close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Фақир ва фуқаролар фазли ҳақида

Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Биз Набий алайҳиссалом билан бирга олти киши эдик. Бас, мушриклар Набий алайҳиссаломга «Анавиларни олдингдан қувиб юбор. Бизга қарши журъат қилмасинлар» дейишди. Ўшанда мен, Ибн Масъуд, Ҳузайлдан бир киши, Билол ва яна исмларини унутиб қўйганим икки киши бор эдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига Аллоҳ истаган нарса воқеъ бўлди. У зот ўзларига ўзлари бир нарса дедилар. Шунда Аллоҳ азза ва жалла: «Эртаю кеч Роббиларига Унинг юзини ирода қилиб, дуо этаётганларни ҳайдама! Уларнинг ҳисобидан сенинг зиммангда ҳеч нарса йўқ. Сенинг ҳисобингдан уларнинг зиммасида ҳеч нарса йўқ. Уларни ҳайдаб, золимлардан бўлиб қолма» оятини нозил қилди». Муслим ривоят қилган.

Шарҳ: Жоҳилият қонуни одамларнинг мол-мулки, бойлигига қараб ҳукм чиқаради. Бой-зодагонлар камбағаллар билан муомалада бўлиш ёхуд бирга ўтириш у ёкда турсин, мискин-бечоралар кирган динга киришни ҳам истамайдилар. Ҳатто камбағаллар билан мулоқот қилган Пайғамбарлар билан ҳам гаплашишни, бирга ўтириб-туришни ўзларига раво кўрмайдилар. Ҳамма нарсани бойлик билан ўлчайдиган одамлар мол-дунёси йўқ камбағални одам ўрнида кўрмайдилар.
Исломда эса, инсон Аллоҳга бўлган иймони ва ихлосига қараб баҳоланади.
«Эртаю кеч Роббиларига Унинг юзини ирода қилиб, дуо этаётганлар» ижтимоий ҳолатлари қандай бўлишидан қатъи назар, ҳатто дунёдаги энг фақир камбағал одам бўлсалар ҳам, олиймақом инсон ҳисобланадилар. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бойларнинг гапига кириб, уларни ўз ҳузурларидан ҳайдашга ҳақлари йўқ. Уларнинг камбағалликлари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зиммаларига қўшимча вазифа юкламайди. Камбағалликлари — ўзларига. Уларнинг ризқини Аллоҳ беради. Шунингдек, улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ризқларидан масъул эмаслар. У кишига ҳам ризқни Аллоҳ беради. Ёки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам камбағалларни ўз ҳузурларидан ҳайдаб, бойларга юз бурганлари билан бой бўлиб қолмайдилар. Шу боисдан Аллоҳ таоло у кишига бу ояти каримада:
«Уларнинг ҳисобидан сенинг зиммангда ҳеч нарса йўқ. Сенинг ҳисобингдан уларнинг зиммасида ҳеч нарса йўқ», демоқда.
Шундай экан, камбағал бўлсалар-да, қалблари иймону ихлосга бой кишиларни ҳузурларидан ҳайдаш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга зинҳор-базинҳор тўғри келмайди. Аллоҳ таоло у зотга хитоб қилиб:
«Уларни ҳайдаб, золимлардан бўлиб қолма», демоқда.
Кишиларнинг бой ёки камбағалликлари уларнинг инсоний қадрларини ўлчаш, динга муносабатларини аниқлаш ёки Пайғамбар билан бирга ўтиришга ҳақли эканликларини белгилаш учун эмас, балки бу ҳолнинг бошқа ҳикмати бор.

Абдуллоҳ ибн Муғаффал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга қасамки, мен сизни яхши кўраман!» деди.
«Нима деяётганингга назар сол», дедилар.
«Аллоҳга қасамки, мен сизни яхши кўраман!» деди.
«Нима деяётганингга назар сол», дедилар.
У яна уч марта:
«Аллоҳга қасамки, мен сизни яхши кўраман!» деди.
«Агар мени яхши кўрадиган бўлсанг, фақирликка тўқим тайёрлайвер. Албатта, фақирлик мени яхши кўрган киши учун интиҳосига шошилган селдан ҳам кўра тезроқдир», дедилар».
Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйган киши мол-дунё илинжида муҳаббат қўймайди. У зотга муҳаббат қўйишдан асосий мақсад, ер юзида иймон ва адолат ҳукм суриши учун фидокор бўлишдир. Шунинг учун бу йўлга кирган одам, одатда, бундоқ йўлни ихтиёр қилганлар тақдим этадиган фидокорликлардан кўпроқ нарсани тақдим этишга тайёр турмоғи лозим. Ана шу фидокорликларнинг энг биринчиси, мол-дунёни фидо қилишдир. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у зотнинг ҳамкори бўлмоқни истаган одам фақирликка томон ҳаракат қилмаса ҳам, фақирликка чидашга тайёр турмоғи лозим. Буни асрлар оша собит бўлган тажрибалардан билиб олса ҳам бўлади.

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Роббим менга Макканинг Батҳосини олтин қилиб беришни таклиф қилди. Мен: «Эй Роббим! Лекин бир кун тўйиб, бир кун оч бўлганим яхши, деб уч ёки шунга ўхшаш айтдилар ва давомида, «Оч қолсам, Сенга тазарруъ қилиб, Сени зикр қилурман. Тўйган чоғимда Сенга шукр қилиб, ҳамд айтурман», дедим», дедилар».
Шарҳ: Агар Пайғамбар алайҳиссаломнинг тоғ-тоғ олтинлари бўлганида, душманлар у зотга «Одамларни мол-дунёси ила ўзига қаратиб олмоқда», деган туҳмат қилишлари мумкин эди. Шу билан бирга, даъват соҳибининг мол-дунёга ўралашиб қолиш хавфи ҳам бор эди. Энг муҳими, кишиларга ўрнак бўлиш учун Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзларига ихтиёр қилган ҳолатлари энг муносиб ҳолат эди.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг наздимдаги энг ҳавас қиларлик дўстларим аҳли аёли оз, намоздан насибаси кўп, Роббисининг ибодатини гўзал қилган, У зотга сирли итоат қилган, одамлар ичида таниқли бўлмаган, унга бармоқлар ила ишора қилинмайдиган, ризқи учма-уч бўлган, ўшанга сабр қилганлардир», дедилар ва қўлларини узиб туриб (ўлимга ишора қилиб): «Улими тез келган, ортидан йиғлайдигани оз бўлган ва мероси оз бўлганлардир», дедилар». Ушбу учтани Термизий ривоят килган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда мол-дунёга ҳирс қўймай, ибодатда бардавом, сабрли бўлишга даъват бор.

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларидан ўтди. Бас, У зот ўз ҳузурларида ўтирган бир кишига: «Мана бу ҳақида нима дейсан?» дедилар.
«Бу шарафли одамлардан биридир. Аллоҳга қасамки, агар совчи қўйса, қиз беришга, шафоатчилик сўраса, шафоат беришга ва сўзласа, тинглашга арзийдиган одам», деди.
У зот жим қолдилар. Кейин бошқа бир киши ўтди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мана бу ҳақида нима дейсан?» дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, бу фақир мусулмонлардан биридир. Агар совчи қўйса, қиз бермасликка, шафоатчилик сўраса, шафоат бермасликка ва гапирса, тингламасликка арзийди», деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бу ҳалигига ўхшаганларнинг ер юзи тўласидан ҳам яхшироқдир», дедилар».
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларидан биринчи ўтган киши Фақат бойлиги билан танилган одам эди. Иккинчи бўлиб ўтган киши — Жуҳайл ибн Суроқа розияллоҳу анҳу камбағаллиги ва тақвоси билан машҳур киши эдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўтирган киши у зотнинг саволларига бойлик нуқтаи назаридан жавоб берди.
Ҳа, одамларнинг қадр-қийматини ўлчаш уларнинг ўзларига қўйиб қўйилса, уни айнан мол-мулкка қараб ўлчашлари турган гап. Инсон табиати илоҳий таълимотларсиз мазкур ҳолга тушиб қолиши жуда ҳам осон.
Шунинг учун ҳам инсон қадр-қийматини ўлчашни шариат ўз зиммасига олган. Шариат ўлчови бўйича инсон қадр-қиймати унинг мол-мулкига, мансабию насабига қараб эмас, тақвоси ва аҳли солиҳлигига қараб ўлчанади.
Бир нафар тақводор, солиҳ камбағал Ислом дини назарида ер юзи тўла бой-бадавлат фосиқлардан кўра афзалдир.
Исломда инсоннинг қадри мол-мулкига қараб эмас, мол-мулкнинг қадри унга молик бўлган инсонга қараб белгиланади. Агар мол-мулк тақводор киши қўлида бўлса, яхши мол-мулк бўлади. Аммо фосиқ ва фожир киши қўлида бўлса, ёмон мол-мулк бўлади.
Тақводор, солиҳ одам мол-дунёси бўлса ҳам, бўлмаса ҳам яхшидир. Фосиқ ва фожир одам эса, ҳар икки ҳолда ҳам ёмондир.

Мирдос ал-Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Солиҳлар бирма бир кетадилар. Арпа ёки хурмонинг қипиғи қолганидек, қипиқлар қоладилар. Аллоҳ уларга қараб ҳам қўймайди», дедилар». Иккисини Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу аччиқ ҳақиқатни ҳамма билмоғи лозим.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳуга: «Биз фақир муҳожирлардан эмасмизми?» дейилди.
«Олдига кирадиган хотининг борми?» деди.
«Ҳа», деди.
«Яшаб турган масканинг борми?» деди.
«Ҳа», деди.
«Сен бойлардан экансан», деди.
«Менинг ходимим ҳам бор», деди.
«Ундоқ бўлса, сен подшоҳлардан экансан», деди». Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Мазкур нарсаларга қаноат қилиб яшаган одам албатта катта бахтга сазовор бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Аллоҳим! Оли Муҳаммадни қут ила ризқлантир», дедилар».
Бухорий, Термизий ва Муслим ривоят қилишган.
Муслимнинг лафзида:
«Эй Аллоҳим! Оли Муҳаммаднинг ризқини қут қилгин», дейилган.
Шарҳ: Қут учма-уч етиб турадиган ризқдир.

Термизий ва Муслим қилган ривоятда: «Ким мусулмон бўлиб, ризқи учма-уч бўлса ва Аллоҳ унга қаноат берса, батаҳқиқ, нажот топибди», дейилган.
Бошқа бир ривоятда: «Исломга ҳидоят қилиниб, маишати учма-уч бўлса, унга қаноат қилган одамга яхшилик бўлсин», дейилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифга ўхшаш ҳадисларнинг айтилишига ўзига хос сабаб ва ўзига хос ҳолат ҳамда мақсадлар бор. Уларнинг ҳаммасини жамлаб, умумий маънони англаб олиш ниҳоятда фойдалидир.
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ансорийлардан бир қанча одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан (мол) сўрадилар. Бас, У зот уларга бердилар. Сўнгра яна сўрадилар. Яна бердилар. Ҳатто, ҳузурларида ҳеч нарса қолмади. Шунда У зот:
«Ҳузуримда не яхшилик бўлса, сизларга бермай олиб қолмасман. Ким иффатталаб бўлса, Аллоҳ уни иффатли қилур. Ким беҳожатлик талаб қилса, Аллоҳ уни беҳожат қилур. Ким сабр талаб қилса, Аллоҳ уни сабрли қилур. Ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ ва кенгроқ неъмат берилмаган», дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Икки Шайх ва Термизийнинг ривоятида:
«Ким мусулмон бўлиб, етарлича ризқлантирилса ва Аллоҳ уни Ўзи берган нарсага қаноатлантирса, батаҳқиқ, нажот топган бўлур», дейилган.
Бошқа бир ривоятда:
«Аллоҳим, Оли Муҳаммаднинг ризқини ўлмайдиган қут қилгин», дейилган.
Яна бир ривоятда эса:
«Бойлик ориз (мол)нинг кўплигида эмас, балки бойлик нафснинг беҳожатлигидадир», дейилган.
Демак, бу фикрларнинг айтилишига маълум бир ҳодиса сабаб бўлган.
Ушбу ривоятларнинг барчасида мусулмон инсон ўзига берилган ризқ қанча бўлса, ўшанга чидаб, қаноат ҳосил қилиб юриши яхши эканлиги тарғиб қилинган. Мусулмон инсон турмушини яхшилаш учун имкониятидаги барча ҳалол воситаларни ишга солиб, ҳаракат қилаверади. Аммо ризқ бериш Аллоҳдан эканлигини ҳеч қачон унутмайди. Шунинг учун ўзига берилган ризқ-насиба Аллоҳнинг иродаси ила бўлган, деб билади. Оз бўлса, норози бўлмайди, кўп бўлса, ҳовлиқиб кетмайди. Чунки Аллоҳнинг иродасига қарши чиқиш мусулмон одамга тўғри келмайди.
Мазкур ривоятлар мусулмон инсон унга берилган ва берилмаган ризққа нисбатан ўзини қандай тутмоғи лозимлиги ҳақида бир неча кўрсатмалар бермоқда:
Иффатли бўлиш.
Бировнинг молидан умидвор бўлишни ўзи учун ор деб билиш. Ким ўзини иффатли тутишга уринса, Аллоҳ таоло уни иффатли қилиб қўйиши турган гап.
Ўзида бировнинг сариқ чақасига ҳам эҳтиёж йўқлигини изҳор қилиш.
Аллоҳ таоло бандасининг кўзини тўқ қилиб қўйса, унда ҳеч қандай очкўзлик содир бўлмас экан.
Инсон ўзига берилган ризқ кам бўлса ҳам, унга сабр қилиши кераклиги.
Сабр Аллоҳ таоло томонидан бандага инъом этилган энг катта ва буюк неъмат ҳисобланади. Сабрли киши ризқнинг озига ҳам, йўқчиликка ҳам чидаб, ўзини хор қилмай, бошини тик тутиб кун кўради. Сабр неъматидан бебаҳра банда эса дунёнинг ярмига эга бўлса ҳам, тийиннинг устида ўмбалоқ ошиб, ўзини хор қилади, очкўзлигини билдириб қўяди.
Мусулмон одам ўзига Аллоҳ таоло томонидан берилган ризққа сабр қилиб, қаноатли бўлиб ўтса, дунёдаги энг катта нажотга эришган киши бўлар экан.
Пайғамбар алайҳиссалом ўз оли байтларига ўлмагудек микдорда қут беришни сўраган эканлар.
Ҳақиқий бойлик мол-дунёнинг кўплигида эмас, нафснинг тўқлигидадир.
Ушбу таълимотларни ҳар бир мусулмон яхшилаб ўрганиб, ўзига сингдириб олиши ва ҳаётга татбиқ қилиши лозим. Ана шундагина орамизда беш танга пул кўйига тушиб, одам ўлдирадиганлар, ўғрилиқ порахўрлиқ рибохўрлик қиладиганлар, фирибгарлиқ алдамчилиқ ёлғончилик ва бошқа разолатларни қиладиганлар қолмайди.

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннатга қараб, унинг кўп аҳли фақирлар эканини кўрдим. Дўзахга қараб, унинг кўп аҳли аёллар эканини кўрдим», дедилар». Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу маънодаги ҳадиси шарифлар олдин ҳам ўтган.

Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннатнинг эшиги олдида турдим. Қарасам, унга кираётганларнинг кўпи мискинлар экан. Қарасам, каттазанглар (манманлар, такаббурлар) ҳибс қилинибдилар. Фақатгина дўзах аҳлининг дўзахга киришларига амр қилинибди. Дўзахнинг эшиги олдида турдим. Қарасам, унга кираётганларнинг кўпчилиги аёллар экан», дедилар». Икки шайх ривоят қилишган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмонларнинг фақирлари бойларидан ярим кун аввал жаннатга киради. У эса, беш юз йилга тенгдир», дедилар».

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Аллоҳим! Мени мискин ҳолда яшатгин, мискин ҳолда ўлдиргин ва қиёмат куни мискинлар жамоаси ила тирилтиргин», дедилар.
Шунда Оиша:
«Нима учун, эй Аллоҳнинг расули?» деди.
«Чунки улар жаннатга бойлардан қирқ йил олдин кирадилар. Эй Оиша! Мискинни ҳеч бўлмаса яримта хурмосиз қайтармагин. Эй Оиша! Мискинларга муҳаббат қилгин ва уларга яқин бўлгин. Ана шунда Аллоҳ қиёмат куни сени Ўзига яқинлаштиради», дедилар».
Шарҳ: Бу ривоятларда Аллоҳнинг розилигини топган тақводор мискинлар кўзда тутилган. Уларнинг кўнгиллари синиқ бўлади. Улар Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилган бўладилар. Бу ва шунга ўхшаш ҳадиси шарифларда фақир фуқаро ва мискинларга таскин ва уларни сабр-қаноат қилишга даъват бор.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Эй Оиша! Агар менга етишмоқни истасанг, дунёдан сенга йўловчининг зоди роҳиласи кифоя қиладиган бўлсин. Бойлар билан мажлис қуриб ўтиришдан сақлан. Ямоқ солинмагунча, кийимингни ташлама», дедилар». Ушбу учовини Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Мулоҳаза қиладиган бўлсак, ушбу сарлавҳа остида келган ҳадиси шарифларда фақир ва мискинларга ваъда қилинаётган мартабалар уларнинг айнан фақир ва мискин бўлганлари учун эмас, балки фақирмискинликка сабр қилиб, тақводор бўлиб, солиҳ амалларни қилиб юрганлари учундир. Албатта, мискин-фақирлик уларга кўпгина кўнгли синиқлик ва машаққатлар келишига сабаб бўлган. Бу ҳадиси шарифлардаги маънолар эса, уларни сабрга, қаноатга ва ибодатга чорлайди. Шу билан бирга, уларнинг кўнгилларини кўтаради. Албатта, бундан қасддан фақир бўлишга уриниш лозимдир, деган маъно келиб чиқмайди. Зотан, исломий таомилга кўра, шукр қилувчи бой сабр қилувчи мискиндан афзалдир.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ
“Ҳадис ва Ҳаёт”дан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тазкия
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase