Бошқаси эса – сабрини намоён қилади, келажакда ҳаммаси яхши бўлишига умид қилади, ўзини соғлом ҳолатини тасаввур қилади ва ... соғайиб кетади.
Икки инсонга бедаво касаллик ташхиси қўйилади ва тез орада вафот этиши маълум қилинади... Бири қўрқади ва ваҳимага тушади. У ҳақиқий ажал келгунга қадар минг марталаб ўлади. Бошқаси – ўзини қўлга олади ва ўй – ҳаёлларини жамлайди. Ва ҳатто у ушбу хасталикдан фориғ бўлмасада, аслида ажал билан юзлашгунга қадар ўзини ҳаёллар билан минг марта ўлдирмайди.
Мана қаршимизда кучли иродали инсон, ҳолбуки у кашандаликдан воз кеча олмаяпти. У кун давомида тўхтовсиз чекаверади. Агарда у тамакисиз қолса, бошқа ҳеч нарса ҳақида ўйлай олмайди. Ва мана кунларнинг бирида унинг урушда бўлишига тўғри келди. Окопда. Унинг чўнтагида эса фақатгина бир дона сигарет бор. Лекин чекмайди. Уни тутунсиз жуда ҳам оғир бўладиган лаҳзаси учун асраб қўяди. Бутун бир ҳафта ўтди. У бунчалар кўп муддатга ҳали ўзини тийиб юрмаганди. Бунга қодир эканлигини кўргач, у кашандаликни ташлади, чунки у бахтига сигарет гаров бўлишини хоҳламади.
Машҳур инсонлардан бири, катта ёшда бўлгани ҳолда, организмида илон яшаятгани ҳақидаги фикрни миясига ўрнаштириб олганди. Унга юриш ва ҳаттоки нафас олиш қийинчилик туғдира бошлади. У барча шифокорларни айланиб чиқди, лекин улар илонлар инсон танасида яшамаслигини, у агарда бўлса ҳам, гижжа бўлиши мумкинлигини тушинтириб фақат кулишарди. Охирида у ўз навбатида яхши руҳшунос ҳам бўлган моҳир шифокорлардан бирининг қўлига тушиб қолди. Унинг ҳикоясидан хабар топгач, шифокор “илонни олиб ташлаш бўйича операцияни” “амалга оширди”, шундан кейин бемор порлади, фаол ҳаёт тарзига қайтди ва то ўлимига қадар ҳеч қачон касал бўлмади.
Бу инсон танасида илон борлигидан азият чекмаганди. У миясидаги илон туфайли қийналганди. Ўзининг муаммолари билан машғул бўлиб, у ўзидаги кучни ухлатиб қўйганди.
Ҳар бир инсон бадавлат
Ҳар қайси қалбда катта инсоний куч яширин ва агарда ундан тўғри фойдаланишни ўргансак, ажабланарли натижаларга эришишимиз мумкин. Бу куч, одатда ухлаётган бўлади ва қўрқув ёки қувончдан уйғонади. Қатъийлиги пасайган, ҳаттоки у ёндан бу ёнга айлана олмаётган хаста инсонни тасаввур қилиб кўринг - а. Мана у ўзига яқинлашаётган илонга кўзи тушди, олдида эса унга ёрдам бериши мумкин бўлган ҳеч ким йўқ. Наҳот у ўрнидан туриб, қочмаса?
Кечқурун уйига қайтган толғин оч кишини тасаввур қилиб кўрингчи. У фақат оромкурсига (кресло) чўзила олади ва бошқа ҳеч нарсани хоҳламайди. Айни шу пайтда ўзи учун қадрли бўлган инсоннинг ташрифи хақидаги хабарни эшитади. Ёки унинг озчиликка маълум бўлган лойиҳасига қизиқиб қолган миллиардер – бизнесмен, унга йирик молиявий кўмак бериш мақсадида, ўз ҳузурига чақираётганини билиб қолди. Мана у енгиллик ва тўқликни ҳис қила бошлайди. Нима деб ўйлайсиз, у қаерга йўналади? Учрашувгами ёки креслога?
Мана шу куч айнан бахт манбаидир. Инсон бадавлат бўлиши мумкин, лекин у эга бўлган сармоясининг баҳосини билмайди. У унга нисбатан аскетизмни (камтарлик) намоён қилади ва уни назарга илмай муносабатда бўлади.
Агарда унинг қорни ёки тиши оғриб қолса, ёхуд у шамоллаб қолгудек бўлса, дунёни тўқ рангларда кўра бошлайди. Нега энди соғлом вақтида уни ёрқин ва оч рангларда кўрмаганди? Энди у нон ёки гўшт бўлагини астойдил ейишни истагани ҳолда, таомдан воз кечади. Энди у атрофдаги инсонларга хасад қила бошлайди, лекин нега хасталанмасидан илгари таом завқини ҳис этмаган?
Нима учун инсон яхшиликни айнан ундан ажралганида қадрлай бошлайди?
Нима сабабдан қария ўзининг ёшлигини эслаб йиғлайди, ахир у ёшлик даврида ундан шодланмаганку?
Нега биз бахтни у биздан узоқлашгачгина сеза бошлаймиз? Нимага биз уни фақат яширин ўтмиш қоронғулигида кўрамиз? Ёки келажак пардаси ортида кўрамиз... Агарда ўтмиши ҳақида йиғлаётган ҳар ким, эрта бўлишидан олдин, бугуни ҳақида ўйлаганда эди...
Нимага биз бойликни фақат мол – мулк билан ўлчаймиз?
Ҳукмдорлардан бири бетоб бўлиб қолганида, унга энг нафис таомларни келтиришади, лекин у ҳеч нарса ея олмасди. У деразага қаради ва қора нон билан зайтун еётган боғбонга кўзи тушди. У бир бўлагини оғзига солар экан, иккинчисини қўлида ушлаб турарди ва кўзи билан учинчисини бўларди. Ҳукмдор унга қарар экан, шундай иштаҳага эга бўлишни ва боғбонликни орзу қиларди.
Нима учун биз соғлигимизнинг қадрига етмаймиз? Наҳотки соғлиқнинг баҳоси йўқ? Қай биримиз юз минг доллар эвазига кўз нуримиздан ажралишга тайёрмиз? Ким бурнининг бир қисмини муҳташам қасрга алмаштиради?
Биз олтин хоҳлаймиз, ваҳоланки тилла тоғлар соҳибимиз. Кўзлар олтин эмасми? Соғлиқчи? Вақт олтинга тенгмасми? Нима учун бизга берилган вақтдан унумли фойдаланмаймиз ва ҳаётнинг ҳақиқий қадрини билмаймиз?
Бизнинг уламоларимиз ва тақводор аждодларимиз ҳаттоки овқатланиш вақтида ҳам вақтларини бекорга йўқотишмаган – бу вақтда улар китоблардан бирини ўқиб беришни сўрашган. Фиқҳга доир йирик кўп жилдли асарлардан бири, зиндонга қамаб қўйилган олимнинг айтиб турган сўзлари орқали шогирдлари томонидан ёзилган (“Ал-Мабсут”, Ас-Сарахси). Биз эса вақт етишмаётганидан нолиймиз... Ҳақиқатда бу ажабланарли!
Лоқайд дангасадан бошқа ҳеч ким ўз вақтини йўқотмайди! Имтиҳон учун талаба қанчалар ўқиётганига бир қаранг. Агарда у - ҳар куни, йўқ ҳар куни эмас, ҳеч бўлмаганда ҳафтанинг бир куни шунчалик ўқиганида – етук олим бўлган бўларди. Бизнинг ибн Жавзий, Табарий, Суютий ва бошқалар каби юзлаган жилдли китоб ёзган аждодларимизга бир назар ташланг... Бир китобни олайлик, мисол учун, “Лисан ул - араб”, ўйлаб кўрингчи, уни тўлиқ ўқиб чиқа оласизми? Уни қайтадан бир бор кўчириб ёзишни гапирмай ҳам қўя қолайлик. Шунга ўхшаш нарсани ўзимиз тузишимиз мумкинлиги ҳақида оғиз очмасак ҳам бўлади.
Ақл – идрок, заковат бойлик эмасми?
