Ўғрилик ёки бошқа жиноят қилишда тахмин ёки гумон қилинаётган кишини калтаклаб, дўқ-пўписа билан қўрқитиш мумкин эмас. Агар шундай қилиниши натижасида ўша киши ўғрилик, ҳад қўлланиладиган жиноят ёки қотиллик қилганини бўйнига олса, унинг бу иқрори қабул қилинмайди ва қўлини кесиш, иқрор бўлган жиноятига яраша жазо бериш мумкин эмас.
Шайбоний Али ибн Ҳанзаладан, у отасидан ривоят қилади: “Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Агар сен бир кишини оч қолдирсанг, қўрқитсанг ва қамаб қўйсанг, у ўзи қилмаган ишни бўйнига олишдан ўзини ҳимоя қила олмайди”, - деган”.
Муҳаммад ибн Исҳоқ Зуҳрийдан ривоят қилади: “Шомда Ториқнинг олдига ўғриликда гумон қилинаётган бир киши олиб келинди. Ториқ уни калтаклади ва у ўғрилик қилганига иқрор бўлди. Сўнгра Ториқ бу ҳолатда нима қилиш ҳақида сўраб, уни Абдуллоҳ ибн Умарнинг олдига юборди. Ибн Умар: “Унинг қўлини кесмаймиз, чунки у ўғрилик қилганига сенинг калтаклашингдан сўнг иқрор бўлган”, деди”.
Имом Абу Юсуф Яъқуб ибн Иброҳим Куфийнинг
"Китоб ал-Харож" китобидан
А. Маннапова таржимаси