Ақл ҳақидаги гапга келсак, у билиш манбаларидан биридир. Буни инкор қиладиган киши бу даъвосини ақл ҳукмлари ўзаро қарама-қарши эканлигига боғлайди.
Чунки ақлнинг билиш манбаларидан бири эканлиги ҳамда у билан асослаш ва фикр юритишнинг билимга олиб бориши ё ақл билан билинади ёки ақлдан бошқаси билан билинади. Агар ақл билан билинишини айтсангиз, аслида сизлардан сўралган ва ақл билан фикр юритиш сизлар билан тортишилаётган масаладир. Агар бошқа бир далил билан билинганини айтсангиз, сизлардан «Бу далил нима?» деб сўралади. Агар бунинг хабар эканлигини айтсангиз, «Буни кимнинг хабаридан билдингиз ва хабар берган шахснинг айтган гапи тўғри эканлигини қандай билдингиз?» деб сўралади. Агар «Сезги орқали», десангиз, «Буни қайси сезги орқали билдингиз?» деб, ўжарлигингиз ва кибрингиз намоён бўлмагунича, улар бирма-бир айтиб, сўралаверади.
Шунингдек, бизлар соғлом сезгиларга эгамиз. Соғлом сезгиларга эга бўлганлар сезилган нарсаларни билишда бир-биридан фарқ қилмайдилар.
Аҳли ҳақ ақлнинг билиш манбаларидан бири эканлиги зарурий (элементар) очиқ-ойдин билинган нарса эканлигини айтади. Зеро, ақл топқирлиги билан аниқланган билим сезгидан ҳосил бўлган билим каби зарурий билимдир. Чунки ҳар бир нарсанинг ўз бўлагидан катта эканлиги ва бўлакнинг ўз бутунидан кичкина эканлиги ҳақидаги билим зарурий (элементар)дир. Зеро, Зайд бутунлиги билан ёлғиз қўлдан катта. Зеро, унинг бутунлигида қўли ҳам, бошқаси ҳам бор. Қўли бутун (танаси)дан кичкинадир. Шунингдек, замон жиҳатидан баробар бўлган икки нарсанинг бири борлиқда чекланганлик билан сифатланса, иккинчиси ҳам борлиқда чекланган бўлади. Масалан, Зайд ва Амрнинг туғилиши бир вақтда бўлганлиги билиниб, сўнгулардан бирининг йигирма ёшга тўлганлиги билинса, зарурий тарзда иккинчисининг ҳам йигирма ёшда эканлиги билинади. Ҳатто бу билимга шубҳа ва иккиланишлар дахл қила олмайди. Агар ўзини бу борада иккилантирмоқчи бўлса, қўлидан келмайди ва сезгилардан ҳосил бўлган билимда бўлганидек, ўзининг кибр қилаётганини билади.
Шундай экан, ким ақлнинг билиш манбаларидан бири эканлигини умуман инкор этадиган бўлса, зарурий билимни инкор этган ҳамда ўзини жоҳилликка солган ва софистларга қўшилган бўлади. Унга софистларга қилинганидек муомала қилинади.
Агар буни тан олса, умуман, ақлнинг билиш манбаларидан бири эканлигини тан олган бўлади. Агар буларни тан олиб, фикр юритиш ва (ақл билан) исботлашни инкор этса, унга бундай дейилади: Фикр юритишнинг билиш йўли эканлигига далил шуки, у билан шуғулланган ва фикр юритиш шартларини тўлиқ бажарган киши сўзсиз билимга етишади. Демак, бунинг билиш йўли эканлиги маълум. Масалан, икки киши бир йўл ҳақида, унинг Самарқанд йўли эканлиги ёки Самарқанд йўли эмаслиги борасида тортишса, низони ҳал қилишнинг энг осон йўли бундай: «Ушбу йўлдан кет. Агар у сени Самарқандга олиб борса, демак, Самарқанд йўли, агар сени у ерга олиб бормаса, демак, Самарқанд йўли эмас».
Агар йўл уни Самарқандга олиб борса, унинг Самарқанд йўли эканлиги маълум бўлади.
Шунингдек, бирор масалада иккила-нилганда ҳамма фикр юритишга ва шу борада мулоҳаза қилишга шошиладилар. Инсонлар шу шаклда яратилгандир. Ҳатто оқил киши кўринадиган бирор нарсада иккиланганида кўриш сезгисига бош урганидай, ҳар қандай сезиладиган нарсада иккиланилганида бу турдаги сезиладиган нарсани идрок қилишга масъул сезгига бош урганидай, бирор ишдан ташвишга тушган ва бирор фалокат юз берганида бундан (яъни, фикр юритишдан) тийилмоқчи бўлса ҳам, бунинг уддасидан чиқолмайди.
Булар ақлнинг билиш манбаларидан бири эканлигини ва фикр юритишнинг билимга олиб боришини, билиш инсоннинг табиатида мавжуд эканлигини кўрсатади. Шунингдек, барча оқил кишилар касблар ҳақида фикр юритадилар ва уларнинг фойдали ва зарарли бўлганларини ажратиб, улардан фойдали ва даромадли бўлгани билан шуғулланадилар ҳамда зарарли ва зиён бўлганидан узоқ бўладилар. Ушбу инкорчининг ҳоли мулоҳаза қилинганда дунёвий ишларини тартибга келтириш мақсадида кўпроқ ҳолатда мана шундай қилиш билан машғул бўлгани, кун кечириш ишлари унга маломат эмаслиги ва унинг умридан умид қилиш сабаблари фақат шу билан тартибга тушгани кўрилади. Унинг шу пайтгача тирик қолиши ундан шундай ишлар содир бўлганини кўрсатади. Бу эса ўз навбатида инкорчининг инкор қилиш билан ўжарлик қилаётганини ҳамда бу билан у мажбурият сиртмоғидан қочишни ва буйруқ билан тақиқ оқибатидан қутулишни хоҳлаётганини кўрсатади.
Шунингдек, фикрни инкор этиш уни тасдиқлаш ҳамдир. Чунки фикрни инкор этган киши уни фикр билан инкор этади. Зеро, унинг фикрдан бошқа далили йўқ.
Агар у фикрни инкор этишнинг тўғри-лигини сезгилар ёки зарурий (элементар) лик билан билганини даъво қилса, у буни муайян сезгига боғлаб тушунтириши талаб қилинади. Шундай қилиб, унинг ўжарлиги намоён бўлади. Агар буни зарурий (элементар)лик билан билишини даъво қилса ҳам, шундай. Унга: «Бизлар соғлом сезги ва комил ақл эгаларимиз. Шундай бўлсаҳам, нимаучун биз буни билмаймиз?» дейилади. Агар у: «Сизлар буни биласизлар.
Фақат ўжарлик қиласизлар» деса, ишни ўзига қарши ишлатадиган кишидан қутула олмай қолади. Биз унга: «Сен менинг гапим тўғри эканлигини ва ўзингнинг гапинг нотўғри эканлигини билиб турибсан. Фақат ўжарлик қилиб турибсан», деймиз. Шунда унинг фикр юритишга мурожаат қилишдан бошқа йўли қолмайди. Аслида, у ақлнинг ҳукмлари бир-бирига зид деганида ҳам фикр билан асослаган эди. Демак, фикрни инкор этган киши зарурий шаклда уни тасдиқлайди ва уни тасдиқлаган киши ҳам буни тасдиқлайди. Шунга кўра, бу оқил кишиларнинг якдил қараши билан тасдиқланган бўлади. Шунингдек, рақибнинг иттифоқи билан ҳам тасдиқланмоқда. Бу эса энг ишончли гувоҳликдир.
Инкор этилиши билан тасдиқланадиган ҳар бир нарса зарурий шаклда тасдиқланган бўлади. Бу (рақибдан) савол сўраш йўли билан исботланади.
Унга: «Фикрни фикр билан инкор этасанми ёки фикрдан бошқаси биланми?» деб сўралади. Агар у: «Фикр билан» деса, фикрни тасдиқлашини тан олган бўлади. Агар: «Фикрдан бошқаси билан» деса, юқорида айтиб ўтилганидек, нима нарса билан тасдиқлашини кўрсатиш талаб қи-линади.
Уларнинг «Фикрнинг мавжудлигини қаердан билдингиз?» деган саволи қолди. Биз бундай деймиз: «Бу сизлар қилган фикр-ку. Сизларнинг бундай фикрлашингиз уни тасдиқлаганингизни тан олишингиздир». Сўнг яна: «Биз унинг билимга олиб боришини билдик. Чунки биз у билан иш кўрдик ва у бизни билимга олиб борди. Шунингдек, сизлар ҳам у билан иш кўрдингиз ва сизларни дунё ишларингизнинг кўпида билимга олиб борди. Яна у сизларни - сизларнинг ўйлашингизча - унинг гўё мавжуд эмаслиги ҳақидаги билимга олиб борди. Чунки сизлар буни фикр билан инкор этасизлар. Яна биз инсонларга агар айрим ишлардан ташвишга тушиб, уларни сезгилар ва бадиҳийлик билан уларни тушуна олмасалар, уларнинг фикр юритишга мурожаат қиладиган фитратда яратилганларини билдик», дейилади.
Бунинг сабаби шуки, далил билан эътиқодини бирлаштирганда бу асосланган билим бўлади ва бу билан ўзини ёлғондан, алданишдан ёки чалкашишдан омон сақлаган, мўмин бўлади. Шунга кўра, шубҳаларни бартараф этиш ва муаммоли масалаларни ҳал қилишга қодир бўлишини шарт қилишга ҳожат йўқ.
Муътазилийлар айтадиларки: «Кишида далил деган тасаввур негизида шаклланган қараш ушбу далилга зид келган шубҳаларни бартараф этишга қодир бўлмас экан, ҳеч қачон билим бўлмайди, балки у тахминдир. Зеро, билим тахминдан ушбу қарашнинг зидди тақозо қилган ва ушбу қарашга бекор қилиш билан қаршилик қиладиган нарсани бартараф эта олиш имконияти билан ажралиб туради. Агар буларни қила олса, у билим бўлади, қила олмаса, тахмин бўлади. Эътиқодий масалалар ижтиҳодий масалалардан шу билан ажралиб туради ва бизларга ижтиҳодий масалаларда эмас, эътиқодий масалаларда қарши гапирган кишиларнинг гапи бекор бўлади. Мана шу жиҳатдан ҳақ ботилдан ажралади. Чунки ҳақ ҳужжатлари устун келган ва ўзидан бошқасида сохталик сабабларини кўрсатиб берган нарсадир. Ушбу қарашнинг муқобилидаги сохталик сабабларини кўрсатиб берилмаса, бундай қараш ҳақ деган сифатга эга бўлмайди. Фақат устун бўлган қараш ва тахмингина ҳақ бўла олади». Бу муътазилийлар қарашларининг хулосасидир.
«Имоннинг нафи тегадиган ва ишонишнинг имон бўла олиши учун у билан далил бирга келиши шарт», дейдиганларга келсак, бу далил пайғамбарнинг сўзи бўлиши ҳам мумкин. Пайғамбарнинг сўзига эътиқод қилган киши унинг қўлидан мўъжизалар содир бўлганлигини билган. Шу туфайли эътиқод қилиш лозим бўлган оламнинг пайдо бўлиши, Яратувчининг борлиги ва бошқа барча нарсалар ҳақида унда билим ҳосил бўлади. Зеро, мўъжиза билан қўллаб-қувватланган кишининг хабари билим манбаларидан биридир. Демак, эътиқод билимни тақозо қиладиган далилга асосланган бўлади.
Улар айтишадики, пайғамбарлар (алай-ҳимусссалом) олиб келган дунё ва охират манфаатларини қамраб олувчи шариатлар икки хил бўлади.
Биринчиси, оламнинг пайдо бўлиши, Яратувчининг борлиги, бирлиги, унинг комиллик сифатлари билан сифатланиши, камчиликлардан пок эканлиги, пайғамбарларнинг келганлиги ва шуларга ўхшаш мулоҳаза ва фикр юритиш билан ақл қамраб олиши ва англаб етиши мумкин бўлган нарсалар.
Иккинчиси, ибодатларнинг шакли, уларнинг жоиз бўлиш шартлари, бажариш вақтлари, ҳадлар ва каффоратларнинг миқдори ҳамда шулар каби ақл қамраб ололмайдиган нарсалар.
Одамларнинг имкониятлари ҳар хил бўлганидан уларнинг даражалари икки турли бўлади. Биринчиси, мулоҳазали, ақли етук, тўғри мулоҳазалилиги ва зеҳни ўткирлиги билан танилган кишилар. Иккинчиси, фикрлаши қийин ва зеҳни ўтмас кишилар.
Биринчи турдаги кишилар икки хил бўлади:
Биринчиси, ҳақиқатлар ҳақида мулоҳаза қилиш, фикр юритиш ва тадқиқ этишга ўзини бағишлаган ҳамда ғайратини ақл мақсадлари ва фикр хазиналарини топишга, абадий саодат ва мавжудотлар Яратувчисининг розилигига олиб борадиган нарсаларни ўрганишга сарфлайдиган кишилардир.
Иккинчиси, тирикчилик ишлари билан шуғулланиб, назарий аломатлар, билимлар тўғрисида фикр юритишдан бош тортадиган, ғайрати мавжуд бўлган лаззатларни ўзига жалб қилиш ватабиий шаҳватларига етишиш билан чекланган, нафсининг роҳати учун ҳайвонлар даражасида қолишга ҳам рози бўладиган, турли тижорат ва деҳқончилик ишлари билан қимматбаҳо молларни, хатарли муаммоларни кўпайтиришга киришиб кетган кишилардир.
Аллоҳ таоло инсонларга марҳамат қилиб, пайғамбарлар жўнатди ва улар икки дунёда муҳтож бўладиган нарсаларни баён қилиб берди. Аллоҳ таолонинг уларга марҳамати ақл қувватлари идрок эта олмайдиган (шариат аҳкомларининг) қисми борасида одамларнинг барча даражадагиларига (уларга) етишиш йўлларини кўрсатиб беришида намоён бўлади. Ақллар идрок эта оладиган (шариат аҳкомларининг) қисми борасида Аллоҳнинг марҳамати ақли комил, зеҳни ўткир, ҳақиқатларни ўрганишга ўзини бағишлаган кишиларга (уларга) етишиш йўлини осонлаштириб қўйиш ва асослаш кайфиятига ишора қилишда намоён бўлади. Бефаҳм ва зеҳни ўтмас кишиларга (уларга) етишиш йўлини кўрсатишда намоён бўлади. Ҳақиқатларни ўрганишдан юз ўгирган ва тирикчилик манбаларини топиш билан машғул бўлган кишилар ҳам шундай. Ушбулардан бирортаси пайғамбарнинг мўъжизасини кўрса ёки бевосита кўргандек қиладиган мутавотир надл келса, пайғамбарнинг гапи унга нисбатан (шариат ҳукмини) билишга олиб борадиган йўл бўлади. Агар унда ақлий жиҳатдан асослаш қобилияти бўлмаса - уларнинг асл ақлида буларни идрок этиш қобилияти мавжуд бўлса ҳам, Аллоҳ таоло ушбу заифларга марҳамат қилган, уларнинг юкини енгиллатган ва уларга қулайлик қилган ҳолда ақлнинг ифодасини бошқаларга нисбатан (ҳақиқатга) етишиш йўли қилгани сингари, - унга нисбатан буни (билим ҳосил қиладиган) бир йўл этиб қўйди.
Агар кимда-ким бунга рози бўлмай, унинг ёнида ақлий жиҳатдан асослашни ҳам шарт қилса, Аллоҳ таолонинг ҳикматига эътироз билдирган ва раҳматининг кўриниши бўлган заиф бандаларига қилган инъомига қарши чиққан бўлади.
Ушбу кишилар ақлий жиҳатдан асосламаган бўлсалар ҳам, Аллоҳ таоло пайғамбарнинг гапини улар учун (билимга) етиш йўли қилганлиги ҳақидаги мазкур кириш гапга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг, у кишидан сўнг хулафои рошидун (розияллоҳу анҳу)нинг ва ушбу кунгача келган барча мусулмон имомлар ва султонларнинг қилган ишлари далил бўлади.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ишларига келсак, у зот уммий, барча шартларига кўра асослаш зарур бўлган ва билимни билмайдиган бир халққа келдилар. Уларнинг ҳар бири ўзлари ясаган ҳайкалларга сиғинар ҳамда қабиладошлари, яқинлари ва қариндошлари сиғинадиган, тош ва ёғочдан ясалган бутларнинг Аллоҳ
таолонинг шериги эканлигига ишонар эди. Улар тавҳид ва (Аллоҳнинг) тенги йўқ эканини инкор этишдан хушланар эди. Улар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) га: «(Шунча) илоҳларни битта илоҳ қилиб олибдими?! Ҳақиқатан, бу жуда қизиқ нарса!»(Сод сураси, 5-оят.) дейишар, ўлгандан сўнг тирилишни имконсиз деб билганларидан: «Чириб кетган суякларни ким ҳам тирилтира олур?»(Ёсин сураси, 78-оят.) дер ва Аллоҳ таолонинг улар ҳақида хабар бериб: «Одамларга ҳидоят келган пайтда, фақат: «Аллоҳ (фаришталарни эмас, балки) одамзодни пайғамбар қилиб юборибдими?!» - дейишларигина уларни имон келтиришларидан тўсди»(Исро сураси, 94-оят) деб айтганидек, улар Аллоҳнинг бир инсонни элчи қилиб жўнатишини амримаҳол деб билишар эди.
Агар улардан бири одат(даги табиат қоидалари)ни бузадиган мўъжизани кўрса ёки Қуръонни эшитиб, гапнинг моҳиятини, балоғат шаклини ва назм турларини билганлиги сабабли унинг мўъжизакорлик жиҳатини билса, сўнг фикр юритиш ва мулоҳаза қилиб, ақл тарозисига солиб кўриш мумкин бўлган вақтгачачўзмасдан, кўз очиб-юмгандан ҳам тез фурсатда Куръонни барча турдаги назмдан фарқли ҳамда фасоҳат ва балоғатда уларнинг барчасидан устун деб билиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг пайғамбарлигини тан олса, унинг Аллоҳ таолонинг бирлиги ва Унинг тенги йўқлиги ҳақидаги хабарига иқрор бўлса, бут ва санамларни илоҳий деб келган ишончидан воз кечса, қабрдаги кишиларнинг қайта тирилишига имон келтирса, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай кишини мўмин деб билар эдилар. Унга ҳар бир эътиқодий масалани асослай оладиган, рақиб билан мунозара қила оладиган, дин ва миллат ҳурматини ҳимоя қила оладиган, дуч келган муаммони ҳал қила оладиган даражада ақлий далилларни, ақлий мезонларни тузиш тартибини, мот қилиш ва жим туриш йўлларини, баҳс ва мунозара одобини ўргатиб ўтирмас эдилар.
Хулафои рошидин (розияллоҳу анҳум) ҳам шундай қилдилар. Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) муртад бўлганлардан имон келтирганларнинг имонини қабул қилди. Улар ақл йўли билан чуқур биладиган даражага чиқишлари учун уларга далилларни ўргатиб ўтирмади. Умар (розияллоҳу анҳу) ҳам Ироқ жанубидаги сувли ерларни фатҳ қилганида ҳатто амалдорлари ҳам у ердаги авом кишилар каби, гарчи зеҳни паст, тушунчаси йўқ, умрларини деҳқончилик, ер ҳайдаш, дарё қазиш билан ўтказган бўлсалар ҳам, уларнинг имонини қабул қилди. Шунингдек, улардан бошқалар ҳам қишлоқ ва даҳалардаги мажусий ва бошқаларнинг (ўз эътиқодларини) асослай олмаслигини билатуриб, уларнинг ҳам имонини қабул қилишган. Зеро, улар пайғамбарлари томонидан мўъжизалар содир бўлгани мутавотир йўл билан етиб келганидан сўнг, уларга ишонганларини кўришган. Агар бу имон ақлий жиҳатдан асослаш шарти бўлган мавжуд бўлмагани учун имон ҳисобланмайдиган бўлса, икки ишдан бирини қилишар эди: ё уларнинг мусулмонлигини қабул қилмай, улар илгари бўлган куфрда қолганлар, деб ҳукм қилишар ва уларнинг ҳар бирига жизя солиғи солишар, ерларига хирож солиғини жорий қилишар ҳамдауларга зиммийлардек муомала қилишар эди. Ёки мутакаллим, зийрак, далилларда ўткир ва мунозара қилишни биладиган бир кишини тайинлаб, уларнинг барчасига калом илмини бир мартабага етгунича ўргатар, шундан сўнг уларни имон келтирган деб ҳисоблашар эди.
Шу кунгача улар ва барча ўлкалардаги имомлар бундай қилмасдан, барча авомларни касблари билан шуғулланиб, каломни ўргатмай, ўз ҳолларича қолдиришган экан, рақиблар билдирган қарашнинг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алай-ҳи ва саллам), у кишининг халифалари, саҳобийлари ва барча мусулмонларнинг ишларига хилоф эканлиги намоён бўлади. Бундай иш ботилдир. Аллоҳ тавфиқ берувчидир.
Бу шуни кўрсатадики, Расулуллоҳ (сол-лаллоҳу алайҳи ва саллам), халифалари, саҳобийлари ва умматининг имомлари қилган ушбу иш - рақиблар фикрига кўра -аҳмоқликка кирар эмиш. Бу ботил даъвога кўра, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг зиммасида рисолат етиб борган кишига ақоид илмини чуқур ўргатиш мажбурияти қолиб кетган бўлади. Агар буларни қилмай, уларни имон келтирган деб ҳисоблаб, дунёдан ўтган бўлсалар, уларни имон келтирган деб ҳисоблашда хато қилган, Аллоҳ буюрган нарсаларни бажаришда камчиликка йўл қўйган, етказиши лозим бўлган нарсани етказмаган, (рисолатини) етказганлиги ҳақидаги даъвосида ёлғон гапирган, (рисолатни) етказмагани учун гуноҳ иш қилган - ҳатто, уларнинг қарашига кўра, ушбу катта гуноҳни, яъни (рисолатни) етказмагани сабабли унга имон келтириб, эргашган кишилар ҳам имондан чиқади, дўзахда абадий қолишга лойиқ бўлади. Ушбу гапларнинг барчаси у (ақл билан асослаш шарт дейиш)нинг оқибатларидир. Бунинг ботил экани ақллилар тугул, аҳмоқларга ҳам маълум.
Пайғамбарнинг гапи Яратувчининг борлиги ва оламнинг пайдо бўлганлигига далил бўла олмайди, деб келтирган «далиллари» шундай амримаҳол бўлган тушунчаларга олиб келади. Беҳуда оқибатга олиб келадиган ҳар қандай ақлли гап ҳам беҳуда бўлади. Бу ҳам шундай.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қачон бировни динга даъват қилсалар, эътиқод қилиши лозим бўлган нарсаларни тушунтириб берар, «Бу олам пайдо бўлган. Унинг Яратувчиси ёлғиздир. Унинг шериги ва ўхшаши йўқ. У комил сифатлар билан сифатланган. Нуқсонлик белгилардан холи. У мени пайғамбар қилиб жўнатди. Бандаларига шуларни қилишни буюрди ва шуларни қилишни тақиқлади. Одат(даги табиат қоидалари)ни бузадиган, яралганларнинг имконидан ташқари бўлган ушбу нарсаларни менинг ҳақ эканлигимни кўрсатадиган далил қилди», дер эдилар ва даъват қилинган киши мўъжизани кўрар эди. Ёки уммат имомларидан айримлари даъват қилиб, даъват қилинган кишига мўъжизанинг юз берганини мутавотир йўл билан тушунтириб берар ва даъват қилинган мазкур киши унга ишониб, унинг хабарига кўра, у даъват қилган барча нарсага эътиқод қилар эди. Мўъжиза ҳақлигини кўрсатадиган кишининг хабари билим манбаидир.
Шундай қилиб, киши даъват қилинган нарсалар бўйича далил бўлган нарсага эътиқодини таянтирган бўлади. Фақат у мўъжизанинг, уни юзага келтирган кишининг тўғрилигини кўрсатиш шаклини билмайди. Бу бизнинг гапимиз. Аллоҳ ҳикматли зот бўлиб, далилни ёлғончи пайғамбар қўлидан юзага келтирмайди. У тўлиқ қудратга эга бўлиб, ҳақ билан ботилни ажратиб кўрсатишдан ожиз қолиши тасаввур ҳам қилинмайди.
Далилнинг ифода шаклини билмаслик эътиқоднинг билим бўлмаслигини тақозо қилмайди. Чунки у билимнинг барча зиддини инкор қиладиган ва маълум нарса тажаллий қиладиган шаклда юзага келган. Масалан, авом киши бир бинони кўриб, уни қурган киши бор эканлигига эътиқод қилди. Унинг эътиқоди билим бўлади. Чунки уни далил асосида ҳосил қилди. Зеро, бино уни қурган киши борлигини кўрсатади. Шу билан бирга у далилнинг ифода шаклини билмайди. Яъни, бино бундан баланд ёки паст, дағал ёки нозик, мустаҳкам ёки бўш, чиройлироқ ёки кўримсизроқ бўлиши ҳам мумкин. Шу билан бирга (бор бўлган) шу шаклда бўлиши ҳам мумкин. Мавжуд шаклидан бошка бир шаклда бўлиши мумкин бўлса ҳам, лекин айнан шу шаклда эканлиги фақатгина қодир ва ихтиёрли бўлган шакл Берувчининг шакл бериши билан бўлган. Бундай ифода шаклини билмаслик ақидасини билишликдан чиқармайди. Бунда ҳам шундай.
Буни рақиблар ҳам қўллаб-қувватлаб, шу каби сўзларни айтганлиги ҳам тасдиқлайди. Чунки Ашъарийга кўра, ҳар бир масалада битта далилни билиб, эътиқодини шунга таянтирса, сўнг шубҳа юзага келганда уни бартараф қила олмаса, аммо эътиқоди ўзгармай, ўз ҳолида қолиб, бу шубҳанинг ҳужжат эмаслигига ва ушбу шубҳани бартараф қила оладиган бошқа мусулмон мутакаллим бор эканлигига ишонса, мўмин бўлиб қолаверади. Агар далиллар қарама-қарши бўлса, қараш билим бўлишдан чиқиб, тахмин, гумон ва иккиланиш бўлади. Аммо агар ушбу киши эътиқодини билимни тақозо қиладиган далилга таянтирар ва ушбу шубҳанинг ботил эканлигига ишонар экан, шубҳанинг асоссиз эканлигини ва далилида шубҳанинг асоссизлигини ифодалаш шаклини тушуниб етмаган бўлса ҳам, эътиқоди билим бўлади. Чунки у билимни тақозо қиладиган далилга таянган. Бу ҳам шундай.
Шунингдек, муътазилийларга кўра, кимда имонининг тўғри бўлиш шартлари мавжуд бўлиб, у мўмин деб ҳисобланса, бундан сўнг унга бирор шубҳа дуч келса ва ўтган вақт ичида ушбу шубҳа унинг хаёлидан ўтмагани учун унда буни бартараф қила оладиган жавоб бўлмаса ҳамда уни бартараф қилиш йўлини топиш учун мулоҳаза қилиши лозим бўлса, ушбу муддат ичида унинг имони бекор бўлмайди. Агар далиллар қарама-қарши бўлиб, бартараф қилиш йўлини топа олмаса, фақат эътиқодини далилга таянтирган ҳолда динининг тўғри эканлигига ишонса ва шубҳанинг бекор эканлигини кўрсатади-ган далилдан келиб чиқиб, унинг бекор эканлигига ишонса, унинг эътиқоди барча зидларини инкор этадиган ва маълум бўлган нарсани тажаллий қилдирадиган билим бўлади. Бу ҳам шундай.
Буни кўрсатадиган нарса шуки, билим-нинг таърифини билмаслик авом кишида бўлгани сингари, билимнинг сабаби юзага келганида унинг ҳосил бўлишига тўсқинлик қилмайди. Шунингдек, далилнинг ифода шаклини билмаслик далил ва сабаби юзага келганида билим ҳосил бўлишига тўсқинлик қилмайди.
Ростгўй кишининг хабари билим ман-баидир. Унда билим ҳосил бўлган. Унинг ифода шаклини билмаслик уни билим-лиликдан чиқармайди. Буни билим ҳосил бўлган кишининг ҳоли инобатга олиниши ҳам тасдиқлайди. Чунки икки киши агар уларнинг ҳар бири ҳар хил вақтда турли жойлардан келган ўн, йигирма ёки ундан ҳам кўп кишидан бир хабарни эшитса ва улардан бирининг қалби ушбу хабар била таскин топиб, унга буларнинг келишиб олган бўлиши мумкин эмас, деган фикр келса ҳамда иккинчисининг қалби иккиланиб, унда улар келишиб олишган бўлсалар керак, деган фикр бўлса, биринчиси билувчи бўлади, иккинчиси эса билувчи бўлмайди. Биз кўраётган масалада ҳам шундай. Наздида мўъжиза юзага келган кишининг ҳоли инобатга олинади. Агар унинг хаёлига буни пайдо қилган зот ёлғончиларнинг қўлидан ҳам далилни юзага келтирадиган аҳмоқ деган ёки тўлиқ қодир бўлмай, у ҳақ билан ботилни ажратиб беришдан ожиз бўлиши ҳам мумкин, деган фикр келса, бу рисолатнинг ҳақлигини ва мўъжизали далилни пайдо қилган зотда аҳмоқлик ва ожизликнинг бўлиши мумкинлиги ҳақидаги мулоҳазадан олдин унинг хабари далил бўлганини билмайди.
Хаёлига келмаган, қалби иккиланмаган ва унинг тўғри эканига ишонган киши далилдан келиб чиқиб ишонган бўлиб, у билувчи бўлади. Биринчи кишининг билувчи бўлмаслиги бунисининг қалби мўъжизани олиб келган кишининг тўғрилиги билан таскин топган экан, буни билмайдиган қилиб қўймайди. Чунки далил уларнинг ҳар бирига келган. Фақат шубҳа пайдо бўлган кишида иккиланиш юзага келади. У эса билимни бекор қилади ва билим юзага келмайди. Билимни бекор қилмайдиган, шубҳаси бўлмаган кишида билим мавжуд бўлади. Далилга таянган кишида ҳам, агар иккиланишни юзага келтирадиган шубҳа хаёлига келмаса, келганда ҳам унга эътибор бермаса, билимни инкор этадиган иккиланиш пайдо бўлмаса, унда билим ҳосил бўлади. Агар унинг хаёлига иккиланишни юзага келтирадиган шубҳа келса ва у иккиланса, қаршилик қиладиган нарса юзага келгани боис унда билим йўқолади.
Бунинг Жуббоий томонидан айтилгани очиқча номувофиқликдир. Чунки у билимнинг таърифи борасида: «Заруратдан ёки далилдан келиб чиқиб, бирор нарсага ўз ҳолича эътиқод қилишдир», деган.
Бу - бирор нарсага далилдан келиб чиқиб эътиқод қилиш. Чунки мўъжиза билан қўллаб-қувватланган кишининг хабари билимни тақозо қиладиган далил бўлади. Шу билан бирга, у бу эътиқодни билим санамаган. Аллоҳ тавфиқ берувчидир.
Фақиҳ ва мутакаллимлардан иборат барча аҳли сунна вал жамоа айтишадики, бу киши имонга буюрилган ва имон келтирган. Чунки имон бу ишончдир. Ундан ишониш ҳосил бўлди. Демак, у ваъда қилинган савобга ноил бўлади. Зеро, савобга Аллоҳнинг фазли билан етишилиб, кимга ваъда қилинган бўлса, унга машаққат етса ҳам, етмаса ҳам, бари бир савобга ноил бўлади.
Уларнинг: «Бу ишончи имон эмас. Чунки ёлғондан, алданишдан ва чалкаш-тирилишдан ўзини омонликка олиб кириш юзага келмади», деган гапларига келсак, у ботилдир. Чунки имон луғатда ишониш-дан иборат. У «омонлик»дан олинмаган. «Унга имон келтирди» дегани унга ишонди деганидир. Агар бир киши бўлиши лозим ёки бўлмаслиги лозим бўлмаган, ақлда бўлиши эҳтимол бўлган бир хабарни айтса ва ўтган замонда берилган хабарни билмайдиган бир киши унга ишонса, у хабарнинг тўғрилигига далилни билмаса ҳам, ўзини омонликка олиб кирмаган бўлса ҳам, тилшунослардан бирортаси бунга «унга имон келтирди» деб айтишга монелик қилмаган. Бундай деб айтишларининг сабаби шуки, ундан хабарга нисбатан ўша ишонч юзага келган.
Буни (Фалончига имон келтирдим) деб айтишингиз ҳам тасдиқлайди. Агар бу ўзини омонликка киргизиш бўлса, бунда феъл хабар берилган нарса билан боғлиқ бўлмаслиги, балки эшитувчининг ўзи билан боғлиқ бўлиши керак эди. Чунки у хабар берилган нарсани эмас, балки ўзини омонликка киргизган-ку. Шунингучун у (фалончини омонликка киргиздим(Луғавий маъноси: фалончига ишондим.)) деб эмас,(Ўзимни омонликка киргиздим(Луғавий маъноси: ўзимга ишондим.)) дейиши лозим эди. Агар (унга ишондим, имон кетирдим) дейилса, бу (ишониш) бўлади. Чунки у хабар берилган нарсага боғланган. Фақат у боғловчи ҳарфисиз ўтимли бўлади. Аммо (имон) сўзи эса боғловчи билан ўтимли бўлади. Аслида боғловчи ҳарфсиз феълларни ўтимли қилиш мумкин бўлса ҳам, араблар кўп феълларни боғловчилар билан ўтимли қилиб ишлатади. (Фалончига раҳмат айтдим, деган маънода дейиш мумкин бўлса ҳам) (унга насиҳат қилдим деган маънода дейиш мумкин бўлса ҳам) дейилади. Агар ҳолат шундай бўлса, бу гап бекор бўлади.
Бу гапни бекор қиладиган нарсалардан бири шуки, Ашъарийнинг тамойилига кўра, бу билан (муқаллид) куфр (ҳолати)дан чиқади. Аммо куфр билан имон ўртасида бошқа йўл йўқ. Ундан куфрни кетказгач, унда имон ҳам бўлмаса? Бу Ашъарийдаги очиқча зиддиятдир. Чунки у бу билан муқаллид кишини куфр (ҳолати)дан чиқариб, имон (ҳолати)га киргазмайди. Бу муътазилийлар сингари икки ҳолат ўртасидаги ҳолат борлигини даъво қилиш бўлади. Ваҳоланки, буни ўзи инкор этади.
Ундаги яна бир ҳайратланарли нарса шуки, муқаллидни мусулмонларнинг фосиқлари қаторига қўшиб: «Гуноҳи миқдорича азобланади. Бу гуноҳ унинг асослашни тарк қилганидир. Сўнг охирида жаннатга тушади. Агар афв қилинса, бошидан жаннатга кириши мумкин», деган. Бу фосиқ кишиларнинг ҳукми. Агар у фикр юритмаганлиги учун фосиқ бўладиган бўлса, нима учун уни мусулмон деб ҳисобламаган. Ваҳоланки, бизларга кўра, катта гуноҳ Исломни бекор қилмайди. Агар унинг ҳаракатлари имон бўлмаса, нима учун куфрда қолмаган. Куфр эса фақат имон мавжуд бўлганда йўқ бўлади. Икки ҳолат ўртасидаги ҳолатни даъво қилиш қаердан чиқди? Муътазилийлар кофир бўлмаган кишининг дўзахда абадий қолишини даъво қилиб, янглишганлари сингари, Ашъарий ҳам (унинг қарашига кўра) мўмин бўлмаган (муқаллид) кишининг жаннатга киришини айтиб янглишган.
Буни яна шу нарса тасдиқлайдики, савоб Аллоҳ таолонинг ваъдаси билан бўлади. Аллоҳ таоло жаннатни фақат мўминларга ваъда қилган. Шунга кўра, (унинг қарашига кўра) мўмин бўлмаган (муқаллид) киши жаннатга киришини қайси далил асосида айтмоқда?
Агар: «Мен уни мўмин демаяпман. Мен уни кофир дейман ва у дўзахда абадий қолади», деса, унга: «Қандай қилиб у кофир бўлади? Ундаги ёлғонга чиқариш ишонишга ўзгарди. Сен имонни ишонч, куфрни ёлғонга чиқариш дейсан-ку. Агар у ўзини омонликка олиб кирмаганлиги учун унинг ишончини имон деб ҳисобламасанг, нима учун ҳақиқатда мавжуд бўлган ишончини ёлғонга чиқариш деб ҳисоблайсан. Бу ҳаракатсизликни ҳаракат, оқни қора дейишдан бошқа нарса эмас. Буларнинг барчаси амримаҳол номувофиқликдир», дейилади. Аллоҳ тавфиқ берувчидир.
Ушбу гап муътазилийлар тамойилига кўра ҳам ботил. Чунки катта гуноҳ иш қилган кишидан уни омонликка киргизадиган шаклда ишониш содир бўлган, таърифи ва шартларига кўра юзага келган. Шундай бўлса ҳам, у мўмин эмас. Кимда шубҳа юзага келиб, ҳали уни бартараф қилиш имкони бўлмаса ва у бартараф қилиш асосларини ўрганаётган бўлса, уни бартараф қилиш қобилиятига етиша олмаслиги ҳам мумкин. Бунга қодир бўлмаса, ўзи ишонган эътиқодининг тўғри эканини кўрсата олмайди. Зеро, ҳақиқат ҳужжатлари устун бўлган ва бошқасида кўзбўямачилик сабаблари борлигини кўрсатиб берган нарсадир. Агар бу кўринмаса, эътиқоди тўғри эканини айтишида ёлғон гапирмаётгани билинмайди. Шу билан бирга, уни бартараф қилишга ҳаракат қилаётган бўлса ва эътиқодида иккиланмаса, мўмин бўлиб қолади. Бу ушбу гапнинг фосид эканини кўрсатади. Уларнинг қарашлари тизимли эмас, балкиулар бир-бирини инкор этадиган ўзаро зид қарашлардир. Бизни Ўзининг тўғри динига ва тўғри йўлига ҳидоят қилган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин.
Уларнинг: «Ишониш билимдан келиб чиққан бўлиши лозим», деган гапларига келсак, бизлар айтамизки, Ашъарийга кўра, ушбу ишониш билан куфр (ҳолати)дан чиқади ва мўминларга ваъда қилинган савобга ҳақли бўлади. Бизлар ҳам шуни айтмоқчимиз. Зеро, бундан мақсадимиз (муқаллиднинг мусулмонлигини кўрсатадиган) гапни умумийлаштириш эмас, мусулмон деб ҳукм қилиниши (яъни ҳисобланиши)ни кўрсатиб беришдир. Зеро, (мусулмон деб) аталишни умумийлаштириб, (мусулмон деб) ҳукм қилинмаса, унинг фойдаси йўқ. Шу билан бирга, мусулмон деган ҳукм бўлатуриб, (бундай) аталмай қолишнинг зарари йўқ.
Унга: «Сизнинг (муқаллидга мусулмон деган) ҳукмни бериш (масаласи)даги ҳар бир узрингиз (мусулмон деб) аталишни умумийлаштириш (масаласи)даги бизнинг узримиздир», деб айтамиз. Буни шу нарса тасдиқлайдики, (ақлий) асослаш ва билим ҳосил қилиш асосий мақсад бўлган ва буюрилган ишончга етишиш учун керак. Агар кўзланган мақсадга етишса ва буюрилган нарсани ўз шаклида бажарса, у инобатга олинади. Мақсадга воситасиз етишганда ушбу восита бўлган нарсанинг йўқ бўлишининг аҳамияти йўқ.
Худди шунингдек, муътазилийларга кўра, шу билан куфр (ҳолати)дан чиқади. Буни тасдиқлайдиган нарса шуки, шубҳани бартараф эта олишга ҳаракат қилаётган пайтида билим бўлмаса ҳам, у мўмин бўлади. Чунки айтиб ўтганимиздек, ўша (ҳали қодир бўлмаган) ҳолатда қарама-қаршилик юзага келган. Бу ҳам шундай.
Ўша ҳолатда улар асосланган нарсаларнинг ҳар бири бу ҳолатда бизларнинг асосларимиздир. Агар улар ўзларини катта тутиб: «Шубҳа туғилиб, ўша ҳолатда уни бартараф қила олмайдиган бўлса, уни бартараф этиш ҳаракатида бўлса ҳам, кофир бўлади», деб айтишса, уларга бундай дейилади: Сизлар, аввало, ўзингларга, сўнг ҳар бир раисингизга, кейин умматда бўлган ҳар бир имомга, куфр амаллари бекор бўлганлигига иқрор бўлгансизлар. Зеро, ҳеч бир одам умрининг бирор пайтида бундан холи бўла олмайди. Сўнг, яна уларга айтамизки, сизларнинг раисларингиздан бирор киши ўзи бартараф эта олмай қоладиган шубҳага дуч келмай қолмаган. Шу шубҳа сабабли у мухолифлари у ёқда турсин, барча мазҳаб-дошларини кофирга чиқарадиган гуноҳ иш қилган бўлади. Демак, уларнинг барчаси кофир бўлади.
Сўнг уларга яна деймизки, билим йўқлигидан ишончнинг йўқ бўлиши келиб чиқмайди. Чунки биз фаришталарнинг ҳар бирига имон келтирганмиз. Шунингдек, (илоҳий) китобларга ва пайғамбарларга ҳам. Лекин уларни жисмонан билмаймиз. Аллоҳ таоло аҳли китобларнинг уламолари борасида «Уни (Муҳаммадни) худди ўз фарзандларини танигандек танийдилар»(Бақара сураси, 146-оят.), деб айтганига кўра, қайсарлик қилган (кофир) кишилар билишади, аммо ишонишмайди. Бу икки томондан ҳам ишончнинг билимдан ажралишини кўрсатади. Шу сабабли ҳам биз, Жаҳм ибн Сафвон каби имоннинг билим эканлигини инкор этдик.
Аҳли мутакаллимларидан бўлган Абдул-қоҳир Бағдодийнинг икки гапи аралаштирилгани шуни кўрсатадики, «Муқаллид билувчи эмас, мўминдир» деган ушбу қарашда бўлган. Чунки у муқаллидни мўмин деб ҳисоблашга моил бўлган. Кейин Каъбийнинг билимни «нарсага ўз ҳолича эътиқод қилиш» деб таърифлашига авом кишининг оламнинг пайдо бўлиши ва Яратувчининг борлигига эътиқодининг бир нарсага ўз ҳолича эътиқод қилиш, лекин билим эмаслиги билан эътироз билдирган. Ушбу икки гапнинг йиғиндиси кўрсатадики, у муқаллидда эътиқод қилган ва имон келтирган нарсаси борасида билим бўлмаса ҳам, уни мўмин деб ҳисоблаган. Аллоҳ тавфиқ берувчидир.
Улардан айримлари муқаллидни билувчи деб айтишади. Чунки у далилни билмаса ҳам, лекин инсон наздида ўзидан, молидан, аёлидан, боласидан азизроқ бўлган динини тарк қилмаслиги шубҳасиз. Фақат ё динда ёлғон бўлмайди деб, унга даъват қилган ушбу жиҳатдан, ё яхшилик жиҳатларини кўргач, диннинг ўзи жиҳатидан далил бўлиб кўринганда, тарк қилиши мумкин.
Эътиқодини ҳам шунга таянтиради ва бу умуман далил бўла олади. Агар оҳод хабар (бир неча) эҳтимолли бўлса, лекин эътиқодини унга таянтирганда унинг ёлғон бўлишини хаёлига ҳам келтирмаган бўлса ва эътиқод қилинган нарса эътиқод қилганидек бўлса, у билувчи ҳисобланади.
Бирор чекка ўлкада ёки бир тоғ тепасида яшаб, даъват етиб бормаган ва мусулмонлар ҳақида хабари бўлмаган бир кишини мусулмон бир киши кўриб, динга даъват қилган, эътиқод қилиши лозим бўлган нарсаларни тушунтириб берган ҳамда бизнинг пайғамбар бу динни Аллоҳ таолодан олиб келиб, унга даъват қилганлигини ва унинг қўлидан одат (даги табиат қоидалари)ни бузадиган мўъжизалар содир бўлганлигини айтган ҳамда буларнинг барчасига ишонган ва мулоҳаза ва тафаккур қилиб ўтирмасдан, ушбу динга эътиқод қилган киши борасидаги ушбу (мўмин ёки кофирлиги ҳақидаги) масалага келсак, бу борада ҳам ихтилоф қилишган.
Мусулмон ўлкасининг аҳолиси: авоми, хоси, аёллари, оқил бўлган болалари, шаҳар, даҳа ва қишлоқ аҳолиси, чўл ва саҳроларда яшайдиганининг ҳаммаси мўмин, мусулмон, Аллоҳ таолони, Унинг бирлигини ва бошқа нарсаларни биладиган кишилардир. Далилини айта олмайдиган ва юзага келган шубҳани бартараф қилишга қодир бўлмаса ҳам, уларнинг ҳеч бири бир нав асослашдан холи бўлмайдилар. Шу сабабли, улардан бирортаси қўрқинчли чақмоқ, кучли бўрон, узоқ турган зулмат сингари бирор қўрқинчли ҳолатларни кўрганида дарҳол Аллоҳга тасбеҳ айтади ва Аллоҳ таолони комил қудрат, иродасининг бажарилиши, тўлиқ билим ва ҳикмат билан сифатлайди. Чунки у биладики, ушбу қўрқинчли ҳолатлар тенгсиз кудрати ва ижро этиладиган иродасидан келиб чиққан, У осмонларни узун устунларсиз ва мустаҳ-кам арқонларсиз яратган, уларга айланиб юрадиган фалакларни ва сузиб юрадиган юлдузларни қўйган, ерни яратган ва унга қозиқ тоғларни қўйиб, оқадиган дарёларни ёриб кўйган. Бозорлар, туманлар, қишлоқлар ва даҳалар аҳли, аёллар ва оқил болаларнинг барчаси шунга кўра баҳоланади. Ушбу кишилар борасида машоихларимиз орасида ҳам, бизлар билан Ашъарий орасида ҳам бирор ихтилоф бўлмаган. Булар ҳақидаги ихтилоф айтиб ўтилганидек, бизлар билан муътазилийлар орасидадир. Тавфиқ ва ҳидоят учун Аллоҳга ҳамдлар бўлсин.
Абу Муин Насафийнинг
"Табсиратул адила фи усулид дин" китобидан
Убайдулла Уватов таржимаси