— Ассалому алайкум. Ишлар қандай? Нима янгиликлар бор?
— Ваалайкум ассалам. Мана, 8 мартга қариндош ва танишлар учун совға қидириб юрибман. Сенчи, ўз аёлларингизга совға қиладиган бирор нарса топдингми?
— Менми? Мен қидирганим ҳам йўқ. Мен мусулмонман, алҳамдулиллоҳ, мусулмонларники бўлмаган байрамларни нишонламайман.
— Ғалати одам экансан. Оилангни табриклаш, уларга совғалар бериш нимаси ёмон? Ҳамма шундай қилади…
Календарда март ойи, яъни 8 мартга яқинлашган сари бундай мулоқотлар тез-тез содир бўлади. Кўпчилик, шу жумладан, кўпчилик мусулмонлар ҳам бу байрамни биров нишонламаслиги ва аёлларга совға бермаслигини билгач, унга таажжуб билан қарашади - баъзилари қоралаш билан, баъзилари эса самимий ҳамдардлик билан: бечора йигит, дини туфайли бошини бутунлай йўқотиб қўйипти! Қандай қилиб ҳеч бўлмаганда онангни табриклай олмайсан?! Бу саволга жавоб бериш учун 8 март байрамининг келиб чиқишига, ҳаммаси нимадан бошланганига назар ташлаш керак.
БАЙРАМНИНГ КЕЛИБ ЧИҚИШИ
Ҳаммага маълум бўлган расмий вариантга кўра, хотин-қизлар куни 1857 йил воқеаларига бағишланган бўлиб, ўшанда 8 март куни Нью-Йорк тўқимачилик фабрикалари ходималари иш ҳақи камлиги ва меҳнат шароитлари оғирлигига қарши норозилик ҳаракат сифатида шаҳар кўчаларида намойишга чиққан.
1910 йил Копенгагенда бўлиб ўтган Социалистик хотин-қизлар халқаро конференциясида Клара Цеткин 8 март халқаро хотин-қизлар кунини нишонлашни таклиф этиб, бу дунёнинг барча аёлларига тенглик учун курашга қўшилишга чақириқдек янгради.
8 март Совет Иттифоқида биринчи кунларданоқ расмий байрам бўлди. Большевиклар одамлар орасида мавжуд бўлган диний, биринчи навбатда насронийлик байрамларни нишонлаш урф-одатларига қарши курашиш мақсадида мамлакат фуқароларига бу кунни нишонлашни мақсадга мувофиқ равишда бошладилар.
Бироқ бир қатор тарихчилар байрамнинг бошқача – диний - сабабини келтирадилар, унга кўра Клара Цеткиннинг нияти хотин-қизлар социалистик ҳаракати тарихини ўз халқи - яҳудийлар тарихи билан боғлаш эди. Яъни, форс шоҳи Ксеркснинг хотини Есфир ҳақида ҳикоя қилувчи бу тарих саҳифаси билан.
БАЙРАМ ЗАМИРИДАГИ ДИНИЙ САБАБЛАР
Ксерксни мафтун килган малика Есфир унга таъсиридан фойдаланиб, ўз халқини, яҳудийларни қирилиб кетишдан сақлаб қолди. Унинг келиб чиқиши ҳақида билмаган шоҳдан, унинг душманларини ўлдиришга уринаётган барча душманларни йўқ қилишига ваъдани олиб, Есфир режалаштирилган "яҳудийлар қирғини"нинг олдини олди.
Есфир шоҳнинг буйруғини яҳудийларни қириб ташламоқчи бўлган форсларнинг ўзларига қарши каратди, бунинг шарафига 13 Адар куни (яҳудий тақвимининг бу ойи феврал ойининг охири – март ойининг бошига тўғри келади) Пурим байрами сифатида нишонланадиган бўлди.
Яҳудий диний тақвимида Пуримни нишонлаш санаси "ўзгарувчан"дир. Бироқ 1910 йилнинг 8 мартига тўғри келган Пурим байрами шу кунга собит бўлиб, илдиз отган.
Шундай қилиб, тахминлардан бирига кўра, бу байрамнинг тарихи яҳудийларга бориб тақалади, шундай экан, мусулмонлар ўзгаларнинг анъаналарини нишонлашига асло ҳожат йўқ.
АЁЛЛАРГА НАФАҚАТ 8 МАРТ КУНИ ҒАМХЎРЛИК ҚИЛИШ КЕРАК…
Бошқа бир вариантни асос қилиб олиш мумкин: 8 март куни аёллар уларга элементар инсон ҳуқуқлари тақдим этиш ҳақида биринчи марта очиқ талаб қилдилар.
Бундай ҳолатда мусулмонлар ўз аёлларини 8 март билан табрикламасликлари керак, шунчаки мусулмон бўлганликлари учун миннатдор бўлишлари керак, чунки Ислом аёлга аввал ҳеч қачон орзу қилмаган ҳуқуқларни берган.
Ислом, аввало, эркак ва аёлнинг келиб чиқиши билан бир-бирлари олдида тенг эканлигини ва уларнинг қилмишлари учун бир хил қисматга эга бўлишини эълон қилган. Бу эса аёлнинг жони борми, агар бор бўлса, у инсонийми ёки ҳайвонникига ўхшайдими деган савол жиддий кўриб чиқилган бир пайтда шундай бўлган.
«Эй одамлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан унинг жуфтини яратиб, икковларидан кўплаб эркагу аёллар таратган Роббингиздан қўрқинглар» (Нисо, 1).
«Албатта, муслимлар ва муслималар, мўминлар ва мўминалар, давомли итоаткор эркаклар ва давомли итоаткор аёллар, садоқатли эркаклар ва садоқатли аёллар, сабрли эркаклар ва сабрли аёллар, хушуъли эркаклар ва хушуъли аёллар, садақа қилувчи эркаклар ва садақа қилувчи аёллар, рўза тутувчи эркаклар ва рўза тутувчи аёллар, фаржларини сақловчи эркаклар ва (фаржларини) сақловчи аёллар, Аллоҳни кўп зикр қилувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр қилувчи аёллар – ўшаларга Аллоҳ мағфиратни ва буюк ажрни тайёрлаб қўйгандир» (Аҳзоб, 35).
Ислом аёлларга ўз мулкига эгалик қилиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқини, мерос олиш ҳуқуқини ва овоз бериш ҳуқуқини берди. Бу эса аёлнинг ўзи бир нарса, эркакнинг мол-мулки ҳисобланган - аввал отасига, кейин эса эрига тегишли бўлиб, уни исталган вақтда сотиши ёки гаров сифатида бериши мумкин бўлган бир пайтда бўлганди.
Мусулмон аёллар бунинг учун митинг ва намойишлар уюштиришлари шарт эмасди. Бу ҳуқуқлар уларга яратувчиси томонидан берилган бўлиб, уларни илгари ҳеч қачон орзу қилмаган даражага кўтарган.
Энг ажабланарли жойи шундаки, юқорида санаб ўтилган ижтимоий ва сиёсий ҳуқуқларни Ғарб аёллари бундан юз йилча олдин қўлга киритишган. Масалан, европалик аёл фақат 20-асрда овоз бериш ҳуқуқини олган. Шу кунгача айрим Европа давлатларида аёл киши бир хил ишни бажарган бўлса ҳам эркак кишидан пастроқ маош олади.
МУСУЛМОНЛАР ЎЗ ДИНИНИ БИЛИШЛАРИ КЕРАК
Афсуски, бгунги кунда кўплаб мусулмонлар ўз динини яхши билмайди. Улар ўз раҳбарлигини йўқотган, ва шунинг учун худди бўрондаги бир қайиқ каби, турли йўналишларда узоқлаша бошлайди.
Билимсизликда мусулмонлар бир-биридан кўчира бошладилар. Бу хатти-ҳаракатларда, кийиниш, турмуш тарзида намоён бўлади. Бунга 8 мартдан ташқари Валентин куни ва Янги йилни нишонлашни ўз ичига олган Исломга алоқаси бўлмаган саналарни нишонлашни ҳам киритиш мумкин. Бунда ҳам улар "ҳамма шундай қиляптику" сўзларига амал қилади.
Шу пайт Л.Н. Толстойнинг сўзлари ёдга тушади: «Энг оддий ва энг оғир васваса кулфатларига олиб келадиган васваса «Ҳамма шундай қиляпти» сўзларидан бошланади».
Дарҳақиқат, «Ҳамма шундай қиляпти» тамойилига амал қилиб, мусулмонлар кулфатга тушмоқда ва энг оғир кулфат ўз динини йўқотиш ҳисобланади.
Оломондан ажралиб туриш, ҳамма каби бўлмасликдан қўрқиш бизни шунга олиб келадики, биз ҳаммамиз Худога итоат қиладиган бандаларга тобора камроқ ўхшамоқдамиз. Бу дарбадарликларда мусулмонлар ўзларини йўқотиб қўяди. Улар ҳақиқий мусулмон бўлишни тўхтатадилар ва шу билан бирга на христиан, на яҳудий бўладилар. Аста-секин, улар ҳеч ким бўлиб қоладилар.
Мусулмон эркаклар ва аёллар шуни ёдда тутишлари керакки, фақат Ислом – Яратувчининг дини – одамларни улар бу ҳақида илгари орзу ҳам қилмаган ахлоқий юксакликка ва фаровонликка кўтарган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларидан бири, Умар ибн Ҳаттоб айтганидек: «Биз – Аллоҳ ислом воситасида юксакларга кўтарган халқмиз. Агар буюкликни бошқа бир нарсада излайдиган бўлсак, Аллоҳ бизни жазолайди»
Абу Муслим таржимаси