Саид ибн Омир талмовсираб қолди. У амирнинг ўзи жуда оз маошга қаноат қилиб юрганини, уйида кўпда қозон қайнамаслигини, кийимида бир неча ямоқ борлигини эшитганди. Шунинг учун хижолат бўлиб:
– Эй амирал мўминин, мен маошни нима қиламан? Байтул-молдан бериб туриладиган нафақа (яъни, кийим ва овқат)нинг ўзи етади, - деб жавоб қайтарди ва Химсга жўнаб кетди.
Саид Химсда волийлик қилиб тайинланганидан кейин бир оз вақт ўтгач, Умар ибн Хаттоб (р.а.) бир гуруҳ ишончли кишилар билан Химсга келдилар. Мақсад – волийнинг иши билан танишмоқ, камчиликларини тузатмоқ, адолатсизлик қилган бўлса, танбеҳ бермоқ эди. Халифа халқнинг ҳаёти билан танишиш, муҳтож ва мискинлар бўлса, уларга ёрдам кўрсатиш учун бечора-фақир кишиларнинг рўйхатини олишга буюрдилар. Рўйхат тузилди. Уни кўраётган Умар (р.а.) рўйхатнинг аввалида «Саид ибн Омир» исмига ногоҳ кўзлари тушиб, атрофдагилардан сўрадилар:
– Ким бу?
– Бизнинг волийимиз...
– Ие, у ҳам фақирлар қаторидами? - ҳайрон бўлиб сўрадилар халифа.
– Ҳа, жудаям фақир. Валлоҳи, унинг уйида ойлаб ўчоққа ўт қаланиб, овқат пиширилмайди.
Бу гапларни эшитиб, ҳазрати Умар (р.а.) йиғлаб юбордилар. Бу қандоқ мўминки, ўзи волий бўлатуриб, бой бир ўлканинг ҳукмдори бўлатуриб, ўзи камбағалларча турмуш кечирса, Байтул-молдан егулик олишга ҳадди сиғмаса. У-ку бир волий экан, бутун Ислом оламининг халифаси ҳазрати Умарнинг (р.а.) ўзлари-чи? Унинг ҳам хонадонида унча-мунчага қозон қайнамайди, эгнидаги хирқасининг бир неча ямоғи бор. Мусулмонликнинг, мўминликнинг қисмати шундоқ. Волийси ҳам, халифаси ҳам, олими ҳам, фозили ҳам сабр-қаноатда, тамкин-итоатда бир-биридан ўзишга ҳаракат қилади.
Ҳазрати Умар (р.а.) шундан кейин волийнинг вакилларига минг динор бериб тайинладилар:
– Мендан Саидга салом айтинглар. Мана бу пулларни амирал-мўминин муҳтожликдан қутилишинг учун бериб юборди, деб айтинглар.
Умар ибн Хаттоб (р.а.) юборган халтачани вакиллар Саид ибн Омирга келтириб беришди. Волий ҳайрон бўлиб очиб кўрди. Қараса, ичи тўла динор... Шунда у бошига оғир кулфат тушган одамдай, истиржо айтди: «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун». Халтачани четга сурди, кайфияти бузилди, юраги сиқилди. Охири барча динорни майда халтачаларга солиб тақсимлади ва ҳаммасини мусулмонларга тарқатиб, тинчиди.
"Ҳақ ҳамиша ғолиб" китобидан