close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Инсонларнинг қонун олдида тенглиги

Инсон ҳуқуқлари масаласида барча кишиларнинг қонун олдида баробар бўлиши катта ўрин тутади. Зотан, инсон ҳуқуқларининг бузулиши асосан шу масалага боғлиқ десак ҳам муболаға қилмаган бўламиз.

Шунинг учун ҳам, қонуний давлат ёки қонун устиворлигига эришган давлатларда инсон ҳуқуқлари масаласи яхши йўлга қўйилганлигини кўрамиз. Аксинча маълум фирқа, оила шахс ёки табақа диктатураси остида яшаётган жамиятларда эса, инсон ҳуқуқлари исталганча топталинмоқда. Ундоқ жамиятларда «Қонун», деб аталган нарса ҳокимиятни қўлда тутган жиҳат фойдаси учун хизмат қилдирмоқда. Мазкур давлатларда қонун эмас, ҳокимнинг раъйи, хоҳиши ва истаги устивордир. Бу тарздаги давлатларга ҳокимият вакили қозига телефон қилиб, фалончини отиш учун бунча муддатда ҳукм чиқар, деб амр қилиши оддий нарса ҳисобланади. Албатта, инсон ҳуқуқларини бундан бадтар поймол қилиш мумкин эмас.
Шунинг учун ҳам, инсон ҳуқуқлари масаласи доимо қонун устиворлиги билан қўшиб олиб борилмоқда. Тараққий этган, қонун устиворлиги ва инсон ҳуқуқлари масаласини яхши йўлга қўйган давлатларни ўзларидан ўрнак олишга, кези келса бу ишга турли йўллар билан мажбур қилишга ҳам ўтмоқдалар.
Ислом динида қонун устиворлигига қандоқ қаралиши, уни ҳаётга татбиқ қилиши ҳақида сўз юритишдан олдин яна бир муҳим ва нозик масалани айтиб ўтиши лозим. У ҳам бўлса устивор бўлиши талаб қилинаётган қонунларнинг адолатли бўлиши ҳам зарурлигидир. Афсуски, ҳозирда қонун устиворлиги ҳақида жуда кўп гапирилиши, бу маънода турли талаблар қўйилиши билан бир қаторда қонунларнинг адолати бўлиши зарурлиги ҳақида бир оғиз ҳам сўз йўқ. Бу эса, ўз навбатида инсон ҳуқуқларини хоҳлаганча поймол қилишга яна бир йўл очиб беради.
Мисол учун бир қонунда пора олганлик учун маълум муддат қамоқ жазоси белгиланган. Икки киши шу жиноят билан қўлга тушиб, айби тасдиқланди. Иккиси ҳам қонунда кўрсатилган муддатга қамалди. Қонун устивор бўлди. Лекин ўша икки жиноятчининг бири порага озгина сўмларни, иккинчиси эса кўпгина миллионларни олган эди. Бу ерда адолат қани?
Иккинчи бир мисол, баъзи қонунларда маълум жиноят учун эллик сўм жарима ёки уч йил қамоқ жазоси белгиланган. Қозининг розилигини топган жиноятчига жарима, топа олмаганига қамоқ жазоси белгиланади. Бу ерда ҳам адолат қани?
Инсон томонидан ишланган қонунлар шундоқ бўлиши турган гап. Ожиз инсон қонун ишлаш пайтида ҳам ўз атрофинигина кўради, турли омиллардан таъсирланади. Ҳозирда қонунларда мавжуд бўлган юқорида зикр қилинганга ўхшаш қусурларни битиришга талаблар кучайиб бораётгани ҳам фикримизни қувватлайди.
Ислом қонунлари илоҳий қонун ўлароқ, мазкур қусурлардан холийдир. Исломда ҳукм ва қонун одил бўлиши энг асосий мезон қилиб олинган. Адолат Ислом қоидаларидан бир қоида эмас, балки қоидаларнинг қоидаси, ҳақиқатларнинг олийси, қадриятларнинг улканидир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло адолат масаласини Қуръони каримнинг турли жойларида йигирма саккиз марта қайта-қайта муолажа қилган.
Аллоҳ таоло «Наҳл» сурасида:
 «Албатта, Аллоҳ адолат, эҳсонга ва қариндошларга (нафақа) беришга амр қилур»-деган.
Исломда адолат ҳақида гап кетганда жузъий маънода эмас, шомил маънодаги адолат ҳақида кетади. Адолат гап-сўзда, ишда, молу-мулкда, ҳукмда, оилада, кўча-кўйда, жамиятда ва ҳамма нарсада бўлиши керак.
Аллоҳ таоло «Анъом» сурасида:
 «Қачон гапирсангиз, агар қариндош ҳақида бўлса ҳам адолат ила гапиринг»-деган. (152 оят)
Бошқалар ҳақида адолатла гапириб, қариндоши ҳақида гапириш тўғри келганда, яқинлик таъсири ила адолатдан четлаш умуман мумкин эмас.
Шунингдек, бирор қавмнинг ёмон кўришлик ҳам адолат мезонидан четлашга сабаб бўла олмайди: «Моида» сурасида:
 «Бирон қавмни ёмон кўришингиз сизни адолат қилмасликка тортмасин. Адолат қилинг! Шу тақвога яқинроқдир», дейилган. (8-оят).
Демак, мусулмонлар ўзлари ёмон кўрган, ўзларига душман бўлган қавмларга ҳам адолат ила муомала қилмоқлари лозим.
«Нисо» сурасидда эса:
 «Бас, адолат қилмасдан нафси-ҳавога эргашиб кетманг», дейилади. (135 оят)
Ушбу қоидалар асосида дунё тарихига фахр бўлган Исломий мустақил маҳкама, ишга тушган. Энг муҳим адолат нуқталаридан бири ҳукмдир. Бу хоҳ ҳукм юритиш бўлсин, хоҳ одамлар орасида маҳкама ҳукми чиқариб ажрим қилиш бўлсин барибир.
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида:
 «Албатта, Аллоҳ сизларга омонатларни аҳлига етказишга ва қачон одамлар орасида ҳукм юритсангиз адолат ила ҳукм қилишингизга амр этади»-дейди. (58 оят)
Демак, маҳкум ким бўлишидан қатъий назар, маҳкаманинг ва ҳокимнинг ҳукми адолатли бўлиши шарт.
«Моида» сурасида Аллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб:
«Агар улар орасида ҳукм қилсанг адолатла ҳукм қил. Албатта, Аллоҳ адолат қилгувчилларни хуш кўрур»-дейди. (42-оят).
Имом Муслим, Насаий ва Аҳмад ибн Ҳанбаллар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
 «Адолат қилувчилар, Аллоҳнинг ҳузурида, қиёмат куни нурдан бўлган минбарларда Раҳмон азза ва жалланинг ўнг томонида бўлурлар. У зотнинг икки қўли ҳам ўнгдир. Улар ҳукмларида аҳли аёлларига ва ўзларига волий бўлган нарсаларга адолат қиладиганлардир»-деганлар.
Адолат ўз самарасини бу дунёда бериши лозим. Мабода баъзи бир ҳолатларда адолат самараси бу дунёда рўёбга чиқмаса, у дунёда чиқишига ҳеч шубҳа йўқ.
Адолат ҳақидаги Ислом таълимотларини чуқур ўрганган уламолардан Ибн Қаюм ал-Жавзиянинг қуйидаги гаплари Ислом шарияти васфида олтин сатрлар бўлиб қолган:
«Исолм шариятининг бино қилиниши ва асоси бандаларнинг бу дунёю охиратлари учун ҳукм қилишдир. Унинг борлиги адолатдан иборатдир, раҳматдан иборатдир, ҳикматдан иборатдир. Адолатдан жаврга чиққан, раҳматдан унинг зиддига чиққан, фойдадан зарарга чиққан, ҳикматдан беҳудаликка чиққан ҳар бир нарса, агар унга таъвил ила киритилган бўлса ҳам, шариятдан эмас. Шарият Аллоҳнинг бандалари ичида адолатидир, махлуҳотлари ичидаги раҳматидир».
Мазкур сифатларга эга бўлган адолатли қонунлар устивор бўлгандагина инсон ҳуқуқлар заррача поймол этилмайдиган ҳолатга эришилади. Бу эса, фақат Исломдагина амалга ошиши мумкин.

ҚОНУН ОЛДИДА БАРЧА БАРОБАРЛИГИ

Исломда қонуннинг устиворлиги яъни, қонун олдида барча баробарлиги ҳақида гап кетганда, оламларнинг Роббиси томонидан жорий қилинган қонунлар олдида барча баробар эканлиги тушунилади. Шунинг учун ҳам ҳамма бу баробарликни табиий, деб англанади. Исломда, бир гуруҳ кишилар томонидан жорий қилинган қонунни кўпчиликка татбиқ қилишда ҳамма баробар, деган гап йўқ. Бундай ҳолатда қонун ишлаб чиққан тоифадан бошқа тарафлар норозилиги доимий бўлиши турган гап.
Исломда қонун олдида барча баробар эканлигига далил сифатида қуйидаги машҳур ҳадис келтирилади:
Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Теримизий ва Имом Насаийлар Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:
«Қурайшликларни ўғрилик қилган Махзумиялик аёлнинг шаъни ташвишга солди. Улар, у аёл ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ким гапиради?-дейишди.
Сўнгра, бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маҳбублари Усомадан бошқа ким ҳам журъат қила олар эди, дейишди. Усома У зот алайҳиссаломга бу ҳақда гапирди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«Аллоҳ белгилаган жазолардан бир жазода шафоатчилик қиласанми?!-дедилар.
Сўнгра туриб хутба қилиб:
«Эй одамлар, албатта, сиздан олдин ўтганларнинг ҳалок бўлишлари ичларидан шарифлар ўғрилик қилишса қўйиб юбориб, заифлар ўғрилик қилса жазони қоим қилишлари сабабидан бўлган. Аллоҳга қасамки, агар Муҳаммаднинг қизи Фотима ўғрилик қилса ҳам албатта қўлини кесаман»-дедилар».
Бу ҳадиси шарифда қонун олдида ҳамма тенг эканлигини баён қилиш билан бирга бундоқ иш юритишнинг улкан аҳамиятга эга эканлиги ҳам баён қилинмоқда.
Маълумки, Қурайш қабиласи араб қабилалари ичида энг шарафлиси бўлган. Улар бу шараф билан Махзумия уруғига мансуб бир аёл ўғрилик қилиб қўлга тушади. Қилган айби учун жазо тариқасида унинг қўли кесилиши ҳаммага маълум. Қурайшликлар бу нарсани ўзлари учун катта ор-номус, деб биладилар. Наҳотки, шунчалик обрў эгаси бўлган қабиладан ўғри чиқиб қўли кесилса, одамлар олдида ким деган бўламиз, деб ўйлайдилар. Нима қилиб бўлса ҳам ўғри аёлнинг қўлини кестирмай олиб қолишга ҳаракат қиладилар.
Бунинг бирдан бир йўли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни бу ишга кўндириш эди. Лекин, бу ишга ким журъат қилади? Ким бу ҳақида У зотга оғиз очиб сўзлай олади? Қурайшликлар ўшандоқ одамнинг ҳам топдилар. Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маҳбуб-эркатойлари.
Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллоллолҳу алайҳи васалламга бу ҳақда шафоатчилик қилиб, Махзумиялик аёлни афв этишни сўраб, гапирди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишни маъқул кўрмай,
«Аллоҳ белгилаган жазолардан бир жазода шафоатчилик қиласанми?! дедилар.
Бундан, қонун татбиқ қилиш йўлида шафоатчилик ила тўсиқ бўлиш жоиз эмаслиги келиб чиқади. Шу билан бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдек зот ҳам белгиланган жазони қолдириш ҳуқуқига эга эмасликларини таъкидлайди. Бу эса ўз навбатида қонун олдида ҳамма баробар эканлиги, қонунчилик мустақил эканлиги, унга ҳеч ким аралаша олмаслигининг олий нуқтасидир.
Ҳадисни диққат билан ўрганишни давом этдирсак: қонун устиворлиги асосларининг бошқа сир-асрорларидан ҳам хабардор бўламиз.
Бу сирлардан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу билан махзумиялик аёл масаласидаги шахсий суҳбатларидан кейин масжидга чиқиб хутба қилишларидир.
Масжидга чиқиб, минбарда туриб хутба қилиш ўша вақтнинг энг муҳим ишларидан бири бўлган. Маълумотни халқ оммасига етказишнинг энг кучли воситаси бўлган. Нима учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурайшликлар ошкор бўлишини хоҳламаган ишни минбарда туриб, одамларга хутба қилиб муолажа этдилар?
Чунки, қонун устиворлиги, қонун олдида ҳамма баробарлиги, шуни талаб қилади. Ҳамма қонунни билиши керак. Жиноятчи қилишига яраша жазосини олганини ҳам ҳамма билиши керак. Бировни жазолаб, бошқани жазоламайдиган давлатларгина бу ишга қарши туради.
Шунинг учун ҳам бугунги кунда қонун устиворлиги йўқ, полис давлати, деб аталаётган давлатларда бу ишларни тўлалигича халқ оммасига ошкора айтишдан қўрқиб яширадилар.
Мазкур сирлардан яна бири, қайси бир жамиятда имконини топган жазодан қутулиб қолаверса, имконини топа олмаган жазога тортилаверса ўша жамият ҳалокатга учраши.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисда бу ҳақиқатни ўтган умматларнинг ҳалокатига ичларида шарафли ҳисобланганлар ўғрилик қилса қўйиб юбориб, заифлар ўғрилик қилса жазолаганликлари сабаб бўлганлигини баён этиб тушунтирдилар.
Чунки, қайси жамиятда жазодан қутулиб қолишнинг тўқсон тўққиз эшиги мустаҳкам ёпилган бўлиб, бир эшиги қия очилган бўлса ҳам, худди ўша қия очиқ эшик жиноятчиларга умид бағишлайди ва ўша имкониятдан фойдаланиш умиди уларни жиноятга чорлайверади.
Шунингдек юзта жиноятчидан тўқсон тўққизтаси жазо олиб биттаси қутулиб қолса ҳам қонун устиворлигига футур етади.
Жиноятчилар юз фоиз жазо олаётганлари очиқ-ойдин бўлиши учун эса бундоқ ишларни халқ оммасига доимий равишда хабарини бериб туриш керак бўлади. Бу эса ўз навбатида қонунчилик ҳокимиятининг ва ахборот воситаларининг тўла эркин бўлишини тақозо қилади.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мазкур хабарни минбардан туриб кўпчиликка хутба қилиб айтишларида ушбу маънолар ўз ифодасини топгандир.
Ушбу ҳадисда биз айтаётган қонун олдида ҳамма баробар эканлиги маъноси: Пайғамбар алайҳиссаломнинг:
«Аллоҳга қасамки, агар Муҳаммаднинг қизи Фотима ўғрилик қилса ҳам, албатта, унинг қўлини кесаман», деган гапларида ўз ифодасини топгандир.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унча-бунча нарсага Аллоҳнингг номи билан қасам ичмайдилар. Иш ўта муҳим бўлмаса ўртага жигаргўшалари Фотима Заҳрони қўшмайдилар. Ушбу маънолардан ҳам Исломда қонун олдида ҳамма баробар эканлигига қанчалик катта аҳамият берилишини тушуниб олсак бўлаверади.
Инсоф билан ўйлаб кўрайлик Аллоҳнинг Расулидан қонун устиворлиги ҳақида шундоқ қасам билан таъкидланган гап чиқиб тургандан кейин ким ҳам қонунни бузишга журъат қила олар эди. Ушбу ҳолатда қайси бир шахс жиноятчининг жазосидан қутулиб қолишига умид боғлай олар эди.
Замонавий қонунларнинг обрўсизлиги ҳам уларнинг барчага баробар татбиқ қилинмаслигидадир.
Барча Ислом таълимотлари каби, Исломнинг қонун олдида барча баробар эканлиги ҳақидаги таълимотлари ҳам ҳаётга қоилмақом этиб татбиқ қилинган. Бунга дўсту-душман ҳамма гувоҳ бўлган, тарих гувоҳ бўлган. Келгусида айнан ана шу тўғрисида фикр юритамиз иншааллоҳ.

ҚОНУН ОЛДИДА ҲОКИМ ВА МАҲКУМ БАРОБАРЛИГИ

Қонун устиворлиги йўқ, мустабид давлатларда қонун ҳокимлар қўлидаги ҳалқни ўз иродасига бўйсундириш қуроли бўлиб қолади. Қонунни ҳокимият эгаси ишлаб чиқаради ва у билан фуқаролар устидан ўз ҳукмини юритади. Бундай ҳолатда ҳукмдор қонундан устун туради.
Ҳозирда бу маъно очиқ-ойдин даъво қилинмаса ҳам, мунофиқлик йўли билан қонундан четда қолишнинг турли-туман йўллари ўйлаб чиқарилган.
Исломда эса бундоқ бўлиши умуман мумкин эмас. Чунки, Исломда Аллоҳнинг қонуни жорий бўлади. Аллоҳнинг қонуни олдида эса ҳоким ҳам, маҳкум ҳам баробар. Бири қонун ишлаб чиқиб иккинчисига татбиқ қилаётгани йўқ. Икковлари ҳам Аллоҳнинг бандаси.
Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсларини олиб кўрайлик. Аллоҳнинг энг сўнгги ва энг маҳбуб пайғамбари. Охирги илоҳий дастур бўлмиш Қуръонни қабул қилиб олиб, халоиқга етказаётган ва татбиқ қилаётган зот. Бирор оғиз сўзни ҳам ҳаводан нутқ қилмайдиган шахс. Бутун қонунлар муборак оғизларидан чиқадиган зот. Ушбу шахс қонун олдида жавобгар бўлишларини тасаввур қилиш мумкинми? Агар мумкин бўлса, фақатгина воқеъликдан далил ва ҳужжатни кўриб турибгина тасаввур қилинмаса, бошқа имкон йўқ. Воқеъликда эса кўпчилик кишилар гувоҳлигида бунга далил сабит бўлган:
«Бадр урушга тайёргарлик қизиб турган пайтида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон жангчилар сафларини оралаб юриб, уларнинг сафларини тўғрилар эдилар. Бирдан сафдан олдинга чиқиб турган бир кишини кўриб қолиб, унинг қорнига қўлларидаги камон ўқи билан туртиб сафга киритиб қўйдилар.
Шунда Савод ибн Замъа исмли ҳалиги киши:
«Менга алам етказдингиз, эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ сизни ҳақ ва адолат ила юборган. Менинг сиздаги ҳаққимни олишга имкон беринг», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«Мана бу менинг қорним, ундан ўчингни ол» - дедилар.
Шу билан У зот алайҳиссалом Исломий қонунга биноан қасос олиш ҳукмини ўз шахсларига жорий қилдилар.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Савод ибн Замъа розияллоҳу анҳуга, сен ўз пайғамбарингга шундоқ дейсанми? ўз раҳбарингга шундоҳ дейсанми? ўз қўмондонингга шундоқ дейсанми? дейишлари ёки ўзинг нима учун сафни бузуб турувдинг, дейишлари мумкин эди. Лекин шу ишни қилиш бошқаларга ҳам баҳона ахтаришга йўл очиб бериши мумкин бўлиб қолар эди.
Ўз-ўзидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Савод ибн Замъага қасос олиш учун қоринларини тутиб берганларида у қасос олганми, деган савол пайдо бўлади.
Бу саволга жавобни қиссанинг давомида оламиз:
«У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қучоқлаб муборак қоринларидан ўпди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
-Эй Савод, сени бунга нима ундади?-дедилар.
-Дунёдаги охирги ишим жилдимни сизнинг жилдингизга тегизишим бўлишини хоҳладим-деди Савод ибн Змаъа.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ҳақига дуо қилдилар.
Ибн ал-Жавзий ўзларининг «Сийрати Умар» номли китобида ал-Аҳнаф ибн Қайснинг қуйидаги гапларини келтиради:
«Умар билан кетаётган эдик, бир одам учраб қолиб:
«Эй мўминларнинг амири, фалончидан мени қутқаринг, деб илтимос қилди. Умар уни дарра билан уриб, мўминларнинг амири бўш бўлганда ишларинг бўлмайди. У мусулмонлар ғами билан машғул бўлганида, ўз ишларингни тиқиштирасанлар!»-деди.
Ҳалиги киши маҳзун бўлиб қайтиб кетди. Умар ҳам қайтди. Лекин ўша одамга инсоф қилмаганини эслайверди. Кейин уни чақиртириб келиб қўлига даррани бердида, мен сени қандоқ қилиб урган бўлсам, сен ҳам мени шундоқ қилиб ур, деди.
Ҳалиги киши бош тортиб:
«Аллоҳ учун ва сен учун ҳаққим-дан кечдим», деди.
Умар унга:
«Ёки фақат Аллоҳ учун ҳаққингдан кечасан, ёки ҳаққингни оласан»- деди.
Шунда бояги киши:
«Аллоҳ учун кечдим», деди.
Умар уйига қайтиб борди. Биз ҳам у билан бордик. У икки ракъат намоз ўқиди ва:
«Эй Ибн Хаттоб паст бир одам эдинг, Аллоҳ сени кўратди. Адашган эдинг, Аллоҳ сени ҳидоятга бошлади. Эртага Роббингнинг ҳузурига борсанг нима дейсан?» деб ўзини ўзи тергай бошлади. Биз, ер юзида ундан яхши одам бўлмаса керак, деб ўйладик.
Юқоридаги мисолларда олий ҳокимият эгаси ўз ихтиёрий билан оддий фуқорага ўзидан қасос олиш имкониятини яратиб берганлиги гувоҳи бўлдик. Бу нарса кўргазма учун қилинган нарса эмас. Чунки, мазкур ишга ўхшаган ҳолатлар кўп. Шу билан бирга катта ҳокимлар кичик ҳокимлар билан оддий фуқаролар орасидаги қасос масаласида икки томон орасида адолатли ҳукм чиқарганлари ҳақидаги ҳолатлар ҳам Исломий қонунлар олдида ҳоким ва маҳкум тенг эканлигини кўрсатади.
Биргина мисол келтирайлик:
«Буюк саҳобий Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳу Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу томонидан Куфага волий этиб тайинланган эди. Абу Мусо розияллоҳу анҳу бир кишини уриб, сочини олдириб ташлади. Ҳалиги киши олиб ташланган сочини йиғиб олиб, шикоят қилиш учун ҳазрати Умар ибн Хаттоб ҳузурларига жўнади ва бориб у кишига:
«Абу Мусо мени ўз улушимни тўлиқ беришини талаб қилганим учун, ўз насибамдан оз олишга рози бўлмаганим учун урди. У мени сенинг ҳузурингга ҳурмати борлигидан ўзидан қасос олмаслигинг учун, мусулмонлар ичида обрўси улуғлигидан ишониб урди», деди.
Умар розияллоҳу анҳу ўз волийси ал-Ашъарийнинг бу қилган ишидан қаттиқ афсусланди ва унга:
«Агар бу ишни кўпчилик ичида қилган бўлсанг, унга кўпчилик ичида ўтириб, сендан қасос олишига имконият яратиб бер. Агар ўша ишни холий жойда қилган бўлсанг, холий жойда ўтириб, унга ўзингдан қасос олишига имконият яратиб бер. Бўлмаса, иш бошқача бўлади»-деб мактуб ёзди.
Даъвогор киши мазкур мактубни Куфага олиб бориб Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳуга берди. Ҳодисадан хабардор бўлган кишилар ўртага тушиб, амир, Абу Мусони афв қилишини илтимос қилдилар. Аммо, даъвогор киши кўнмади. Шунда Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳу уларнинг олдига чиқиб ўтирди ва даъвогорга:
«Кел, мендан қасосингни ол», деди.
Ана шундагина даъвогор кишининг кўнгли жойига тушди ва бошини осмонга кўтариб:
«Эй бор Худоё! Мен уни афв этдим», деди.
Ҳуқуқий давлат дегани ана шундоқ бўлади. Унда ҳокимлар ўзларига қарши, ўз яқинларига қарши, ҳукм чиқаришлари оддий ва табиий ҳолат бўлади. Бу билан ҳоким қаҳрамонлик қилган бўлмайди, балки ўзига юклатилган масъулиятни адо этади, холос.
Қонун устивор бўлган давлатда ҳар бир оддий фуқаро ҳам ўз ҳуқуқини яхши танийди ва унинг учун астойдил курашади. Агар шундоқ бўлмаганда оддий аскар волий Абу Мусо ал-Ашъарийдан шикоят қилиб: ойлаб йўл юриб Куфадан Мадинага халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига бормас эди.
Ҳа, ўз ҳуқуқини таниган инсон шундоқ бўлади. Қонуний давлат ҳокимлари шундоқ бўладилар. Улар кўпчилик олдида ўзини оддий фуқорага урдиришларини қонун талаб қилса худди шундоқ қиладилар. Қонуний давлат ҳукмлари, қонунлари шундоқ бўлади. Улар ҳокимга алоҳида, маҳкумга алоҳида бўлмай, барчага баробар бўлади.

ҚОНУН ОЛДИДА БАРЧА БАРОБАРЛИГИ ТАТБИҒИ

Қонун устиворлигини татбиқ қилишда, қонун олдида барча баробарлигини юзага чиқишида қонунни ишга солувчи маҳкамалар ва уларнинг хизматчилари, қозиларнинг тутадиган ўрни жуда ҳам каттадир.
Бунинг учун аввало маҳкамалар эркин бўлиши, турли тазйиқларга учрамаслиги ва ҳукумат томонидан ҳимоя қилиниб туриши керак. Яъни, ҳукумат маҳкамаларнинг мустақиллигини ҳимоя қилмоғи зарур.
Исломий маҳкамаларнинг мустақиллигига: уларнинг иш услуби бўйича қўлланмасига, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг Абу Мусо  ал-Ашъарийга қозилик қилиш услубларинин баён этиб ёзган мактуби далилдир. Бу мактуб кўплаб ажнабий тилларга таржима қилинган, ҳуқуқшунослик ўқув юртларида дарс қилиб ўргатилган ҳам.
Биз ўша машҳур мактубнинг муқаддимаси билан қисқача танишиб чиқамиз:
«Албатта, қозилик ишлари муҳкам фарздир ва бардавом суннатдир. Қачон сенга шафоатчилик қилинса билки, ўтмайдиган ҳақга гапириш манфаат бермайди. Икки томон орасида юзингни, мажлисингни ва адолатингни бир хил қил. Токи шариф сенинг жаврингга тамаъ қилмасин ва заиф сенинг адолатингдан ноумид бўлмасин».
Машҳур мактубдан қуйидаги қоидалар очиқ-ойдин кўриниб туриби:
1-Суд-маҳкама ишлари-қонун бўйича шарият ҳукмлари ила кишилар орасида ҳукм чиқариш-ҳам фарз, ҳам суннат.
2-Қози ҳеч кимнинг шарфоатчилигини қабул қилинмаслиги керак. Фақат қонун асосида ҳукм чиқариш керак.
3-Қози икки томонга ҳам бир хил муносабатда бўлиши керак.
4-Қози икки томонга ҳам бир хил мажлис қуриши керак.
5-Қози икки томонга ҳам адолатли бўлиши керак.
6-Қози обрўлиларнинг риоясини қилиб, уларни бари-бир бировга жавр қилиб бўлса ҳам бизнинг фойдамизга ҳукм чиқарилади, деган умидворлик даражасига етказмаслиги керак. У-Қози заифларга нисбатан эътиборсизлик қилиб, уларнинг бизга ўхшаган заифларга қозилар боқармиди, деган ноумид ҳолга тушишига ҳам сабаб бўлмаслиги керак.
Энди юқорида зикр қилинган қоидаларга амал қилинишига ҳаётдан битта-биттадан мисол келтириб ўтайлик:
Ҳукумат қозилар мустақиллигини ҳимоя қилиб туриши зарурлигига Умар розияллоҳу анҳунинг ал-Ашъарий розияллоҳу анҳуга ёзган мактублари мисол, шундоқ бўлса ҳам яна бошқа ҳаётий мисол келтирайлик:
Ҳазрати Умар бир киши билан Шурайҳ исмли кишининг олдида хусуматлашиб қолдилар. Ҳалиги киши ораларида ҳукм чиқариш учун Шурайҳни ихтиёр қилди. Ҳазрати Умар ҳам рози бўлдилар. Шурайҳ масалании ўрганиб чиқиб ҳазрати Умарнинг зиддига ҳукм чиқарди. Ҳазрати Умар Шурайҳнинг шижоати ва адолатига қоил қолиб, уни Куфага қози этиб таъйин қилдилар. Кейинчалик Шурайҳ розияллоҳу анҳу Ислом оламининг энг машҳур қозиларидан бирига айланди.
Қози шафоатчиликни-бировнинг орага тушишини-қабул қилмаслигига, Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васалам Усома ибн Зайднинг ўғрилик қилган Махзумиялик аёл ҳақидаги шафоатини қабул қилмаганлари ҳақида олдин ўрганиб чиққан ҳадисимиз далил. Масала ҳокимиятга етиб борганидан кейин хатто жабирланувчининг афв этиши ҳам ўтмайди.
Қози икки томонга ҳам бир хил муносабатда бўлиши кераклигига мисол: Ибн Қаюм ал-Жавзиянинг «ат-Туруқ ал-Ҳакийма» китобида қуйидагилар келган:
«Бир яҳудиий киши халифа Умар ибн Хаттобга ўзи билан Имом Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг орасида бўлиб ўтган иш ҳақида шикоят қилди. Икковлари халифанинг ҳузурларига келдилар.
Шунда Умар розияллоҳу анҳу яҳудийга номини айтиб, Али розияллоҳу анҳуга эса, «эй Абу Ҳасан», деб куниясини айтиб мурожаат қилди.
Имом Алининг юзида ғазаб аломатлари пайдо бўлди. Умар розияллоҳу анҳу унга:
«Сенинг хусуматчинг яҳудий бўлганидан, сен у билан қозихонада баробар турганингдан ғазабланаяпсанми?-деди.
Шунда Имом Али розияллоҳу анҳу:
«Зинҳор ундоқ эмас, эй мўминларнинг амири, мен билан унинг орамизда тенг муомала қилмаганинг учун, уни номини айтиб, мени эса кунямни айтиб ундан афзал кўрганинг учун ғазабландим», деди.
Ўша вақтдаги Ислом оламидаги иккинчи шахс бўлмиш Али розияллоҳу анҳу билан бир бошқа диндаги оддий кишининг номини айтишдаги сўз ифодасини бошқача бўлиб қолиши қозиликдаги катта хато ҳисобланишининг ўзи кўп нарсага далолат беради. Демак, қози хусуматчи тарафларга мурожаат қилишда ҳам бир хил лафзларни ишлатиши керак.
Қози икки томонга ҳам бир хил мажлис қуриши кераклигига мисол:
Машҳур халифа Маъмун оддий бир фуқаро билан хусуматлашиб қолиб Боғдод қозиси Яҳъё ибн Аксамга арз қилибди.
Халифа Маъмун қози Яҳъёнинг ҳузурига кирганда унинг ортидан хизматчиси «Тонфуса», деб аталадиган курсини кўтариб кирибди. Буни кўрган қози норози бўлиб:
«Эй мўминларнинг амири, шергингдан кўра шарафли жойга ўтира олмайсан», дебди.
Шунда халифа Маъмун хусуматчи кишига ҳам худди ўзиникидақа «Тонфуса» келтиришни сўраган экан.
Қонун олдида ҳамма баробар бўлгандан кейин қозининг олдида халифа ҳам, оддий фуқаро ҳам бир хил курсида ўтириши керакда.
-Қози икки томонга адолатли бўлиши керак, дегани, хусуматчиларнинг шахсига қараб эмас, қонун талабларига қараб адолат ила ҳукм чиқариши керак деганидир. Бунга ҳам бир мисол келтирайлик:
Халифа ҳазрати Али каррмаллоҳу важҳаҳу йўқолган совутларини бир яҳудий кишида кўриб қолиб, қайтариб беришини талаб қиладилар. У инкор этади.
Бу иш қози Шурайҳ томонидан кўриб чиқилади. У аввал Али розияллоҳу анҳудан совут ўзиники эканлигига далил келтиришни талаб қилади. Ҳазрати Али даъвосига далил келтира олмайди. Кейин қози яҳудий кишидан қасам ичишни талаб қилади. У қасам ичади.
Шунда қози Шурайҳ, даъвогор далил келтириши керак, инкор қилувчи қасам ичиши, деган қоидани айтдида, совут яҳудий кишига берилсин, деб ҳукм чиқаради.
Яҳудий киши бу ишдан қаттиқ таъсирланади ва:
«Амирал мўмининнинг қозиси унинг зарарига менинг фойдамга ҳукм қиладими?! деб Исломга келади.
Албатта, ҳазрати Али ёлғон даъво қилиши мумкин эмас. Буни қози Шурайҳ жуда яхши билади. Лекин у ўз билганича ҳукм чиқаришга ҳуққи йўқ. Ўртада қонун бор. Қонун олдида эса ҳамма баробар.
-Қози обрўлиларнинг риоясини қилмаслиги кераклигига мисол:
Ғассон подшоҳларининг охиргиси Жабалла ибн ал-Айҳам Исломга кириб, Маккага келди. Байтуллоҳда этагини судраб фахр билан юрган эди, Фазора қабиласидан бир ғулом унга, этагингни кўтариб юр, деди. Бу подшоҳ Жабаллага оғир ботди ва ғуломни бир тарсаки туширди.
Ғулом халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга шикоят қилди. У одам юбориб подшоҳни олдириб келди ва унга:
«Туриб бер, сен унга қандоқ тарсаки туширган бўлсанг, у ҳам сенга шундоқ тарсаки туширсин. Аммо афв қилса ҳам ўзи билади, деди.
Бу гап Жабаллага қаттиқ ботди ва:
«Лекин, мен подшоҳман у яланг оёқку?!» деди.
Ҳазрати Умар бўлса мутлақо совуққонлик билан:
«Шаръий ҳукмни ижро этиш лозим. Ислом барча одамлар орасини тенг қилган»-деди.
Жабалла агар бу ишга мажбур қилинадиган бўлса, Исломдан муртад бўлиб, насроний динига кириб кетишига ишора қилди. Ҳазрати Умар унга, агар насроний динига кириб кетсанг, муртадликнинг ўзига яраша ҳукмлари бор, дедилар.
-Эртагача менга муҳлат бер-деди Жабалла.
Ҳазрати Умар унга муҳлат бердилар. Эртасига Жабалла ибн ал-Айҳам Шомга қочиб кетиб, насоро динига кирди.
Албатта, бу ишни бошқача, мулойимроқ йўл билан муолажа қилиб, бир подшоҳни Исломда собит қадам бўлишига йўл очиш ҳам мумкин эди. Лекин гап бир дона масала устида кетаётгани йўқ эди. Агар бир подшоҳга мансаб туфайли ён босилиб, қонунни бузилса, бошқа мансабдорлар ҳам ўзларига ён босилишидан умидвор бўлиб қолишлари хавфи бор эди. Умар фалон вақтда Жабаллани афв этган, деб ҳамма дастак қилиб олишлари мумкин эди. Ҳақиқат ва адолат ҳамма нарсадан устун эканлиги ҳам шунда.
-Қози заифларга нисбатан эътиборсизлик қилмаслиги кераклигига мисол.
Куфалик оддий аскарга эътибор бериб, волий Абу Мусо ал-Ашъарийдан унинг қасосини олиш ҳақидаги ҳукм.
Мисрлик масийҳия аёлнинг ҳовли-жойини қайтариб бериш учун янги қурилган масжидни бузиш ҳақидаги ҳукм ва бошқалардир.
Бунда ҳам бир заиф инсон қозилик томонидан унинг ҳақ-ҳуқуқ поймол қилинмаслиги, қонун доимо уни ҳимоя қилишига тўла ишонган бўлиши керак бўлади.
Ушбу қоидаларга тўла амал қилган Ислом давлати, тўла қонли қонуний давлат бўлган, бундан ўн беш аср илгари ҳам ўз фуқароларини ким бўлишларидан қатъий назар, қонун олдида бир хил кўрган.

ТУРЛИ ДИН ВАКИЛЛАРИНИНГ ҚОНУН ОЛДИДА ТЕНГЛИГИ

Исломниг жаҳон тарихида қолдирган салмоқли ишларидан бири қонун олдида турли динга эътиқод ва амал қилувчиларни баробар кўришини биринчи бўлиб йўлга қўйганидир.
Бу бугунги тилда ёки истилоҳда айтганимизда давлат мафкурасига қарши бўлган шахсларни ҳам қонун олдида бошқалар билан тенг кўриш, деганидир. Зотан, ҳақиқий қонуний давлат шундоқ бўлади.
Аввалги мақолаларимизда ҳам мусулмон қозилар халифалар, амирлар зиддига бошқа дин вакиллари фойдасига ҳукм чиқарганлари ҳақида бир неча кишини тўлқинлантирадиган, ҳатто ғайридинларнинг Исломга киришига сабаб бўлган ҳукмлар чиққани ҳақидаги далилларни келтириб ўтдик.
Энди ўша ҳукмлар ташвиқот учун қилинган алоҳида бир кўринишлар эмас, Қуръони карим оятларидан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан олинган, метин асосга эга бўлган умумий ва доимий қоида эканлигини батафсилроқ ўрганиб қўйсак яхши бўлади.
Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг «ал-Умм» номли китобларида:
«Ислом адолати қоидалари мусулмон шахсга ва Исломий қозичиликка мусулмонга ҳам, ғайри мусулмонга ҳам фарқ қилмасдан адолатни, ҳаммага тенг кўз билан қарашни фарз қилади»-дейдилар.
Буни барча уламолар, Ислом уммати тасдиқлайди.
Мазкур қоидаларнинг асосларидан бири бўлган Қуръон оятларининг нозил бўлиши тарихига назар солсак, масалани яна ҳам аниқроқ тушуниб етамиз.
«Мадинаи Мунавварада мусулмонлардан Рифоъа ибн Зайд исмли кишининг совути ўғирланди. Совут унли қопга солинган эди. Қопнинг йиртиғидан ун йўл-йўлакай тўкилиб борди. Совут эгаси Рифоъа тўкилган ун белгиси ортидан бориб, ўғрининг уйини топди. Уй Тўъма ибн Убайрақнинг уйи эди. Совут эгасидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга, совутни Тўъма ибн Убайрақ ўғирлади, деган хабар берилди.
Воқеанинг бундоқ тус олаётганини кўрган ўғри совутни беайб Зайд ибн ас-Самин исмли яҳудийнинг уйига ташлаб қўяди ва ўз қариндошларига бу ҳақда хабар беради.
Тўъма ибн Убайрақнинг қариндошлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, Қатода ибн Нўъмон билан амакиси Рифоъа бизнинг оиламизга қасддан туҳмат қилишди. Биз аҳли Ислом ва аҳли солиҳмиз, бизни ўғриликда айблашмоқда. Ҳолбуки, уларнинг далил ва ҳужжатлари йўқ. Бизнинг қариндошимиз беайб. Совутни фалончи ўғирлаган. Биз буни аниқлаб билдик. Бизнинг қариндошимизни одамлар олдида оқланг. Аллоҳ уни сиз билан ҳимоя қилмаса, ҳалок бўлади», дейишди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам совут яҳудийнинг уйидан топилганини билганларидан кейин Тўқма ибн Убайрақни оқладилар. Кейин яҳудийни жазога тортмоқчи бўлиб турган эдилар.
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасидаги қуйидаги оятларни нозил қилиб қолди:
«Албатта, Биз сенга китобни ҳақ ила одамлар орасида Аллоҳ сенга кўрсатганича ҳукм қилишинг учун туширдик. Сен хоинларнинг ёнини олувчи бўлма. Аллоҳга истиғфор айт! Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳимдил Зотдир. Ёз жонларига хиёнат қилувчиларни мудофаа қилма. Албатта, Аллоҳ хиёнатчи ва гуноҳкор бўлган кимсани хуш кўрмас. Одамлардан яширадилар ва Аллоҳдан яшира олмайдилар. Ҳолбуки, У зот, ўзи рози бўлмайдиган гапни хуфёна келишаётганларида ҳам улар ила биргадир. Ва Аллоҳ улар қилаётган амалларни иҳота қилиб турувчи Зотдир.
Ҳой сизлар! Сиз бу ҳаёти дунёда уларнинг ёнини олдингиз. Қиёмат кунида Аллоҳ олдида уларнинг ёнини ким олади ёки уларга ким вакил бўлади?!
Ким ёмонлик қилса ёки ўзига зулм этса, сўнгра Аллоҳга истиғфор айтса, Аллоҳни мағфиратли ва раҳимдил зот топадир.
Ким гуноҳ қилса, уни фақатгина ўз зарарига қилади. Ва Аллоҳ билувчи ва ҳикматли Зотдир.
Ким хато ёки гуноҳ қилса-ю, сўнгра уни беайбга ағдарса, шубҳасиз, бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз бўйнига олибдир.
Агар сенга Аллоҳнинг фазли ва раҳмати бўлмаганида эди. Улардан фақат ўзларини адаштирадилар холос. Сенга ҳеч зарар етказа олмайдилар. Аллоҳ сенга китоби ва ҳикматни туширди ҳамда билмаган нарсангни билдирди. Ва сенга Аллоҳнинг фазли улуғ бўлди». (105-113 оятлар).
Ушбу оятлар нозил бўлганидан кейин Зайд ибн ас-Самин исмли яҳудий батомом оқланди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам совутни Рифоъага қайтариб бердилар. Тўъма ибн Убайрақ жазодан қўрқиб, аввал Маккага, кейин Хайбарга қочди. Исломдан чиқиб муртад бўлди. Кечаси бировнинг уйига деворни остидан тешиб ўғриликка кирмоқчи бўлиб уринаётганда девор босиб ўлди.
Уламоларимиз, ушбу оятлар Қуръони каримнинг ҳақиқий илоҳий китоб эканлигига ёрқин ашёвий далилдир, бу оятлар-улкан илоҳий мўъжизадир, дейдилар. Чунки, ўша пайтда ва вазиятда фақат ҳақиқий илоҳий китобгина ўз душмани фойдасига, ўз одамлари зарарига ҳукм чиқариши мумкин эди. Ўша пайтда туҳматга қолган Зайд ибн ас-Саминнинг қавми бутун имкониятларини ишга солиб, Ислом жамияти ичида туриб, Исломга ва мусулмонларга қарши барча душманлик ишларини қилаётган эдилар. Ташқи душманлар билан тил бириктириб Исломни таг-томири билан қуритишга уринаётган эдилар. Буни ҳамма  билар ҳам эди. Бунинг устига яҳудий шахсни ўғирликда айблашга етарли асос ҳам бор эди. Ҳатто Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам зоҳирий далилларга қараб, ўғриликда шубҳа қилинаётган шахс, Тўъма ибн Убайрақни оқлаган ҳам эдилар.
Аммо, Ислом Аллоҳнинг дини, Қуръон Аллоҳнинг китоби, шунинг учун ҳам унинг ҳукми мутлоқ адолат бўлади. Унинг ҳукмидагина душманга ҳам, кофирга ҳам ноҳақлик бўлмайди. Фақат унинг ҳукмидагина, айбдор, ким бўлишидан қатъий назар, мўмин-мусулмон ва аҳли солиҳ бўлса ҳам қилмишига яраша жазосини олади. Фақат Аллоҳгина кўпчилик олдида ҳукм чиқариб қўйган пайғамбарига хитоб қилиб:
«Албатта, Биз сенга Китобни ҳақ ила одамлар орасида Аллоҳ кўрсатганига ҳукм қилишинг учун туширдик. Сен хоинларнинг ёнини олувчи бўлма!»-дейиши мумкин.
Ҳа, Исломда бу маънода ҳавойи-нафсга, турли майлу-ҳавасга эргашилмасдан ҳақ учун холисона ҳукм қилинади. Аллоҳ таоло ҳамма нарсани кўриб билиб тургани, адолатсизлик қилганни қаттиқ жазолашини чуқур ҳис этган ҳолда иш юритилади. Ана шундагина қонун устивор бўлади, турли дину диёнат, сиёсий мафкура эгалари қонун олдида тенг муомалага сазовар бўладилар.
Бундан ўн беш аср илгари мусулмонларнинг муқаддас китобида бошқа дин ва мафкура эгаларига, душманларига ҳам қонун бўйича мусулмонлар билан бир хилда ва тенг муомала қилиш ҳақидаги оятларнинг битилиши, уларга оғишмай амал қилиниши, инсон ҳуқуқлари масаласидаги жаҳон тарихининг олтин саҳифаларидир.
Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, балки таълимотлар олтин саҳифалигича қолиб кетмаган, балки ҳаётга тўлиқ татбиқ қилинган. Бунга мисоллар кўп. Лекин шартимиз фақат биргина мисол келтиришга имкон беради холос.
«Қутайба ибн Муслим ал-Боҳилий бошчилигидаги мусулмон фотиҳлар Самарқандга аввал у ернинг аҳолисига, Исломга кириш, аҳднома тузиш ёки уруш қилишдан бирортасини танлашни таклиф қилмай, Ислом қоидасини бузган ҳоларида тўғридан-тўғри кириб олдилар. Ерли аҳоли бу иш Ислом қоидасига хилоф эканлигини англаб етганидан кейин халифага шикоят хати юбордилар. Халифа бу ишни кўриб чиқишни қозига оширди. Қози Қутайба ва унинг одамлари Самарқандни ташлаб чиқишлари лозимлиги ҳақида ҳукм чиқарди. Бу дунё тарихида ғолиб халқ қозисининг мағлуб халқ фойдасига чиқарган биринчи ҳукм эди. Қутайба аскарлари билан Самарқандликларга узр айтиб, чиқиб кетди. Буни кўрган Самрақанд аҳолиси Исломга кирди.
Бундан ўн беш аср илгари Ислом дунёда биринчи бўлиб жорий қилган бу маъноларни ҳозирги замон одамлари бундан эллик йилча олдингина қуйидаги иборалар ила ифода этишга эришди:
«Қонун олдида ҳамма одамлар тенгдирлар. Улар ҳеч қандай тафриқасиз етарли ҳимоядан фойдаланиш ҳаққига эгалар... Шунингдек, уларнинг ҳеч қандай ушбу эълонга хилоф бўлган айримчиликсиз баробар ҳимояга ҳақлари бор».
-Ҳар бир шахснинг ўзига қонунда берилган асосий ҳуқуқларини паймол қилувчи ишлардан сақлаш учун миллий маҳкамаларга арз қилиш ҳаққи бор.
-Ноҳақдан ҳеч бир инсонни ҳибсга олиш, тўхтатиб қўйиш ёки сургун қилиш жоиз эмас.
-Ҳар бир инсон бошқалар билан тўла тенглик асосида ўз ишини мустақил, пок маҳкамада очиқ ва адолатли равишда кўриб чиқилиб, ҳақлари ва масъулиятлари ва унга қўйилган жиноий айбни ажрим қилиниши ҳақига эга.
-Жиноятда шубҳа қилинаётган ҳар бир шахс уни ҳимоя қилишнинг зарур таъминотлари бўлган очиқ маҳкамада қонуний йўл билан айби собит бўлмагунча айбсиз ҳисобланади.
-Ҳеч бир шахснинг бир ишни қилиш ёки қилмаслик фақатгина ўша иш содир этилган пайтда миллий ёки халқаро қонунга биноан жиноят ҳисобланган бўлсагина айбдор эътибор қилиш мумкин. Шунингдек, жиноят содир этилган пайтдаги белгиланган жазодан ортиқ жазо берилмайди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ
"Исломда инсон ҳуқуқлари" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase