close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Жамиятдаги сеҳр ва жинкашлик ҳақида

Қай бир жамиятда диндан бехабарлик, илмсизлик, жоҳиллик кўпайса, турли ирим-сиримлар, хурофотлар ва зарарли иллатларга йўл очилади. Жоҳилият замонидан буён айрим кишилар онги ва дунёқарашида яшаб, уларни ҳақ йўлдан чалғитиб келган баъзи муаммолар кейинги пайтларда яна янгидан бўй кўрсата бошлади. Одамлар орасида фолбинга борадиганлар, фолбиннинг айтганини қиладиганлар ва фолбинларга оид саволлар берадиганлар кўпайиб қолди.

Шунингдек, сеҳр ва сеҳргарлар мавзусига оид турли миш-мишлар, ташвиқотлар, асоссиз гап-сўзлар ҳам тобора халқ орасида урчиб бормоқда. «Фалончи сеҳрланган эмиш, энди унинг сеҳрини йўқотадиган одам топилмаётганмиш», «Пистончи эрни хотинга ёки хотинни эрга «иситиб» бераётганмиш, унинг эшигидан «иссиқ-совуқ» қилдирадиганларнинг кети узилмай қолибди» каби гап-сўзларнинг ниҳоятда авж олгани ҳам ҳақиқат! Шундай усуллар билан баъзиларнинг бир-бирларига зарар етказаётгани, яна кимларнингдир шу иллатлардан зарар топганлиги ҳақидаги гаплар ҳам кўпайгани ҳеч кимга сир эмас. Айниқса ўзига сеҳр ёки «иссиқ-совуқ» қилишгани ҳақида сўзловчилар тобора кўпаймоқда. Улар ўзларига етаётган барча нохушлик ва кўнгилсизликларни сеҳрдан кўриб, ўзлари гумон қилган шахсни ашаддий душман деб ҳисоблаб, унга нисбатан нафратларини яширолмай юришибди.
Жин чалиши масаласида ҳам авваллари умуман кўз кўриб, қулоқ эшитмаган, бир-биридан ваҳимали ва ҳайратланарли хабарлар кўпайгандан-кўпайди. Сўнгги олти-етти йил ичида баъзи одамларнинг ичига жин кириб олаётгани, ўша жинларни кимлардир ҳайдаб чиқараётгани ҳақидаги турли миш-мишлар халқ оғзидан тушмай қолди.
Беморларни ҳеч ким даволай олмаётган дардлардан турли ноанъанавий йўллар воситасида «халос қилаётганлар» тўғрисидаги машмашаларни эшитмаган одам бўлмаса керак. Кимдир «одамлари» орқали кишилар устида амалиёт ўтказгани, фарғоналик бир хоним ҳатто фаришталарни ишга солиб, дардларга малҳам бўлаётгани, яна биров илгирлик билан ҳамма дардга шифо топаётгани, бошқа биров қамчи билан уриб даволаётгани ва ҳоказоларни айтиб, ҳаммани ҳайратда қолдирадиган бўлиб кетди.
Куни кеча оммавий ахборот воситаларида тарқатилган бир хабар ушбу сатрлар муаллифини юқорида зикр қилинган мавзуларга қайтишга, бу масалага катта аҳамият берган ҳолда мусулмонларимизни ушбу хатарли иллатлардан огоҳлантиришга чорлади. Мазкур хабарда қуйидагилар айтилади:
«Москванинг бош кардиологи Юрий Бузиашвили россияликларнинг ҳар йили фолбин ва экстрасенсларга йилига 30 миллиард доллар пул сарфлаётганини маълум қилди», деб хабар берди «Интерфакс» агентлиги. Унинг айтишича, россиялик шифокорлар тиббий хизматлар бозорида нафақат хорижий ҳамкасблари билан, балки экстрасенслар билан ҳам рақобатлашишга мажбур бўлишмоқда. Бузиашвилининг айтишича, россияликлар чет элда даволаниш учун йилига тахминан 17 миллиард доллар пул сарфлаётган бўлса, фолбин, коҳин ва сеҳргарларга салкам икки баравар кўп маблағ сарфлашар экан. Бош кардиологнинг фикрига кўра, бу ҳол Россияда тиббиётнинг ривожига халақит бермоқда. Россиялик шифокорлар бу улкан маблағнинг ҳеч бўлмаганда 10 фоизини мазкур рақобатчилардан олиб қўя олса, қандайин муваффақиятга эришиши мумкин. «РИА Новости»нинг маълумотига кўра, яқин келажакда Россияда тиббиёт тўлиқ пуллик хизматга айланади.
Россия Фанлар академияси Социология институтининг 2013 йил январ ойидаги маълумотларига қараганда, россиялик аёлларнинг 67 фоизи, эркакларнинг эса тўрт фоизи фолбин, экстрасенс ва сеҳргарларга мурожаат қилар экан. Россияликларнинг яна олти фоизи ўз орзуларига эзотерик ва сеҳр-жоду амаллари ёрдамида эришишга уринади. Шунингдек, сўнгги уч йил ичида Россияда атеистлар сони анча камайгани ҳам қайд этилган. Айни пайтда экстрасенслар кўпинча турли жиноятларга қўл уриб, жавобгарликка ҳам тортилмоқда. Жумладан, 2013 йилнинг февралида полиция бир экстрасенснинг ўз мижозларини ўлдирганлиги тўғрисида гумон қилиб, уни ҳибсга олди. 2012 йилнинг ёзида эса ўз мижозларини масофадан туриб даволаш ва уларнинг тақдирига керакли ўзгаришлар киритишни ваъда қилган йигирмадан ортиқ кишидан иборат гуруҳ фирибгарликда айбланиб, қамоққа олинган».

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ
"Фолбинлик, сеҳргарлик, жин чиқариш ва ноанъанавий даволаш каби ишларнинг ҳақиқати" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Калит сўзлар
Бу бўлимдаги бошқа мақолалар: « Мунофиқ Ўзгалар эътирофи »
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase