close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Жоҳилга бир марта, олимга етти марта ҳалокат бўлсин

Шайх Абдулқодир Жийлоний ҳазратлари ҳижрий 546 йил зулқаъда ойининг тўртинчиси - сешанба куни кечаси мадрасада айтдилар: «Эй толиби илм, охиратни дунёдан устун қўй. Иккисида ҳам фойда кўрасан. Дунёни охиратдан устун қўйсанг, иккисининг ҳасрати сен учун жазодир.

Нима учун сенга буюрилмаган ишни қиласан? Агар дунё билан машғул бўлмасанг, Аллоҳ азза ва жалла сени қўллаб-қувватлайди ва қийинчиликда тавфиқ ато этади. Дунёдан арзимаган бирор нарса олсанг, унга барака берилади. Мўмин киши дунё ва охирати учун амал қилади. Дунёси учун эҳтиёж миқдорида амал қилади. Уни дунёдан йўловчининг озуқаси миқдоридаги озуқа кифоялантиради - дунёдан кўп нарсага эришмайди. Нодон кишининг бутун ғам-ташвиши дунё, орифники эса -охират, сўнг - Мавлоси. Агар олдингда дунёдан бир обинон бўлсаю, нафсинг сен билан тортишса, хархаша қилса ва шаҳватлар талаб этса, шу пайт нафсни синдиришга қодир бўлган кишиларга қара. Ҳақ азза ва жалла йўлида нафсингга ғазаб қилиб, уни душман санамагунингча сенга нажот йўқ. Сиддиқлар бир-бирларини танийдилар, ҳар бири бошқасидан садоқат ва қабул ҳидини сезади. Эй, Ҳақ азза ва жалла ҳамда унинг сиддиқ бандаларидан юз ўгириб, халққа юзланиб, улар билан шерик бўлувчи, қачонгача уларга юзланасан? Уларнинг сенга на фойдаси, на зарари бор. Фойда-зарарга келганда улар билан жисмлар ўртасида фарқ йўқ. Подшоҳ битта, зарар етказувчи -битта; фойда берувчи - ёлғиз; ҳаракатга келтирувчи ва таскин қилувчи танҳо. Ҳукмронлик қилувчи ва бўйсундирувчи, берувчи ва ман этувчи, Холиқ ва ризқ берувчи ягона - Аллоҳ азза ва жалла. У азалий ва абадийдир. У махлуқларни яратишдан, оталарингиз ва оналарингиздан олдин мавжуд эди. У осмонлар ва ерни ҳамда улар орасидаги барча нарсаларни йўқдан бор қилувчидир».
«Унинг мислидек бирор нарса йўқдир. У эшитувчи ва кўрувчидир» (Шўро, 11).
Ҳолингизга вой бўлсин, эй инсонлар! Яратган Холиқингизнинг ҳақиқий маърифатини нима деб ўйлайсиз? Қиёмат куни Аллоҳ азза ва жалла ҳузурида менда бирор ихтиёр бўлса, бошдан-охирингизгача гуноҳларингизни кўтарар эдим.
Эй қори, Қуръони каримни осмонлар ва ер аҳлига эмас, менга тиловат қил. Ҳамма ўз амали билан муҳтарамдир. Амали ибратли киши билан Аллоҳ азза ва жалла ўртасида, фақат унинг қалби кирадиган эшик бўлади. Аммо сен беҳуда гаплар билан, илмингга амал қилишни қўйиб, мол тўплаш билан овора, эй олим, шубҳасиз, қўлингга нафсиз бойлик тушажак. Агар Аллоҳ таоло бандаларидан бирига яхшилик истаса, унга илм бериб, амал ва ихлосни илҳомлантиради. Ўзига яқинлаштиради, муқарраб қилиб, маърифат ато этади ва қалблар илмини ўргатади. Аллоҳ уни, Мусо (а.с.)ни танлаб олганидек танлаб олади.
«Сени ўзимга (пайғамбарлик учун) танладим» (Тоҳа, 41).
Аллоҳ таоло бу оятда шаҳватлар, лаззатлар, беҳуда нарсалар - еру осмон, жаннату дўзахни мулку ҳалокат учун эмас, Ўзим учун яратдим демоқда. Сени Мендан ҳеч нарса тўсмайди, бирор иш машғул қилмайди, ҳеч нарса боғлаб қўймайди: на бир махлуқ, на шаҳват, демоқда. Зеро, қилган гуноҳинг учун Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлма, балки дининг кийимига теккан нажосатни тавба суви ила юв; унда собит ва ихлосли бўл ва уни маърифат хушбўйлиги билан хушбўй қил. Сен бу манзилингда эҳтиёт бўл. Ҳолбуки, қаерга қарама, ифлосликлар атрофингда изғиб юришибди. Азиятлар сени кўзламокда. Бу манзилдан қалбинг ила Ҳақ азза ва жаллага қайт. Табиатинг, шаҳватинг ва ҳавойи нафсинг билан эмас, балки икки одил гувоҳ: Қуръон ва суннат гувоҳлигида (тановул қил), сўнг яна икки гуноҳ қидир: улар қалбинг ва Аллоҳ азза ва жалланинг феъли. Агар Қуръон, суннат ва қалбинг ейишга рухсат берса Аллоҳ азза ва жалланинг феъли бўлмиш тўртинчи гувоҳни кут. Тунда ўтин тераётган ва қўлига нима тушганини билмайдиган ўтинчига ўхшама. Холиқ ва халқ бўлади. Бу нарса безаниш, орзу-умид сохтакорлик билан амалга ошмайди, балки қалбга ўрнашиб амал билан тасдиқланганидан кейин амалга ошади. Яъни холис Аллоҳ учун қилинган амал бўлиши даркор. Эй йигит! Офият - офият қидиришни тарк этишда. Бойлик- бойлик талабини тарк этишдадир. Даво - даво қидиришдан тийилишда. Барча даво Ҳақ азза ва жаллага таслим бўлиш, сабабларни кесиш, қалбдаги арбобларни чиқариб ташлашдадир. Даво- Аллоҳ азза ва жаллани яккаю ягона деб қалбда тасдиқлаш, фақат тил билан эмас, балки қалбан тасдиқлашдадир. Тавҳид ва зуҳд жасад ва тилда бўлмайди. Тавҳид - зуҳд, тақво, маърифатда. Аллоҳ азза ва жалланинг билими қалбда бўлади: Аллоҳга муҳаббат ҳам, Унга қурбат ҳам қалбдадир. Ақлли киши бўл, нодон бўлма - сохтакорлик, қалбакилик йўлини тутма: сен орзу-ҳавас, сохтакорлик, такаллуф, ёлғончилик, риё, мунофиқликдасан. Дарду ташвишинг инсонларни ўзингга жалб қилиш. Билмайсанми, инсонлар томон қадам ташлаганинг сайин Ҳақ азза ва жалладан узоқлашасан. Сен улардан қўрқасан ва умидворсан. Зоҳиринг - зуҳд, ботининг эса рағбат; зоҳиринг - Ҳақ, ботининг эса халқ! Сен ўзингни Ҳақ толибиман деб даъво қиласан, аслида халқ толибисан. Сен худди Маккага бораман деб Хуросонга йўл олган ва Маккадан узоқлашган кишига ўхшайсан. Қалбим халқдай чиққан деб даъво қиласан, лекин улардан қўрқасан ва умид қиласан. Бу иш тилнинг алжираши билан келадиган ҳол эмас. Бу ҳолат шундай ҳолатки, унда на халқ, на дунё, на охират - Аллоҳ азза ва жалладан бошка бирор нарса бўлади. У ёлғиздир, ёлғизни қабул қилади, шерик қабул қилмайди. У ишингни тадбир қилади: сенга айтилган нарсани қабул қил. Инсонлар сенга фойда ҳам, зарар ҳам беришдан ожиздирлар. Албатта, Ҳақ азза ва жалла уларга бу нарсани жорий қилган. Сени ҳам, уларни ҳам У тасарруф этади. Қалам - Аллоҳнинг илми азалийсида сенинг фойданг ёки зарарингга жорий бўлган. Солиҳ, муваҳҳид бандалар қолган инсонларга Аллоҳнинг ҳужжатидир. Уларнинг айримлари ҳам зоҳиран, ҳам ботинан дунёдан узилган, айримлари ботинан дунёдан узилган бўлиб, қалбларида унинг муҳаббатидан бошқа ҳеч нарса йўқ, улар покиза қалблардир. Ким қалбини мусаффо қилишга қодир бўлса, Аллоҳ унга мулкни ато этади. Қалбини поклаган, унинг эшиги олдида тавҳид қиличи ва шариат ханжари билан турган киши ҳақиқий жасур, паҳлавондир. Қалбига махлуқлар томонидан кирадиган бирор нарса қолдирмайди. Қалбини қалбларни айлантиргувчи Зотга бирлаштиради. Шариат зоҳирни тарбиялайди, тавҳид ва маърифат эса ботинни тарбият этади. Эй, бефойда гаплар билан банд киши, бу ҳаром дейсан ва қиласан, бу ҳалол деб қилмайсан ҳам, ишлатмайсан ҳам. Сен орзу-истаклар ботқоғидаги ақл-ҳушидан ажраган кишисан.
Набий (с.а.в.) айтадилар: Жоҳилга бир марта ҳалокат бўлсин, олимга етти марта ҳалокат бўлсин. (Зубайдий «Саодатул муттақийн» да ривоят қилган).
Жоҳилга билмагани учун бир вайл бўлсин, олимга етти марта вайл бўлсин. Чунки у билиб амал қилмади, ундан илм баракаси кўтарилди, унинг зарарига ҳужжат бўлди. Илм ўрган, сўнг амал қил, сўнг инсонлардан хилватга чекиниб Ҳақ азза ва жалла муҳаббати билан шуғуллан. Муҳаббатинг ва чекинишинг чинакам тўғри бўлса, У сени муқарраб қилади, ўзига яқинлаштиради ва фоний қилади. Сўнгра истаса сени зоҳир қилади, халққа билдиради.
Нодонлар, эшитинглар: Аллоҳ ва Унинг дўстларини билинглар. Эй, Ҳақ азза ва жалла ва унинг дўстларини таҳқирловчилар, Сизлар ботилсизлар, Ҳақ қалбларда, ботинда ва руҳда бўлади. Ботил ҳавойи нафс, дунёга ҳирс Аллоҳ азза ва жалладан бошқа нарсаларда бўлади. Бу қалб азалий, абадий, доимий бўлган Ҳақ азза ва жаллага қурбат ҳосил қилмагунча нажот топмайди. Сиқилма, эй мунофиқ, сенга бунданда яхшироқ нарса йўқ. Сен нонинг, егулигинг, роҳат-фароғатинг, кийиминг, уловинг ва шайтонинг қулисан. Садоқатли қалб халқдан Холиққа сафар қилади. Йўлда кўп нарсаларни кўриб, уларга салом бериб ўтиб кетади. Илмига амал қилувчи олимлар пайғамбарлар ворисларидир. Меросхўрлар давомчилар бўлиб, инсонларнинг пешволаридирлар. Уларни шариат шаҳрини обод қилиш ва уни хароб қилишдан қайтаради. Улар қиёмат куни пайғамбарлар билан билан бирга Раббилари азза ва жалладан ажрларини тўла-тўкис қилиб оладилар. Аллоҳ таоло беамал олимни эшакка ўхшатади.
«Таврот юклатилган (берилган), сўнгра уни кўтармаган (унга амал қилмаган) кимсалар мисоли худди (устига ортиб қўйилган) китобларни кўтариб кетаётган эшакка ўхшайди» (Жумъа, 5).
Илм китобларидан эшак фойда олармиди? Унинг қийналгани ва машаққати қолади. Кимнинг илми зиёда бўлса, Раббисидан хавфи қўрқинчи ортиши, тоати кўпайиши керак. Эй илмни даъво қилувчи, Аллоҳ азза ва жалладан қўрқиб йиғлаганинг қани? Қўрқинчинг ва эҳтиётинг қани? Гуноҳларингни эътироф этишинг қани? Аллоҳ азза ва жалланинг тоатида тонг оттирганинг қани? Ҳақ азза ва жалла йўлида нафсингга одоб берганинг, уни душман тутиб жиҳод қилганинг қани? Сенинг ғам-қайғунг кўйлагу салла, ейиш-ичиш, уйланиш, ҳовлилар ва дўконлар ҳамда халқ билан ўтириб улфатлашишдир. Бу нарсаларнинг барчасидан воз кеч, агар қасам ичган бўлсанг ҳам ундан ўзингни фориғ эт! Албатта, У зот сенга ўз вақтида келади ва қалбинг кутиш қийинчилиги, ташналик машаққатидан роҳатланиб, ниҳоят Ҳақ азза ва жалла билан бўлади. Нега ҳал қилинган иш ҳақида ортиқча ўйланиб, қийналасан?
Тингла, эй мунофиқ! Хилватинг - фосид, дуруст эмас. Ўтирган ўрнинг пок эмас, нажасдир. Қалбингда тавҳид ва ихлос қарор топмади. Эй Аллоҳ азза ва жалла ва унинг Пайғамбари (с.а.в.) ва кейиндан хабарсиз бўлган кимсалар, сизлар ҳеч нарсага ярамайдиган, чириётган катта ёғоч кабисизлар.

Абдуқодир Жийлонийнинг
"Раббонийликни англаш" китобидан (қирқинчи мажлис)

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тазкия
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase