оқ, қизил, ранг-баранг йўл(лиси) ҳам, тим қораси ҳам бордир. Шунингдек, одамлар, жонивор-лар ва чорва ҳайвонлари орасида ҳам ҳар хил ранглилари бордир. Бандалари орасида Аллоҳдан уламоларгина қўрқарлар. Ҳақиқатан, Аллоҳ қудратли ва мағфиратлидир» (Фотир сураси, 27-28-оятлар).
«Унинг белгиларидан (яна бири) - осмонлар ва Ерни яратиши ва сизларнинг тилларингиз ва рангларингизни хилма-хиллигидир. Албатта, бунда барча олимлар учун аломатлар бордир» (Рум сураси, 22-оят).
Дин ва дунё илмларини эгаллаш учун узоқ вақт таҳсил олиш керак бўлади. Шуни билиш лозимки, бир илмни бошқа биридан устун қўйиб бўлмайди. Хоҳ у диний бўлсин, хоҳ дунёвий бўлсин. Илмнинг афзали Аллоҳнинг розилиги учун инсонларга манфаатлисидир.
Одамлар Аллоҳнинг: «Мол-мулк, бола-чақа шу ҳаёти дунё зийнатидир», деган оятини фақат шу дунё учун фойдали нарсалар деб ўйлайдилар. Мол-мулк, бола-чақалар буюрилган вазифаларни амалга оширишда восита-ёрдамчи эканини билмайдилар:
«Сўнгра (тавба қилганингиздан кейин) уларнинг (Бобил ҳукмдорининг) устидан ғалабани сизларга қайтардик ва сизларга мол-дунё ва фарзандлар билан мадад бериб, ададингизни кўпайтирдик» (Ал-Исро сураси, 6-оят).
Ушбу уммат мол-дунё ва бола-чақалар билан қувватланиб ғолиб бўлдилар ва Аллоҳ ризосига эришдилар. Илм ҳам уммат учун мол-дунё ва бола-чақалар кабидир. Мусулмон киши мўл ҳосил олиши учун ерга ишлов бериш илмини ўрганса ҳам ажр-савобдан маҳрум бўлмайди. Балки туни билан меҳробда туриб намоз ўқиб чиққан одам савобидан зиёда савобга эга бўлиши мумкин, холос. Ислом олим кишилар мартабасини улуғлаб, уларнинг жидду жаҳдларини юксак ажр-мукофотлар билан тақдирлайди. Муоз ибн Жабалдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ алайҳиссалом илм ҳақида шундай деганлар: «Илм ўрганинглар. Чунки илм ўрганиш Аллоҳдан қўрқишдир. Илм излаш эса ибодатдир. Мутолаа қилиш тасбиҳ айтишдир. Илмни ўргатиш садақа бериш ва илмсизга ҳалол билан ҳаромни ажратиб кўрсатишдир. У жаннатийлар йўлига чи-роқ, ёлғизликда дўст, ғурбатда ҳамроҳ, хилватда ҳамсуҳбатдир. Илм фойдани ҳам, зарарни ҳам ажратиб беради. Рақиб-душманларга қарши қурол, дўстлар орасида зийнат, илм билан киши обрў-эътибор топади. Одамлар олим кишиларнинг ишлари ва фикрларига эргашади. Фаришталар илм аҳлига ҳавас билан қарайди. Улар учун жонли-жонсиз мавжудот, денгиздаги балиқлар, чивинлар, йиртқич ҳайвонлар, чорва моллари ҳаммаси мағфират сўрайди. Чунки илм қалбнинг ҳаёти ва чироғидир. Инсон илм билан улуғ даражаларга етади. Бир илм билан машғул бўлиш рўза тутиш билан баробар. Сабоқ олиш эса кечалари адо этилган намоз билан баробардир. Илм шарофати билан қариндошлик ришталари уланади, ҳалол ва ҳаромни ажратилади. Илм имомдир, унга амал қилиш тобеликдир. Илмли кишилар бахтлидир. Илмсизлар эса бахтсизлардир».
Ислом мусулмонга бошқа тилларни ўрганишга буюради. Расулуллоҳ алайҳиссалом бошқа тиллардан аллақачон фойдаланганлар ва ўз котиби Зайд ибн Собитга (милоддан аввалги уч мингинчи йилдан еттинчи асргача бўлган) Ассурия - Осурийлар тилини ўрганишни буюрганлар. Зайд ибн Собит айтади: «Расулуллоҳ алайҳиссалом менга осурийлар тилини ўрганишимни буюрдилар. Бу тилни эгаллаб, ҳатто ёзишни ҳам билиб олдим. Шу даражага етиб бордимки, яҳудийларнинг ўзлари ҳам ишонишмас эди. Буни ўрганишим учун ярим ой вақт кетди, холос. Расулуллоҳ алайҳиссалом номларидан уларга мактуб ёзар эдим ва улар ёзиб юборган жавоб хатларни Расулуллоҳга ўқиб берар эдим».
Бошқа миллатлар тилини тушуниш динимизда за-рур иш ҳисобланади. Чунки Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг рисолалари ҳамма инсонларга қаратилган. Ҳамма инсонлар бир тилда гаплашмайди. Турли тил ва лаҳжаларда сўзлашиш эса Аллоҳнинг ҳикмати ҳисобланади. Ислом таълимотини Ер юзидаги одамлар тушунадиган тилларга таржима қилиш осон. Лекин ҳар хил миллатларни араб тилини тушунадиган қилиш эса мушкул иш. Аллоҳтаоло Иброҳим сурасининг 4-оятида шундай мархдматқилади:
«Биз ҳар бир пайғамбарни (ҳукмларимизни) баён қилиб бериши учун ўз қавмининг тили билан (сўзлайдиган қилиб) юбордик. Бас, Аллоҳ (Ўзи) хоҳлаган кимсани йўлдан оздирур ва (Ўзи) хоҳлаган кишини ҳидоят қилур. У қудратли ва ҳикматли зотдир» (Иброҳим сураси, 4-оят).
Бу оятни муфассирлар қуйидагича тафсирлашган: «Расулуллоҳ алайҳиссалом араб миллатидан эдилар. Лекин Исломга даъват қиладиган элчиларини қайси қавмга жўнатсалар, улар ўша қавмнинг тилида сўзлашиб, Ислом таълимотларини етказарди. Ҳатто ажамлар (араблардан бошқа миллатлар): «Қуръон ҳамма тилда нозил бўлган», деб айтишган. Аслида Қуръонни барча тилларда нозил бўлишига эҳтиёж йўқ. Чунки Қуръонни бошқа тилларга таржима қилиниши етарлидир».
Хулоса шуки, мусулмонларнинг бошқа тилларни ўрганишлари вожиб. Аксинча, бошқа миллат ва халқлар ислом таълимотларидан бехабар қолади. Илм бир жой, бир миллатга хос эмас. Атрофга назар солсак, илм бутун оламга тарқалганини кўрамиз. Қанчадан-қанча аҳли донишлардан нодон-илмсиз авлодлар дунёга келмоқда. Нодон-илмсизлардан эса аҳли донишлар чиқмоқда. Оврупа бир неча аср илгари ҳар жиҳатдан қараганда илмсиз, қолоқ ва орқада эди. Ҳозир эса ўзининг илмий салоҳияти ва маданияти билан оламни ҳайратга солмоқда. Мусулмон киши кимдан ва қаердан бўлмасин илм олиши лозим. Бу борада Расулуллоҳ алайҳиссалом шундай деганлар: «Илм мўминнинг йўқотган нарсаси, уни қаерда топса, унга ҳақлидир». «Кимки илм олиш учун чиқиб кетса, қайтиб келгунича Аллоҳ йўлида бўлади». Илм олиш ва бериш бу Ислом руҳидир. Илм шу икки нарса билан боқийдир. Ислом назарида одам ё илм олувчи, ё илм берувчи бўлади. «Илм олувчи ҳам, илм берувчи ҳам яхшиликда баробардир».

Анвар қори Турсуновнинг
"Фазилатлар китоби" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Бу бўлимдаги бошқа мақолалар: « Диний илмларни ўрганиш Замонни сўкмоқ »
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase