close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ҳизбнинг баъзи даъволарига раддия

...Фикримизча, аввал айтиб ўтганимиздек, Ҳизбут Таҳрирнинг биздаги аъзоларининг кўплари ушбу маълумотлар билан таниш бўлмасалар керак. Агар бироз таниш бўлганларида ҳам ўзларини ҳозиргидан бошқача тутишлари ва Ҳизб ҳақидаги ошириб юборилган мақтов гапларини ўйлаб гапирадиган бўлардилар.

Уларнинг мақтов гаплари эса Ҳизбут Таҳрирдан бошқа ҳеч ким исломни тўғри билмайди, ҳеч ким дин учун қайғурмайди, ҳеч ким ислом давлати тузишни ўйламайди ва ҳоказолардан иборат эканини ҳамма яхши билади.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда «Сизлардан амри маъруф ва наҳйи мункар қиладиган бир уммат бўлсин» деган, ана ўша уммат бизмиз, дейди ҳизб аъзолари.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Яҳудийлар етмиш бир ёки етмиш икки фирқага бўлиндилар, Насоролар етмиш бир ёки етмиш икки фирқага бўлиндилар, Менинг умматим эса етмиш уч фирқага бўлинадир. Уларнинг етмиш иккитаси дўзахда, биттаси жаннатда», деганлар. Ўша жаннатга тушадиган жамоа бизмиз, дейди ҳизб аъзолари.
Ҳақиқатда шундоқми?
Ҳизбут Таҳрирга аъзо бўлмаган мусулмонларнинг ҳаммаси юқоридаги оятда сифатланган умматдан эмасмилар?
Ҳизбут Таҳрирга аъзо бўлмаганлар ҳаммаси дўзахга тушадиларми?
Албатта, йўқ! Ушбу оят ва ҳадис ҳамда уларнинг маъносидаги барча шаръий матнларда зикр қилинган жамоадан мурод Аҳли сунна вал жамоа эканлигини мусулмонларнинг биринчи синф ўқувчилари ҳам яхши биладилар. Ҳатто кўпгина мусулмон бўлмаганлар ҳам бу ҳақиқатни биладилар.
Ҳизбут Таҳрирнинг аъзоларига ва бошқа хоҳловчиларга бу ҳизбни яхшироқ таништириб қўйиш учун юқорида «ал-Мавсуъа ал-муяссара фил адян вал мазаҳибил муосира» - «Замонафий динлар ва мазҳаблар ҳақидаги энсиклопедия» китобидан сўзма-сўз таржимаси келтирилган матнларни тааммул билан қайта кўриб чиқайлик.

«ҲИЗБУТ ТАҲРИР»

«Ҳизбут Таҳрир ал-Исломий сиёсий партия бўлиб, у фикрга бош қурол сифатида суянган ҳолда исломий халифаликни қайта тиклашга чақиради».
Ислом олами исломий сиёсий партияларга тўлиб ётибди. Турли ҳаракат ва партияларни бирлаштирувчи ташкилотга аъзо бўлганларининг ўзи бир минг етти юздан ортиқ. Унга аъзо бўлмаган ҳаракат ва ҳизбларнинг ададини Аллоҳ таоло Ўзи билади. Демак Ҳизбут Таҳрир ташкилот ва ҳизб ўлароқ биринчи ҳам эмас, ягона ҳам эмас.
Шунингдек, хилофатни қайта тиклаш ҳам Ҳизбут Таҳрирнинг маҳрига тушган нарса эмас. Ундан олдин ҳам кўпчилик бу фикр билан чиққан.
Бу гапнинг далили учун биргина мисол келтирамиз. Мисрда кенг тарқалган, бошқа давлатлар ва ҳатто Америкада ҳам муридлари бўлган «ал-Азмия» тариқати асосчиси Мози Абул Азоим ҳали Ҳизбут Таҳрир асосчиси туғилмаган пайтда мазкур мақсад йўлида халқаро ташкилот тузиш ташаббуси билан ҳам чиққан. Демак, Ҳизбут Таҳрирнинг хилофат бўйича фикри биринчи ҳам эмас, ягона ҳам эмас.
Келгуси жумланинг шарҳига ўтамиз.
«Ундан мусулмон уламоларнинг барчасининг танқидига учраган шаръий ижтиҳодлар содир бўлган».
Демак, Ҳизбут Таҳрирнинг ислом шариати бўйича айтган баъзи гаплари ва чиқарган фатволари мусулмон уламолари жумҳурининг танқидига учраган. Албатта, бу яхшилик аломати эмас. Бошқа сиёсий ёки ижтимоий ҳаракат, тоифа ва ҳизблар бу каби танқидга учрамаганлар.
Маълумки, Ҳизбут Таҳрирчилар Набиҳонийни жуда мақтаб юборадилар. Ҳизбут Таҳрир аъзоларидан бири ўз суҳбатдошига Набиҳонийнинг китобларини ўқибгина иймоним мукаммал бўлди, деган маънодаги гапни айтибди. Шунда суҳбат мазмунидан келиб чиққан хулоса бўйича суҳбатдош, сизнинг гапларингиздан Набиҳонийдан олдин ўтган мусулмонлар, мисол учун, имом Абу Ҳанифа ва бошқа уламоларнинг имонлари ҳам бут бўлмаганми, деган савол берган. Ҳизбут Таҳрирчи, бўлса бордир, деган.
Бизнингча, мазкур ҳизбчи катта хатога йўл қўйган. Ўзи билган озгина нотўғри фикрга ёпишиб олиб, билмаган кўпгина ҳақиқатни инкор қилган. Ҳеч бир исломий тоифа, ташкилот ёки ҳизб ўз раҳбари ҳақида бунчалик муболағали гапларни айтмаган ва айтмайди ҳам.
Биз бирор кишини ёмонга чиқармоқчи ёки танқид қилмоқчи эмасмиз. Балки ҳар бир нарсани борича ўрганмоқчимиз. Мана, ўрганаётган маълумотларимизнинг ушбу маънога оид жумлаларига назар солайлик.

«Таъсис ва кўзга кўринган шахсиётлари.

Унинг муассиси Тақийиддин Набиҳоний (1909 – 1979 м.) Фаластинлик. Ҳайфанинг Ижзим қишлоғида туғилган. Дастлабки таълимни ўз қишлоғида олди. Сўнгра Азҳарга, кейин Қоҳиранинг дорул улумига борди. Қайтиб Фаластиннинг бир неча шаҳарларида ўқитувчи бўлиб ишлади».
1947 - йилдаги фожеъалардан кейин ватанини тарк қилиб оиласи билан Байрутга кетди.
Кейинчалик, Байтул Мақдисдаги шаръий истиъноф маҳкамасига аъзо этиб тайинланди. Сўнгра Аммондага ислом коллежида мударрис бўлиб ишлади.
1952 – йилда у ўз ҳизбини тасис этди ва уни бошқариш, китоб ва бошқа нашрлар чиқаришга ишига раҳбарлик қилди. Мазкур нашрлар ҳизбнинг бош манбалари бўлди. У кейин ўз вафотига қадар Иордания, Сурия ва Ливан орасида қатнаб юрди. У Байрутда вафот этди ва ўша ерга дафн қилинди».
Демак, Набиҳоний ҳам ҳар қандай оддий банда каби ҳаёт кечирган. У ҳизб тузган ва ўз ҳизби мафкурасига оид китоблар ёзган. Бошқа ҳизбларнинг асосчилари ҳам қиладиган оддий иш. Аммо Набиҳоний исломий илмлар бўйича катта олим ҳам бўлмаган, бирор илмий ташкилотга аъзо ҳам бўлмаган ёки катта олим шахс сифатида биров томонидан эътироф ҳам қилинмаган. Оддий бир ҳизб раҳбари, холос. У оддий ўқитувчи бўлган. У маҳкаманинг оддий ходими бўлган. Бошқа нарса бўлгани йўқ. Агар бирор ғайри оддий ҳолат бўлса, ҳаммага аён бўлар эди.
Ҳизбут Таҳрирнинг бошқа раҳбарлари ва фаоллари ҳам худди шундоқ оддий одамлар.
«Ҳизбнинг кўзга кўринган раҳбарларини билиб олиш жуда ҳам қийин. Чунки уларнинг низомий ишлари қаттиқ сир тутилади».
Бу нарса Ҳизбут Таҳрир танқидчиларига у ҳақида турли шубҳали гапларни тарқатишга кенг йўл очиб беради. Ҳизбут Таҳрирчилар, биз хилофат ва ислом давлати қуриш ҳақида сўз ва иш юритганимиз туфайли раҳбарларимиз кимлигини сир сақлашга мажбурмиз, дейишади. Аммо Ҳизбут Таҳрирдан кўра қаттиқроқ шиддат билан ислом давлати тузиш ҳақида сўз ва иш юритган ҳизб ва ташкилотлардан бирортаси ҳам ўз раҳбариятининг шахс ва исмларини яширмайдилар.
Эҳтимол, ҳизбнинг раҳбарлари кимлигини очиқ айтилса, оддий ҳизбчиларни баъзи нарсаларга ишонтириш қийинлашиб қолар.
«Набиҳонийнинг вафотидан кейин ҳизбга Абдулқаюм Заллум раислик қилди. У Фаластиннинг Халил шаҳрида туғилган ва «Ҳаказо ҳудимат ал-хилофату» китоби муаллифидир.
19.10.1378 ҳижрий санада Али Фахриддин, Талол ал-Бассот, Мустафо Солиҳ, Мустафо ан-Наҳҳос ва Мансур Ҳайдарларнинг илтимосига биноан ҳизбнинг Ливандаги шўъбаси таъсис этилди.
Ҳизбнинг Иорданиядаги шўъбасининг масъули Аҳмад Доғур эди. Ҳизбнинг ҳукмни тортиб олиш учун қилган уринишидан кейин 1969 – йилда у ҳибсга олинди ва ўлимга ҳукм қилинди. Сўнгра бу ҳукм бекор қилинди.
1984 – йил Август ойида Мисрда Ҳизбут Таҳрирнинг 32 та аъзоси маҳкамага тортилди. Уларнинг раҳбарлари бўлган инженер Абдурроҳман Жобир Сулаймон, химия фанлари доктори Салоҳиддин Муҳаммад Ҳасан, электроника фанлари доктори Камол Абу Леҳя ва Қоҳира дорулфунуни талабаси Алуддин Абдулваҳҳоб Ҳажжожларга мавжуд ҳукуматни тўнтариш айби қўйилди.
Суриялик Абдурроҳман ал-Моликий ҳизбнинг раҳбарларидандир. У «ал-Уқубот» деган китоб ёзган».
Эътибор берадиган бўлсак, Ҳизбут Таҳрирнинг номлари зикр этилган арбоблари ичида ҳақиқий исломий уламо йўқлигидир. Ҳар хил касб ва илмий унвон эгалари ичида шаръий илм соҳибларининг йўқлиги ўзига хос нуқсон бўлиб, Ҳизбут Таҳрирнинг айни шаръий масалаларда кўплаб хатоларга йўл қўйгани ҳам шу сабабдан бўлса, ажаб эмас.
Яна эътибор берадиган бир нарса, ҳизб арбобларининг турли мусулмон ўлкаларида ҳукмни ағдаришга уринишда айбланиб маҳкама қилинишларидир. Бундан Ҳизбут Таҳрир қаерга борса бир хил мушкулотлар келтириб чиқариши одатга айланганини билиб олиш қийин эмас. Мақсад маҳкамага тушиб ном чиқаришми ёки бошқами?!
Энди Ҳизбут Таҳрирнинг фикр ва эътиқодлари ҳақидаги маълумотларни батафсил ўрганиб чиқайлик.

Фикр ва эътиқодлар.

«Уларнинг ғояси аввал араб, кейин ислом ўлкаларида ислом халифалигини ўрнатиш орқали исломий ҳаётни қайта бошлашга асосланган. Сўнгра ислом уммати орқали даъватни ноисломий ўлкаларда олиб борилади».
Ҳизбут Таҳрир асосий ғояси шу дейдиган бўлсак, у ҳозир тамоман остин – устин бўлиб кетган. Ҳизбут Таҳрир араб ўлкаларида, ҳаттоки ўзи таъсис топган ерда ҳам ҳеч нарса қила олмади. Араб ўлкаларининг бирор қарич жойида ҳам халифаликни ўрнатмай туриб, бошқа ислом ўлкаларига чиқди. У ерларда ҳам бирор натижага эриша олмай туриб, ноисломий ўлкаларга ҳам борди. Ҳозирда бошқа бирор ерда ошкора идораси бўлмаса ҳам Лондонда борлиги қизиқ. Бу нарса ҳам кўпчилик олдига турли шубҳали саволларни қўяди.
Келаси жумлаларда ўрганадиган маълумотларимиз бунисидан ҳам қизиқ. Эътибор ила ўқинг!
«Ҳизб дастлаб ҳукмга етиш учун ўзи таъсис этилганидан бошлаб ўн уч йил муддатни тайин қилди. Кейин турли шароит ва тўсиқларни ҳисобга олиб, муддатни ўттиз йилга чўзди. Аммо иккала муддатнинг ҳам ўтганига қарамасдан ҳеч нарса бўлгани йўқ».
Албатта, ҳукмга эришиш учун бу каби қисқа муддатларни олдиндан эълон қилиш вазиятни ҳисобга олмасликгина эмас, балки умуман сиёсатдан ва давлат қуриш каби оғир ишни мутлақо билмасликдан келиб чиққан. Бу ерда психологик омил катта ўрин тутган. У ҳам бўлса, нима қилиб бўлса ҳам тезроқ ҳукм курсисига ўтириш. Бу эса катта нуқсон ва айб ҳисобланади.
Бу ерда гап шошқалоқлик ҳақида ҳам эмас, тезроқ ҳукм кур сисига ўтириш ҳақида кетмоқда. Нима қилиб бўлса ҳам, ҳизбни ёки ташкилотни тузган одам тезроқ ҳоким бўлиши керак. Хўш, охири нима бўлди? Нима бўлар эди. Кўпчилик одамлар жафо тортдилар. Мусулмонлар оммасига бало офатлар етди.
Энди қуйидаги сатрларга эътиборни қаратайлик.
«Ҳизб руҳоний ишлардан ғофилдир. У мазкур ишларга фикрий назар билан қарайди ва «инсонда руҳоний шавқ ҳамда жисмоний хоҳишлар йўқдир. Балки инсонда ҳожат ва инстинктлар бўлиб, уларни қондириш зарур» дейди.
Бу гапларни инсон тан ва руҳдан ташкил топганлигига иймон келтирган мусулмонлар айтмоқдами ёки бошқаларми билиб бўлмай қолди. Ахир Аллоҳ таоло одамнинг танасини лойдан яратгандан сўнг унинг ичига Ўз руҳидан пуфламаган эдими?! Шунга биноан, инсон ҳам жисмоний, ҳам руҳоний тарбияга муҳтож эмасмиди?!
«Ҳизб ўз аъзоларига қабр азобига ва масийҳи дажжолнинг чиқишига эътиқод қилишни ҳаром қилган. Уларнинг назарида ким бу эътиқодни қилса, гуноҳкор бўлади».
Мана шу гап Ҳизбут Таҳрирнинг энг хатарли хатоларидан биридир. Агар билиб туриб қилинган иш бўлса, ислом ақийдасини бузиш учун қилинган маккорона ҳаракатдир. Агар билмасдан қилинган бўлса, Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби ҳукмига биноан фосиқликдир.
Ҳизбут Таҳрир аъзоларининг ўзларининг бу борадаги фикрларининг тўғрилигини исботлаш учун қиладиган уринишлари эса уларнинг диний илмлардан мутлақо бехабар эканлигига далилдир. Албатта, бу масала бўйича тортишувни диний илмлардан бехабар киши англаб етиши қийин. Аммо ҳақиқатни баён қилиш мақсадида бироз бўлсада сўзламасдан ўтиб кетиш ҳам адолатдан бўлмайди.
Аҳли сунна вал жамоа мазҳабидаги барча мусулмонлар қабр азобига ва қиёмат қоим яқинлашганда Дажжолнинг чиқишига иймон келтирадилар. Бу ҳақиқат ақоид китобларимизнинг барчасида алоҳида таъкидланган. Биз сиз муҳтарамларнинг эътиборингизга машҳур ҳанафий олим имом Тоҳавийнинг китобига ёзилган шарҳни Муҳаммад Анвар Бадахшоний қилган талхисидан бу икки масала бўйича иқтибос келтирамиз.

ҚАБР АЗОБИ ВА НЕЪМАТИГА ИЙМОН

Ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар розияллоҳу анҳумлардан келган хабарлар асосида қабр азобига, ким шунга лойиқ бўлса, ва ундан Мункар-Накирнинг Роббисидан, динидан ва набийсидан сўроқ қилишига иймон келтирамиз. Қабр жаннат боғларидан бир боғдир ёки дўзах чуқурларидан бир чуқурдир.
Шарҳ: Яъни, осий бўлиб, азобга лойиқ бўлганлар учун қабр азоби бўлишига иймон келтирамиз. Мункар ва Накир номли икки фаришта бандадан унинг қабрида туриб Роббиси, дини ва набийси ҳақида савол-сўроқ қилишига иймон келтирамиз.
Далил:

    1. «Ва Оли Фиръавнни ёмон азоб ўрабди. У дўзахдир. Унга эртаю кеч кўндаланг қилинурлар. (Қиёмат) соати қоим бўлган куни: «Оли Фиръавнни ашаддий азобга киритинглар», дейилур» (ўофир: 45-46).
    2. «Уларни то ҳалокатга учрайдиган кунларига йўлиққунларигача тек қўй. У кунда ҳийлалар уларга ҳеч фойда бермас ва уларга ёрдам ҳам берилмас. Ва алабатта, зулм қилганларга ундан ўзга азоб ҳам бор, лекин кўплари билмайдилар» (Тур: 45-47).
    3. «Аллоҳ иймон келтирганларни ҳаёти дунёда ва охиратда субутли сўз ила собит қадам қилур. Ва Аллоҳ золимларни залолатга кетказур» (Иброҳим: 27).
    4. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Банда қабрига қўйилиб, асҳоблари ундан қайтганларида, у аларнинг ковушлари таққиллашини эшитиб турганда, ҳузурига икки фаришта келиб, уни ўтқазишади ва унга: «Мана бу одам (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳақида нима дер эдинг?»-дейишади. Шунда мўмин: «Унинг Аллоҳнинг бандаси ва Расули эканига гувоҳлик бераман», дейди. Шунда, унга: «Дўзахдаги жойингга назар сол. Аллоҳ унинг ўрнига сенга жаннатдан жой берди», дейилади. У икки жойни ҳам кўради», деганлар. (Бухорий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).
    5. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам икки қабрнинг ёнидан ўтиб кетаётиб: «Албатта, бу иккови азобланмоқда. Азобланишлари катта нарсада эмас. Улардан бири сийдикдан тоза бўлишга эътибор бермас эди. Бошқаси эса, чақимчилик қилиб юрар эди»-дедилар. Бир хурмонинг хўл шохини олиб келиб, иккига бўлиб, икки қабрга биттадан суқиб қўйдилар. Кишилар: «Эй Аллоҳнинг Расули, нега бундоқ қилдингиз?» - дедилар.
    У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шоядки, булар қуругунча икковларидан азоб енгиллатилса», дедилар. (Бухорий ва Муслим ривоят қилганлар).
    6. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирингиз қабрга қўйилса, унинг олдига қорамтир-зангори рангли икки фаришта келади. Улардан бирини Мункар, бошқасини Накир, дейилади», деганлар. (Термизий ривоят қилган).

Хулоса шулки, қабр азоби ва неъмати ҳақида, икки фариштанинг савол қилиши ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан инкор қилиб бўлмайдиган даражада кўплаб хабарлар келган. Бунга иймон келтириш вожибдир. Ким инкор қилса, кофир бўлади».
Китоб муаллифи қиёматнинг аломатлари ҳақида умумий матн келтирган биз фақат дажжолнинг чиқишига боғлиқ жойига эътибор берамиз.

ҚИЁМАТНИНГ АЛОМАТЛАРИ

Дажжолнинг чиқиши, Ийсо ибн Марям алайҳиссаломнинг осмондан тушиши каби қиёматнинг аломатларига иймон келтирамиз. Қуёшнинг ўз мағриби–ботиш тарафи–дан чиқишига ва ер ҳайвонининг ўз жойидан чиқишига иймон келтирамиз.
Шарҳ: Яъни, Қуръон ва суннатда зикр қилинган қиёматнинг аломатларига иймон келтирамиз. Хусусан, Дажжолнинг чиқишига, Ийсо ибн Марям алайҳиссаломнинг осмондан тушишларига, қуёшнинг мағрибдан чиқишига ва ер ҳайвонининг Аллоҳ амр қилган жойидан чиқишига иймон келтирамиз.

Далил:

    1. Дажжолнинг чиқишига далолат қилувчи ҳадислар инкор қилиб бўлмайдиган даражада кўп ривоят қилинган. Ҳадис китобларида зикр этилган. Бу мухтасарда уларни зикр этишга имкон йўқ.
    Имом Бухорий Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурида Дажжол зикр қилинди. Бас, у киши, Аллоҳ сизга махфий эмас. Аллоҳ ғилай ҳам эмас. (Кўзларига ишора қилдилар). Албатта, масийҳи Дажжолнинг ўнг кўзи ғилайдир. Унинг кўзи худди бўртиб чиққан узум донасига ўхшайди», дейилган.
    2. Ийсо ибн Марям алайҳис саломнинг тушишларига Қуръондан далил: «Ҳеч бир аҳли китоб йўқки, Унга ўлимидан олдин иймон келтирмаса. Қиёмат куни эса, уларга гувоҳ бўлур» (Нисо: 59).
    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Ийсо алайҳиссаломнинг осмондан тушишлари ҳақидаги ҳадисни ривоят қилиб бўлиб: «Агар хоҳласангиз, «Ҳеч бир аҳли китоб йўқки» (Нисо: 59) оятини ўқинг, дер эдилар.

Ийсо ибн Марям алайҳиссаломнинг осмондан тушишлари ҳақидаги ҳадислар ҳам, Дажжол ҳақидаги ҳадисларга ўхшаб инкор қилиб бўлмайдиган даражада кўп ривоят қилган. Баъзи одамларнинг бу ҳақидаги ҳадислар оҳод–якка кишилар ривоят қилган–ҳадислар, дейиши сизни алдаб қўймасин. Ундоқ кишилар бу илмдан жоҳил кишилардир. Уларнинг бирортаси ҳам ҳадисларни яхшилаб текшира олмайдилар. Агар бу ишни қилганида, бу ҳақдаги ҳадисларни инкор қилиб бўлмайдиган даражада кўп эканини билган бўлур эди. Ҳофиз ибн Ҳажарга ўхшаган, ҳадис илми имомлари шундоқ қилганлар».
Ҳизбчилар қабр азоби ва дажжол ҳақидаги шаръий далиллар оҳод ҳадислар, яъни, зонн – гумон билан собит бўлган Аллоҳ таоло Қуръони Каримда гумонни қоралаган ва гуноҳ деб эълон қилган, дейдилар.
Бу даъво Ҳизбут Таҳрир илм борасида ўта оқсоқ эканига катта далил бўлиб хизмат қилади. Бу ҳизб билиб – билмай ҳар нарсани гапиравериши ва ўйламасдан турли даъволарини қилаверишини кўрсатади.
Шу билан бирга, араб тилида «зонн» сўзи фақат гумон маъносини англатибгина қолмайди. Ҳизбнинг бу ҳақиқатни билмаслиги илмсизликнинг ёрқин кўринишидир. Агар улар бир оз илмга эга бўлганларида эди, Қуръони Каримда «зонн» сўзи бир қанча маънода ишлатилганини билиб олишлари қийин эмас эди.

Ҳамма билиб қўйиши учун Қуръони Каримда «зонн» сўзи қандай маъноларда ишлтилгани билан танишиб чиқайлик.

1. Яқийн – шак шубҳасиз аниқ илм маъносида.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида: «Улар, албатта, Роббиларига рўбарў бўлишлари ва, албатта, Унга қайтиб боришларига зонн қил(ишон)ган зотлардир», деган (46 – оят).
Мўминларнинг мақтовида келган бу оятни Ҳизбут Таҳрирчасига англанадиган бўлса қиёмат куни Аллоҳ таолога рўбарў бўлиш ҳам гумон дейишга тўғри келади.
Аллоҳ таоло «Қиёмат» сурасида: «Ва, албатта, у фироқлигин зонн қил(бил)ганда», деган (28 - оят).
Мазкур оятнинг маъносини тўла англаш учун унинг атрофидаги оятлар билан қўшиб ўрганиш лозим бўлади. Улар қуйидагича:
«Йўқ! Вақтики, жон ҳалқумга келса.
«Ва ким буни қутқарар?» - дейилса.
Ва, албатта, бу фироқлигин зонн қил(бил)ганда.
Ва болдирлар бир-бирига алмашса.
У кунда ҳайдаб бориш жойи Роббинг ҳузуридадир.
Бу оятлар жон чиқиш ҳолатидаги инсонни тасвирлаяпти. Яъни, жони ҳалқумига келиб қолганда, уни ҳаётда олиб қолиш учун барча чора кўрилади. Ким қутқараркин деб илтижо қилинади. Лекин иложи бўлмай, фироқ вақти келганига ишонч ҳосил бўлади. Жон чиққанда эса оёқлар жонсиз бўлиб бир-бирига чалмашади. Бу ерда ҳам гумон маъноси мутлақо тўғри келмайди. Жони ҳалқумига келган одам бу дунёни тарк этаётганига аниқ ишонади, гумон қилмайди.
Аллоҳ таоло «Қиёмат» сурасида: «Бас, кимнинг китоби ўнг тарафдан берилса, у, мана, менинг китобимни ўқиб кўринглар. Албатта, мен ҳисоб-китобимга йўлиқишимга зонн қилар - ишонардим, дейдир», деган (19 –20 оятлар).
Яъни, қиёмат куни бандалар Роббилари ҳузурида арз қилиниб, ҳеч бир махфий нарса қолмаганда, кимнинг номаи аъмол китоби ўнг қўлидан берилса, у жуда ҳам бахтиёр бўлади ва сурурга тўлиб: «Мана, менинг китобимни ўқиб кўринглар!» - дейди.
Чунки, у китоби ўнг қўлига берилиши биланоқ ўзининг нажот топиб, ютуққа эришганларидан эканини билиб олган бўлади. Шунинг учун, ўз хурсандчилигини бошқалар билан баҳам кўргиси келади. У сўзини давомида: «Албатта, мен ўз ҳисоб-китобимга йўлиқишимга зонн қилар - ишонар эдим, дейдир».
Яъни, мен қиёмат куни ҳисобимга йўлиқишимга қаттиқ ишонган эдим, дейди.
«Зонн» сўзининг яқийн – шак шуҳасиз ва аниқ ишонч маъносида келишини Қуръони Каримнинг «Жин» сурасининг 12 – оятида, «Мутоффифийн» сурасининг 4 – оятида, «Фуссилат» сурасининг 48 – оятида, «Юнус» сурасининг 22 – оятида ва «Тавба» сурасининг 118 – оятида мусулмон уламолар жуда яхши биладилар. Ҳизбут Таҳрирнинг бу борадаги илмсизлиги билан ҳақиқат ўзгариб қолмайди.

2. Ҳисоблаш, ўзича чамалаш маъносида.
Аллоҳ таоло «Иншиқоқ» сурасида:«Чунки, у ҳеч қачон орқага қайтмасликни зонн -ҳисобини қилган эди. Ҳа! Албатта, Роббиси уни доим кўриб турувчи эди», деган (14 – 15 оятлар).
Аллоҳ таоло «Фуссилат» сурасида:«Сиз ўзингизга қарши қулоғингиз, кўзларингиз ва териларингиз гувоҳлик беришларидан яширинмас эдингиз. Лекин Аллоҳ қилаётган амалларингизнинг кўпини билмайди, деб зонн - ҳисоб қилар эдингиз», деган (22 – оят).

3. Шак, гумон ва туҳмат маъносида.
Аллоҳ таоло «Аҳзоб» сурасида:«Ўшанда улар сизнинг уст ва қуйи томонингиздан келган эдилар. Ўшанда кўзлар тиниб, жонлар ҳалқумга келган эди ва Аллоҳ ҳақида турли гумонлар қилардингиз», деган (10 – оят).
Аллоҳ таоло «Юнус» сурасида:«Уларнинг кўплари гумонга эргашадилар, холос. Албатта, гумон ҳақ ўрнида ҳеч нарса бўла олмас. Албатта, Аллоҳ нима қилаётганларини билгувчи зотдир», деган (36 – оят).
Ҳизбут Таҳрир «зонн» сўзини фақат ушбу охирги «гумон» маъносидагина биладилар. Шунинг учун, ҳамма ёқни гумонга тўлдириб ташлаганлар.
Ҳолбуки, уламоларимиз қадимда бу масалани ҳал қилиб қўйганлар. Қуръони Каримнинг ва унга оид илмларининг машҳур мутахссиси бўлган йирик олим имом Заркаший раҳматуллоҳи алайҳ «зонн» сўзи келган оятларни тўғри тушуниш учун нимани билиш кераклиги қуйидагиларни ёзади:
«Яқийн маъносидаги «зонн» билан гумон маъносидаги «зонн»и фарқини билиш учун икки белги бор.
Биринчиси – «зонн» мақталган ва савобга сабаб бўладиган бўлса яқийн – шак – шубҳасиз илм маъносида бўлади. Агар «зонн» мазаммат – ёмонлаш маъносида келса шак бўлади.
Иккинчиси – «зонн» сўзи билан «ан» бирга келса шак маъносида, «инна» бирга келса яқийнни ифода этади.
Аҳли сунна вал жамоа мусулмонлар жумҳурининг ақийдавий мазҳаби ўлароқ Ҳизбут Таҳрирнинг бу гапини қаттиқ қоралайди.
Аввало, улар араб тилидаги «зонн» сўзининг фақат гумон маъносини англатиш билан чегараланиб қолмасилигини таъкидлайдилар. Ақоид илми истилоҳида «зонн» ўзи тўғри бўлса ҳам кучи мутавотир даражасига етмаган хабардир.
Оҳод ҳадисларда келган хабарлар гумон билан айтилган гаплар бўлиши мутлақо мумкин эмас. Оҳод ҳадислар билан собит бўлган маънолар тўғрилигига заррача ҳам шубҳа йўқ, аммо озроқ сонли одамлар томонидан ривоят қилингани учун кучи мутавотир даражасига етмаган, холос.
Иккинчидан, ислом уламоларининг барчаси, бир маъно бир неча оҳод ҳадисда такрорланса, уларнинг қўшилиши лафзий бўлмаса ҳам маънавий мутавотирни ифода этади, деган қарорга иттифоқ қилганлар. Қабр азоби ва дажжол ҳақида келган ҳадислар айнан маънавий мутавотир даражасига етганини ҳамма яхши билади.
Учинчидан, мусулмон уламолари жумҳури, оҳод ҳадисда келган маънони мусулмонларнинг биринчи авлодлари оммавий равишда тасдиқласалар, у мутавотир ўрнига ўтади, деб қарор қилганлар. Агар биз қабр азоби ва дажжолга эътиқод қилиш гуноҳ бўлади десак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча саҳобалари ва улардан кейин Ҳизбут Таҳрир пайдо бўлгунча ўтган барча мусулмонлар гуноҳкор бўлган ва бўлмоқда, деган бўламиз.
Ақийда илмида мутавотир ва оҳод хабарларда келган маъноларни инкор қилганларга нисбатан икки хил ҳукм собит бўлган. Мутавотир далил билан собит бўлган нарсани инкор қилган одам кофир бўлиб, исломдан чиқади. Оҳод ҳадисларда келган маънони инкор қилган одам фосиқ бўлади.
Шу қоидага биноан, Ҳизбут Таҳрир умумий равишда фосиқ бўлади. Унинг аъзоларидан ким қабр азоби ва дажжолга бўлган Аҳли сунна вал жамоа эътиқодини инкор қилса, фосиқ бўлади. Агар тўғри ақийдани ушласа, фосиқ бўлмайди.
Ҳизбут Таҳрирнинг бу масаладаги эътиқоди хатарли бўлиши, унинг ислом ақийдасига етказадиган катта зараридадир. Чунки, ақийдамизда қабр азоби ва дажжолга эътиқод қилишдан бошқа яна бир неча масалалар ҳам оҳод ҳадислар ила собит бўлган. Ҳизбут Таҳриргача ҳеч ким бу масалада ўзбошимчаликка ва нотўғри талқинга қўл урмаган. Агар Ҳизбут Таҳрирнинг гапига кириладиган бўлса, ислом ақийдаси пойдеворига сув қўйилган бўлади. Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинким, мусулмонлар оммаси Ҳизбут Таҳрирнинг бу нозик масаладаги сафсатасига учмадилар. Энди Ҳизбут Таҳрирнинг ўзи ҳам бу масалада тавба қилса, ўзига яхши бўлар эди.
«Ҳизбнинг раҳбарлари, амри маъруф ва наҳйи мункарга тегмаслик керак, дейдилар. Чунки бу иш ҳозирги босқичда ишга тўсиқ бўлади. Қолаверса, амри маъруф ва наҳйи мункар ислом давлатининг иши».
Бу гап ҳам шариатга хилоф ва мантиқсиз эканида бирорта ўзини ва динини билган мусулмон шубҳа қилмаса керак. Яхшилика амр қилиш ва ёмонликдан қайтариш қачон ва кимга, қайси ишда тўсиқ бўлган экан.
Ҳизбут Таҳрирнинг «амри маъруф ва наҳйи мункар ислом давлатининг иши» дейишдан мақсади тезроқ ҳукмга етиш иштиёқида айтилган эмасмикан?!
Бу гапнинг мантиқсизлигини биздаги ҳизбчилар тўла тушуниб етганми ёки бошқа сабаб борми, нима учундир улар айнан амри маъруф ва наҳйи мункарга ҳаддан ташқари, ҳатто бу ишни билмасалар ҳам ёпишиб олдилар. Улар ўз ҳизбларининг таълимотига зид равишда «амри маъруф ва наҳйи мункар»ни ўзларига «касб» қилиб олиб Қуръонда зикри келган амри маъруф ва наҳйи мункар қиладиган уммат бизмиз деб жар солиб юришибди. Ҳолбуки, уларнинг бирортаси ҳам амри маъруф ва наҳйи мункар мактабининг эшиги олдидан ҳам ўтган эмаслар. Бу муҳим ишни ва уни олиб боришни мутлақо билмайдилар. Шунинг учун, ўзларига ва ўзгаларга мушкилотлар келтриб чиқармоқдалар.
Таассублар бўлсинким, бу «даъватчилар»нинг кўплари Ҳизбут Таҳрирнинг бузуқ фикрларини Қуръон ва ҳадисга солиштириб кўра олмайдиган бесавод ёшлардир. Ўз раҳбарларининг ҳақиқий қиёфаларини, аниқ мақсадларини билмайдиган адашган, алданган шахслардир. Аммо уларнинг шундай моҳирлик билан алданганки, ўзлари биламаган ҳолда, Қуръон ва ҳадисга зид фикирларни тарата туриб, ўзларини Ислом даъватчилари деб, ҳис қиладилар.

Тадқиқотчилар ҳизбга бир қанча айбларни қўядилар

Биринчидан, чақириқлар бўйича:
«Асосий эътибор фикрий ва сиёсий соҳага қаратилиб, тарбиявий ва руҳий соҳалар унутилган».
Ислом таълимоти бўйича эса катта-ю, кичик ҳар бир ишга аввал руҳий ва тарбиявий тайёргарлик кўриш зарур. Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳам аввал Маккада ақийда ва тарбия жиҳатига асоссий эътиборни бериб, кейин Мадинада шаръий аҳкомларни нозил қилган.
«Ҳизб аъзоларининг барча йўналишдаги исломий ташкилот ва жамоалар билан тортишув ила машғул бўлиши».
Бу фаолиятлари ила ҳизбчилар ўзлари қолиб, ўзгаларни ҳам фойдали фаолиятдан четга бурадилар. Бефойда, даҳанаки тортишувлар мусулмонларнинг вақти, ақли, зеҳни, заковати ва молу мулкини зое қилиб, орада ихтилофнинг кучайишига сабаб бўлади, холос.
«Шахсиятни бино қилишда ва ақийдавий соҳаларда ақлга ҳаддан зиёд аҳамият берилиши».
Бу масалада улар қадимда ўтган мўътазилийларга ўхшасалар, ажаб эмас. Аслида эса мусулмонларнинг барчаси нақлни, яъни, оят ва ҳадисларда келган далилларни ақлдан устун қўйишлари маълум ва машҳур. Айниқса ақийда масалаларида ақлга ҳаддан зиёд аҳамият берилиши мутлақо мумкин эмас.
«Ҳизбнинг ҳукмга эришиш йўлида хорижий омилларга суяниши, улардан ёрдам сўраши. Бунда кутилмаган катта хатолар содир бўлиши эҳтимоли бор».
Бу нарса, узумининг енг, боғини сўраманг қабилидаги эски услуб. Бошқача қилиб айтилганда ҳукмни эгалла, уни кимнинг ёрдамида олганинг, у билан кимга хизмат қилишинг муҳим эмас, эканда!
«Ҳизбнинг фикрларини ўқиган киши унинг дарди ғами ҳукмни қўлга олиш эканини тасаввур қилади».
Барча мушкулотлар ушбу дарду ғамдан келиб чиқади. Мусулмон уламоларининг Ҳизбут Таҳрирдан ҳам кўра кўпроқ ҳокимият ҳақида гап юритадиганлари ҳам бу ишни тўғри деб билмайдилар.
Машҳур олимлардан Муҳаммад Ғазолий ўзининг «Мушкилотун фии ториқи ал-Ҳаётил Исломия» - Исломий ҳаёт йўлидаги мушкулотлар номли китобида бу ҳақда қуйидагиларни ёзади:
«Куллияда таҳсил олаётган ижтимоий ислоҳ чақириғига аъзо ўқувчининг биринчи ўйлаган нарсаси ҳокимга зарба бериш бўлади. Бу аблаҳ инсондир! Чунки ҳақиқий муслиҳнинг охирги ўйлайдиган нарсаси ҳукмни ўзгартириш бўлади. Албатта, аввал уйни ислоҳ қилиш керак. Кейин кўчани ислоҳ қилиш лозим. Сўнгра урф-одатларни ва ахлоқни ислоҳ қилиш шарт. Ҳа, девонга ўтириб ҳукм қилишни бошлашдан олдин қилинадиган ишлар жуда ҳам кўп. Нима учун уларни четлаб ўтамиз?! Нима учун улар ҳақида ўйламаймиз?! Нима учун фақатгина девонда ўтириб олиб ҳукм қилиш ҳақидагина ўйлаймиз?! Ким шу ишни қилса, унинг ақлининг бузуқлигига шубҳа қилмасам ҳам, ниятининг бузуқлигига шубҳа қилишга ҳаққим бор!»
Худди шу китобнинг бошқа бир жойида муаллиф қуйидагиларни ёзади:
«Мен ёшларга таъкидлаб айтмоқчиманки, динни қоим қилиш бошқа нарса ва бир тўп одамларнинг ҳукмга эга бўлиши бошқа нарса. Динни қоим қилиш кўп миқдордаги яқийнни, ихлосни, Аллоҳ ила пок алоқани, шунингдек, кенг миқёсдаги ҳаётда, одамлар, дўстлар, душманлар билан бўлган тажрибани ва бошқа кўпгина нарсаларни талаб қилади.
Кўпгина кишилар ислом билан ҳукм қиламан деб ўзларини ва ўзлари билан қўшиб исломни ҳам шарманда қилдилар.
Қанчадан қанча ҳукм талабгорларининг ортидан ўзимбўлай дейишлик, мақтов ва шуҳратга ўчлик ҳамда улуғворлик жунуни турганлиги аён бўлди.
Қанчадан қанча ҳукм талабгорлари халқаро алоқалар, халқаро ташкилотлар, ошкора-ю махфий йиғинлардан ҳеч нарсани билмайди!!
Қанчадан қанча ислом номидан ҳукмга талабгор бўлганлар мусулмонларнинг усул ва фуруъдаги мазҳабларини билмайди. Агар улар ҳукм қилиб қолса борми, ўз ақийдадошлари бошига битган бало бўлиши турган гап. Улар эса бундан кўра кофиру одил ҳокимни афзал кўришлари турган гап».

Ҳизбнинг яна бир хатосини ўрганайлик.

«Ғояларнинг чегараси торлиги, ислом ғояларининг баъзисини олиб бошқаларининг тарк қилингани».
Бошқачароқ қилиб айтадиган бўлсак, ҳукм тўғисидаги ғоя ёки шу ғояга хизмат қиладиган нарсаларнигина олган. Биздаги баъзи ҳизбчиларнинг, олдин халифалик қуриб олайлик, кейин намоз ўқиймиз дейишлари бежиз эмас.
Ҳизбут Таҳрирнинг кейинги икки нуқсонининг шарҳи матннинг ўзида келган.
«Маданийлашиш жамиятга сингиш босқичига, у эса ўз навбатида, ҳукмнинг жиловини олиш босқичига олиб боришини хаёл қилишлари.
Бу Аллоҳнинг даъватларни имтиҳон қилиш борасидаги суннатига ва минглаб тўсиқлар билан тўлиб тошган воқеъликка хилофдир».
«Ўзлари ҳаракат олиб борадиган ерлардаги барча тузумларга душманлик қилишлари.
Шунинг учун ҳам, доимо уларга қарши сурункали қамашлар жорий бўлган. Эҳтимол уларнинг ўта махфий иш олиб боришлари ва ҳукмга кўз олайтиришлари тузумларни хавфга солиб уларга қарши муросасиз бўлишларига сабаб бўлгандир».
Чунки Ҳизбут Таҳрирдан бошқа ҳизблар ҳам кўп. Уларнинг ичида Ҳизбут Таҳрирдан кўра шиддатлироқ режа тузган ва гап айтадиганлари ҳам кўп. Аммо улар оқилона иш тутганлари ва ҳикматли сиёсат юритганлари учун Ҳизбут Таҳрирга ўхшаш ноқулай ҳолатларга тушмайдилар. Ҳозирги пайтда исломий ҳаракат ва ҳизбларнинг фаолиятини ўрганган кўпгина олимларнинг фикри шу.
Одатда, бошқа ҳизб ва ташкилотлар, хусусан, сиёсат майдонида фаолият юритадиганлари фиқҳий масалаларга аралашмайдилар. Қўполроқ қилиб айтганда ўзининг алоқаси бўлмаган ишга тумшуғини тиқмайдилар. Аммо Ҳизбут Таҳрир ўз одатича ҳамма ишга, жумладан, ақийда масалаларига тумшуғини тиққани каби фиқҳий масалаларга ҳам аралашган ва бу борада ҳам шармандаси чиққан. Келинг, ўзимиз ўрганаётган маълумотларда зикр қилинган баъзи масалаларни кўриб чиқайлик.

Фиқҳий масалалар

«Ҳизб фиқҳга ва исломий ҳис-туйғуга зид бўлган фатво ва ҳукмлар чиқарган ва ўз аъзоларига мазкур нарсаларга амал қилишни ва уларни тарқатиш учун иш олиб боришни мажбурий қилган».
Фиқҳга зид бўлган фатво ва ҳукм чиқариш мантиқсизликдан бошқа нарса эмас.
Исломий ҳис-туйғуларга зид бўлган фатво ва ҳукм чиқариш ҳам мантиқсизликдан бошқа нарса эмас.
Мазкур мантиқсиз нарсаларга амал қилишни ва уларни тарқатиш учун иш олиб боришни ўз аъзоларига мажбурий қилиш эса, умуман ҳеч қандай қолипга сиғмайдиган нарса.
«Ўша нарсаларнинг баъзилари қуйидагилар;
«Шўро мажлисига мусулмон бўлмаган эркак ва аёл аъзо бўлса жоиз».
Барча асрлар, мисрлар, мазҳаблар ва тоифалардаги мусулмонлар бу нарсани айтган эмаслар. Бу ҳамма мусулмонларга зид ҳукмдир. Эҳтимол, ғайридинлардан ёрдам олиб давлат тузишни жоиз деган Ҳизбут Таҳрирга уларни давлатни бошқаришда ҳам қатнаштириш керак бўлиб қолгандир. Ким билади дейсиз, ўзимиз хоҳламасак ҳам, Ҳизбут Таҳрирнинг танқид қилувчилардан баъзиларининг, буларнинг орқасида ғайридинлар турибди, деган гапларига ишонгимиз келиб қолади. Бўлмаса, улар нима учун бу гапни айтишган ўзи?!
«Яланғоч суратларни томоша қилиш жоиз».
Уят ва шармандаликдан иборат бу ишни нафақат барча мусулмонлар, балки барча ўзини билган, одамлигини унутмаган ғайримусулмонлар ҳам жоиз эмас, ҳаром деганлар. Ислом номидан сафсата сотаётган, ислом софлиги учун кураш даъвосини қилаётган Ҳизбут Таҳрир эса бу шармандаларча ишни, ҳатто ўта кетган разил одамлар ҳам бировдан беркитиб қиладиган ишни уялмай-нетмай ҳаммага эълон қилиб, жоиз деб ўтирибди. Дунёда бирорта ўзини билган ва ҳокимият даъвосини қилаётган ҳизб бу гапни айтмаган ва айтмайди ҳам. Чунки заррача ақли бор фуқаро яланғоч суратлар ва филмлар тўла давлатда яшашни ўзига ор деб билади.
Бу маъно қуруқ гап эмас, балки ҳизб аъзолари томонидан қилинаётган амал ҳамдир. Ишончли кишиларнинг гувоҳлик беришича, ҳизбнинг Ўзбекистондаги «вазир»ларидан бири сўроқ қилинаётганда ажабтовур иш юз берган. «Амир» компютердан фойдаланишга рухсат сўраган ва ўзи билан суҳбатлашаётган кишиларни хонадан чиқиб туришини сўраган. Маълум вақтдан кейин қўриқчилар ташқарида турганларга «ақл бовар қилмайдиган иш бўлаётгани», «амир» шармсиз саҳналарни тамоша қилаётгани ҳақида хабар берган. Бу қанақаси бўлди деган саволга «амир» олма дарахти тагига ахлат солса ҳам мевасини еса бўлади-ку, бу шунга ўхшаш нарса деган. Бунга ўхшаш «амирлари» бор давлатда яшайдиган мусулмоннинг ҳоли нима кечар экан?!
Ҳизбут Таҳрирнинг кейинги фатвоси олдингисидан ҳам шарманда.
«Бегона аёлни шаҳват билан ёки шаҳватсиз ўпиш ва у билан қўл олиб сўрашиш мубоҳ».
Бу Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсани ҳалол дейишдир. Аллоҳ таоло номаҳрамларни шаҳват билан ўпиш у ёқда турсин-у, уларга шаҳвоний назар билан қарашни ҳам ҳаром қилган.
Аллоҳ таоло: «Мўминларга айтгин! Кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар. Мана шу улар учун покроқдир. Албатта, Аллоҳ нима қилаётганларидан ўта хабардордир. Ва мўминаларга айтгин! Кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар», деган (30-31 оятлар).
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло мўмин эркакларга номаҳрам аёлларга назар солиш ҳаром эканлиги, шунингдек, фаржларини ҳаромдан тийишлари ва бировдан беркитишлари зарурлигини баён қилмоқда.
Мўмина аёллар ҳам кўзларини номаҳрам эркаклардан тийишлари, фаржларини сақлашлари ва авратларини номаҳрам назарлардан беркитиб юришлари лозим.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам номаҳрам эркак ва аёлнинг ўпишишлари у ёқда турсин-у, ёлғиз ҳам қолмасликларини қаттиқ таъкидлаганлар.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир эркак зинҳор бир аёл билан холий қолмасин! Агар шундоқ бўлса, учинчилари шайтон бўлур», дедилар». Термизий ривоят қилган.
Ибн Аббос розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эркак киши зинҳор аёл билан холий қолмасин. Магар маҳрам билан бўлса, майли», дедилар.
Шунда бир киши туриб: «Эй, Аллоҳнинг Расули, хотиним ҳажга чиқди. Мен эсам фалон ғазотга қатнашмоқчиман?» - деди.
«Сен қайт! Хотининг билан бирга ҳаж қил!» - дедилар». Бухорий ва Муслим ривоят қилган.
Мўмина-муслима аёл бегона эркак бор жойда фақат ўз маҳрами ҳамроҳлигидагина бўлиши мумкин. Бундан бошқа иш тутиш ношаръий бўлади ва турли ноқулайликлар келиб чиқишига сабаб бўлади. Айниқса, ўша ерда Ҳизбут Таҳрирчи эркаклар бўлса, иш расво бўлиши турган гап.
Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг савол берган одамни жиҳодни тарк қилиб, хотинига маҳрам бўлиб ҳажга боришга амр қилишлари бу ишнинг аҳамиятининг қанчалар муҳим эканлигини кўрсатиб турибди.
Жарир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан тўсатдан назар тушиб қолиши ҳақида сўрадим. Бас, у зот, кўзингни бошқа томонга бур, дедилар». Муслим, Термизий, Ибн Можа ва Насаий ривоят қилган.
Номаҳрам шахсга қасддан, шаҳват назари билан кўз тикиш ҳаромдир. Аммо, ноқасддан назар тушиб қолиши гуноҳ ҳисобланмайди. Аммо, ушбу ҳадиси шарифда баён қилинганидек, дарҳол кўзни бошқа томонга буриб олиш шарти билан.
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй, Али! Назарга назарни эргаштирма. Албатта, биринчиси сен учун безарар бўлса ҳам, бошқаси ундоқ эмас, дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Ушбу таълимотлар ҳам Ислом жамиятини пок сақлаш йигит-қиз ва эркак-аёлларни турли ношаръий ишлардан, улардан келиб чиқадиган нохуш оқибатлардан сақлаш учун келгандир.
Ислом шариати ҳукми бўйича эркак кишининг аёлларнинг йўлини тўсиши, тегажоқлик қилиши, гап отиши у ёқда турсин, пинҳона назар солиши ҳам ҳаром ҳисобланади. Бу хиёнат ҳисобланади. Бас, шундоқ экан, бегона аёлни шаҳват билан ёки шаҳватсиз ўпиш жоиз деганларга нима дейиш мумкин.
Шунингдек, номаҳрам аёл билан қўл олишиб кўришиш мумкин эмаслигини ҳамма яхши билади. Фақат Ҳизбут Таҳриргина бу ишни жоиз дейди.
«Муслима аёл парик ёки шим кийса жоиз. У бу нарсани тарк қилишда эрининг гапига кирмаса, айб эмас».
Парик кийишни барча мазҳабларнинг уламолари эски вақтдаги улама соч қилишга ўхшаш ҳаром нарса деб биладилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ улама қилувчи аёлни ҳам, улама қилдирувчи аёлни ҳам ва вашм (татиуровка) қилувчи аёлни ҳам, вашм қилдирувчи аёлни ҳам лаънатласин», дедилар».
«Улама қилувчи аёл» аёлларга улама соч қилиб, улаб қўядиган аёл.
«Улама қилдиручи аёл» ўзидаги бор табиий сочга қаноат қилмай ясама соч улатиб олишга интилган аёл.
Ушбу ҳадиси шарифнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан айтилишига ўша пайтда бўлиб ўтган бир ҳодиса сабаб бўлган. Бир аёл Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Эй, Аллоҳнинг Расули, менинг келин бўлаётган қизим бор. Қизамиқдан айниб сочи титилиб кетган, улама қилсам бўладими?» - деб сўраган.
Ана ўшанда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифни айтганлар.
Ўша пайтда жоҳилият аёллари ҳар доимгидек ўзларига сохта жамол орттириш учун турли ҳийла-найрангларни ишлатар эдилар. Сочларини ўта чиройли қилиб кўрсатиб кўпчиликнинг эътиборини тортиш учун улама сочлар қилишар эди. Бу ишни баъзи аёллар ўзларига касб қилиб олган эдилар. Аёлларнинг сочларига улама қилиб даромад топар эдилар. Сочига улама қилдирмоқчи бўлган аёллар уларнинг олдиларига келиб, мақсадларини айтсалар, улар соч улаш ишини амалга оширар эдилар. Шундай қилиб, сохта гўзалликка эришилар эди. Бу ишни қилган аёл ўзини ҳам, ўзгани ҳам алдар эди. Шунинг учун ҳам, шариат бу ва бунга ўхшаш ишларни ҳаром қилган.
Аёл кишининг шим кийишида унинг эркакнинг кийимини кийиши ва эркакка ўхшашга уриниши бор. Бу эса шариатимизда қатъиян ман қилинган ишдир.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эркаклардан аёлларга ўхшашга уринганларни ва аёлллардан эркакларга ўхшашга уринганларни лаънатладилар».
Эркакларнинг аёлларга ўхшашга уриниши, юриш-туришда, гап-сўзда ва кийимда бўлади. Аёлларнинг эркакларга ўхшашга уринишлари ҳам худди шундоқ. Бу ишни қилганларни эса исломда лаънатланади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хотинчалиш эркакларни ва эркаксифат аёлларни лаънатладилар ҳамда: «Уларни уйларингиздан ҳайдаб чиқаринглар», дедилар.
Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам фалончини ҳайдаб чиқардилар. Умар фалончини ҳайдаб чиқарди». Бухорий ва Термизий ривоят қилган.
«Хотинчалиш эркак» деганда аёлларга ўхшатиб юришга, гапиришга, кийинишга ҳаракат қиладиган эркаклар кўзда тутилади.
Шунингдек, «эркаксифат аёллар» деганда ҳам сунъий равишда эркакларга ўхшаб кийинадиган, гапирадиган ва юрадиган аёллар кўзда тутилади. Шим кийган аёллар яна лаънатга қолмоқдалар. Ҳозирда аёлларнинг ўзларига аталган шим чиққан бўлса, уламолар уни кенг кийимнинг ичидан кийишга рухсат берганлар.
Яна Ҳизбут Таҳрирнинг ажабтовур фатволарига қайтайлик.
«Ислом давлатининг раҳбари кофир бўлиши жоиз».
Бундан Ҳизбут Таҳрир қурадиган халифаликнинг халифаси кофир бўлса жоиз дегани чиқади. Бу ерда Ҳизбут Таҳрирнинг олий раҳбарлиги ўта сир тутилиши ҳақидаги шубҳа ҳақли равишда кучаяди. Эҳтимол, ҳозирда биздаги баъзи соддадил ҳизбчиларнинг ҳатти-ҳаракатга солиб уларга кўрсатма бераётганларнинг ичида ва улар қурмоқчи бўлаётган давлат бошлиғи бўлишга давогарлар ичида кофирлар бордир. Ана ўшаларнинг ташаббуси ила ёки уларни рози қилиш учун бу фатво берилгандир. Ислом тарихида ҳеч ким ва ҳеч қандай тоифа бу фатвони берган эмас.
«Ислом давлати кофир давлатга жизя бериши жоиз».
Бу эса Аллоҳ таолонинг таълимотларига зид. Аслида бошқалар мусулмонларга жизя бериши лозим. Бу ҳам аввалги фатвонинг давоми бўлиб, Ҳизбут Таҳрирнинг яширин раҳбариятининг мусулмонларни алдаб бошқаларга хизмат қилдириш ниятида айтилган бўлса, ажаб эмас.
Ҳизбут Таҳрирнинг содда мусулмонларни ғайримусулмонларга хизмат қилдиришга уриниши давом этади.
«Модомики уруш кофирларга қарши бўлса, жосус одамнинг байроғи остида кофир давлатнинг режаси бўйича уруш қилиш жоиз».
Бу фатвога Ҳизбут Таҳрирнинг кўринганни кофирликда ва куфрга хизмат қилишда айблаётган аъзолари нима дер эканлар. Уларнинг айблаётган кишилар ислом давлати раҳбари кофир бўлиши, ислом давлати кофир давлатига жизя бериши ва жосуснинг байроғи остида кофир давлатнинг режаси бўйича уруш қилиш жоиз, демайдилар. Бу гапни айтишни ўзларига ор деб ҳисоблайдилар.
Ҳизбут Таҳрир соддадил мусулмонларни кофирларга хизмат қилдириш ҳақидаги ҳаракатларидан кейин ўзига эргашганлардан баъзи ҳолатларда энг улуғ ибодатлардан бири – намозни соқит қилишга журъат қилади. Бунинг учун бошқа фатволари қатори мантиқсиз бўлган қуйидаги икки фатвони чиқаради.
«Мусулмон фазогирдан намознинг фарзлиги соқит бўлади».
Демак, мусулмон шахс фазогир бўлиш яхши эмас. Чунки у фазогир бўлса Аллоҳ таолога ибодат қилиш бахтидан Ҳизбут Таҳрир томонидан маҳрум қилинади. Бу фатвонинг хатарлиги Аллоҳ таоло фарз қилган намозни бекор қилишда эканлигидир. Ҳизбут Таҳрирдан бошқа ҳеч ким бу фатвога журъат қилмаган.
«Икки қутбда яшовчилардан намоз ва рўза соқит бўлади».
Бу масала қадимдан мусулмон уламолар томонидан ўрганиб келинган. Аммо Ҳизбут Таҳрирдан бошқа бирор шахс ва тоифа зинҳор икки қутбда намоз ўқимай, рўза тутмай қўйиш ҳақида хаёл ҳам қилмаган. Улар намоз ва рўза вақтини қандоқ қилиб билинади деган саволга жавоб излаганлар. Аммо Ҳизбут Таҳрир ўзича намоз ва рўзани икки қутбда бир йўла йўқ қилиб қўйди. Бу фаво учун Аллоҳ таолонинг олдида қандай жавоб беришларини хаёлга ҳам сиғдириб бўлмайди.
Эътиборингизга Ҳизбут Таҳрирнинг барча мусулмонларга хилоф ўлароқ чиқарган мантиқсиз фатволаридан бирини ҳавола қиламиз.
«Ўзининг абадий маҳрамларидан бирига уйланган одамга ўн йил қамоқ жазоси берилади».
Яъни, онасига, қизига ёки туғишган синглисига уйланиб олган одамга ўн йил қамоқ жазоси берилади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бир одам иккинчи бир одамга, эй яҳудий, деса, йигирма дарра уринглар. Қачон, эй, ҳунаса, деса, уни йигирма дарра уринглар.
Ким ўз маҳрамига жинсий яқинлик қилса, уни қатл қилинглар», дедилар». Термизий ривоят қилган.
Ҳизбут Таҳрир қуйидаги фатвоси усти ялтироқ ичи қалтироқ эканини кўпчилик билмайди.
«Сувайш каналига ўшаш сув йўллари оммавий ўтиш йўллари бўлиб, улардан бирор карвоннинг ўтишини ман қилиш жоиз эмас».
Нима учун айнан Сувайш канали тилган олинган? Чунки ўша пайтда Миср айни Сувайш каналидан мустамлакачиларни ва мусулмонларнинг душманларини ўтказмай уларга қарши ўзига хос кураш олиб бораётган эди. Эҳтимол, ўша Сувайшдан ўтишдан маҳрум бўлганлар ичида Ҳизбут Таҳрирнинг мусулмонмас ҳомийлари ҳам бўлгандир. Ҳизбут Таҳрир ўзининг бу фатвоси ила ўзининг кўпчилик аъзолари билмаган ҳолда ажнабий хожаларига ихлос билан хизмат қилган бўлса, ажаб эмас.
Ажнабий хожаларга хизмат келгуси фатвода ҳам яққол сезилиб трибди.
«Кема ва учқичга ўхшаш нақлиёт воситалари ажнабий ширкатларга мулк бўлса, уларга миниш жоиз. Аммо мазкур ширкатлар мусулмонларнинг мулки бўлса, уларга миниш ҳаром. Чунки кейингилар ақд-шартнома тузишга лойиқ эмаслар».
Бу соҳадаги ажнабий ширкатларга бундан ҳам яхшироқ хизмат қилиш мумкинми?!
Бу соҳадаги мусулмон ширкатларга бундан ҳам ёмонроқ хизмат қилиш мумкинми?!
Мабодо Ҳизбут Таҳрир ўзи даъво қилаётган халифаликни қуриб қолса, унда яшайдиган фуқаролар фақат мусулмонмас ширкатларнинг нақлиёт воситаларида юришлари лозимлигини ўйлаб қўйишлари керак бўлади.
Энди Ҳизбут Таҳрирнинг фикрий ва ақийдавий томирлари ҳақидаги баъзи маълумотлар билан танишайлик.
«Ҳизб асосчисининг миллатчилик асосидаги фикрлари бор эди. У 1950 – йилда «Рисолатул Араб» - Арабларнинг рисоласи номли китоб чиқарган. Унда аввал араб юртларида ислом давлати қуриш ҳақида сўз борган. Кейин бошқаларга ўтилади».
Аслида араб миллатчиси бўлса, нима учун ҳозиргача ўзининг араб юртида халифалик тузмади? Нима учун режани бошқача қилиб, ишни бошқача қилмоқда? Нега бошқа мусулмонларнинг бошини мусибатга тутиб бермоқда? Аввал ўз фикри ва режаси бўйича араб юртларидан бирида давлат қурса бўлмасмиди? Набиҳоний араб миллатчиси бўлиши билан бирга Фаластинлик ҳамдир. Ҳозиргача унинг ватани ва миллатдошлари ўз давлатларига эга эмас. Давлат қуриш учун энг муносиб жой Фаластин эмасми? Нима учун ўз халқининг номига ҳам давлати бўлмай туриб, ўз давлатлари борларнинг бошини айлантирмоқда? Ёки ўзи давлат бошлиғи бўлиши учун бошқаларни қурбон қилмоқчими? Ёки кўзга кўринмайдиган маслаҳатчи хожаларнинг буюртмаси асосида мусулмонлар орасида мантиқсиз ҳаракатлар ила ихтилоф чиқариш ва уларнинг бошига бало-офатлар ёғилиши учун хизмат қилмоқдами?!
«Набиҳоний дастлаб Иорданиядаги «ихвонул муслимийн»лар билан алоқада бўлган. Уларнинг учрашувларида нутқлар сўзлаб юрган. Уларнинг даъватини ва асосчилари Ҳасан Баннони мақтар эди. Аммо у кейинроқ ўзининг мустақил партиясини тузганини эълон қилди.
Кўпчилик ундан ўзининг бу чақириқларидан воз кечишини сўраган. Ўшалардан бири Саййид Қутб эди. У 1953- йили Қудснинг зиёратига келганида Набиҳоний билан кўп муноқашалар қилган ва уринишларни бирлаштиришга чақирган. Аммо у ўз гапида туриб олган. Шунда Саййид ўзининг «Уларнинг қўяверинглар! Охир-оқибат ихвонлар бошлаган жойга етиб борадилар» деган гапини айтган».
Очиқ кўриниб турибдики, Набиҳоний ислом давлати ҳақидаги фикрни ихвонул муслимийнлардан олган. Чунки Ҳасан Банно ўзининг ихвонул муслимийн ҳаракатини тузиб, ислом давлати барпо этиш фикри билан чиққанда Набиҳоний ҳеч ким эмас эди. У Банно ва унинг ташкилотини мақтаб юриб, ўзи ҳам алоҳида доҳий бўлиши мумкинлиги хаёл қилиб қолди. Кейин Ҳизбут Таҳрирни тузишни бошлади. Унинг фикрлари, режалари ва иш тутиш услуби хатарли эканини очиқ – ойдин кўриниб турганидан кўпчилик уламолар ва ислом арбоблари бу ишга қарши чиққанлар ва бу ишни тарк қилишни талаб қилганлар.
Мазкур уламо ва арбоблар Набиҳоний ҳақида бежиз ташвишга тушмаган эканлар. Унинг тузган Ҳизбут Таҳрири ва қилган ишлари оқибатида юқорида ўрганиб ўтганимиз фатво ва ҳукмлар дунёга келиб, мусулмонларга ор тамғаси бўлди.
Ҳизбут Таҳрир тузилганидан бери мусулмонларга нима яхшилик берди?
Ҳизбут Таҳрир ҳар қандай душман қила олмайдиган зарарли ишларни қилдики, ислом душманлари ўзлари ҳаракат қилсалар, ҳозирги натижага эриша олмас эдилар.

БОШҚА МИСОЛЛАР

Ҳизбут Таҳрирнинг мазкур маълумотлардан ташқари бошқа айбу нуқсонлари ҳам кўп. Улардан баъзиларини эслаб ўтишга ижозат бергайсиз.

1. Ҳизбут Таҳрир ўз аъзоларига ва бошқаларга «Ҳизбут Таҳрир исломдир. Ислом Ҳизбут Таҳрирдир» деган ғояни сингдиришга тинмай уринади. Бундан асосий мақсад ўз фикр ва амрларини соддадил мусулмонларга муқаддас қилиб кўрсатишдир.
Бошқа ҳизб ва ташкилотлар ҳам ислом таълимоти асосида иш юритишларини айтадилар, аммо биз исломмиз, ислом биздир демайдилар. Чунки буни айтишга бировнинг ҳаққи йўқ. Ислом Аллоҳнинг дини. Бандалар ўз тушунчаларига қараб, ўша илоҳий динга қўлларидан келганича эътиқод ва амал қиладилар. Барча ислом юртларининг кўзга кўринган уламоларини ўз ичига олган ҳайъатлар чиқарган фатволар бошқа мусулмонларга мажбурийми, деб сўралганда доимо ўша фатволарни чиқарган уламолар, йўқ, мажбурий эмас. Бу бизнинг ижтиҳодимиз, холос деган жавобни берадилар.
Асли кимлигининг, илмий савияси қандоқлигининг тайини йўқ Ҳизбут Таҳрир раҳбарлари эса, Ҳизбут Таҳрир исломдир. Ислом Ҳизбут Таҳрирдир, дейдилар. Улар бу билан ўзларидан чиққан ҳар бир гап дин ҳукми кучига эга бўлишини даъво қиладилар. Соддадил мусулмонлар уларнинг мантиқсиз гап ва буйруқларини сўзсиз бажаришларини, ўша гап ва буйруқлар хато бўлса ҳам, ўлимга олиб борса ҳам ундан қайтмасликларини истайдилар.
Таъкидлаб айтишимиз лозимки, бу каби даъвони исломда ҳеч ким қилмаган. Ҳатто Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам дунёга оид гапларда мен ҳам сизларга ўхшаган одамман, деганлар.

2. Ҳизбут Таҳрир раҳбарлари кишиларнинг соддалиги, исломга бўлган рағбати, кўп нарсаларни билмасликлари каби омилларни ўз фойдаларига жуда ҳам унумли ишлатадилар.
Улар Ҳизбут Таҳрир исломдир, ислом Ҳизбут Таҳрирдир дейиш билан бирга дунёда миллионлаб одамлар Ҳизбут Таҳрирга аъзолигини даъво қиладилар. Ҳизбут Таҳрир раҳбарлари баъзи соддадил одамларимиз чет эл билан кам алоқада эканлари, кўпгина маълумотлардан бехабарликларидан фойдаланиб, ҳамма ўлкаларда Ҳизбут Таҳрир аллақачон ёйилиб бўлганини такрорлашдан чарчамайдилар. Аммо ўз ҳизбларининг Лондондаги идорасидан бошқа бирор нарсани далил сифатида келтира олмайдилар. Улар биздаги ҳизбчиларни алдаб, кўрдингизми, дунёнинг ҳамма тарафида бормиз. Бизни қўллаб Лондонда намойиш бўлибди! - дейдилар. Аммо йиллар давомида бошқа бирор ердан садо чиқмагани ҳақида лом-лим демайдилар.
Кўп марта такрорланганидек, ислом оламида турли жамият, ташкилот ва ҳизблар жуда кўп. Уларнинг барчасининг идоралари, шўъбалари, газет-журналлари, вакиллари ва шахобча ташкилотлари мавжуд. Уларнинг ичида Ҳизбут Таҳрирга ўхшаб сиёсатга аралашадиганлари ҳам оз эмас. Фақат Ҳизбут Таҳрирнинггина Лондондан бошқа ерда ҳеч нарсаси кўзга кўринмайди. Бас, Ҳизбут Таҳрир дунёни эгаллаб бўлган деган хаёлга чек қўймоқ керак. Агар бу гапни ким инкор қиладиган бўлса, Ҳизбут Таҳрирнинг ҳамма ёққа тарқалганини ва миллионлаб одамлар унга аъзо эканини исбот қилсин. Албатта, қуруқ гап билан эмас, ашёвий далиллар билан исбот қилсин.

3. Ҳизбнинг раҳбарлари ўз аъзоларига ўзларининг Ҳизбут Таҳрирдан эканини ҳаммага ва ҳамма ерда ошкор айтиш кераклигини қайта-қайта тайинлайдилар. Ҳақ сўзни баралла айтиш кераклиги, бу маънода ўлимнинг кўзига тик қараб бориш кераклигини тушунтиришда чарчамайдилар. Аммо ўзларини доимо яширин ҳолда тутадилар. Нима учун ҳақни баралла айтишда ўзлари намуна бўлмайдилар?! Нима учун Ҳизбут Таҳрирнинг раҳбари эканларини ошкора айтмайдилар?! Соддадил мусулмонлар уларнинг гапига кириб ўлимга тик боқишлари, ўзларини ўтга уришлари зарур бўлиб, раҳбар жаноблар бешикаст қолишлари фарзми?! Ўзини ўзи ўтга ураётган ҳизбчилар оқилона ўйлаб кўрмоқлари лозим. Агар бу иш шунчалар савобли бўлса, нима учун уларнинг устозлари шахсий намуна кўрсатмаяптилар?! Балки ўз номларини ошкор қилишдан ҳам кўрқмоқдалар?! Бошқаларга ошкора айт! Майдонга чиқ! Ўзингни ўлимга ур! Шаҳид бўласан! Жаннатга кирасан, деб қўйиб нима учун ўзлари жаннатга кириш учун ўзларини ўтга урмаяптилар?!

4. Ҳизбут Таҳрирнинг раҳбарлари соддадил мусулмонларни турли ёлғонлар билан алдаб, уларнинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдиришга жуда ҳам усталар. Яқиндаги тўқималардан бирига қулоқ солинг! Абдулқаюм Заллум Тошкентга келибди. Вазият билан танишибди. Бу ерлик ҳизбчиларга тасанно айтибди. Араб юртларида иш сустлашиб, одамлар халифалик тузилишига унча ишонмай қолган эдилар. Бу ерлик ҳизбчилар ўзларининг қаҳрамонлиги билан бошқаларда ҳам умид яна барқ уришига сабаб бўлдилар, дебти.
Бу афсонани тўқишга журъат қилганлар, албатта, одамларнинг соддалигига суянганлар. Улар адашмаган. Афсонага ишонганлар бўлди. Буни гап қилиб кўтариб юришди. Шунчалар ҳам содда бўлишадими?! Ўша Заллумнинг қачон, қаерга, ким билан келганини, қаерда тургани, кимларга кўринганини сўраб кўришмайдими?! Умуман Заллумми ёки бошқа бирор чет эллик ҳизбчими, ҳозир Тошкентга кела оладими деган саволни ўзларига бериб кўришса бўлмасмиди.
Бунга ўхшаш афсоналар тинмай тўқилиб туради. Уларга соддадил ҳизб аъзолари тинмай ишониб туради. Бундан илҳомланган раҳбарлар янгидан-янги, ранг-баранг афсоналарни тўқишда давом этадилар. Ироқдаги охирги ҳодисалар пайтида янги афсона тўқилди. Биз орзу қилган вақт энди келди! Халифаликнинг барпо бўлиши айни Ироқдан бошланади! Бунга аввалдан ҳам башоратлар бор эди. Саддам Ҳусайн бошлиқ ироқликлар Американи енгади ва халифаликни эълон қилади. Қарабсизки, бир икки кун ўтар ўтмас бутун дунё бизнинг қўлимизда!
Ҳолбуки, Саддам Ҳусайн исломнинг кўзга кўринган душманларидан бўлганини, уламоларни қўйдек сўйганини, исломий ҳаракатларни аёвсиз қирганини, ўзи атеистик партияга раҳбар бўлганини ҳамма яхши билади. Юқоридаги афсонани айтиш ёки ҳамма нарсани билиб туриб ёлғон тўқишдан ёхуд ҳамма билган нарсани билмаслик каби жоҳилликдан бошқа нарса эмас.
Минг афсуски, Ҳизбут Таҳрирнинг биздаги раҳбарлари бу каби афсоналарни тўқишда ва содда аъзолар уларга ишонишда давом этмоқдалар.

5. Ҳизбут Таҳрирнинг устомон раҳбарлари ҳизб аъзолари шариатнинг энг содда аҳкомларини ҳам билмасликларидан жуда унумли фойдаланадилар. Баъзи ҳолатларда шариат рухсат берган осон йўл туриб, қасддан ҳизбчиларни нотўғри бўлса ҳам қийин йўлга, одамларнинг қийналишига, ҳатто ҳалок бўлишига олиб борадиган йўлга бошлайдилар.
Ҳолбуки, севикли пайғамбаримиз алайҳиссалом икки ишдан бирини танлаш ихтиёрида қолсалар, албатта, енгилини танлар эдилар.
Бунга қасам ҳақидаги масалани мисол келтиришимиз мумкин. Осонлик шариати бўлган ислом шариати бу масалада ҳам осон йўл тутгани ҳаммага маълум. Ким қасам ичса-ю, кейин фикридан қайтса ёки қасам ичган нарсасидан яхшироқ нарсани билиб қолса, қасамини бузади ва каффорот тўлайди. Бошқа ҳеч қандай нарса йўқ. Аммо Ҳизбут Таҳрирда эса қасам ичдими, ўлса ҳам қайтиб бўлмайди.
Бу масалада уламоларимиз алоҳида боблар очиб оят ва ҳадислардан заррача шубҳага ўрин қолдирмай ҳужжат ва далиллар келтирганлар.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ

Мақола жойлаштирилган бўлим: Раддиялар
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase