close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Шахс дахлсизлиги ҳаққи

 

Инсон ўзининг шахсий ишларида эркин бўлиши, унинг хусусий ишларига биров ноҳақдан аралашмаслиги, шахсининг ҳақорат қилинмаслигига, шунингдек унинг оилавий ишларида, яшаш жойида, шахсий алоқаларида дахлсиз бўлиши улкан инсоний ҳуқуқларидир. Шахси ноҳақдан бўҳтонга учраган ёки камситилган, ҳақорат қилинган одам, оилавий ишларида ташқаридан ноҳақ аралашувга дучор бўлган, маскани дахлсиз бўлмаган, сир сақланиши лозим бўлган гап сўзлари, хат-хабарлари ва бошҳа муомалалари дахлсиз бўлмаган одам, инсоний ҳуқуқлари поймол қилинаётган ҳисобланади.

Исломда ким бўлишидан қатъий назар кишининг шахсий обрўсини тўкиш, уни паслатиш ҳаром қилинган. Бир инсоннинг обрўсини тўкиш унинг молу-мулкига тажовуз қилиш ёки қонини тўкиш билан тенглаштирилган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, қонларингиз, молларингиз ва обрўларингиз сизга ҳаромдир»-деганлар.
Бу бир-бирингизни қони ва молига тажовуз қилиш қандоқ ҳаром бўлса обрўсига тажовуз қилиш ҳам шунчалик ҳаромдир, деганларидир.
Шу маънода Ислом бировни ғийбат қилишшни ҳам ҳаром қилган. Ғийбат дегани бировнинг ҳалқи-яратилиши ёки хулқи-феъл атворидаги нуқсонларини ўзининг йўқлигида зикр қилишдир.
Аллоҳ таоло «Ҳужурот» сурасида: «Баъзингиз баъзингизни ғийбат қилмасин», деган.
Бировни бўҳтон қилиш эса, яъни, ўзида йўқ айбла айблаш умуман дуруст эмас.
Аллоҳ таоло «Аҳзоб» сурасида: «Мўмин ва мўминларга касб қилмаган нарсаларида озор берганлар, батаҳқиқ бўҳтонни ва очиқ-ойдин гуноҳни орқалаган бўлурлар»-деган. (58 оят)
Шунга биноан, ҳеч ким бировнинг қилмаган нуқсонда ёки жиноятда айблашга ҳақи йўқ. Агар бу ҳолатда жабрланувчи маҳкамга шикоят қилса, шарият ҳукми бўйича, айбловчидан у даъво қилаётган айбни далил ва ҳужжат билан исбот қилиб бериш талаб этилади. Исбот қилиб бера олмаса, унга туҳматчи сифатида белгиланган жазо берилади.
Ислом дини инсон шахсини камситадиган ҳар бир нарсани, жумладан, масхара қилиш, бировнинг нуқсонига имо-ишора қилиш, кишиларга лақаб қуйиш каби ишлари ҳам ҳаром қилган.
Аллоҳ таоло «Ҳужурот» сурасида: «Эй иймон келтирганлар, бир қавм бошқа қавмни масхара қилмасин, эҳтимол улар булардан яхшироқдирлар. Ва бир аёллар бошқа аёлларни масхара қилмасинлар, эҳтимол улар булардан яхшироқдирлар. Ўзингизни мазах қилманглар ва бир-бирингизга лақаб қўйманглар. Иймондан сўнг фосиқлик исми нақадар ёмон. Ким тавба қилмаса, ана ўшалар золимлардир», деган.
Шундоқ қилиб, Исломда ҳар бир кишининг шахс дахлсизлиги, обрўси, шарафи тўлиқ ҳимоя қилинган, ҳеч кимнинг шахси камситилишга, ҳақоратга учрашига йўл қўйилмаган.
Ислом динида ҳар бир шахснинг маскани ҳам дахлсиз қолиши кафолатланган. Ким бўлишидан қатъий назар, ҳар бир инсоннинг турар жойи, оилавий ва бошқа сирлари ҳимоя қилинади. Ўзининг розилигисиз ҳеч ким унинг масканига кира олмайди, назар солиб қарай олмайди, қулоқ солиб эшита олмайди.
Аллоҳ таоло «Нур» сурасида: «Эй иймон келтирганлар, ўз уйларингиздан бошқа уйларга то изн сўрамагунингизча ва уларнинг аҳлига салом бермагунингизча кирманг. Ана шундоқ қилмоғингиз сиз учун яхшидир. Шоядки, эсласангиз»-деган. (27 оят)
Ушбу ояти карима ҳукмига биноан ҳеч ким бировнинг масканига унинг изнисиз кириши мумкин эмас. Ким бу ишни қилса, инсон ҳуқуқларидан энг муҳим бир ҳақни поймол қилган бўлади, катта гуноҳ иш содир этган бўлади.
Чунки, ҳар бир киши фақат ўз масканларидагина ўзини тўла эркин ҳис этади. Бировнинг бехосдан кириб қолишидан ҳадиксирамай бемалол ҳолатда бўлишни ўзига эп кўради. Кийим-кечак, юриш-туриш ва аҳли аёл билан муомалада ҳам ўзига эрк беришни раво кўради. Шунингдек, ўзгаларга билдиришни хоҳламаган сир нарсалар билан ҳам фақат ўз масканидагина машғул бўлишни хоҳлайди. Агар маскан дахлсизлиги бўлмаса, инсон умуман тинчини йўқотади. Ҳар лаҳзада бировнинг кириб қолишидан ҳадиксираб, хотиржамлигини йўқотиб, жамоатчилик жойида тургандек туришига тўғри келиб қолади.
Бировнинг масканига изнсиз кириш унинг сир-асрори, аврати каби ўзи биров билишини хоҳламаган нарсаларни бегона кишилардан асраш учун ман қилинган.
Шу боисдан, масканга кирмай туриб ҳам бегона одам мазкур нарсалардан огоҳ бўлиши мумкин эмас. Мисол учун, бировнинг масканига унинг изнисиз назар солиш ҳам мумкин эмас.
Имом Бухорий ва Имом Термизийлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалам:
«Ким бир қавмнинг уйига уларнинг изнисиз қараса, улар унинг кўзини ўйиб олсалар хун тўлаш ҳам, қасос ҳам йўқ»-деганлар.
Ушбу ҳадиси шарифдан Исломда шахсий дахлсизлик қанчалар юқори даражада ҳимоя қилиниши яққол кўриниб турибди. Инсон ҳеч ким унинг масканига яширин равишда назар солиб турмаганини тўла ҳис қилгандагина ўзини эркин ҳис қилиши, маскан дахлсизлиги ҳақидан тўла фойдаланиши мумкин.
Уламоларимиз бировнинг уйига яширин назар солиш ҳаромлиги ҳақидаги ҳадисига қиёс қилиб, бировнинг гап-сўзларини яширинча тинглаш ҳам ҳаромлигига ҳукм чиқарганлар. Ҳеч ким бировнинг изнисиз унинг гап-сўзларига яширинча қулоқ солиши мумкин эмас. Ким бу ишни қилса, инсон ҳуқуқларидан катта бир ҳақни поймол қилган бўлади.
Шунингдек, бировнинг изнисиз унинг ёзган нарсаларини ўқиш ҳам мумкин эмас.
Имом Абу Довуд Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким ўз биродарининг мактубига унинг изнисиз назар солса, худди дўзах оташига назар солгандек бўлади», дейдилар.
«Ҳужурот» сурасидаги «Жосуслик қилманг» ояти эса мазкур нарсалар ва шунга ўхшаш бошқа нарсаларнинг ҳаммасини ўз ичига олади. Чунки, жосуслик-бировнинг сир-асросидан яширинча хабардор бўлишдир. Ислом шахсий, оилавий, маскан, хат-хабар ва сир-асрор дахлсизлигина ана шундоқ ҳимоя қилган.
Ушбу Исломий ҳимоядан ўн беш аср кейин дунё ҳамжамияти мазкур маъноларни қуйидагича ифодалаган:
-Ҳеч ким шахсий ҳаётида, оиласида, масканида ёки ёзишмаларида ноҳақ аралашувга дучор қилинмайди. Ёки бир шахснинг мазкур аралашув ва тажовузларда қонун йўли билан ҳимояланиш ҳақи бор.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ
“Исломда инсон ҳуқуқлари” китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Бу бўлимдаги бошқа мақолалар: « Тенг ҳуқуқлик Уруш санъати. 4-боб. Шакл »
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase