«Эй, иймон келтирганлар! Бир қавм бошқасини масхара қилмасин, эҳтимол, улар булардан яхшироқдир. Ва аёллар ҳам бошқа аёлларни (масхара қилмасин), эҳтимол, улар булардан яхшироқдир. Ва ўзингизни ўзингиз мазах қилманг, бир-бирингизга лақаб қўйманг. Иймондан кейин фосиқлик исми нақадар ёмон! Ва ким тавба қилмаса, бас, ана ўшалар ўзлари золимлардир» («Ҳужурот» сураси, 11-оят).
Бу оятда Аллоҳ мусулмонларни ўзидан бошқаларни ҳурмат қилишга, уларнинг обрўсини тўкмасликка, ҳис-туйғуларини таҳқирламасликка буюради. Эркакдур, аёлдур, ҳеч кимсани масхара қилиб, камситиб бўлмайди. Хоҳ гап билан, хоҳ қўл билан ишора қилиб ёки бошқа йўллар билан бўлсин. Эҳтимол, масхара қилинган кишилар кўриниши хунук, ўзи бечораҳол кўринса ҳам, аслида, масхара қилувчидан яхшироқдир. Бу ҳолда масхара қилувчи ўзи билмасдан Аллоҳ обрўсини кўтарган кишини паст санаган бўлади. Қолаверса, масхара қилинган кишининг аччиғи чиқиб, масхара қилувчининг ҳам айбларини ахтариб қолиши турган гап. Агар айб топмаса, ўзидан ёлғон айбларни тўқиб, халқ орасида тарқатиши ҳеч гап эмас. Шундай экан, «Масхара қилувчи энг аввал ўзига-ўзи зарар етказади» десак, хато қилмаган бўламиз. Хулоса қилиб, айтишимиз мумкинки, бировни масхара қилиш қалбларга ёмонлик солади ва кишилар ўртасида дўстлик алоқаларини бузади. Сўнгра, Аллоҳ оятда бировнинг айбини ошкор қилмасликка буюради. Чунки, бу нарса жамият аъзолари орасига адоват солади.
Аллоҳ, мусулмонлар худди бир жон, бир танга ўхшайди, шунинг учун, ўзларини-ўзлари айбламасликлари лозим, дейди. Қачонки бир мусулмон бошқа бир мусулмон биродарини айбласа, худди ўзини айблагандек бўлади.
Шунингдек, Аллоҳ кишиларни ўзлари ёқтирмаган лақаблар билан аташни ҳам ман қилади. У лақаб ўзига, отасига, онасига ёки бирор яқин кишисига тегишли бўлиши мумкин. Буларнинг барчаси кишилар ўртасида келишмовчилик чиқаради. Сўнгра, Аллоҳ масхара қилиш, бировни айблаш ва бировга лақаб тўқиш фисқу фасод иш, Аллоҳнинг тоатидан чиқишлик эканини баён қилади. Бир киши иймонли бўлганидан кейин, уни фосиқлик номи билан аташ тўғри эмас. Мана шу ёмон оқибатлардан ўзини тиймаган кишилар ўзларига зулм қилиб, Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлганлардир.