close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Нега бунча ғамгинсан?

Нега бунча тушкунсан?
Одам алайҳиссалом каби 200 йил тавба қилдингми?

Иброҳим алайҳиссалом каби оловга ташландингми?
Закариё алайҳиссаломдек арра билан кесилдингми?
Юсуф алайҳиссаломдек қудуққа ташландингми?
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдек Тоифга ташландингми? Намоз ўқиётганингда бошингга ишкамба тўкилдими? Тишинг синдими? Юзингга тупурилдими? Ҳижратга мажбур қолдингми? Севганларингдан айрилдингми?!   
Нега тушкунсан?
Ҳазрати Ҳамза розияллоҳу анҳу каби қулоғинг ва бурнинг кесилдими?
Мусъаб ибн Умайрдек қўлларинг кесилдими?
Жаъфар ибн Абу Толиб каби ўқ, камон ва қиличдан жароҳат олдингми?
Аммор, Сумайя, Ёсир розияллоҳу анҳум каби исканжа ва қийноқларга дуч келдингми?
Билол розияллоҳу анҳу каби оташдай қумларга ётқизилиб, устингдан тошлар қўйилдими?
Нега тушкунсан?
Юнус алайҳиссалом каби денгизга отилдингми?
Айюб алайҳиссалом каби жисмингга яралар тошиб кетдими?
Нега бунча ғамгинсан?
Қайғурмоқчи бўлсанг, намозни қазо қилганинг учун, таҳажжудга туролмаётганинг учун, бировга озор берганинг учун, душанба, пайшанба рўзаларини тутолмаётганинг учун қайғургин.
Ғамгин бўлсанг, бугун Аллоҳ учун ҳеч нарса қилмаганинг учун, Аллоҳ ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни мамнун қилолмаганинг учун ғамгин бўл.
Қайғурсанг, бир фақирга ёрдам беролмаганинг учун, бир етимнинг қўлидан тутолмаганинг учун қайғур.
Ғамгин бўлсанг дунёда бир бурда нон тополмаётган, касалликлар билан курашаётган инсонлар учун ғам чек.
Қайғурсанг, Қуръони Каримни ўқиб уни ҳаётингга тадбиқ қилолмаётганинг учун қайғур.
Ғам чексанг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни жонингдан, молингдан,  яқинларинг, туғишганларингдан ортиқ севолмаганинг учун ғам чек!
Қайғурсанг, ҳақиқий маънодаги банда, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга чин уммат бўлолмаётганинг учун қайғур.
Ғам чексанг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларига ноил бўлолмаслигингдан қўрқиб ғам чек!
Балки “Бўлди, бас!” дерсан?...
Балки ўзингни йўқотиб қўйгандирсан?..
Балки йиғлаётгандирсан?..
Балки бу мусибатларнинг сўнгида нимага эришганингнию, нимадан қуруқ қолганингни ўйлаётгандирсан...
Қулоқ тут, Роббинг сенга гапиряпти:
“Сабр қилгувчиларга, мусибатларга тоқат билан кўксини тутганларга ҳисобсиз ажру мукофотлар берилади..”
Балки шунча инсоннинг орасидан нега айнан сен танланганингни сўрарсан?.. Ҳолбуки, Роббинг танлаганлар қийматлидир...
Ҳаёт имтиҳон эмасми?
Ҳар бир муаммо абадий ҳаётингдан жой олган бир ғишт. Нафас олиб, чиқарганинг ҳар бир лаҳза бир муаммога ҳомиладор. Улар бўлмаганида охират диёрида сенга оит ҳеч нарса бўлмасди.
Аслида бўлмаса қайғургин, аслида. Дардлисанки, У сени севади. Севганинг нима дейди? “Аллоҳ азза ва жаалла хайр истаган бандасини дард билан имтиҳон қилади”.
Унутма, Роббинг ҳеч кимга тоқатидан ташқари юк юкламайди. Балки юрагинг оғриётгандир, балки жисминг. Балки руҳинг азобланаётгандир. Балки йўқсилликда қийналаётгандирсан? Балки бошқа минг бир турли муаммолар... Ҳар қандай аҳволда бўлсанг-да, тилингга бу дуо ярашади. “Ё Роббим, Сени рози қилмайдиган қандай ишларни қилган бўлсам мени мағифират қил! Ўзингдан бошқа илоҳ йўқдир! Сен барча нуқсонлардан поксан! Шубҳасиз, мен нафсимга зулм қилганлардан бўлдим! Ўзинг кечир мени. Дард берган ҳам, Ўзингсан, Дармоним ҳам Ўзингсан!..”

Умида Адизова таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тазкия
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase