close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ақл доим шариатга муҳтождир

Имом Роғиб Исфаҳоний роҳимаҳуллоҳ “Аз-зарийъа ила макорим аш-шарийъа” ва “Тафсийл ан-нашъатайн ва таҳсийл ас-саъадатайн” асарларида ақлнинг шариат билан бўлган шаъни ҳақида ёзганлар. Унинг хулосаси қуйидагича:

Имом Роғиб Исфаҳоний роҳимаҳуллоҳ “Аз-зарийъа ила макорим аш-шарийъа” ва “Тафсийл ан-нашъатайн ва таҳсийл ас-саъадатайн” асарларида ақлнинг шариат билан бўлган шаъни ҳақида ёзганлар. Унинг хулосаси қуйидагича: “Албатта, шариат бошлиқ ва ақл тобедир. Шариат ақлдан олдиндир, ақл эса доим шариатга муҳтождир. Шаръий ҳукмлар соғлиқни муҳофаза қиладиган таомлар ўрнидадир. Ақлдаги ҳукмлар эса соғлиқни олиб келувчи дорилар ўрнидадир. Шариат ва ақл - эгизак. Бири бошқасини тўлдиради, бири бошқасидан беҳожат бўлмайди. Иккиси орасида уйғунлик бор, бир-бирини ёмон кўриш йўқ ва иккиси ўртасини мувофиқлаштиришга эҳтиёж бор”.
Роғиб Исфаҳоний яна шундай фикрларни айтган: “Ҳиснинг лаззатлари кийиладиган, ичиладиган, эшитиладиган ва кўриладиган нарсалар лаззати каби ҳайвоний шаҳватга тобе, у кўпроқдир. Чунки у инсон болаларида энг аввал мавжуд бўлади ва инсон ҳислар лаззатига ақл воситасида ғолиб келади. Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаннат макруҳотлар (нафсга ёқмайдиган нарсалар) билан ўралган ва дўзах шаҳватлар билан ўраб куйилган”, деганлар. Инсонлардан бирор киши йўқки, унда фазилатлардан бир миқдор эгаллаш қудрати бўлмаса.
Ухровий лаззатлар бу дунёда ақл билан идрок қилинмайди. Чунки уни билишга қодир бўла олмайди. Шунинг учун Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло зеҳнларга ушбу лаззатларни яқин қилиб қўйган ва сезги аъзолари идрок қиладиган турларни уларга ўхшаш қилиб қўйган. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
“Тақволи зотлар учун ваъда қилинган жаннатнинг мисоли (сифати будир): Унда айнимас сувдан иборат анҳорлар ҳам, таъми ўзгармас сутдан иборат анҳорлар ҳам, ичувчилар учун лаззатли (ақлдан оздирмайдиган) майдан бўлмиш анҳорлар ҳам ва мусаффо асалдан иборат анҳорлар ҳам бордир. Улар учун у жойда барча мевалардан бордир ва (у жойда) Парвардигорлари (томони)дан мағфират бордир” (Муҳаммад сураси, 15-оят)”.
Матн:
Қалбнинг бузилишини дин бузилишида экани-ни топдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу сўзларига боқмайсанми: “Огоҳ бўлингларки, албатта, жасадда бир парча гўшт бор. Агар у соғлом бўлса, жасаднинг барчаси соғлом бўлади. Борди-ю, у бузилса, жасаднинг барчаси бузилади. Огоҳ бўлингларки, у қалбдир”.
Бу ерда жасад диндир. Чунки аъзолар салоҳияти ва бузилиши дин билан бўлади.
Шарҳ: Ушбу ҳадисни Имом Бухорий ва Имом Муслим ўз “Саҳиҳ”ларида Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар.
Матн: Қалб бузилишининг асоси нафсни ҳисоб-китоб қилишни тарк этиш ва узун орзу билан ғурурланишдир. Агар қалбинг тўғри бўлишини хоҳласанг ирода билан тўхта. Истаклар олдида эса Аллоҳ учун бўлганини ол ва Ундан бошҳаси учун бўлганини тарк ҳил. Ўлимни доимий зикр қилиш билан орзуни камайтиришга ёрдам сўра.
Шарҳ: Шайх, фақиҳ Аҳмад Ибн Руслон Шофеъий роҳимаҳуллоҳ “Матнуз зубад” охирида қуйидагиларни айтганлар:
Ҳар бир истакни шариат ўлчови билан ўлча,
Унга буюрилган бўлса, уни олишга шошил.
Агар сен ундан қайтарилган бўлсанг,
У шайтондан бил, ундан бўл ҳазир.
Ҳазрати Жунайд роҳимаҳуллоҳ айтади: “Баъзан қалбимга фикр келади. Уни иккита гувоҳ -Китоб ва Суннатда ўлчаб кўрмасдан қабул қилмайман”.

Ҳорис Муҳосибийнинг
"Рисолатул мустаршидийн" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase