Бу масалага алоҳида эътибор берилишининг ўзига хос сабаби бор. Чунки, инсон ҳуқуқларининг бузулиши асосан шу нуқтадан келиб чиққан ва чиқмоқда ҳам. Яқин-яқинларгача дунёнинг тараққий этган ўлкаларида ҳам қора танли кишилар камситилар эдилар. Ҳозир ҳам шундоқ давом этиб турибди. Охирги ирқчи режим расман тугатилганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. Қонунларда тана рангига қараб камситиш йўқ қилинган бўлса ҳам, амалда бу иш бўлиб тургани ҳеч кимга сир эмас.
Инсонларни танасининг рангидан бошқа омилларга қараб камситиш ҳам ҳар қадамда учраб турибди. Дунёнинг турли юртларидаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларининг асосий вазифаси ҳам шу ноинсоний тасарруфларга қарши курашдир. Бугунги кунда инсон ҳуқуқлари масаласи халқаро сиёсатнинг бош масаласи бўлиб тургани ҳам бежиз эмас.
Ушбу ўта муҳим инсоний масалани бундан ўн беш аср муқаддам Ислом дини қандоқ муолажа қилганини ўрганаиб чиқадиган бўлсак, Ислом Аллоҳнинг дини ўлароқ, бугунги муомалаларни аллақачон ҳал этиб қўйганининг шоҳиди бўламиз.
Ислом инсонлар ўртасида тенг ҳуқуқлик бўлиши учун ёлғиз ўзи кураш бошлаган пайтда бу масала бўйича дунёда қандоқ ҳол ҳукм сургани ҳақида фикр юритадиган бўлсак, Исломнинг улуғворлигига, шароитга қул бўлмасдан, вазиятдан сеҳрланмасдан ҳақиқатга интилган илоҳий тузумлигича яна бир бор таслим бўламиз.
Ислом турли омилларидан қатъий назар инсон инсонлиги билан улуғвордир, шиорини кўтариб чиққан пайтида бутун оламда кишиларни танасининг рангига, ирқига, насабига, молу-мулкига, ижтимоий келиб чиқишига ва бошқа сохта омилларга қараб тақдирлаш ёки хорлаш ҳукм сурар эди. Олий табақа ҳисобланадиганлар у ёқда турсин, паст табақа ҳисобланадиганлар ҳам ўзларининг хорланишларининг табиий нарса, деб тушунар эдилар.
Ана шундоқ бир пайтда, Ислом кишиларнинг ўзаро бир-бирларини кўраолмаслик, душманчилик, тафриқа, ирқчилик шароитидан, ўзаро ҳурмат, ҳамкорлик, биродарлик ва тенглик шароитига олиб ўтиш учун кураш бошлади.
Бу ишнинг бошида Қуръони карим орқали, бутун халқларга қарата қилинган ушбу нидо туради:
Эй одамлар, сизларни бир жондан яратган, ундан унинг жуфтларини яратган ва икковларидан кўплаб эркак ва аёллар яратган Роббингизга тақво қилинг». (Нисо 1 оят)
Мусулмонларнинг муқаддас китобида, «Эй одамлар!» деб барча халқларга мурожаат қилинаётгани алоҳида эътиборга моликдир. Ушбу оят орқали Ислом барча одамларга ким бўлишларидан қатъий назар уларнинг асллари бир экани, ҳаммалари бир ота, бир онанинг фарзандлари эканлигини баён этилмоқда.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг хутбаларидан бирида:
«Эй одамлар! Огоҳ бўлинг! Албатта, Роббингиз бирдир. Албатта, отангиз бирдир. Огоҳ бўлинг! Арабнинг ажамдан фазли йўқ. Ажамнинг арабдан фазли йўқ. Шунингдек қизилнинг қорадан, қоранинг қизилдан ҳам фазли йўқ. Фақат тақво ила», деганларидир.
Демак, кишилар турли миллатларга мансуб бўлиши билан, танасининг ранги бошқача бўлиши билан, асллари ҳар хил бўлиб бир-бирларидан афзал бўлиб қолмайдилар. Балки, ҳаммалари бир Робб-Аллоҳ таолонинг бандалари, бир-Ота-Одам алайҳиссаломнинг фарзандлари. Улар бир оиланинг кенгайиб-кўпайиши жараёнида турли ирқ, миллат, халқ, элат, рангларга эга бўлганлар, холос. Бу турлилик, хилма-хиллилик бир-бирларидан ўзларини устун қўйиш, афзал кўриш, ўз биродарларини қул қилиб олиш, паст табақадан ҳисоблаш ва турли камситишлар учун эмас. Ким шундоқ тушунчага борса хатокор, унга амал қилса гуноҳкор бўлади.
Кишиларнинг ранглари турлича бўлиши, уларнинг турли қабилалар ва халқларга бўлиниши эса ўзига хос ҳикматга эга.
Мазкур ҳикматни биз «Ҳужурот» сурасидаги ушбу ояти каримадан тушуниб оламиз:
«Эй одамлар! Албатта биз сизларни бир эркак ва бир аёлдан яратдик ҳамда ўзаро танишишларингиз учун, халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақволигингиздир».
Демак, одамларнинг турли қабила ва халқларга бўлиб қўйишликнинг асосий ҳикмати ўзаро танишишлари учундир. Дунёдаги ҳамма халқлар бир хил тусда, бир хил тилда, бир хил ирқда, бир хил рангда бўлсалар бир-бирларига қизиғи қолмайди. Бир-бирлари билан танишиш, ўзаро ҳамкорлик қилиш, дўст-биродар бўлиш каби ишлар юзага чиқиш қийнлашади ёки аҳамияти қолмайди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бир ота-она-Одам ва Ҳавводан тарқалган болаларни уларнинг кўпайишлари жараёнида турли ирқ, миллат, элат, халқ, қабила, ранг ва шаклларга бўлиниб кетишларини ирода қилган.
Илоҳий таълимотдан узоқлашган инсонлар эса вақт ўтиши билан бу омилларни ўзаро адоват, ҳурматсизлик бир-бирини камситиш, ҳуқуқларини паймол қилиш йўлида ишлатишга ўтиб олганлар.
Аллоҳ таолонинг охирги ва баркамол дини Ислом эса, бундоқ тенгсизликларга чек қўйди У инсонларни ким бўлишидан, қандай ирқ, миллат, қабила ёки халққа тобеълигидан қатъий назар ҳаммалари тенг ҳуқуқлик эканлик-ларини эълон қилди.
Исломда инсоннинг қадр-қиймати унинг танасининг ранги, ирқи, миллати, ижтимоий келиб чиқиши, бойлиги, мансаби ва насабига қараб эмас, инсонийлигига қараб, тақвосига қараб, белгиланади. Юқоридаги оятда:
«Албатта Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз, энг тақволигингиздир» дейилишидан мақсад ҳам шу.
Пайғамбар алайҳиссалом ўз ҳадисларидан бирида:
«Оқ аёлнинг ўғлининг, қора аёлнинг ўғлидан афзаллиги йўқдир. Магар тақво ёки яхши амал ила бўлур»-деганлар.
Ҳа, Исломда инсоннинг қадр қиймати унинг ёмонликлардан ўзини сақлаши, яхшиликларни, кўпчиликка манфаат келтирадиган ишларни кўпроқ қилишига қараб ўлчаланади.
Исломдаги тенг ҳуқуқлик қоғоздаги ёзилган қарор, чиқарилган фармон ва мажлисда қабул қилинган тавсия бўлиб қолмаган. Балки ҳамма томонлама ҳаётга тўлиқ татбиқ қилингандир. Бу ҳақиқатни Аллоҳнинг ёрдами ила келгуси суҳбатларимизда батафсил ўрганиб чиқишга ҳаракат қиламиз.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳнинг
"Исломда инсон ҳуқуқлари" китобдан