Наҳот унинг баҳоси бўлмаса? Нима учун инсон телбаликдан қийналадию, ақл – идрокка соҳиб бўлгани ҳолда, ўзини бахтиёр сезмайди? Ахир агар инсоннинг ақл – заковати ва хотираси биргаликда ҳаракат қилса, ажойиб натижалар бериши мумкинку. Бухорийнинг имтихони ҳақидаги ҳикояни биласизми? Унга юзта хатоси бор ҳадислар санаб ўтилганда, уларнинг барини осонлик билан ўз ўрнига қўйган... Ёки жудаям ёш бўлган имом Шофеъийнинг - дарс вақтида шайх имом Молик айтган гапларини сўзма – сўз такрорлаб бергани – воқеасиничи эшитганмисиз?.. Ёки Маърийнинг уларнинг тилини билмаган ҳолда, икки ҳорижликнинг суҳбатини эшитиб, улар уни гувоҳликка чақирганда, суҳбатларини ҳарф – ҳарфигача айтиб берганидан хабарингиз борми?.. Имом Аҳмад, ибн Маин ва бошқа юзлаб шулар сингари ҳадис ва унинг занжирини баён қиладиганларни тасдиқлаш бўйича мутахассис бўлган олимларни эслаб кўринг. Улар мисли кўрилмаган ишни амалга оширишган. Шунга қарамасдан, инсон ўзи ва имкониятлари ҳақида фикр юритиб кўрса, шу каби ишларга қодир эканлигини англаб етади. Муаммо шундаки, биз улар каби ҳаракат қилмаймиз.
Қанча инсоннинг исмини билишингизни ўйлаб кўринг. Қанчадан – қанча футболчиларни, актёрларни... Қанча аҳоли пунктларини, газета ва журналларни, қўшиқларни, таомларни, ичимликларни... Инсонлар тақдирига доир воқеаларни. Инсон билан кундалик содир бўлаётган қанчалар ҳодисаларни. Ўқиганларингиз, кўрганларингиз, эшитганларингиз қанча... Агар инсон ўз миясида сақлаётган фойдасиз билимларни фойдалиси билан алмаштира олганда эди, юқорида биз айтиб ўтганлар каби, юқори чўққиларга кўтарилган бўларди.
Сен миллионларга нисбатан яхши яшаяпсан
Ҳақиқатдан ҳам. Агарда сен ўзингдан пастдагиларга назар ташласанг, даражанг қанчалар паст бўлмасин ва ҳолатинг қанчалик ёмон бўлмасин, билимда, тушунчада, машҳурликда, насл – насабида сендан кам бўлмаган кўплаб инсонлардан яхши яшаяпсан. Сен дунёнинг энг қудратли давлати ҳукмдорлари – Абдумалик ибн Марвон ва Хорун Рошидлардан ҳам яхшироқ яшаяпсан. Абдумалик ибн Марвоннинг асос тиши оғрирди, натижада у кечалари ухлай олмасди. У ўзини даволайдиган шифокор топа олмаган, топганида олтинларга кўмиб ташлаган бўларди. Хорун Рошид шам ёққан ҳолда улов минган. Сенинг тишларинг оғриб улгурмасидан, уни стоматолог – мутахассис дарров даволаб қўяди. Сен машинада юрасан ва электр қувватидан фойдаланасан. Ҳукмдорлар Дамашқдан Маккага етиб бориш учун бир ой сарфлашган. Сенга эса бунинг учун, бир неча соат кифоя.
Инсон аслида бахтлидир, буни ўзи сезмаса ҳам. У унга берилган неъматларни ва уларнинг қадрини билса, ҳақиқатда том маънода бахтиёр бўлади. У ўзини англаса ва ичида яшириниб ётган куч ва қувватга эркинлик берса, бахтга етишади. У бахтни атрофдагилардан эмас, ўзидан қидирсагина саодатли бўлади.
Энг катта саодат эса...
... бу иймондир. Иймон очни тўйғизади ва совуқни иситади, камбағални бой қилади ва ғам чекканни юпатади, заифни кучлантиради ва хасисни сахий қилади. Ўй – ҳаёлинг Аллоҳ Таоло билан бирга бўлса, сен саодатга етишасан. Унинг ҳар бир марҳаматига миннатдор бўлганингда. Синовларга сабр қилганингда. Аллоҳ росулининг (соллоллоҳу алайҳи васаллам) ушбу сўзларини эшитган мусулмон қандай қилиб бахтли бўлмаслиги мумкин: “Мусулмонга етадиган ғам, маҳзунлик, беморлик, кулфат, азият, ҳатто унга кирадиган тикан сабабли Аллоҳ унинг хатоларини кечиради” Муслим ривояти.